"Навбаҳор" легионери Марушич: "Ўртоқлик ўйинларида ҳеч қачон бундай атмосферада тўп тепмаганман"

Sherzod Nurmatov
7 фев 2022, 16:07
Туркия йиғинида қатнашаётган "Навбаҳор"нинг янги аъзоси, сербиялик ҳужумчи Зоран Марушич сайтимиз ходимларига интервью берди.

- Йиғин ҳақида фикрларингиз?

- Об-ҳаво ва майдон ҳолати зўр, йигитлар ҳам ўзаро жуда аҳил. Машғулотлар яхши темпда давом этмоқда, мавсумга астойдил тайёргарлик кўряпмиз.

- Собиқ клубингиз ("Динамо" Тбилиси - таҳр.) билан кичик муаммо юзага келганди. Ўша муаммо ҳал қилиндими?

- Ҳозирча йўқ. Менимча, бир ҳафтада ҳал бўлиб қолса керак.  

- Бу ҳолат ўзи қандай келиб чиққанди?

- "1+1" кўринишидаги шартнома "Динамо" (Тбилиси) томонидан нотўғри тузилган экан. Ҳозир бу иш билан адвокат шуғулланмоқда. Тез орада ҳаммаси менинг фойдамга ҳал бўлади.

- Демак, янги мавсумни "Навбаҳор"да бошлайсиз...

- Ҳа, албатта.

- Илк таассуротларингиз қанақа?

-  Барчаси супер!  "Навбаҳор" сафига қўшилганимдан хурсандман. Жамоа яхши шаклланган, жамоадошларим ҳам ажойиб. 

- Сиз Наманганда ўртоқлик учрашувларида қатнашдингиз. Ўша ўйинларга анча мухлис келди. Бу борада нима дея оласиз?

- Жуда ёқимли бўлди. Ўртоқлик ўйинларида ҳеч қачон бундай атмосферада тўп тепмаганман. Чемпионатда қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Қўллаб-қувватлаган наманганликларга раҳмат!


Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: championat.asia