ПРО-Лига “А” гуруҳи. Чипталарнинг сотуви қандай бўлмоқда?
23 май 2018 17:39
Янгиликлар
ПРО-Лига “А” гуруҳи. Чипталарнинг сотуви қандай бўлмоқда?
Айниқса “А” гуруҳидаги учрашувлар кескин ва муросасиз тарзда кечаётир. Бироқ шунга қарамай, мухлисларнинг стадионга ташрифи у қадар кўп бўлмаяпти. Балки Ўзбекистон футбол ассоциацияси Суперлигадаги каби ПРО-Лига ўйинларига ҳам мухлисларни жалб этиш учун янги ғояларни жорий этар. Қуйида ПРО-Лиганинг “А” гуруҳида иштирок этувчи 9та жамоанинг стадионлари ва ўйинларга чиқарилаётган чипталар хусусида сўз юритамиз.
“А” гуруҳида пешқадамлик қилаётган “МАШЪАЛ” жамоаси уй ўйинларини Муборак шаҳридаги “Баҳром Вафоев” номли стадионда ўтказиб келмоқда. Ушбу стадионда жами 8та сектор мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 8500 нафар ишқибозни ўз бағрига сиғдира олади. Ўйингоҳ “Машъал” клубининг ихтиёрида. Шу боис “газчилар”нинг уй баҳсларига чипталарни клуб ўзи сотувга чиқаради. Муборакдаги ўйинларга у қадар кўп мухлис кирмайди. Шунинг учун ҳам раҳбарият 14 ёшгача бўлган йигит ва қизларнинг учрашувга киришини бепул қилиб белгилаган. Шунингдек ишқибозлар клуби аъзоларининг ҳам стадионга кириши текин. Чипталар эса ўйин куни 5000 сўмдан сотилмоқда. Мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида егулик ва ичимликлар сотуви йўлга қўйилган. “Б.Вафоев” номли стадионда оммавий ахборот воситалари учун 40 кишига мўлжалланган махсус ўриндиқлар ташкил этилганини ҳам айтиш жоиздир. Ўйиндан кейин ўтказиладиган матбуот анжумани зали ҳам замонавий усулда жорий этилгани ҳам стадионга ўзига хос кўрк бериб туради. Айтганча, Муборакдаги стадионнинг иккита сектори жорий йилдан бошлаб, оилавий секторга айлантирилган. Ишқибозларни учрашувларга жалб этиш учун ўйин олдидан шаҳарга афишалар қўйиб чиқилади. Яқинда “Машъал” – “Сурхон” ўйини олдидан чипталар нархи 10 000 сўм этиб белгиланиб, жамоа рамзи туширилган бепул футболкалар тақдим этилди.
Яна элитага қайтишга харакат қилаётган аммо бу мақсад йўлида қийинчиликка уч келаётган “АНДИЖОН” жамоасининг илгари ҳар бир ўйинига энг камида 10 000та мхлис ташриф буюрарди. Бироқ “Андижон”нинг сўнгги йиллардаги салбий натижалари ишқибозларни жамоага бўлган ишончи ва қизиқишини кескин пасайтириб юборди. Ҳар йили раҳбарият ва мураббийнинг алмаштирилиши ҳам натижанинг салбий кўриниш олишига замин яратмоқда. “Бургутлар”нинг бу йилги уй ўйинларига ўртача 3000-4000та томошабин ташриф буюрмоқда. Жорий мавсум ҳисобидан ҳозирча Кубокдаги “Навбаҳор” билан ўйинга энг кўп томошабин кирганди. “Андижон” жамоаси ўзининг шахсий стадионига ҳозирча эга эмас. Бир неча йиллардан буён Андижон олимпия захиралари коллежининг ихтиёридаги “Соғлом авлод” стадионида ижара асосида ўйнаб келмоқда. Ушбу стадионда нафақат футбол ўйинлари балки вақти келса бошқа спорт турларининг мусобақалари ва концертлар ҳам бўлиб туради. Ўйинларга чипталарни “Андижон” футбол клубининг ўзи сотувга чиқаради. Ундан тушган маблағ тўлалигича клуб ҳисоб-рақамига келиб тушади. Маълум бир фоизи шартномага асосан Андижон олимпия захиралари коллежининг балансига ўтказилади. Чипталар нархи мавсум аввалида 5000 сўмдан 10 000 сўмгача сотилди. Аммо ишқибозларнинг стадионга ташрифи пасайиб бораётгани учун яқиндан буён чипталар нархи бир хил суммада 5000 сўм қилиб белгиланган. Стадионнинг ичида савдо-сотиқ бўйича ташкилий ишлар мавсум аввалида йўлга қўйилганди. Кейинчалик бу жараён негадир тўхтаб қолди. Стадионнинг 1-секторидан ОАВ учун 20-30 кишига мўлжалланган махсус жой ажратилган. Ишонамизки, “Андижон” яна кучлилар сафига қайтса, мухлисларнинг стадионга ташрифи кескин ортади.
Термизнинг “СУРХОН” жамоаси яна катта футболга қайтди. Аммо унинг ишқибозлари ҳозирча стадионга қайтмаяпти. Сурхондарёда кўп йиллардан буён профессионал футбол клуб йўқ бўлиб кетганди. Ўтган вилоят ҳокимининг ташаббуси ва амалий ёрдами билан жамоа яна ўз қаддини ростлади ва ПРО-Лигада иштирок этиб келмоқда. Бу йил “Сурхон” кучлилар сафига чиқиш учун курашмоқда. Шундай пайтда мухлисларнинг қўллаб-қуватлаши жамоа учун жуда муҳим. Бироқ Термиздаги “Алпомиш” ўйингоҳида кечаётган жамоанинг уй ўйинларига ишқибозлар ташрифи ўртача 2000-3000ни ташкил этаётир. Жамоанинг уй ўйинларига чиқарилаётган чипталар нархи 5000 сўм. 14 ёшгача бўлган ишқибозлар ва мухлислар клуби аъзолари учун стадионга кириш бепул.
Фарғонанинг “ИСТИҚЛОЛ” жамоаси уй ўйинларини баъзида “Истиқлол” баъзида эса Қиргули мавзесидаги “Нефтчи СК” стадионида ўтказмоқда. Аслида жамоа “Истиқлол” стадиони билан келишувга эга. Аммо маълум сабабларга кўра, “Истиқлол” жамоаси вақти келса Қиргулидаги ўйингоҳдан ҳам фойдаланмоқда. Айтишларича энди каби холатлар бошқа қайтарилмайди. Жамоанинг уй ўйинлари қайси стадионда бўлиб ўтмасин, учрашувга кириш бепул қилиб келинмоқда.
Урганчнинг “ХОРАЗМ” жамоаси ҳам ўз мухлисларини йўқотиб қўйганига анча бўлди. Илгари жамоа элитада иштирок этганида, ўйин куни стадионга кира олмасдан, ташқарида қолиб кетган ишқибозлар бўларди. Кейинчалик вилоят мутасаддилари томонидан жамоага бўлган эътиборнинг йўқлиги туфайли “Хоразм” мана бир неча йилллардан буён ПРО-Лиганинг доимий иштирокчисига айланиб қолди. Хоразм халқи ҳам Суперлигани соғинган. Улар ҳам “Хоразм”ни кучлилар сафида ўйнашини истайди. Бироқ баъзида хоҳиш ва истак имкониятга тўғри келмайди деган гап ўзини оқламоқда. Бизга маълум қилишларича, мутасаддилар “Хоразм” жамоасига бу йилдан эътибор қила бошлаган. Молиявий томондан ҳозирча муаммога дуч келинмаяпти. Вазият шу йўсинда давом этса, бемалол айта оламизки, урганчликлар яқин орада яна элитага қайтади. “Хоразм” жамоаси рақибларини “Ёшлик спорт мажмуаси”да қабул қилмоқда. Ўйинга кириш бепул. Шунга қарамай, мухлислар ташрифи барибир озчиликни ташкил этмоқда.
Ҳаққулободнинг “НОРИН” жамоаси ҳам бу йил ўз мухлисларини йўқотиб қўйгандек таассурот уйғотмоқда. Лигадаги дебют мавсумида “Шодлик” стадионининг трибунаси ашаддий ишқибозлар билан ҳар бир ўйинда деярли тўлган. Жорий йил эса ундай манзарини кўраётганимиз йўқ. Имкони бўлса раҳбарият “Шодлик” стадионини капитал таъмирлашдан чиқариб, қилиниши зарур бўлган ишларни қилиб қўйишса мақсадга мувофиқ бўларди. Хусусан ВИП ложа, журналистларнинг ўйин пайтида ишлаши учун махсус жойларни ажратиш, стадионнинг ичида мухлислар учун мўлжалланган хожатхоналарни эпақага келтириш энг асосий омиллардан эканлигини унутмаслик лозим. Бошқа талаблар кейинги даражалидир. Клуб расмийларининг бизга маълум қилишича, “Норин”нинг ўйинларига 5000-10000 сўмдан чипта сотув чиқарилмоқда.
Маълум сабабларга кўра, элитадан қуйи лигага мажбурий равишда тушириб юборилган “ШЎРТАН” жамоасининг бу йилги мавсумдаги уй ўйинларига деярли мухлис ташриф буюурмаяпти деса ҳам бўлади. Хусусан “Шўртан” – “Истиқлол” баҳсини томтшабин қилиш учун атига 513та одам ташриф буюрган. Албатта бу ўз вақтида нуфузи жиҳатидан Осиёда иккинчи ўринда турадиган ОФК Кубогида иштирок этган “Шўртан” учун анча кам демакдир. Жамоа рақибларини Ғузор шаҳридаги “Марказий” стадионда қабул қилади. Унда 22та сектор мавжуд бўлиб, 10500 нафар томошабинга мўлжалланган. Стадионда ОАВ учун 40 кишига мўлжалланган жой ажратилган. Чипталар нархи 2000 сўмни ташкил этмоқда. Йил бошида мавсумий чипталар ҳам сотувга чиқарилиб, 50 000 сўм нархда белгиланган.
Нукуслик мухлислар ҳам имкон қадар “ОРОЛ”нинг ҳар бир ўйинига ташриф буюриб, севимли жамоасини қўллаб-қувватлашга харакат қилади. Аммо у ерда ҳам томошабинлар ташрифини у қадар кўп деб бўлмайди. “Орол” Нукус шаҳридаги “Турон” стадионида ўйнаб келмоқда. 2008 йили фойдаланишга топширилган стадион майдонининг холатига ҳавас қилиб бўлмайди. Сунъий қоплама ётқизилгани учун орадан 10 йил ўтиб, унинг холати ачинарли авҳолга тушган. Стадион ўз бағрига 9000та ишқибозни сиғдира олади. Айтишларича “Орол”нинг ўйинига киришни истаганлар 1000 сўмдан чиқарилган чипталарни сотиб олади. Ўйин олдидан анонс-афишалар чиқарилмаяпти. Балки шунинг учун ҳам томошабинларнинг стадионга ташрифи кам бўлаётгандир. “Турон” стадиони Нукус спорт коллежининг ихтиёрида бўлгани учун, “Орол” жамоаси ундан ижара асосида фойдаланиб келмоқда. Стадионда ОАВ учун жой қилинмаган. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманларини ўтказиш учун махсус хоналар мавжуд эмас.
Ўтган йили элитада иштирок этиб, сенсацион натиажалар қайд этган “ДИНАМО” бу йил қуйи лигада сира ўзига ўхшмаяпти. Шунинг учун ҳам самарқандлик ишқибозларнинг стадионга ташрифи озчиликни ташкил этмоқда. Жамоа кўп йиллардан буён шаҳардаги “Динамо” стадионида рақибларини қабул қилиб келмоқда. Стадион ўз 13 000 томошабинга мўлжалланган бўлиб, ўйинларга чипталарни стадион маъмурияти ўзи чиқаради. Чипталар нархи бир хил – 7000 сўм қилиб белгиланган.
Фикрлар