Осиё Чемпионлар лигасининг иккинчи финалчиси номи маълум бўлди

Aslanov Jasurbek
24 окт 2018
Бугун, 24 октябрь куни Жанубий Кореяда "Сувон Самсунг Блувингс" ва "Кашима Антлерс" ўртасида Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалининг жавоб ўйини бўлиб ўтди.

Японияда, "Кашима" майдонида ўтган ярим финалнинг илк учрашуви 3:2 ҳисобида японларнинг ғалабаси билан якунланган эди. Жавоб учрашуви ҳам голларга бой бўлди.

Учрашувдаги биринчи гол Япония клуби вакили Шуто Ямамото ҳисобига ёзилди. У ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим 0:1 ҳисобида якунланди. Иккинчи бўлимда "Сувон Самсунг" рақибни шошириб қўйди ва 8 дақиқа ичида 3та гол уришга эришди. Лим Санг Хьюб, Сонг Жин Чо ва Деян Дамяновичнинг голлари ҳисоб 3:1 кўринишига келишини таъминлади. 64-дақиқада "Кашима Антлерс" футболчиси гол урди. Даиго Ниши орадаги фарқни биттага қисқартирди. 3:2. Ўйин тақдирини меҳмон жамоа футболчиси Сержиньо ҳал қилди. 84-дақиқада у томонидан урилган гол японларни Осиё Чемпионлар лигаси финалига олиб чиқди.







Эслатиб ўтамиз, Осиё Чемпионлар лигаси финали уй ва меҳмон ўйинлари тизимида ўтказилади. "Кашима Антлерс" ҳамда "Персеполис" ўртасидаги биринчи финал 3 ноябрь куни Японияда, навбатдаги ўйин эса 10 ноябрь Эрондаги стадионда бўлиб ўтади.

ФИНАЛ

3 ноябрь. "Кашима Антлерс" - "Персеполис"

10 ноябрь. "Персеполис" - "Кашима Антлерс"


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Championat.asia