Мутолаа учун. Футболда статистиканинг пайдо бўлиши: "Болтон"нинг математик модели, “Ливерпуль"нинг футбол кўрмайдиган таҳлилчиси
20 апр 2020 20:45
Янгиликлар
Мутолаа учун. Футболда статистиканинг пайдо бўлиши: "Болтон"нинг математик модели, “Ливерпуль"нинг футбол кўрмайдиган таҳлилчиси
Бошланишига иккита қисқа саҳнани келтирамиз.
Ҳозирги кунда. "Манчестер Сити" ўйинлари пайтида, юқори қаватда ва журналистлардан узоқроқдаги ўриндиқда клубнинг бир ходими ўтиради. Унинг столида ноутбук, қулоқларида қулоқчини бор. Бу клубнинг бош таҳлилчиси - Пеп билан "Бавария"дан буён бирга ишлаётган Карлес Планшардир. Бутун бирирнчи бўлим давомида унинг мониторида гоҳ қандайдир рақамлар, гоҳ видео пайдо бўлади. Ўйиннинг 40-дақиқасида у ўйин суратини чизади ва тўпланган маълумотларни қисқа клиплар билан мустаҳкамлайди. Планшар шундай одамки, Гвардиола танаффус пайтида унинг олдига шошади. Улар ечиниш хонасида плазмали экран олдида турган ҳолда бир мунча вақт суҳбатлашадилар ва ўйинчилар тин олиб бўлгач, Пеп бир-икки марта қарсак чалиб, қандай ўйнашда давом этиш кераклигини уларга тушунтиради. Тушунтиришларнинг кўпи Планшарнинг тезкор таҳлили ва унинг ноутбукидаги маълумотларга асосланади.
"Ушбу технологиялар мураббийларнинг ишини осонлаштиради", - деб таъкидлайди Гвардиола.
"Илгари бизда оддий тактик планшет бор эди, аммо ҳозир бўш нуқталарни онлайн режимда видеолар орқали намойиш этишимиз мумкин. Планшарга ўхшаш шахслар дунёдаги ҳар қандай жиддий клубларда мавжуд".
Ўтган асрнинг 30-йиллари. Британиядаги стадионларда вақти-вақти билан милтилловчи чироқ кийган одам пайдо бўлади. У футболни томоша қила туриб, ён дафтарчасига қалам билан бир нималарни чизади. Бу Қироллик ҳаво кучлари(авиация)да хизмат қилувчи Чарльз Рип. Ўшанда унга маош тўланмасди, у футбол ва математикани яхши кўргани учун Британия бўйлаб айланиб чиққан. 1933 йилда Рип "Арсенал" сардори Чарльз Жонсникида меҳмон бўлади, Жонс бу "тентак" инсонни ёзувларига жиддий қизиқиб қолади. Рип икки мингдан ортиқ ўйинларда қатнашган бўлиб, юзлаб девор қоғози рулонларига алланималарни ёзган (ҳа, баъзан статистикаларни девор қоғозига чизган) ва охир-оқибат ўз фикрларини китоб қилиб чиқарган.
Масалан, у нега "узун паслар" Британия футболининг нажоти эканлигини илмий жиҳатдан исботлаган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 91% ҳолларда, жамоалар кетма-кет учтадан кўп пасларни амалга ошира олмайди, шунинг учун тўп билан муомала қилиш бефойда, уни имкон қадар тезроқ олдинга узатиш керак.
1995 йилгача статистикага жиддий қарашмади. Маълумотлар (статистика) инқилоби Лидсда бошланди
Гарчи инглиз футболи Рип қўлланмасига биноан бир қанча вақт яшаган бўлсада, кейинчалик бу назария рад этилди.
Чарльз Рипнинг қайдлари шуни исботлайдики, футболда ҳар доим статистика мавжуд бўлган — шунчаки юз йил олдин бунга кам одам қизиқиш билдирган. Аммо ҳар ўн йилда ҳамма нарса ўзгариб борди. 70-йилларда Ленин номидаги Давлат жисмоний тарбия институти (ҳозирги Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети)да техник ва тактик ҳаракатларнинг машҳур услубини ихтиро қилишди. Тўғри, технологиянинг биринчи талқини 30-йиллар таҳлилчиларининг эслатмаларидан унчалик фарқ қилмади ва унданда соддароқ ишлаб чиқилди. ТТД - бу футболчининг барча ҳаракатлари йиғиндиси (узатма, тўпни қабул қилиш ва уни олиб қўйиш ва бошқалар). ТТД ғояси Константин Бесков ва Валерий Лобановскийга жуда ёқди, мураббийлар уни ривожлантириб (масалан, узатмани турларга ажратишди: олдинга, орқага ва ёнга), баҳолаш тизимини ишлаб чиқдилар. Айтишларича, Киевнинг "Динамо"сида бу ғоя қўлланилган.
Дунёнинг аксарият клубларида статистик маълумотлар жиддий қабул қилинмади. Уларни йиғиш учун меҳнат қилиш керак бўларди ва ҳеч ким унинг фойдали томонларини очиб бермаган. Ўша пайтда ҳеч ким статистик маълумотлар базасини шакллантирмаган, ҳозир Марадонанинг қанчалик аниқ пас бергани, 1982 йилда МЮ "Ливерпуль" дарвозасига қанча зарба бергани, Пол Гаскойн 90 дақиқада қанча масофани босиб ўтгани каби жиҳатларни аниқлаб бўлмайди. Ушбу маълумот кимнингдир дафтарига ёзилган бўлиши мумкин, лекин ҳеч кимда умумий тасвир йўқ.
"Футбол хакерлари: маълумотлар инқилобининг фан ва санъати" китоби муаллифи Кристоф Бьерманнинг фикрича, буларнинг барчаси 1995 йили "Дерби" ўқув-машғулот базасида бошланган. Клуб офиси Лидсда жойлашган ProZone компанияси хизматларига аъзо бўлди. Футболчилар ҳар куни эрталаб соат 10:30 да 22 та массаж стулларига ўтиришади (ҳозирги савдо марказларидаги массаж креслолари каби) ва Стив Макларен уларга видеоёзувларни кўрсатади.
ProZone хўжайини Рэм Мильваганам мураббийларга оддий видеодан кўра ўйиннинг математик сурати кўпроқ зарурлигини сезди.
Статистикани тўплаш учун "Дерби" уй аренасига ўнлаб камералар ўрнатилди - улар ҳар бир ўйинчини кузатиб боришди. Дастлаб, ҳаммаси жуда ёмон ишлади: камералар футболчиларни йўқотишди ва муҳим лаҳзаларни ўтказиб юборишди. Дастурни қайта ишлаб чиқишга тўғри келди.
"Шунга қарамай, бу барибир янгилик бўлди. Биз ўйинларнинг статистик суратини яратдик" - дейди Мильваганам Wired журналига берган интервьюсида.
ProZone'га статистика учун биринчи маблағ фақат 1999 йилда, Макларен "Манчестер Юнайтед"га Алекс Фергюсон штабига келиб, хўжайинига технология ютуқлари ҳақида гапириб берганидан кейин содир бўлди. Кейинги 18 ой ичида ProZone'га Премьер-лиганинг олтита клуби аъзо бўлди. Сэм Эллардайс бошчилигидаги "Болтон" статистикани ҳақиқий қуролга айлантирди.
"Болтон" математик моделни ўйлаб топди ва мураббий ўйинчилардан ҳар бир учрашувда 600 тадан пас узатишни сўради
Агар сиз ўша давр трансляцияларини томоша қилган бўлсангиз, унда Эллардайс захира ўриндиғида қулоқчин ва рация билан ўтирганини эсланг. У 1983 йилда яъни футболчилик даврида, бир мавсумга "Тампа-Бэй Раудис" (соккер)га борган ва ўша ерда баъзи таассуротларга эга бўлган, айниқса, Америка футболида илғор статистикадан фойдаланишаётгани уни қизиқтириб қўйган.
2001 йилда "Болтон" АПЛга қайтди, аммо аутсайдер ва қуйи ўринларда юрувчи клуб эди. Эллардайс математик модел ишлаб чиқди - у тўртта тамойилдан иборат бўлиб, "фантастик тўртлик" деб номланди.
1. АПЛда қолиш учун камида 16 та ўйинни "нол"га тугатиш керак - демак, ҳимояга эътибор қаратилади.
2. Агар биринчи бўлиб гол урсак, унда ғалаба эҳтимоли 70%га етади. Шундай қилиб, дастлабки голни уриш учун ҳаракат қилиш шарт.
3. Голларнинг учдан бир қисми стандартлардан киритилади. Шундай қилиб, ён чизиқ ва бурчакдан узатиладиган тўпларни рақиб жарима майдончасига қандай қилиб етказиб берилишини аниқлаб олиш зарур.
4. Спринтда соатига 30 км/с югурсак, дуранг ўйнаш эҳтимоли 80%ни ташкил қилади. Демак, тез югуриш лозим.
Ушбу тўртта тамойил "Болтон" услубини шакллантирган - ўзига жалб қилмайдиган, бироқ, жуда самарали. Клуб 2003 йилдан 2007 йилгача мунтазам равишда кучли саккизликдан жой олди ва икки марта УЕФА кубогига эга чиқди.
Юқоридаги бандларнинг барчаси юзаки кўриниши мумкин (эҳтимол, ҳақиқатдан шундай), аммо статистика кўплаб мураббийларнинг эътиборига тушди. "The Mixer" китоби муаллифи Майкл Кокснинг кузатувларига кўра, 10 йил ичида (2003 йилдан 2013 йилгача) Премьер-лигадаги аниқ пасларнинг ўртача улуши 70%дан 81%га ўсди. Кўпчилик "Барселона" услубини ҳам оддий ҳийла билан кўчиришга ҳаракат қилди - улар ўткир паслар сонини кўпайтирдилар. Агар сиз ҳали ҳам шубҳаланаётган бўлсангиз, Рио Фердинанднинг қуйидаги фикрлари билан танишинг:
"Дэвид Мойес тактика бўйича гапираётиб бизга шундай деди: "Бугун биз 600та пас узатишимиз керак. Сўнгги ўйинда бор-йўғи 400та узатилибди.
Бу кимни хавотирга солади!? Мен 10та тўп оширишдан кўра 5та гол уришни афзал кўраман".
Ушбу жумла ўша давр футболчиларининг кайфиятига яхшигина таъсир кўрсатади — кўпчилик статистикани кераксиз деб ҳисоблайди ва статистик жадвалларни масхара қилади. Шунга ўхшаш муносабат топ-менежерларда ҳам кузатилган. Баъзилар учун ривожланган статистик маълумотлар нафақат фойдасиз, балки зарарли, чунки, бу ўйинлар ва футболчи ҳақида нотўғри тасаввур беради, деб ҳисоблашади. Сабаби, таҳлилий дастурларнинг биринчи версиялари ҳақиқатдан ҳам мукаммал бўлмаганлигидадир.
"Боруссия"дагилар янги футболчиларни топиш алгоритмини масхара қилди, "Ливерпуль" эса футбол кўрмайдиган скаутни ёллади
"Боруссия" скаути Свен Мислинтат 2012 йилда хўжайинларга ўйинчиларни баҳолаш алгоритмини тақдимот орқали кўрсатди. У 100 квадратга бўлинган майдонга асосланган ва ҳар бир квадрат ўз қийматига эга:
- Рақиб жарима майдончаси томон оширилган узатма ўз дарвозаси олдидаги тўп оширишдан кўра анча юқори қийматга эга;
- Дарвозабон ҳудудидаги курашда қозонилган ғалаба майдон марказидаги курашда ютиб чиқишдан кўра муҳимроқ;
- Жарима майдончасидан йўлланган зарба узоқ масофадан тепилган зарбадан кўра самаралироқ ва ҳоказо.
Мислинтат юқори мартабали одамларни ҳайратда қолдирди, аммо кейин ҳаммаси барбод бўлди.
"Мен сизга ўз алгоритмим асосида яратилган Бундеслиганинг рамзий терма жамоасини кўрсатаман", - деди скаут.
Скаут "Гройтер Фюрт" ўйинчиси Лассе Собехни ҳимоя марказига жойлаштирди. "Боруссия"да бу футболчини жуда яхши билишарди - у маҳаллий академияда ўсган ва ҳеч қайси жиҳати билан эсда қолмаган. Уни жамоадан қўйиб юборишган ва бундан афсусланишмасди. Жамоа спорт директори Михаэль Цорк ва бош директор Ханс-Йоахим Ватцке кулиб, хонани тарк этишди.
Мислинтат ишлаб чиққан иши учун пул олмади, аммо барибир Matchmetrics стартапини ишга туширди. Вақт ўтиши билан у алгоритмни такомиллаштирди ва 2017 йилга келиб унга "Арсенал"дан таклиф тушди.
Вақт ўтиши билан топ-клублар мураббийларнинг амалий тажрибаларини тиззаларига ноутбук қўйиб олган кўзойнакли йигитларнинг назарий билимлари билан бирлаштиришни ўргандилар. Шу туфайли "Ливерпуль"да ажойиб тандем ҳосил бўлди. Англиянинг энг кучли клуби скаути - умуман футбол кўрмайдиган физик-назариётчи Иан Грэм ва Юрген Клопп тандеми. Грэмнинг Клопп билан биринчи учрашуви жуда кулгили кечган.
Грэм Клопп олдида ўтган йилги "Боруссия" ва "Майнц" ўртасидаги ўйин ҳақида гапириб берди ва айтдики, Дортмунд жамоаси рақибни тотал мағлуб этган, аммо иккита тасодифий хато туфайли ютқазган.
"Ҳа! Худди шундай бўлди. Сиз уларни қандай қийнаганимизни кўрдингизми ўзи? - Клоппнинг жаҳли чиқди.
"Йўқ, мен ўйинни кўрмадим", - деб жавоб берди Грэм.
Улар тезда тил топишиб кетди. Грэм чуқур таҳлил қиладиган ва ўз моделини ярата олган шахс. Масалан, у ҳар бир ўйинчининг натижага қўшган ҳиссасини аниқлайди. У ўз формулаларига кўра, ҳар кимнинг бирон бир ҳаракат олдидан гол уриш имкониятини ҳисоблаб чиқади, кимнинг узатмалари ва ҳаракатлари ҳужумни ҳақиқий голга айлантирганини аниқлаб беради. "Ливерпуль"га Муҳаммад Салоҳни сотиб олишни айнан Грэм маслаҳат берган, кўплар бошида бундан шубҳаланишди: ҳа, мисрлик "Рома"да яхши ўйнади, лекин у "Челси" да муваффақиятсизликка учраган-ку, дейишди.
Грэмнинг таҳлили бўйича, Салоҳ Лондонда ўтказган майдондаги 500 дақиқасида А Серияда бўлгани каби яхши ўйнади, унга шунчаки имконият беришмади.
Клопп "New-York Times" газетаси вакили Брюс Шенфилдга кучли таҳлилчи Грэм бошчилигидаги хлдимлар ишлайдиган бинони кўрсатган ҳолда шундай дейди:
"Бизнинг асосий бўлимимиз ана у ерда, бинонинг орқа томонида. Мен ўша йигитлар туфайли шу ердаман".
Шерзод Нурматов таржимаси.
Фикрлар