

"Криштиану Роналду — тарихдаги энг яхши футболчи. У португал футболига йигирма йилдан ортиқ умрини бағишлади ва португал ўзлигининг олий тимсоли ҳисобланади. Унинг миллий терма жамоадаги иштироки беқиёс спорт маҳорати туфайли тўлиқ муносибдир ва бу баҳс талаб қилмайдиган ҳақиқат. У яхши спорт формасида ва тайёр бўлган ҳар бир пайтда доимо ушбу жамоанинг бир қисми бўлиб қолади.
У ва Жорже Жезуш ўртасида юз берган ҳодиса шунчаки жамоа ичида ҳал қилиниши лозим бўлган тушунмовчилик холос.
Криштиану — миллий терма жамоанинг бир бўлаги; у тимсолимиз ва дастлабки 4 та ўйиннинг биринчисида сардорлик қилди.
Криштиану — Португалия рамзи ва фавқулодда иқтидор соҳиби. У фаолиятини Жаҳон чемпионатида якунлаши мумкин эди, аммо миллий терма жамоасига бўлган чексиз муҳаббати сабаб бундай қилмади. Унинг Португалия халқи ва миллий жамоамиз билан бўлган мустаҳкам риштасига гувоҳлик бера оламан.
Энди, дастлабки 4 та ўйин якунлангач, бизда биргаликда ўтириб, ушбу тушунмовчиликка барҳам бериш учун етарлича вақт ва осойишталик мавжуд. Криштиану — бизнинг меросимизнинг бир қисми ва мураббий уни кўришни истаган ҳар бир дамда у доимо шу ерда бўлади", – деди Проэнса.
41 ёшли Роналду Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичи 3-тури доирасида Данияга қарши баҳс (3:2) олдидан миллий терма жамоа қароргоҳини тарк этганди.
Аввалроқ жамоа бош мураббийи Жорже Жезуш Норвегияга қарши баҳсда (2:1) ҳужумчини таркибга киритмаганди. Шу билан бирга, ОАВда тарқалган хабарларга кўра, мураббий ва футболчи ўртасида Роналду майдонда 30 дақиқа ҳаракат қилиши бўйича келишув бўлган.
"A Bola" нашри берган маълумотларга кўра, Жезуш Роналдуни яна ўйинларга жалб этишни режалаштирмоқда — у ноябрь ойидаги Миллатлар Лигаси баҳсларига чақирилиши мумкин.



