UZ

Сўнгги янгиликлар

03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  1 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  0 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  3 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  16 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  5 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  0 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  17 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0 20:04Аморим: "МЮ мураббийи ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди"  1 19:37Расман: "Насаф"дан илк "юриш", Умарбек Эшмуродов қайтди  14

ЎФАнинг «кўҳна қитъа»даги расмий вакили Дилшод Рўзметов билан катта интервью Янгиликлар

ЎФАнинг «кўҳна қитъа»даги расмий вакили Дилшод Рўзметов билан катта интервью

Sports.ru блогери Евдоким Раимов Рўзметов билан ўзбек футболи, Европадаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида суҳбатлашди.

Бир мунча вақт олдин ОАВда ўзбек спорти, хусусан, футболида янги лавозим таъсис этилгани ҳақида янгиликлар пайдо бўлганди. Қайсики, Европада Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг вакили пайдо бўлди. Бу лавозимга «Известия» нашри муштарийлари орасида журналист сифатида танилган Дилшод Рўзметов тайинланганди. Спортс.ру сайти вакили Евдоким Раимов Рўзметов билан мазкур лавозим, ўзбек футболининг ривожи, турмуш тарзи, Европадаги ҳаёт, шунингдек, кофе фабрикасидаги фаолияти ҳақида ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Салом, Дилшод! Аввало, обуначиларимиз учун ўзингиз ҳақингизда батафсил маълумот берсангиз.
Салом! Мен Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг Европадаги ваколатли вакилиман.

Сиз қандай вазифаларни бажарасиз?
• Биринчидан, мен Европа футболидаги футболчи, мураббий, шифокор ва менежерларни тайёрлаш ва назорат қилишнинг замонавий техника ва усуллари ҳақида маълумот ва тажриба тўплаб, уларни Ўзбекистонда тадбиқ этишим керак;
• Европа футбол федерацияларининг ЎФА билан ҳамкорликка бўлган қизиқишлари ҳақида барча маълумотларни тўплаш;
• Ўзбек футболининг рақобатбардошлик даражасини ошириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий терма жамоалари ва профессионал клубларининг натижаларини яхшилашни ўз олдига мақсад қилиб қўядиган маҳорат дарсларини ўтказиш учун хорижий мутахассисларни излаш;
• Маҳаллий футболнинг юқори даражадаги иқтидорларига томошабинлар қизиқишларини орттириш;
• Халқаро футбол ташкилотлари ва ЎФА ўртасидаги ҳамкорлик учрашувларини ташкил қилиш сингари вазифаларни бажараман.
Бу вазифаларнинг барчасини бажаришим лозим.

Маълумки, Ўзбекистон Ф.А. билан ҳамкорликни сиз бошлагансиз. Тошкент билан музокаралар қанча давом этди?
Тошкентдаги музокаралар кичик танаффуслар билан икки ой давом этганди.

Асcоциациянинг маҳаллий мухлислар орасида обрўга эга эмаслиги сизни хижолат қилмадими?
Норозилар ҳар доим, ҳамма жойда бўлган, бўлади ҳам. Мухлисларнинг азалий орзуси терма жамоани Жаҳон чемпионати финал босқичида кўриш. Бу воқеа содир бўлмас экан, ассоциация мухлислар босими остида бўлади. Муаммо шундаки, мухлислар жамоанинг юқори натижаларини кутиш учун етарлича сабр-тоқатга эга эмаслар, улар ҳамма нарсаниниг бирданига содир бўлишини хоҳлашади.

Ҳеч кимга сир эмаски, сиз ҳаракатчан бўлишингиз ва ҳамма нарсани кузатиб боришингиз керак. Сир бўлмаса, иш жадвалингиз қандай?
Иш? Мен доимий «online»ман.

Бугунги кунга келиб сиз маош оляпсизми? Ёки буларнинг ҳаммаси бепулми?
Йўқ, ҳозирги пайтда ваколатхона ўз молиявий манбалари ҳисобидан ишламоқда. Иш билан боғлиқ барча харажатларни мен ўз шахсий бюджетим асосида молиялаштираман.

ЎФАнинг Европадаги расмий вакили сифатида фаолиятингизнинг илк кунларини қандай бошлагандингиз?
Европа футбол федерациялари тажрибасини ўрганиш ва улар билан алоқалар ўрнатишдан.

Айни вақтда қайси лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилмоқда?
Бир нечта лойиҳалар мавжуд, аммо раҳбарият ўзгаргач, уларни янгилаш ва амалга ошириш учун рухсат олиш талаб қилинади.

Европаликларда ўзбек футболи билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш ҳолатлари ҳам бўлганми?
Яширмайман, муваффақиятсизликлар бўлиб туради, аммо бу Ўзбекистон билан боғлиқ эмас. Балки, Европа федерацияларининг ресурслари чеклангани туфайли юз берган.

Европа футболи функционерлари томонидан ўзбек футболи манзили томон айтилган энг ёқимли фикрни айтинг.
23 ёшгача бўлган футболчиларимиз Осиё чемпионлигини тантана қилганда Оливер Кан томонидан йўлланган табрик. У бизнинг йигитлар яхши потенциалга эга эканини ҳам таъкидлаганди. Катта эҳтимол билан, у ўша учрашувимиздан кейин ўзбек футболи билан қизиқиб қолган.

Ушбу вазифадаги энг оғир кунингиз ҳақида гапиринг.
15 ёшгача бўлган болалардан иборат терма жамоамизнинг «Делла Назиони 2019» турнирида иштирок этишдан бош тортиши. Мазкур мусобақа Италия футбол федерацияси томонидан ўтказиладиган болалар ўртасидаги норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланади. Ушбу мусобақада иштирок этиш учун кўп ишлар амалга оширилди. Мен итальян футболи раҳбарларини терма жамоамиз мазкур мусобақада иштирок этишига ишонтириш учун Римга учдим.

Италия футбол федерацияси раҳбарлари биз билан учрашишди ва кутиш рўйхатида бошқа жамоалар бўлишига қарамай, бизни мусобақа иштирокчилари қаторига киритишди. Йигитларимиз Италия, Англия, Португалия, Аргентина каби мамалакатлардан келган тенгдошлари билан куч синашиш имкониятига эга бўлишганди. Аммо баъзи нўмалум сабаблар туфайли раҳбарларимиз қарорларини ўзгартиришди. Биз мусобақа бошланишидан бир неча ҳафта олдин иштирокдан бош тортиб, ташкилотчиларни ноқулай аҳволга солиб қўйгандик.

Интервьюларингиздан бирида шундай дегансиз: «Мен футболчиларимиз учун Европага йўл очаман». Аммо тан олишингиз керак, уларга талаб ками?
Қандай бўлмасин, йигитларимизга имкон яратиб беришимиз керак. «Viam supervadet vadens» (изоҳ. Йўл юраётган одам томонидан босиб ўтилади). Асосийси – жим туриш эмас, ўзингизни Конфуций айтган биринчи қадамни ташлашга мажбурлай олишдир.

Қайси ўзбек футболчиси сизнинг шарофатингиз билан Европа майдонлари томон йўл олди?
Авваламбор, клубларга футбочиларни таклиф қилиш агентларнинг ваколати ҳисобланади. Мен эса федерациялар ва лигалар билан ишлайман. Европа тажрибаси билан танишиб, ҳамкасбларимни ўзбек футболи билан яқиндан таништираман. Менинг соҳам агентлик эмас, балки, таълим билан боғлиқ. Масалан, мен Италия футбол федерацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Италия мураббийлар асоциацияси президенти Ренцо Уливьери бошчилигидаги ўқув семинарини ўтказишга келишиб олдим.

