UZ

Сўнгги янгиликлар

23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  0 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  1 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  7 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  27 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  4 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  29 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0

Қатар - ғолиб! Янгиликлар

Қатар - ғолиб!

Қатардаги мундиал якунланганига ҳам 1 ҳафтадан ошди.

Англияда Лига кубоги ва Премьер лига баҳслари қайта старт олишга улгурди.

Қатар - ғолиб!

2010 йилнинг 2 декабрида ФИФАнинг ўша пайтдаги президенти Зепп Блаттер ЖЧ-2022га мезбонлик қиладиган мамлакатни эълон қилиш учун конвертни очади ва қуйидаги сўзларни айтади - "And the winner is… Qatar!"


Ушбу мундиални ёритиш учун "Championat.asia" сайтидан икки киши Қатарга бордик ва гуруҳ босқичидан то чорак финал баҳсларигача мусобақани бевосита воқеа жойидан ёритиб бордик. Мундиал ҳақида турли миш-мишлар кўп бўлди, биз эса аслида ЖЧ қандай ташкил этилгани ва унда ишлаган ОАВ ходимларига қандай қулайликлар яратилгани ҳақида мақолани эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик.

Аввало кўпчиликни қизиқтирган саволлардан бирига жавоб бериб кетмоқчиман. Биздан нега мусобақанинг охиригача қолмадинглар, нима учун айнан чорак финалдан кейин қайтдинглар деб жуда кўп сўрашди.

Сиз журналист, фотограф ёки оператор бўлишингиздан қатъи назар сизда ФИФА томонидан берилган махсус бейжик бўлади, лекин бу сизга исталган ўйинингизга бемалол кириб кетиш имконини бермайди. Ҳар бир ўйинга олдиндан ФИФА расмий сайтидаги медиа бўлимидан онлайн сўров жўнатасиз. Ҳар бир стадионда ОАВ ходимларига медиа билетларни тақсимлайдиган махсус ходимлар бўлади. Улар сизнинг сўровингизни тасдиқлашади ёки рад этишади. Ҳар икки ҳолатда ҳам ФИФАдан сизнинг почтангизга огоҳлантирувчи хат келади. Агар сизга қайсидир ўйинга рад жавоби келса, бу шу ўйинда умуман ишлолмайсиз дегани эмас. Доҳадаги асосий медиа марказга ўйин куни борасиз ва фақатгина ўйин куни (бир ёки икки кун олдин эмас) бошқаттан "standby list"га қўясиз. Бунда хоҳишингизга қараб рад этилган ўйин ёки бир вақтдаги нариги беллашувга сўров беришингиз мумкин. Ихтиёр ўзингизда. "Standby list"га бориб сўров берган журналист ёки фотографга қандай қилиб медиа билет чиқиши мумкин, агар унинг онлайн сўрови рад этилган бўлса деган тўғри савол пайдо бўлгандир. Бунда олдиндан тасдиқланган ОАВ ходимларидан кимдир ўша ўйинга кела олмайдиган бўлиб қолади ва унинг жойи бўш қолади, ўша бўшаган жойга билет жонли сўров берганларга берилади.


25 ноябрь куни "B" гуруҳи 2-тури доирасидаги Англия - АҚШ ўйини учун менга аввалига рад жавоби келди (rejected). Кейин ўйин куни асосий медиа марказга бордим ва "standby list"га қўйдим. У ердаги ходим менга ушбу учрашувга яна қайта топширсам билет олиш имкониятим 1 фоиз эканлигини, ўша кунги Нидерландия - Эквадорга топширсам имкониятим анча кўп бўлишини айтди. Мен эса Англия иштирокидаги ўйин таваккалга арзийди дедим ва 1 фоиз имкониятдан фойдаланиб кўришга қарор қилдим. Якунда менга ўша учрашув учун медиа билет чиқди. Бу ҳақда ўз каналимда батафсил ёзгандим >>> Қорним оч, йўлдан қоооч!

