

Нидерландия – Ўзбекистон 2:1
Голлар: 1:0 – 32, Коди Гакпо (пенальти), 1:1 – 90+2, Игорь Сергеев, 2:1 – 90+8, Коди Гакпо
Нидерландия: 1. Барт Вербрюгген (23. Марк Флеккен, 67), 22. Дензел Думфрис, 6. Ян Пол ван Хекке, 4. Виржил ван Дейк (с), 15. Микки ван де Вен, 8. Райан Гравенберх, 14. Тижжани Рейндерс, 21. Френки де Йонг (16. Гус Тил, 72), 24. Крисенсио Саммервилл, 18. Дониэлл Мален (19. Брайан Бробби, 65), 11. Коди Гакпо.
Захира: 13. Робин Руфс, 25. Йоррел Хато, 12. Матс Виффер, 5. Натан Аке, 2. Юрриен Тимбер, 3. Мартен де Рон, 7. Джастин Клюйверт, 26. Квинтен Тимбер, 20. Тён Копмейнерс, 10. Мемфис Депай, 17. Ноа Ланг, 9. Ваут Вегхорст.
Ўзбекистон: 1. Ўткир Юсупов, 2. Абдуқодир Ҳусанов, 4. Фарруҳ Сайфиев, 5. Рустам Ашурматов, 6. Акмал Мозговой, 7. Отабек Шукуров, 11. Остон Ўрунов (17. Достонбек Ҳамдамов, 54), 13. Шерзод Насруллаев, 14. Элдор Шомуродов (21. Игорь Сергеев, 77), 22. Аббосбек Файзуллаев (8. Жамшид Искандаров, 78), 26. Жаҳонгир Ўрозов.
Захира: 12. Абдувоҳид Неъматов, 16. Ботирали Эргашев, 24. Беҳруз Каримов, 25. Авазбек Ўлмасалиев, 15. Умарбек Эшмуродов, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 18. Абдулла Абдуллаев, 23. Шерзод Эсанов, 26. Умарали Раҳмоналиев, 20. Жасурбек Жалолиддинов, 29. Русланбек Жиянов, 28. Азизбек Амонов, 30. Шерзод Темиров.
Огоҳлантиришлар: Рустам Ашурматов (68), Крисенсио Саммервилл (74)
Четлатиш: Гус Тил (87)
90+10' – Учрашув якунланди. Бош ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинди.
Драма ва ҳаяжонга бой бўлган баҳс афсуски мағлубият билан якун топди. Сўнгги дақиқаларда Игорь Сергеев томонидан киритилган гол бизга умид бахш этган эди, бироқ учрашувнинг энг сўнгги сонияларида белгиланган пенальти вазиятни мезбонлар фойдасига ҳал қилиб кетди. Ўзбекистон терма жамоаси Нидерландияга қарши кечган қийин учрашувда 2:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Миллий терма жамоамизга кейинги баҳсларда омад тилаб қоламиз!
90+8' – Гол... Нидерландия терма жамоаси пенальтини аниқ амалга оширди.
Тўп қаршисига келган Коди Гакпо дарвозабонимизга ҳеч қандай имконият қолдирмай, кучли ва аниқ зарба билан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Сўнгги сонияларда ўтказиб юборилган гол жуда аламли бўлди. Ҳисоб – 2:1.
90+7' – Бош ҳакам учрашувга қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган бир пайтда дарвозамиз томон пенальти белгилади!
Сўнгги сонияларда юзага келган хавфли вазиятда ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов ўз жарима майдончамиз ичида рақиб футболчисини ушлаб қолди, деб топилди. Ҳакам ҳеч бир иккиланишсиз 11 метрлик жарима зарбасини кўрсатмоқда. Наҳотки ғалабага тенг бўлган дурангни қўлдан чиқарсак? Бутун диққат-эътибор дарвозабонимизда!
90+5' – Учрашув якунланди! Бош ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинди.
90+5' – Ҳусанов рақибнинг хавфли ҳужумидан сўнг дарвоза томон кириб кетаётган тўпни қайтарди.
90+2' – ГООООООООООЛ!!! ИГОРЬ СЕРГЕЕВ!!! Вакилларимиз учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни тенглаштиришмоқда!
Майдонда бир киши кам бўлиб қолган Нидерландия ҳимоясидаги пала-партишликдан унумли фойдаланган ҳужумчимиз Игорь Сергеев рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди! Захирадан майдонга тушган ҳужумчимиз ўзига берилган имкониятдан максимал даражада фойдаланди. Ҳисоб – 1:1! Тўхтамаймиз, йигитлар, ғалаба учун вақт бор!
90' – Учрашувнинг асосий вақти якунланди. Тўхталишлар ва ВАР текширувлари инобатга олиниб, бош ҳакам томонидан иккинчи бўлимга 5 дақиқа вақт қўшиб берилди. Олдинда энг ҳаяжонли дақиқалар!
88' – Белгиланган хавфли жарима зарбасини Отабек Шукуров амалга оширди. Жарима майдончаси чизиғига яқин масофадан йўлланган кучли зарбадан сўнг тўп жонли девордан ўтиб, дарвоза тўсинининг юқорисидан ўтиб кетди. Ҳисобни тенглаштириш учун жуда қулай имконият бой берилди.
87' – Ҳакамнинг қарори: Қизил карточка ва жарима зарбаси! ВАР монитори олдида вазиятни синчиклаб кўриб чиққан бош ҳакам қоида бузилиши жарима майдончаси ташқарисида содир бўлган деб топди. Пенальти йўқ, аммо рақиб дарвозасига жуда яқин масофадан хавфли жарима зарбаси белгиланди!
Шунингдек, тўпга қўл билан ўйнаб, голли вазиятни йўққа чиқаргани учун Нидерландия терма жамоаси аъзоси Гус Тил ўғридан-тўғри қизил карточка билан майдондан четлатилди. Мезбонлар бир киши кам бўлиб қолишди. Вакилларимизда ҳисобни тенглаштириш учун ажойиб имконият юзага келмоқда!
85' – Диққат, ўта муҳим вазият! Бош ҳакам ВАР (видеоассистент) тизимидаги ҳамкасблари билан алоқага чиқди ва юзага келган эҳтимолий пенальти вазиятини монитор орқали ўзи бориб кўрадиган бўлди.
Нидерландия терма жамоаси футболчиси ўз жарима майдончаси атрофида тўпга қўл билан ўйнагани аниқланди. Ҳозирги баҳсли вазият шундаки – рақиб футболчиси тўпни жарима майдончаси ичида ёки ташқарисида қўл билан ўйнаганми? Агар ҳакам қоида бузилиш чизиқ устида ёки ичкарида бўлган деб топса, дарвозага пенальти белгиланиши мумкин. Кутамиз!
82' – Хавфли вазият! Ҳимоячимиз Рустам Ашурматов ўз жарима майдончамиз ичида таваккалчиликка қўл урди. У рақиб узатмасини қайтараман деб, бош билан ўз дарвозамиз томон зарба бераётгандек туюлди ва ишқибозларни бироз ҳаяжонга солди. Бахтимизга, тўп хавфли траектория билан майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак тўпи.
77' – Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бир йўла иккита ўзгариш. Бош мураббий таркибни янгилаб, ҳужумкорликни оширишга ҳаракат қилмоқда: майдонни сардор Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев тарк этишди.
Уларнинг ўрнига ўйинга Игор Сергеев ҳамда Жамшид Искандеров қўшилди.
74' – Майдонда асаблар таранглашмоқда. Вакилимиз Достонбек Ҳамдамов рақиб ярим ҳимоячиси билан тўқнашиб кетди. Қўпол ҳаракат қилгани учун Нидерландия терма жамоаси аъзоси Крисенсио Саммервилл бош ҳакам томонидан сариқ карточка билан огоҳлантирилди.
72' – Нидерландия терма жамоасида навбатдаги ўзгариш! Мезбонлар бош мураббийи майдон марказини янгиламоқда: Френки де Йонг захирага олинди, унинг ўрнига Гус Тил баҳсга қўшилди.
69' – Дарвозамиздан тўп ўрин олди, аммо... Гол инобатга олинмади! Захирадан ўйинга қўшилган Брайан Бробби жарима майдончамиз ичига ёриб кириб, совуққонлик билан аниқ зарба йўллаган эди. Бахтимизга, ҳакамлар ушбу вазиятда ҳужумчининг ўйиндан ташқари ҳолатда бўлганини қайд этишди. Ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
68' – Футболчимизга сариқ карточка. Ҳимоячимиз Рустам Ашурматов рақибнинг хавфли ҳужумини қоида бузиш эвазига тўхтатиб қолгани учун бош ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Ортда қолган дақиқаларда янада эҳтиёткорроқ ўйнаш талаб этилади.
67' – Нидерландия терма жамоасида мажбурий ўзгариш! Эслаб ўтсак, бироз аввалроқ вакилимиз билан ҳавода тўқнашиб кетган дарвозабон Барт Вербрюгген учрашувни давом эттира олмайдиган бўлди. Унинг ўрнига захира дарвозабони Марк Флеккен майдонга тушмоқда.
65' – Нидерландия терма жамоаси таркибида ҳам илк ўзгариш амалга оширилди. Бош мураббий ҳужум чизиғини кучайтирмоқда: майдонни Дониэлл Мален тарк этди, унинг ўрнига баҳсга Брайан Бробби қўшилди.
62' – Яна бир хавфли вазият! Нидерландияликлар чап қанотдан вакилларимиз ҳимоясини ёриб киришди. Коди Гакпонинг жарима майдончаси ичига аниқ узатган тўпини Крисенсио Саммервилл жуда яқин масофадан дарвозага йўллади. Бахтимизга, рақиб футболчисининг зарбаси ноаниқ кетди.
55' – Хавфли вазият! Нидерландия терма жамоаси вакиллари майдонимиз марказида ўта тезкор комбинацион ҳужум ташкил этишди. Ҳужум якунида Коди Гакпо қулай позициядан дарвозамизга кучли зарба йўллади. Бахтимизга, тўп дарвоза тўсинининг бироз юқорисидан ўтиб кетди. Ўйин темпи юқориламоқда.
54' – Ўзбекистон терма жамоаси таркибида илк ўзгариш! Бош мураббий ҳужум чизиғини янгилашга қарор қилди: майдонни 11-рақамли футболчимиз Остон Ўрунов тарк этди, унинг ўрнига ўйинга Достонбек Ҳамдамов қўшилди.
53' – Вакилларимиздан хавфли стандарт вазият! Аббосбек Файзуллаев жарима тўпини рақиб дарвозаси томон ҳаволатиб узатиб берди. Нидерландия дарвозабони Барт Вербрюгген тўпни қайтариш учун олдинга чиққанда, ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов билан ҳавода кучли тўқнашиб кетди. Ўйин тўхтатилди. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
52' – Нидерландияликлар томонидан амалга оширилган бурчак тўпидан сўнг дарвозамиз олдида ўта хавфли вазият юзага келди. Жарима майдончаси ичига узатилган тўпга мезбонлар сардори Виржил ван Дейк чиқиб борди ва бош билан кучли зарба йўллади. Тўп дарвоза тўсинининг ёнидан ўтиб кетди.
51' – Нидерландияликлардан хавфли ҳужум. Крисенсио Саммервилл жарима майдончамиз ичидан дарвоза томон кучли зарба йўллади. Бахтимизга, ҳимоячи Жаҳонгир Ўрозов тўп йўлига ғов бўлди – унинг оёғига теккан тўп майдонни тарк этди. Бурчак тўпи.
46' – Иккинчи бўлим бошланди! Жамоалар майдонга қайтишди. Вайронкор ҳужумларни кутиб қоламиз.
45+3' – Биринчи бўлим якунланди! Бош ҳакамнинг ҳуштаги чалиниб, жамоаларни танаффусга йўллади.
Пенальтидан киритилган ягона гол эвазига ҳозирча Нидерландия терма жамоаси олдинда бормоқда. Бироз дам оламиз ва иккинчи бўлимда вакилларимиздан голлар кутиб қоламиз.
Нидерландия – Ўзбекистон – 1:0 (Биринчи бўлим якуни)
45+2' – Вакилларимиз биринчи бўлим сўнгида ҳужум ташкил этишди. Сардор Элдор Шомуродов олис масофадан рақиб дарвозасини нишонга олди, бироқ унинг берган зарбаси кучсиз ва ноаниқ чиқди. Барт Вербрюгген учун ҳеч қандай хавф туғдирилмади.
45' – Биринчи бўлимнинг асосий вақти тугади. Учрашув бош ҳаками томонидан биринчи бўлимга 3 дақиқа вақт қўшиб берилди.
44' – Нидерландияликларнинг навбатдаги ҳужуми. Дониэлл Мален вакилларимиз жарима майдончаси ичида Ҳусанов билан тўқнашиб, майдонга йиқилди. Рақиблар пенальти кутишганди, бироқ бош ҳакам қоида бузилмаган деб топди ва ўйинни давом эттиришни буюрди.
43' – Вакилларимиз мувозанатни тиклаш учун олдинга интилишмоқда. Элдор Шомуродов рақиб жарима майдончаси марказига томон хавфли узатмани амалга оширди. Бироқ у ерга югуриб бораётган Акмал Мозговой тўпга ета олмади – Нидерландия ҳимоячиси чаққонроқ ҳаракат қилиб, хавфни бартараф этди.
32' – ГОЛ! Нидерландия ҳисобни очмоқда. Коди Гакпо 11 метрлик нуқтадан унумли фойдаланди. Дарвозабонимиз Ўткир Юсупов зарба йўналишини тўғри топди ва ҳатто тўпга қўли билан тегди, бироқ зарба ўта кучли бўлгани боис уни қайтара олмади.
Нидерландия – Ўзбекистон – 1:0.
30' – Дарвозамиз томон пенальти белгиланди! Вакилларимиздан Жаҳонгир Ўрозов ўз жарима майдончамиз ичида Крисенсио Саммервиллга қарши подкатда қўполлик ишлатди. Бош ҳакам ҳеч қандай иккиланишсиз 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Вазият ўта жиддий.
28' – Рақиблар яна узоқ масофадан хавф солишмоқда. Тижжани Рейндерс дарвозамиз сари олисдан кучли зарба йўллади. Тўп хавфли траектория билан бироз ноаниқ кетди.
24' – Учрашувда кичик танаффус. Ҳаво ҳарорати юқори бўлганлиги сабабли, бош ҳакам футболчиларга сув ичиб олиш учун имконият берди – "cooling break". Мураббийлар майдон четида футболчиларга ўз кўрсатмаларини тушунтиришмоқда.
21' – Нидерландия терма жамоаси вакиллари масофадан бахтини синаб кўришди. Райан Гравенберх дарвозамиз томон кучли зарба йўллади, бироқ тўп мўлжалга аниқ бормади ва ноаниқ кетди.
13' – Рақиб жамоа яна ҳужумда. Дензел Думфрис ўнг қанотдан жарима майдончаси марказига ҳаволатиб тўпни узатди. Қулай нуқтада турган Тижжани Рейндерс яқин масофадан бош билан дарвозага зарба йўллади, бироқ унинг уриниши ноаниқ кетди.
Учрашувни америкалик аёл кам Алисса Пеннингтон бошқариб бормоқда.
10' – Нидерландияликлардан яна бир хавфли вазият! Коди Гакпо чап қанотдан тезлик билан жарима майдончаси ичига ёриб кирди ва тўпни марказга узатди. Бахтимизга, қулай позицияда турган Дониэлл Мален зарба бериш имкониятини бой берди.
9' – Рақибдан ўта хавфли ҳужум! Крисенсио Саммервилл ҳимоячиларимиз ортидан очилиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетиши мумкин эди. Бироқ Ўткир Юсупов ўз вақтида олдинга чиқиб, хавфни бартараф этди ва тўпни узоқлаштириб юборди.
5' – Нидерландия терма жамоасининг чап қанотдан ташкил этган ҳужуми муваффақиятсиз якунланди. Микки ван де Веннинг жарима майдончаси ичига оширган узатмаси ноаниқ кетди. Тўп майдонни тарк этмоқда.
4' – Ўзбекистон терма жамоасида стандарт вазият. Аббосбек Файзуллаев жарима тўпини рақиб жарима майдончаси ичига узатиб берди. Нидерландия ҳимоячилари тўпни қайтаришга эришишди, бироқ қайтган тўпга Отабек Шукуров кучли зарба берди. Ноаниқ.
2' – Вакилларимиздан илк хавфли юриш! Аббосбек Файзуллаев майдон марказидан Элдор Шомуродовни олдинга бошлаб, тўпни унга узатди. Бироқ Нидерландия сардори Виржил ван Дейк тажрибаси эвазига ишончли ҳаракат қилиб, тўпни бехавотир ўз дарвозабони Барт Вербрюггенга етиб боришини таъминлади.
1' – Учрашувга старт берилди!
Жамоалар яшил майдонга чиқиб келишди. Нидерландия терма жамоаси оқ-лоларанг, Ўзбекистон вакиллари эса кўк рангли либосларда ҳаракат қилишади. Ҳар икки мамлакат давлат мадҳиялари янграмоқда. Катта ўйин бошланиш арафасида.



