

Мазкур учрашувда мезбонларнинг икки голига Нурилло Тўхтасинов муаллифлик қилди ва баҳс қаҳрамони бўлди. Ўйиндан сўнг ярим ҳимоячига бир нечта саволлар билан юзландик.
- Ғалаба билан табриклаймиз. Учрашувдан олдин аксарият футбол ишқибозлари "Пахтакор"нинг имкониятларини юқори баҳолаган эди. Аммо, "Бунёдкор" бу тахминларни йўққа чиқарди ва кучли рақиб устидан ғалаба қозонди...
- Табрик учун раҳмат. "Пахтакор"га қарши учрашувга муносиб тайёргарлик кўрдик. Вадим Абрамов бизга ўзимизнинг ўйинни ўйнасак ва ўз кучимизга ишонсак ғалаба қозонишимиз , биз бу жамоани ўтган йили ҳам ютганмиз бу йил ҳам ютишимиз мумкинлигини таъкидлади.
- Бу йил ўйинингизда катта ўсиш кузатилди. Узоқ масофадан ажойиб голлар урмоқдасиз. Буларнинг бари машғулотлар самарасими?
- Албатта, машғулотларда ҳам узоқ масофадан кўп зарба бериш устида ишлаймиз. Қайсидир маънода мураббийимизнинг кўрсатмаси сабаб дейишим ҳам мумкин. Кўпроқ марказда ҳаракат қилиб зарба йўллашимни талаб қиладилар.
- "Бунёдкор" жорий мавсумда етакчи жамоаларга қарши икки ҳисса куч билан тўп тепаётганини кўрмоқдамиз...
- Вадим Карленович "Пахтакор" бизнинг майдондан чемпион сифатида чиқиб кетмаслигини тушунтирди. Жамоадаги барча футболчилар бор кучи билан тўп тепди.

- Жамоада назарий жиҳатдан совринли ўринлар учун имконият сақланиб қолинган. Шунингдек Ўзбекистон кубоги ҳам олдинда кутиб турибди...
- Худо хоҳласа Ўзбекистон кубогида яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.
- Кеча учрашувда футбол муҳитини яратишда мухлислар ҳам катта ҳисса қўшишди. Менимча, бу йил "Бунёдкор" стадионида бундай ҳиссиётлар, вазиятларга бой ўйин ҳали бўлмаган эди...
- Ҳа, мухлисларимизга шунчалик келиб бизни қўллаб-қувватлашгани учун рахмат айтиб қоламан.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.



