

Бу йил ОФК жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳакамлар сони бўйича рекорд ўрнатади. Чунки қитъамиздан 15 нафар ҳакамлар бригадаси мундиалга жалб қилинган. ОФК веб-сайти қанот ҳакамлари борасида қисқача маълумот берди.
Хусусан мақолада ҳамюртимиз Абдулҳамид Расулов ҳақида шундай дейилади: "Расулов ҳакамлик фаолиятини 2011 йилдан бошлаган ва 2006 йилга келиб ФИФА реферисига айланди. У 2011 ва 2012 йилларда энг яхши қанот ҳаками деб топилган. Абдулҳамид Расулов мана бир неча йилдирки турли мусобақаларда Равшан Эрматовга ёрдам бериб келяпти. У катта тажрибага эга".
А.Расулов: "Мен учун ҳозирча энг кўп эсда қолган воқеа бу 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидир. Бу онларни унутиб бўлмайди. Россиядаги мундиалда ҳам мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз".
ЖЧ-2018 яна бир қанот ҳакамимиз Жаҳонгир Саидов учун дастлабки мундиал бўлади. Саидов ҳакамлик фаолиятини 2002 йилда бошлаган ва 2010 йилдан бери ФИФА рефериси ҳисобланади. У бунгача ЖЧ саралаш ўйинлари, ОЧЛ баҳслари, Осиё Кубоги ва бошқа бир қатор мусобақаларда ишлаган.
Ж.Саидов: "Мен учун энг эсда қоларли турнир 2017 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб турибди. Шунингдек, ОЧЛ финал ўйинлари ҳамда 2015 йил Австралияда ўтказилган Осиё Кубоги ҳам алоҳида аҳамият касб этади".



