Онана яна бир мавсум "Трабзонспор"да тўп тепади

3 июл 2026, 00:49
"Манчестер Юнайтед" дарвозабони Андре Онана яна бир йиллик ижара асосида "Трабзонспор" сафида қолади.

"Daily Mail Sport" хабарига кўра, камерунлик посбон барча зарур ҳужжатларни имзолаб бўлган. Энди клублар трансфернинг сўнгги расмий жиҳатларини яқин 24 соат ичида якунлаши кутилмоқда.

Ижара шартномасига кўра, "Трабзонспор" "Манчестер Юнайтед"га энг кўпи билан 1,3 миллион фунт стерлинг тўлайди. Якуний сумма жамоанинг келаси мавсумдаги натижаларига боғлиқ бўлади. Шунингдек, турк клуби Онананинг маошининг асосий қисмини ҳам ўз зиммасига олади.

Шартномада келаси ёзда футболчини сотиб олиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.

Онана ўтган йилнинг сентябридан буён "Трабзонспор" сафида ўйнаб келмоқда. "Манчестер Юнайтед" Сенне Ламменсни харид қилганидан кейин дарвозабоннинг клубдаги келажаги қолмагани маълум бўлган эди.

Камерунлик дарвозабон ўтган мавсум Туркия чемпионатида 29 та учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 35 та гол ўтказиб юборди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Daily Mail Sport