Яқин келажакда Англиядан мутахассисларни мастер-класслар ўтказиш учун таклиф қилиш режалаштирилган. Мен доим ЎФА номидан ҳамкорлик учун музокаралар олиб бораётганимда бошқа федерациялар вакиллари билан маҳаллий клублар ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказиб, Ўзбекистондаги ёш иқтидорларни кузатишни таклиф қиламан. Яқин орада Европа клублари билан ҳамкорлик туфайли бизнинг футболчилар «Кўҳна қитъа» сари йўл олишларига умид қиламан. (Изоҳ: ушбу интервью тайёрланаётганда «Бунёдкор» клубининг ёш футболчиси Бўронбек Мирзасалимов швейцариянинг «Цюрих» клубида кўрикдан ўтиши эълон қилинди.

Антон Вальдемар. Самвел Бабаян уни терма жамоа асосий таркибига жалб этишга уриниб кўрганди. Сиз ҳам уни МТЖ га таклиф қилишга уриниб кўрдингизми?
Ҳа, мен унинг агенти жаноб Рене Ноенэкер ва «Ганновер 96» клуби вакиллари билан суҳбатлашдим. Аммо улар бир овоздан Вальдемарнинг Германия терма жамоасидан чақирув кутаётганини айтишди. Ўтган йили «Ганновер 96» қуйи дивизионга тушиб кетди, ҳозир жадвалнинг экваторида бормоқда. Мавсум бошланганига кўп бўлгани йўқ. Уларда Бундеслигага қайтиш учун имконият етарли. Антоннинг ўзи эса жуда ҳам сифатли футболчи, у ўтган йили Шимолий Германияда йилнинг энг яхши спортчиси бўлганди. У бизнинг жамоамизни, албатта, кучайтира олади.

Нега японлар, эронликлар, корейслар ва ҳатто сурияликлар ҳам Европада ўйнаб кета оляпти, деб ўйлайсиз? Бизнинг футболчиларни эса бармоқ билан ҳам санаб бўлмайди?
Баҳорда Мюнхеннинг «Бавария» клуби академияси билан музокаралар олиб бориш жараёнида мен сўрадим: «Европа клубларида ўзбек футболчиларига қизиқиш уйғотиш учун нима қилишимиз керак?» Мюнхенликлар вакили айтдики, камида бир нафар ўзбекистонлик футболчи Топ-5 чемпионатлардан бирида юқори савияли ўйин намойиш қилиши керак экан, шундан кейин скаутлар Ўзбекистондан ҳам иқтидорларни излашни бошлашади.

Айни вақтда Европа майдонларида тўп сура оладиган ўзбекистонлик 3 та футболчини айтоласизми?
Иккитасини айтаман: бири – «Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов. Менимча, Одил Аҳмедов ҳам Европа чемпионатларидан бирида бир мавсум юқори даражада ўйнаб бера олади.

Танқидларга муносабатингиз қандай?
Қадимги юнон файласуфи Аристотел айтган: «Танқидларнинг олдини осонгина олиш мумкин. Бунинг учун – ҳеч нарса дема, ҳеч нарса қилма».
Бу ҳақида ўйлаб кўрсангиз, савол туғилади: ким кўпинча танқид қилинади? Кўзга кўринган одам, тўғрими? Нега айнан шу одам? Чунки у нимадир қилади, ривожлантиради, синайди, ҳаракат қилади. Шунинг учун, сиз осон муваффақият қозонсангиз, улар сизни танқид қилишади. Бу сиз тўғри йўлда эканингизнинг аниқ белгисидир. Шу ўринда, танқиднинг фойдали қисми ҳам бор. Мен фойдали танқидларни эшитишни хоҳлайман. Бу ишончли мотиватор бўлиб хизмат қилиши ёки лойиҳангиздаги хато ва камчиликларни очиб бериши мумкин.

Суҳбатга тайёрланиш чоғида мен турли манбаларни ўқидим ва мухлисларнинг ўзбек футболи Европада алоҳида вакилга муҳтож эмаслиги борасидаги фикрларига ҳам кўзим тушди. Сиз нима деб ўйлайсиз?
Европа бутун дунё футболи вакилларининг манфаатлари жамланган футбол маркази ҳисобланади. Футболнинг ривожи самарали усуллар ва турли федерация, лигалар ўртасида яқин даражадаги ҳамкорликни талаб қиладиган жараёндир. УЕФА олиб бораётган минтақавий футболни ривожлантириш сиёсати муаммоларни имкониятларга айлантиришга қаратилган. Мана шу тажриба бизни Европа билан ҳамкорлик қилишимиз учун замин ҳозирлайди, чунки бу ерда ўзбек футболини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ечимлар топилади.

ЎФАнинг янги раҳбарияти билан суҳбатлашишга улгурдингизми?
Ҳа, биз танишиб олиш учун учрашув ўтказдик.

Ундай бўлса, Аҳмаджонов ва Эрматов ўртасидаги фарқ нимада?
Умид Махамаджонович ва Равшан Сайфиддиновични таққослашга ҳали эрта. Баҳолайдиган бўлсак, жамиятдаги танқидларга қарамай, Умид Махамаджонович жуда катта кўламдаги ишларни бажарди. Унинг раҳбарлиги остида болалар ва ўсмирлар ўртасида ҳаваскор футболни оммавийлаштиришда катта қадам ташланди. Барча ёшдаги ва тоифадаги мусобақалар сони сезиларли даражада оширилди. Болалар ва ўсмирлар ўртасида чемпионатлар ташкил қилиниб, бутун республика бўйлаб минтақавий футбол академиялари ташкил қилинди.

Санъат Шарипов. Сиз ва у фаол эдинглар. Хусусан, немис футбол федерацияси билан меморандум имзолангани учун иккингизга раҳмат. Санат музокарачи/воситачи сифатида кучлими ёки ҳамон футбол агентими?
Мен Санъат билан Германияга ташриф чоғида танишдим. Мен немислар билан учрашув ташкиллаштирдим. У эса муззокараларда ваколатли вакил сифатида иштирок этиб, меморандум имзоланишида катта ҳисса қўшди. Мен унга футбол агенти сифатида баҳо беришим қийин. Чунки унинг бу соҳадаги фаолияти билан таниш эмасман.

Унинг ЎФАдан кетишига муносабатингиз қандай бўлди?
У жуда катта тажрибага эга, буни биринчи учрашувимиздаёқ англагандим. Мен умумий вазият ва мазкур қарорнинг қабул қилиниш сабабларини билмайман. Шунинг учун бу ҳодисани баҳолашдан бош тортаман.

Сизнингча, ўзбек футболидаги асосий профессионал фигуралар кимлар?
Мен уларни ўзбек футболининг расмийлари демоқчиман: 1. Биродар Абдураимов, 2.Равшан Эрматов, 3. Миржалол Қосимов ва Азамат Абдураимовлар.

Ўзбек футболининг асосий муаммолари? (фақат 3та гап билан, қисқа ва лўнда)
Ҳудудларда болалар ва аёллар футболини ривожлантириш муаммолари. Клубларни давлат ҳисобидан самарасиз молиялаштириш (ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокимининг бонусларни қисқартириш тўғрисидаги гаплари акс этган лавҳа бор). Мухлислар билан ишлаш.

Алалоқибат, нега футбол соҳасини танладингиз?
Мен футболга журналистика орқали келдим. Мен яшайдиган шаҳарда (Бад Рагац, Швейцария) «Дортмунд», «Вест Хэм», «Вольфсбург» сингари жамоалар ёзги машғулотларини ўтказишади. Улар таркибидаги юлдузлар билан ҳам жоурналист, ҳам мухлис сифатида мулоқотда бўлар экансиз, футбол ҳаётингизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганини ҳис қиласиз.

Ёшлигингизда «Jacobs» компаниясида қаҳва сотувчиси бўлиб ишлаганингиз ростми?
Албатта, «Бир йигитга қирқ ҳунар оз». Мен талабалик давримда (Бремен университети, Европа ва халқаро ҳуқуқ факультети) мен Германиянинг шимолида, Бремен шаҳрида яшардим. Бремен – йирок саноат шаҳри, у ерда ишчи кучи етишмайди ва ёзда ҳамма таътилга чиққанда йирик корхоналар талабаларни ишга ёллашади. Германияда талабаларнинг таътили шундай ўтади.

Германиядаги ҳаёт тажрибаси сизга нима берди?
Бутунлай мустақил бўлиш, фақат ўзимга ишонишни ўргатди. Катта ҳаёт мактаби бўлганди.

Бундеслига баҳсларида иштирок этганмисиз? Ҳа бўлса, немисларнинг мухлислик маданияти ҳақида гапириб беринг.
Германияда футбол асосий спорт турларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир учрашувда майдонлар тўлади ва немислар 90 дақиқа тинмай мухлислик қилишади. Уларнинг мухлислик маданияти эса Европада етакчи ҳисобланади. Германияда футбол ҳамманики ва улар бу билан фахрланадилар.

Сир эмаски, «Известия» нашри билан муҳбир сифатида ҳамкорлик қиласиз. Журналистикага қандай кириб келганингиз ҳақида озгина гапириб беринг.
Спорт ва журналистика ҳаётимнинг илк кунларидан бери менинг умр йўлдошим бўлиб келмоқда. Спортга бўлган муҳаббатим отамда ўтган бўлса, онам менга журналистика оламини очиб берган. Журналистикага вояга етган пайтларим тасодиф туфайли кириб келганман. 2015 йил ёзида Россия терма жамоаси Лихтенштейн билан учрашувга (ЕВРО-2016 саралаши) ташриф буюрди. Руслар бизнинг шаҳарда (Бад Рагац, Швейцария) жойлашганди. Мен уларнинг очиқ машғулотларини томоша қилиш учун борганимда «Известия» нашри муҳбири Кирилл Планкин билан танишиб қолганман. У ўша пайтлар ёш, серғайрат эди. Ҳозир нашрнинг спорт янгиликлари бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритмоқда. Келаси йил руслар Европа чемпионати олдидан яна бизнинг шаҳарчага келишди. Бу гал Планкиннинг ишларига кўмаклашдим ва бу ёқимли тасодиф мени рус спорт журналистикаси намоёндалари Борис Левин, Игорь Рабинер, Дима Егоров ва Максим Алланазаровлар билан учрашишимга сабаб бўлди. Орадан 3 ой ўтгач, «Известия»да менинг мақолаларим учун ҳам жой ажратилди.

Владимир Познернинг «ҳозир журналистика йўқ» деган фикрига қўшиласизми?
Қисман. Агар сиз тўлиқ интервьюни томоша қилган бўлсангиз, унда Владимир Владимирович журналистнинг учта асосий фазилатларини айтиб ўтди. Бу: ҳалоллик, объективлик, бефарқлик ва буларнинг барчасини бирлаштиради - истеъдод. Бунга мен тўлиқ қўшиламан.

Журналистика билан боғлиқ асосий саволга келсак, мен унинг фикрига қўшилмайман. У бугунги журналистикани Совет давридаги мафкуравий журналистика билан солиштирмоқда. Ўша пайтлар журналистика комунистик партиянинг иродасини ифода этган. Шу туфайли бугунги соҳани чинакам журналистика, деб биламан.

Сиз Одил Аҳмедовдан интервью олишингиз керак эди. У ҳақида айтилганидек, ҳаётда камтар одам эканлиги ростми?
Одил Аҳмедов билан танишув ва мулоқот менда фақат ижобий таассурот қолдирди. У мен суҳбатлашган энг ёқимли ва мулойим суҳбатдошлардан бири. Шуни таъкидлашни истардимки, Одил бутун мамлакат бўйлаб ёшлар футболини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Ўзингиз учун энг эсда қоларли ишингиз қайси?
«Известия» газетасида чоп этилган илк мақолам. Менимча, биринчи журналистик тажриба ҳар бир журналистнинг ҳаётидаги энг муҳим қадамдир.