Журналист ва фотографларга медиа билет беришда қатор критериялар бор ва улар қуйидагича: Ўйинда ўзаро куч синашаётган икки мамлакатдан келган ОАВ, уларга қўшни мамлакатлардан келганлар, улар билан қитъадош бўлганлар, ФИФА, ОФК ва ҳоказо ташкилотлар медиаси ходимлари, дунёнинг энг йирик ОАВлари, мундиалда иштирок этаётган 32 мамлакатдан келганлар ва ҳоказо. Кўриб турганингиздек биз ярим финалдан бошлаб юқоридаги критерияларнинг ҳеч бирига тушмаймиз. Яъни, ярим финалга чиққан 4 терма жамоага биз қўшни ҳам, қитъадош ҳам эмасмиз. Шу сабаб ярим финал ва финал учрашувларига медиа билет олиш имкониятимиз деярли нолга тенг деб ҳисобладик ва чорак финалдан кейин ортга қайтдик.

Шахсан ўзим ЖЧ-2022да 25та ўйинда бевосита стадиондан ишладим. Бу пулга сотиб олиб бўлмайдиган улкан тажриба.


Қатардаги энг асосий медиа марказда иш қандай ташкил қилинган? >>> ВИДЕО


ОАВ ходимлари учун Доҳада асосий медиа марказ ташкил этилган. Бунда журналистлар учун алоҳида, фотографлар учун алоҳида катта зал ажратилган. Табиийки, мажмуада ишлаш учун барча шароитлар яратиб қўйилган. Медиа марказни ўзида супермаркет, сартарошхона, кир ювиш хизмати (Laundry), ресторан, кофе ва фаст фудни хушловчилар учун бар ва ҳоказолар бор. Шу ерни ўзида "standby list" хизмати йўлга қўйилган, "Nikon", "Canon" ва "Sony" компанияларининг хизматлар бурчаги ташкил қилинган. Унда исталган фотограф ўзи маъқул кўрган компания фотоаппарати ва обьективини бир чақасиз (текинга) ижарага олиши мумкин. Фақатгина бир вароқ қоғозга қўл қўясиз ва Ўзбекистон шароитида сотиб олиш анча оғирлик қиладиган обьективларни маза қилиб ишлатишингиз мумкин. Шу ерни ўзида медиа билетларингизни махсус аппаратлардан чиқариб олишингиз мумкин.

Бундан ташқари, 8та стадионнинг ҳар бирида алоҳида медиа марказлари ташкил қилинган ва у ерда ҳам барча шароитлар яратилган. Асосий медиа марказда тушлик ёки кечки овқатни истеъмол қилиш учун сиз 53 Қатар реалини тўлайсиз (тахминан 15 долларга яқин) ҳамда менюдаги исталган емакни олишингиз мумкин. Стадионлардаги медиа марказларда эса ҳар бир нарсага алоҳида пул тўлайсиз ва нархлар қиммат. Бу борада асосий медиа марказ ресторани стадиондагилардан анча арзон.

ЖЧнинг асосий медиа марказида қандай овқатлар бор? Уларнинг нархи қанча? >>> ВИДЕО

Доҳадаги асосий медиа марказ.



Қатарда журналистлар учун махсус шаттл-баслар ташкил қилинди. Фақат ОАВ ходимларини олиб юрадиган махсус автобуслар асосий медиа марказдан барча стадионларга ва стадионлардан асосий медиа марказга қатнайди. Ҳар куни охирги ўйин тугаганидан кейин журналистларни ОАВ ходимлари яшайдиган апартаментларга ҳам автобуслар ташлаб қўяди. Лекин, биз метро анча қулай бўлгани учун асосан метродан фойдаландик.

Қатарга боришдан олдин ҳар бир кишида "Hayya card" бўлиши керак эди. Унга журналист бўлсангиз ФИФА томонидан берилган бейжик маълумотларини, мухлис бўлсангиз Қатарда яшаш манзилингиз ва ўйинга кириш чиптангизни киритишингиз зарур. Бу орқали ҳукумат ЖЧ пайти мамлакатга ҳаддан зиёд кўп мухлислар киришининг олдини олишни мақсад қилганди. Айнан "Hayya card" билан сиз учун метро ҳам мутлақо бепул. Метро 7та стадионга боради, фақатгина "Ал Байт" стадиони нисбатан узоқда, чўлли ҳудудда жойлашгани боис метро бормаган. Қолган стадионларга бемалол шаттл-басларни кутиб ўтирмасдан метрода бораверишингиз мумкин. Транспорт борасида Қатар ЖЧни топ даражада ўтказди дейиш мумкин.


Қатар мундиал учун рекорд даражада маблағ сарфлади

Қатар ушбу ЖЧ учун 220 миллиард доллар сарфлагани кўплаб манбаларда келтирилди ва бу ғарб ОАВларида кескин баҳсларга сабаб бўлди. Лекин, Қатар бу пулларни нималарга сарфлаганига эътибор қаратиш лозим.

Юқоридаги суммадан максимум 10 миллиарди 7та янги стадион ва "Халифа"ни қайта реконструкция қилишга кетган. 36 млрд $ Қатарда метро қурилишига сарфланган, 15.5 млрд $ янги аэропорт қурилишига, 7.4 млрд $ янги порт қурилишига, транспорт, меҳмонхоналар, журналистлар ва мухлислар учун апартаментлар, хавфсизлик тизими ва ҳоказоларга сарфланган.

Бундан ташқари, нолдан янги шаҳар қурилган. Узундан-узун йўллар ва кўплаб мостлар қурилди.

Мамлакатга киришингиз билан сизга бепул сим карта тақдим этилади. "Vodafone"да 2 кун, "Ooredoo"да эса 3 кунга 1 гб текин интернет. Қолганига эса интернетга пул тўлаб мб ларингизни узайтириб олаверасиз. Масалан, биз "Vodafone"да 2 ҳафтага 50 гб интернетни 40 $дан сотиб олдик.

Қатардаги энг катта муаммо бу кондиционерлар бўлди. Жуда кўпчилик (ўзим ҳам) айнан кондиционерлар сабаб иссиқ кунларда ҳам шамоллаб қолди. Франция терма жамоаси ўйинчиларида шундай ҳолат кузатилди, Бразилия вингери Энтони кондиционерлардан ўзимни ёмон ҳис қиляпман деб интервью берди. Қатарда ҳамма жойда кондиционерлар бор: автобус, метро, бинолар, стадионлар ва ҳ.


Қатар ташкилий масалада мундиални топ даражада ўтказди. Буни бир нечта мундиалларда ишлаган тажрибали мутахассислар билан суҳбатларда ҳам эшитдик. Футболчилар, жамоалар, ишчи гуруҳ, журналистлар ва мухлисларга яратиб берилган шароитлар аъло даражада. Лекин, меҳмонхона ва бошқа турли нарсаларда нархлар одатдагидан баланд бўлди. Лекин, Қатардаги мундиал ФИФА президенти Жанни Инфантино айтганидек тарихдаги энг яхши мундиал бўлди. Турли гап-сўзлар ва қарашларга қарамай, Қатар ушбу мундиални ўтказишда ғолиб бўлди!

ЖЧ-2022 камина учун бевосита ёритиб борилган илк мундиал бўлди. Таассуротлар ва тажриба улкан. Бир марта Жаҳон чемпионатида ишлаган киши унда яна ишлагиси келиши шубҳасиз. Сабаби, у ердаги атмосферани бошқа жойдан топа олмайсиз. Минглаб журналистлар, юзлаб фотографлар, футбол оламидаги юлдузлар, бир-биридан ажойиб мухлислар... Буларнинг барини соғиниб қоламиз...

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +17   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика