«Олтин қафас» тутқунлари
12 сен 2016 11:31
Янгиликлар
«Олтин қафас» тутқунлари
Кимдир мамнуният билан янги жамоаси томон йўл олган бўлса, кимлардир
торлик қилиб қолган гўшани тарк этолмаганидан хомуш тортди. Қуйидаги мақола ўз қароргоҳини ўзгартириш ниятида бўлган, лекин орзулари рўёбга чиқмай қолган футболчилар ҳақида.
М'Виланинг кўз ёшлари
Ян М~Вила - ажабтовур йигитлар тоифасидан. У кабиларни одатда, тантиқлар сирасига киритишади. Лекин нима бўлганда ҳам юксак маҳорат соҳиби эканига шубҳа йўқ. Шу юксак маҳорат соҳиби трансфер мавсумининг охирги кунида яна бир марта аччиқ қисмат аламини татиб кўрди. Ўша куни ВВС, SkySports ва Британиянинг бошқа етакчи ОАВлари кун бўйи М~Виланинг АПЛга қайтиши ҳақида бонг урдилар. Кўпчилик футболчининг яна «Сандерленд» сафидан жой олишини тахмин қилганди. Ян эса ўз режаларини пинҳон тутишни истамай, ижтимоий тармоқлар орқали «Хитроу» аэропортида тушган фотосуратини намойиш этди.
Бироқ вақт шиддат билан ўтиб борар, М~Виланинг трансфери ҳақидаги хабардан эса дарак йўқ эди. М~Вила янги йилга қадар «Рубин»да тўп сура олади. Балки ана шу давр ичида «Сандерленд» мутасаддилари қозонликлар талаб қилаётган 10 млн. еврони жамлаб, Янни ўз сафларига қайтаришар?
Питерликлар «қафас»идаги Витсель
Бельгиялик футболчи ҳам «Зенит»ни тарк этиш ниятида. У ҳатто, «Ювентус» билан шартнома имзолаш учун Туринга учиб борган, туринликлар ҳам бунга қарши эмасдилар. Бироқ сўнгги паллада «Зенит» келишувдан бош тортди. Шу тариқа Акселнинг трансфер қиссаси самарасиз якунланди. 13 соат вақтини «Кекса синьора» офисида ўтказган футболчи шундан кейин «Твиттер» орқали файласуфларга хос фикр билдирди: «Кутиш қанчалик узоққа чўзилса, мукофот шунчалик лаззатли бўлади. Ҳаёт давом этмоқда!».
Хуллас, Аксель «Зенит» таркибида қолди. Турин гранди уни қишда 5-6 млн. евро эвазига харид қилиши ёки ёзда Витсель эркин агент мақомида Италияга йўл олиши мумкин.
Швайнштайгернинг аянчли ҳолати
Чоршанба оқшомида мухлислар яна бир таниқли юлдуз - Бастиан Швайнштайгернинг кўз ёшларига гувоҳ бўлишди. Шундоққина яшил майдоннинг ўзида! Тўғри, Швайнининг кўз ёшлари Германия терма жамоаси сафида охирги марта майдонга тушгани туфайли юзага келганди. У бундан кейин «МЮ» таркибида ҳам майдонга тушолмаслиги мумкин. Боиси, Моуриньо бу футболчини ўз схемасига киритмаган. Қолаверса, жамоа яқинда Поль Погбани харид қилди. Шунга қарамай, Бастиан ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилмоқда: «Албатта, асосий мақсадим - «МЮ»га ёрдам бериш. Моуриньо билан муносабатимда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўзаро суҳбат чоғида ўзининг нуқтаи назарини изҳор этди, мен ўз режаларимни айтдим. Сентябрь-октябрь ойларидаги ўйинлардан кейин бир тўхтамга келсак керак. Муҳими - бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Албатта, ҳозирча футбол билан хайрлашиш ниятим йўқ. «МЮ» сафида майдонга тушиш ва ишончни оқлаш учун бериладиган имкониятни сабрсизлик билан кутаман». Мазкур эътирофни футболчи 30 август куни айтганди. Эртасига ҳеч қандай ўзгариш рўй бермади. Ҳозирча у «МЮ» ўринбосарлари сафида машқ қилмоқда, асосий таркибдан жой олишига ҳеч ким кафолат бермаган. Шу сабабли ҳафтасига 140000 фунт иш ҳақи оладиган футболчи «олтин қафас тутқуни» бўлиб турибди.
Сардор Ласс
Лассана Диарра ҳам Марселдаги «кема»сини тарк этишга улгурмади. Ваҳоланки, у анчадан бери шундай ниятда эди. Бир мавсум давомида ўз юртида намойиш этган ўйинлари эвазига Диарра харидорлар қуршовида қолди. Билмадик, футболчи юқорироқ савиядаги жамоалардан бирига ўтиш ниятида эдими ёки мўмай даромад илинжидами, ҳар ҳолда, унинг трансфери хусусидаги гап-сўзлар сира тўхтамади. Ҳатто, қўшимча «заявка»лар қабул қиладиган даврнинг сўнгги дақиқаларида ҳам унинг тақдири аниқ эмасди. Бироқ франциялик футболчи ҳеч қаерга кетмади. «Марсел»нинг расмий баёнотига кўра, сардор мавсум охирига қадар жамоа шарафини ҳимоя қилади.
Ниасс - ливерпулликлар «маҳбуси»
- Агарда Ниассда футбол ўйнаш иштиёқи бўлса, «Эвертон»ни тарк этиши лозим!, - жамоанинг амалдаги бош мураббийи Рональд Куман ана шундай кескин фикр билдирди. «Локо»нинг собиқ аъзосини ливерпулликлар ўтган мавсумда - Роберто Мартинес даврида харид қилишганди. Афсуски , Умар АПЛга мослаша олмади, майдонга жуда кам тушди. Оқибатда «Эвертон» мухлисларида унга нисбатан эътирозлар кўпайиб борди. Тўғри, Россиянинг бир қатор жамоалари, жумладан, «Локомотив», «Спартак» ва ЦСКА Умарга жиддий қизиқиш билдиришди. Бироқ Россияда истиқомат қилишни истамаган Ниасснинг рафиқаси ортга қайтишга тўсқинлик қилди.
Cодиқ СОБИР тайёрлади
Фикрлар