Ўзингни ҳам, мухлисларни ҳам қийнама, Гаттузо!
30 апр 2019 13:05
Янгиликлар
Жамоа яна ночор ахволда. "Милан"да юз берган вазият, шунчаки янги йилга совға бўлган экан: ёрқин, лекин унча узоққа чўзилмайдиган... Худди парк аттракционларига бериладиган чипта каби бўлди. "Американские горки" ва бошқа кўнгилочар аттракционлар олам-олам таассурот ва ижобий ҳиссиётлар ҳадя этиб, истироҳат боғи ташқарисидаги муаммолар, совуқ қиш, зулматни унутиш имконини беради. Икки ой давомида "Милан" А Серияда ҳам, мамлакат Кубогида ҳам ютқазмади. Шу икки ой мобайнида Женнаро Гаттузо ўз ишидан мамнун ҳолда фаолият кўрсатди. Аммо байрам тугади ва "Милан" устози яна ғамгин нигоҳи билан стадион чимига қараб қолди. Матбуот анжуманларида эса жамоасининг навбатдаги омадсизлигини оқлаш учун зўрға сўз топмоқда.
"Россонери" Италия Кубогида "Наполи"ни ортда қолдирди. "Интер" билан дербидан олдин журналистлар Гаттузодан "Наполи" билан иккинчи ўрин учун кураш ҳақида жиддий сўрашганди. Орадан бир ярим ой ўтди. "Милан" эса неаполликлардан 14 очкога ортда қолмоқда. Жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи зонадан чиқиб кетди. Бу ҳам етмаганидек, куни кеча бўлган чемпионат доираси "Аталанта" рақиби "Удинезе" устидан ғалаба қозонгани туфайли, миланликлар 7-поғонага тушиб кетди.
Январдаги трансфер ойнасидан клуб максимал тарзда фойдалангандек туюлганди. Кшиштоф Пентек бир ойда еттита гол урди ва поляк кетма-кет 5 учрашувда майдонни голсиз тарк этмади. Лукас Пакета Европа футболига кўникиши ҳам осон бўлди. Ақл билан сарфланган 70 миллион евро — ҳам келажакка инвестиция, ҳам дарҳол натижа бераётган эди. Ҳаммаси айнан шундай бошланди. Аммо янги футболчилар жамоадаги муаммоларни вақтинча ёпа олишди, холос. Уларнинг фақат иккиси "Милан"ни кучли тўртликда олиб қолишга кучи етмайди. Бундан ташқари, Пентекнинг самарадорлиги ҳам тушиб кетди (охирги саккиз учрашувда 2 гол), Пакета эса жароҳат олди ва жисмоний томонлама ўйинга ҳали тўлиқ тайёр эмас.
Гаттузо омадсизликларни олдиндан кўра олди. "Интер" билан ўйиндан олдин у шогирдлари ютқазиб қўйишидан кўра, мағлубият оқибатидан қўрқаётганини айтиб ўтди. Натижа – 2:3. Дербидаги ушбу мағлубият "Милан" учун фожеа бўлгани йўқ, лекин руҳий томондан жамоа ўзига кела олмади. "Мен футболчиларнинг миясига кира олмайман", – дея бу вазиятда ўзининг ожизлигини тан олди Рино.
Омадли серия давом этаётганда Гаттузо жамоа ичида атмосфера ажойиблигини айтиб ўтганди. КЎп ўтмай, Франк Кессье шериги Лукас Биглия билан урушиб кетай деди, Тьемуэ Бакайоко "Лацио" билан жанжал келиб чиқишига сабаб бўлди, Алессандро Костакурта эса "Sky Sport" телеканалида меҳмон бўлди. Женнаро ва Леонардонинг муносабатлари ҳақида гап очилганда, "Ахир янгилик эмас-ку?!", — деб кулиб қўйди "Милан" собиқ ҳимоячиси. Клубнинг спорт директори ва мураббий ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқлиги, барчаси ажойиблигини таъкидлашмоқда. Лекин одамлар кўзи учун ўйналаётган роль барчанинг жиғига тегмоқда.
"Сампдория"дан учралган мағлубиятдан сўнг, Гаттузо келажаги борасида қарор қабул қилингани ҳақида миш-мишлар тарқай бошлади. Жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаса, Женнаро кетади. Лекин "Милан" ўша йўлланмани қўлга киритса, у ҳолда Ринонинг ўзи жамоани тарк этади. Интервьюларнинг бирида Гаттузо шунга шаъма қилганди: "Икки ойдан кейин мен барча ўйлаганларимни айтаман, ҳозир эса бор эътиборимизни мақсадга етиш учун қаратганмиз". Леонардо расмиятчилик учун гапирган оҳангда — раҳбарият янги мураббий ҳақида ўйламаётганини айтиб ўтди.
Ундан сўнг, "Удинезе" билан дуранг, "Ювентус"дан мағлубият, "Лацио" билан ўйиндаги саволларни кўпайтирган ғалаба, "Парма" билан дуранг ва Кубок доирасида "Лацио"дан учралган мағлубият. 18 йилдан буён илк бор "Торино"га ютқазиб қўйиш — "десерт" бўлди. Леонардо ҳакамлик, ирқчилик ва яна нимадирларни гапириб ўтди, аммо жамоа ичидаги муаммолар ҳақида бир сўз демади. "Биз Кубокни ҳақли равишда тарк этдик" — қисқа ва лўнда фикр! Айнан шу Гаттузонинг "Милан"даги саёҳати якунига етаётганини кўрсатмоқда.
"Милан"нинг сўнгги учрашувлардаги натижалари
ОАВда янги исмлар ҳар куни чиқмоқда. Антонио Конте, Маурицио Сарри, Эусебио Ди Франческо, Маурисио Почеттино, Роберто Де Дзерби, Джан Пьеро Гасперини, Руди Гарсия, Симоне Индзаги. Ёзда жамоани янги мураббий қўлга олади. Лекин кўп нарса "Милан" бу мавсумни нечинчи ўринда якунлашига боғлиқ. Масалан, Конте жавоб беришга шошилмаяпти – мутахассис "Рома"дан ҳам таклиф олган, римликлар ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда иштирок этмоқда. "Россонери" келажаги – Гаттузо ва унинг жамоаси қўлида.
"Милан" математик жиҳатдан ҳали кучли тўртликка кириши мумкин. Бироқ кейинги турда Синиша Михайловичнинг "Болонья"си билан баҳс кутиб турибди. Маълумот учун, "Болонья" сўнгги саккиз ўйинда максимал 24 очкодан 19 очко қўлга киритди. Ундан кейин "Фиорентина"га сафар — Винченцо Монтелла аввалроқ уни "Милан"дан ноҳақ ҳайдаб юборишганидан нолиётганди. Собиқ мураббий бу вазиятда аламини олишни исташи табиий. Гаттузо кўп бор у сеҳргар эмаслигини айтган. Тан олиш керак, Массимилиано Мирабелли уни Хосеп Гвардиола ва Маурицио Сарри билан бир қаторга қўйсада, мураббий сифатидаги "юришлари" билан ҳам ўзини кучли мутахассис сифатида кўрсата олмаяпти ҳозирча.
Гаттузо – ажойиб мотиватор? Алдагани бола яхши! А Серияда чинакам мотиваторлар ҳам (Михайлович келгач "Болонья"нинг ўйини ўзгарганига қаранг) ва нисбатан оддийроқ таркиб билан натижа бераётган мураббийлар ҳам ("Аталанта" ва "Торино"га қаранг) етарли. "Милан" эса баъзи ўйинлар ва улардаги баъзи эпизодлар билан ёрқин келажакка умид билан яшамоқда. "Рома" кучли тўртликка кира олмайдиган вазиятга тушиб қолаётганда, жамоани ЕЧЛ ярим финалигача олиб борган Эусебио Ди Франческони ҳайдашдан қўрқмади. "Милан" раҳбарияти эса ҳеч нима қилмаса ҳам барчаси яхши бўлиб кетишига ишонаётгандек кўрсатмоқда ўзини. Уларга журъат етишмаяпти. Лекин "Милан" жамоаси Примаверада 15 ўринда бораётган Федерико Жунти билан ҳам ҳозирги натижаларини қайд эта оларди.
"Футболчилар ҳаттоки машғулотларда ҳам ҳеч нима қила олмаяпти", – деди Гаттузо "Торино" билан ўйиндан сўнг.
Лекин... Женнаро барибир истеъфога чиқмаяпти ва маҳаллий ОАВ у мавсум сўнггигача лавозимида қолишини ёзмоқда. "Милан" президенти Паоло Скарони Чемпионлар Лигасига чиқиш бу мавсум режасида бўлмагани, клуб бюджети ҳам шунга қараб тақсимланганини маълум қилди. Деярли бутун мавсум тўртликда келиб, охирида ЕЧЛ зонасидан четга чиқиб, бу етиб бўлмас чўққи эди, дейиш қанчалар осон.
Шундай экан, Рино, балки етар шунча қийналганинг?
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар