Петр Сегрт. Мўйлов. Иштиёқ. Хаёлот. Тожикистонни тарихий натижа сари етаклаётган "Эйнштейн" билан яқиндан танишамиз
29 янв 23:50
Янгиликлар
Петр Сегрт. Мўйлов. Иштиёқ. Хаёлот. Тожикистонни тарихий натижа сари етаклаётган "Эйнштейн" билан яқиндан танишамиз
Тожикистон терма жамоаси ўз тарихида илк маротаба Осиё кубогига йўл олди ва... чорак финал йўлланмасини қўлга киритди! Ушбу муваффақиятда қўшниларимизнинг хорватиялик бош мураббийи Петр Сегртнинг ўрни беқиёс. Айнан у бошқарувга келгач, "форс шерлари" ўйинида самарадорлик сезила бошлади. Бироқ 57 ёшли мутахассиснинг мураббийлик фаолияти жасоратли ва таҳликали воқеаларга тўла.
Баъзилар уни унчалик ақлли бўлмаган олимга ўхшатишади. Яна бировлар Альберт Эйнштейнга, бошқалар эса қалин мўйловли Ҳарви Киттел (америкалик актёр) дея таърифлашади. Қарияга атаб Индонезияда китоб ҳам ёзишган. У урушдан жабр кўрган Грузияда, мунтазам қуролли тўқнашувлар юз берадиган Афғонистонда ҳамда сокин ва серқуёш Мальдив оролларида фаолият олиб борган. Шунчаки фаолият олиб бормасдан, мўъжиза яратишни ҳам уддалади. Ҳозир эса сеҳргарлигини Тожикистон билан намойиш этмоқда.
Биласизми, мен жуда қийин ҳаётни бошдан кечирганман. Ёшлигимдан барчани ҳурмат қилишга одатланганман. Ҳеч қачон аслида қаердан чиққанимни унутмайман. Матбуот анжуманларида барча билан кўришганим шов-шув бўлиб кетди, аммо мен бу ишни 28 йилдан бери бажариб келардим. Мағлуб бўлсам, мени танқид қилишингиз мумкин. Бу ишимизнинг бир қисми.
Петр Сегрт. Мўйлов. Иштиёқ. Хаёлот.
Мўйлов унинг йиллар давомидаги "бренд"ига айланиб улгурган. Иштиёққа келсак, у қаерга боришидан қатъи назар, уддалаб бўлмас натижаларга эришган. Хаёлотни ҳам амалга ошириш учун курашадиган мураббий ҳатто афғонистонлик футболчиларни ҳам жаҳон чемпионатига чиқиши мумкинлгига ишонтирди.
— Бир кун келиб Осиё кубогида иштирок этишни орзу қиламан. Биз нега жаҳон чемпионатига бормаслигимиз керак?! Бу имконсиз деб ким айтди?" — деганди Сегрт афғон телевидениесидаги кўрсатувда.
Келинг, Петр Сегрт билан яқиндан танишамиз.
Петр Сегрт 1966 йил Хорватиянинг Дюрдевач шаҳрида дунёга келган. Унинг ота-онаси 1970 йилда Германияга кўчиб кетди.
Футболчилик фаолиятини ҳимоячи сифатида Германиянинг "Кальв" жамоасида бошлаган Петр "Плохинген", "Швайкхайм", "Альмерсбах", "Вальдорф" жамоаларида қисқа муддат ҳаракат қилган. Бироқ тиззасидан олган жароҳат унинг футболчилик фаолиятига нуқта қўйган. Кейинчалик у УЕФАнинг мураббийлик лицензияси курсида таҳсил олиб, мураббийлик фаолиятини бошлаган.
Мураббийликдаги дастлабки тажрибаларини ҳам "Кальв"да ўтказган Сегрт кейинчалик "Бохум II", "Дуйсбург II", "Вальдхоф" жамоаларида ёрдамчи мураббий сифатида ишлайди. Ушбу жамоалардаги 14 йиллик тажриба эвазига кўплаб ёш футболчиларни терма жамоа аъзоси сифатида тарбиялади ва "меъмор" тахаллусига эга бўлди.
Сегрт 2006 йил Клаус Топпмьюллер билан бирга Грузия мураббийлар штабида ишлай бошлади. 2006–2008 йиллар оралиғида у U-21 терма жамоасини бошқарди. Кейинчалик Грузия футбол федерацияси техник директори этиб тайинланди. Бош мураббийликка Эктор Купер келгунга қадар Эстония ва Португалияга қарши ўртоқлик учрашувларида жамоага вақтинча бош мураббийлик қилган.
2008 йил Жанубий Оссетия ва Абхазия ҳудуди масаласида Грузия–Россия уруши бошлангач, Петр Тбилисидаги Руставели майдонида мамлакатни тарк этмасликка ваъда берди.
Сегрт Россия бошлаган урушга қарамай Грузиядан қочишни истамади. У ўзини нон-тузини татиётган мамлакатга бағишлади:
— Бу ерда эканимдан жуда хурсандман. Мен сизнинг терма жамоангизда уч йилдан бери ишлаяпман, лекин ҳозир сизга футбол ҳақида бирор нарса айтишнинг вақти эмас, деди у Тбилисидаги Руставели майдонига йиғилган минглаб одамларга. — Ҳозир оғир вазият ҳукмронлик қилмоқда ва ҳозир бизнинг бирлашишимиз жуда муҳим. Сўнгги бир неча кун ичида дўстларим, оилам, ҳамкорларим, Хорватияда учрашган одамларим ва Германиядаги танишларим мендан нега уйга қайтмаяпсан, нега Грузиядан қочмаяпсан, деб сўрашди... Йўқ, мен кетолмайман дедим. Мен дўстларимни, қўл остимдаги футболчиларни ва сўнгги икки йил давомида менга ёрдам берган барча одамларни ташлаб кета олмайман. Бу ердаги одамларни ва сўнгги бир неча кун ичида қандай воқеалар содир бўлаётганини қандай унутишим мумкин? - дея хитоб қилди у рус қўшинлари Грузияга кирганидан кейин.
— Биз Руставели майдонида бирга турибмиз ва ҳамон имконимиз борлигидан мамнун бўлишимиз керак. Биз ҳалок бўлганларни ва бизга ҳамроҳ бўлмаганларни унутмаслигимиз керак. Мен хорватман, бу ер менинг ватаним эмас, лекин агар шу кунларда гурзинлар қаерда яшаса, мен ҳам ўша ерда бўламан. Мен Грузияга ишонаман ва Россиядан қўрқмайман! Улар бизни бомбардимон қилишлари мумкин, бизга қарши танкларни юбориши мумкин, лекин улар бу миллатга хос бўлган руҳни ҳеч қачон ўлдиролмайдилар. Буларнинг барчасини ким бошлаган ва бошида кимлар турганидан қатъи назар, биз қўлни қўлга бериб, бирлашишимиз керак. Келинг, русларга биз бир эканлигимизни ва улардан қўрқмаслигимизни кўрсатайлик! — хорватиялик мураббий ҳаяжонда таржимоннинг қўлидан ушлаб, оломонни худди шундай рамзий ишора қилишга ундади.
Ўша оқшом Петар Сегрт деярли давлат арбоби ва чинакам етакчига айланди.
Ушбу шов-шувли воқеадан сўнг Германия футбол ассоциацияси уни U-21 терма жамоасини бошқаришга номзодлар қаторига киритди.
2010 йил Сегртни Индонезияга, янги ташкил этилаётган "Бали Девата" жамоасига таклиф қилишди. Бир йилдан сўнг у мамлакатнинг етакчи клубига "ПСМ Макассар" бош мураббийи этиб тайинланди ва ёшлардан иборат жамоа шакллантира бошлади. Бир мавсумдан кейиноқ у устозлик қилаётган клубнинг 6 нафар футболчиси Индонезия миллий терма жамоасига, яна 4 нафар ўйинчи U-23 терма жамоасига чақирилди. Муваффақиятли мавсумдан сўнг клуб директорлари унга шартномани 5 йилга узайтиришни таклиф қилди. Индонезия Премьер-лигасида турли рекордларга эришаётган жамоа футболчиларининг ўртача ёши 22 ёшни ташкил этган. Клубнинг севимли кишисига айланиб улгурган Петр Сегрт ҳақида мухлислардан бири Анди Видя китоб ёзган.
Келишув шартномаси 2017 йилга қадар тузилган бўлса-да, Сегрт 2013 йил баъзи сабабларга кўра, клубдан кетишга қарор қилди. Унинг ҳурмати шарафига ноодатий хайрлашув учрашуви ташкил этилди.
Сизнинг нима истаёганингизни ўзгалар ҳис қилиши лозим. Индонезияда клуб қошида академия ташкил этишга ишонтиришганди. Охир-оқибат бу ваъдалар қуруқ сафсата бўлиб чиқди.
Сегрт Индонезия терма жамоасини бошқаришга асосий номзод ҳисобланса-да, у Босния ва Герцеговина Премьер-лигаси иштирокчиси "Звезда" клубини танлади. Аммо клубга янги раҳбарлар тайинлангач, мураббийни ҳам янгилашга қарор қилишди. Бироқ бу нотўғри қарор бўлди, Петр кетганидан кўп ўтмай, клуб қуйи дивизионга тушиб кетди.
2015 йилнинг ноябрь ойида Афғонистон футбол федерацияси Сегртни бош мураббий этиб тайинлаганини эълон қилди. Хорватиялик мутахассис ўз тажрибаси ва малакасини Афғонистон футболини ривожлантириш учун сарфлашга ваъда берди.
Афғонистонга келишдан аввал Петрнинг музокараларни рад этишига деярли ишончи комил эди.
Ҳаммаёқда тиканли симлар, ўқ тешиб ўтган деворлар, қуролланган ҳарбийлар... аввалига бу ердан тезроқ жўнаб қолиш пайида бўласиз. Аммо самолётдан тушишим билан бир болакай гул кўтариб, "Хуш келибсиз, мураббий" дея қаршимга югуриб келди. Унинг фақат битта оёғида туфли бор эди. Мен ундан оёқ кийиминг жуфти қаерда деб сўрадим. "Менга у керакмас, отиш учун оёғимдаги битта туфли кифоя қилади", дея жавоб қайтарди. Унинг умидвор нигоҳи шу кунга қадар хотирамда сақланиб қолган. Мен таклифга дарҳол йўқ дея олмадим ва ўйлаб кўришга қарор қилдим.
Сегрт Афғонистон терма жамоаси бош мураббийлига тайинланган илк кунларидаёқ хатарга дуч келди. Жамоа фотосессияда иштирок этаётган эди ва матбуот анжуманига ҳозирлик кўрилаётганди. Бироқ яқин атрофда портлаш содир бўлди.
Петр Афғонистон билан саккиз расмий ўйиннинг олтитасида ғалаба қозонди, шу жумладан, Жанубий Осиё кубогининг тўрт учрашувида ғолиб чиқиб, финалга қадар етиб борди ва Ҳиндистонга 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Шунингдек, ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида икки ўйинда зафар қучди ва фақатгина Японияга мағлуб бўлди. Афғонистонда у "умид кишиси" ёки "халоскор" деган ном қозонди. Бундай юқори натижаларга қарамай, федерация ҳайратланарли тарзда у билан хайрлашди.
Индонезияда дангаса йигитларни жиловлаш билан курашган мутахассис Афғонистонда коррупцион одатларга таслим бўлди.
Афғонистондаги давр менга улкан таъсирини ўтказди. У ерда уч марта портлашни бошдан кечирдим. 2016 йил Ливандаги ўртоқлик ўйинидан қайтганимизда бутун Кобул ҳаяжонда эди. Ўша куни шаҳарда бешта ҳужум содир бўлди, бу ҳатто у ердаги стандартлардан ҳам кўпроқ эди. Кобулга самолётда келиш муаммо эмас. Муаммо у ердан уйга етиб олишда. Футболчилар автобусга ўтирган пайтда ассоциация томонидан тақдим этилган қўриқчиларим зирҳли машинада кетишимни талаб қилишди. Мен рад этдим ва жамоа ёнига қайтдим. Футболчилар бунга ишонқирамай қарашди. Мен йигитларни айлантириб келиш учун келдим, дея ҳазил қилдим ва рўлга ўтирдим. Барчамиз қўрқувнинг устун келишига йўл қўймасликка ҳаракат қилдик.
Биз Афғонистонда жамоа билан уддалаб бўлмас нарсалардан бирига эришдик: мамлакатни бирлаштирдик. Ҳатто Жанубий Осиё чемпионатининг финалига қадар етиб боргандик. Аммо жуда кўп таҳдидли нарсаларни бошдан кечирдим. Футбол ассоциацияси президентининг терма жамоада кўришни истаган севимли футболчиси бор эди. Бироқ мен уни таркибга киритмадим, чунки у йиллар давомида келишилган ўйинларда иштирок этиб келарди. Бу борада бизда шундай кескин келишмовчиликлар бор эдики, мен мамлакатни тарк этиб, воқеа ҳақида ФИФАга хабар бериш билан таҳдид қилдим. Кейин менинг паспортимни олиб қўйишди ва жамоа ўйинга кетаётганда мени Кобулда қолдиришди. Бир дўстим осмонда қанот қоқаётган қушни кўрсатиб, ҳатто у ҳам ёрдам беролмаслигини айтди. Бу ҳақиқатан ҳам ҳаёт учун хавфли вазият эди, чунки мен тўсатдан бутунлай ҳимоясиз бўлиб қолдим. Кейин ўйинчиларим ўз оилаларига хабар беришди, улар мени ҳимоя қилиш ва ҳеч ким менга яқинлашмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун бир неча яқинларини ёнимга юборишди.
2018 йилнинг март ойида Мальдив ороллари футбол ассоциацияси Сегрт билан икки йиллик шартнома имзолади. Мураббий қўл остидаги янги жамоа ОФК саралаш босқичидаги илк расмий ўйинида Бутанни 7:0 ҳисобида тор-мор этди. Бу Мальдив ороллари учун 288 кундан кейинги дастлабки ғалаба эди. 2018 йилнинг сентябрь ойида Мальдив ороллари Бангладеш мезбонлик қилган Жанубий Осиё кубогида сенсация намойиш этиб, бош совринни қўлга киритди. Қизиғи, Сегрт финалда мусобақа фаворити ва аввалги турнирда Афғонистонни енгган Ҳиндистонни таслим этишни уддалади. 2020 йил Петр ўзаро келишувга кўра терма жамоа билан шартномани бекор қилди.
2022 йилнинг 27 январь куни Тожикистон футбол федерацияси Сегртни янги бош мураббий сифатида эълон қилди.
Мен кафолат бера оладиган ягона нарса шуки, жамоа манфаати учун кунига 24 соат ишлайман. Биз мураббийлар штаби билан мақсадга эришиш учун барча куч ва билимларни ишга соламиз.
Хорват қўл остида Тожикистон тарихий муваффақиятга эришди ва ўз тарихида илк маротаба Осиё кубоги финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Петр, шунингдек, жамоа билан 2022 йилги Қирол кубоги ва 2023 йил Мердека кубогида бош совринни қўлга киритди. Ваҳоланки, турнирда қатнашган жамоанинг ўртача ёши 21.1 ёшни ташкил этган.
Қўрқув — бу ечим эмас. Ҳар қандай рақибни ҳурмат қилиш керак. Агар сиз аутсайдер рақибларни ҳурмат қилмасангиз, ҳеч қандай яхши натижага эриша олмайсиз. Фаворитлардан ҳам қўрқмаслик керак. Агар биз қўрқсак, унда нима учун умуман футбол ўйнашимиз керак? Сиз ҳар қандай жамоани ҳурмат қилишингиз ва ҳар қандай жамоа билан курашишингиз лозим.
Осиё кубоги гуруҳ босқичида Тожикистон Қатар, Хитой ва Ливан билан кураш олиб бориб, 2-ўринни қўлга киритди. Нимчорак финалда эса пенальтилар сериясига кўра БААни мағлуб этди. Энди "помирликлар" 1/4 финалда Иордания билан куч синашади.
Йигитлар хурсандчиликни мен билан баҳам кўришмоқчи бўлиб, икки марта кўзойнагимни синдиришди. Кейинги сафар ҳам бунга розиман (кулади).
Ижтимоий тармоқларда кўпгина тожикистонлик мухлислар Сегртга "Эйнштейн" деб тахаллус қўйишди. Мутахассис эса "Тожикистон мухлисларига ёқса, ушбу тахаллусни қабул қилишга тайёрман. Мени Эйнштейн деб чақираверинглар", дея жавоб қайтарди.
Биз ўз орзумиз сари ҳаракат қиламиз. Ҳозирги мақсадимиз кейинги ўйинни ютиш. Орзу қилиш яхши, лекин вазиятга реал қараган маъқул. Албатта, яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Фикрлар