Сизга интервью беришдан бош тортган энг машҳур одам ким?
Мино Райола. Аммо у билан учрашувдан мақсад интервью эмас, ўзбек футболи билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилиш эди. «Бир эшик ёпилса, бошқаси очилади», - дейишади. Кузда мен Жорже Мендеш билан учрашув режалаштиргандим ва бу тасдиқланди.

Сиз баскетбол ҳақида ҳам ёзгансиз. Кўп спорт турларини тушунасизми ёки бу иш мажбуриятими?
Мен баскетболни дўстим Франция тарихидаги афсонавий баскетболчи, собиқ NBA ўйинчиси Антуан Ригодо билан боғлайман. Ёзда бирга оилавий дам оламиз, ўшанда у менга замонавий баскетбол муаммолари ҳақида гапиради. Шу туфайли бу спорт тури ҳақида озгина маълумотга эгаман.

«Известия»даги фаолиятингиз давомида сизга цензура таъсир билдирганми?
Бугунги кунга қадар, йўқ, келажакда ҳам таъсир қилмайди, деб умид қиламан.

Келажак касби – бу …?
Сунъий интеллект инсоннинг иш жойидаги курашида асосий рақобатчисига айланадиган пайтлар келади. Роботлар даврига яқин қолди. Аммо ҳеч қандай машина одамни ўрнини боса олмайдиган соҳалар мавжуд, масалан, меҳмондўстлик. Албатта, бирорта ҳам робот меҳмондўст ўзбеклар билан рақобат қилолмайди.Бу меҳмонхона, ресторан ва туризм соҳаларига тегишли.

Шунингдек, сиз Facebook’да саёҳат блогингизни юритасиз. Ер юзидаги энг гўзал жойлар - ...?
Сайёрамизда ўзининг гўзал ва ҳайратланарлиги билан ажралиб турадиган хилама-хил жойлар бор. Аммо мен учун энг гўзали – «Буюк ипак йўли» чорраҳасида жойлашган Бухоро, Самарқанд ва Хивадир.

Ошхоначи?
Албатта, бизнинг миллий ўзбек ошхонамиз.

Кўпинча қаерда кийинасиз?
Европада нарсаларни интернет-дўконлар ёки йирик дўконлар орқали харид қилиш имконияти бор, асосан, Италияда.

Айтганча, сиз қайси жамоага мухлислик қиласиз?
Муккамдан кетиб мухлислик қиладиганим бу – Ўзбекистон терма жамоаси. Клубларга келсак, ўйин натижаларига қизиқадигани «Вердер» ва «Краснодар». «Вердер» – Бременда яшаганим сабабли футбол ишқибози сифатида биринчи тажрибам бўлган. «Краснодар»га эса Одил Аҳмедов сабабли қизиқиб қолганман.

Ота-онангиз айтиб берган энг ибратли воқеа қайси?
Онам пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг (с.а.в.) сўзларини тез-тез такрорлардилар: «Кўп одамлар икки марҳаматдан маҳрум бўлишади: соғлиқ ва бўш вақт». Онам тўғри қарор қабул қилиш учун вақт ва соғлиқдан тўғри фойдаланишни маслаҳат берардилар. Бугун қилишимиз мумкин бўлган ишни эртага қўймаслигимиз керак. Ҳеч биримиз эртага нима бўлишини билмаймиз.

Ўзбек футболи - тирикми?
Ҳа, у яшамоқда ва ривожланиш учун янги туртки олганидан хурсанд. Тўғри бошқарув йўли билан биз, албатта, муваффақиятга эришамиз.

Менинг анъанавий саволим. Сизга 15 дақиқа вақт давомида бир пиёла кофе ва ҳар қандай таниқли одам билан суҳбатлашиш имконияти берилади. Кимни танлаган бўлардингиз?
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)


Рус тилидан Фахриддин Рўзиев таржима қилди

Рейтинг: +21   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика