UZ

Сўнгги янгиликлар

08:54«Кальяри» Шомуродовни олиб қолмоқчи. «Рома» эса терма жамоамиз сардорига нарх белгилади  5 08:30Анчелотти «Олтин тўп»га ким лойиқлиги ҳақида фикр билдирди  3 08:04Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур якунланади ва 3-тур бошланади  1 07:38Футзал. Бугун Эронга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб борамиз  4 07:15U-23 Осиё кубоги. Қатар - Япония 2:4  0 07:12Реванш олиш вақти келди. Бугун Ўзбекистон ОТЖ Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади  26 07:10U-23 Осиё кубоги. Жанубий Корея - Индонезия 2:2 (пенальтилар 10:11)  3 07:05Серия А. "Удинезе" - "Рома" 1:2  0 07:00АПЛ. "Брайтон" - "Манчестер Сити" 0:4  0 04:48Интервью. Исломбек Исмоилов: "Мураббийнинг ҳаёти ўйиндан ўйингача"  1 01:56U-23 Осиё кубоги. Даҳшат! Индонезия Жанубий Кореяни енгиб, ярим финалга йўл олди. Жамоалар 12 тадан пенальти тепишди  50 00:28Швейцария Суперлигасида ўйин олдидан қорли стадионни мухлислар тозалашди  0 00:11U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши ўйинолди машғулоти ўтказди  3 23:54АПЛда ўйнайдиган икки нафар футболчи зўравонликда гумонланиб, ҳибсга олинди  9 23:37Франция президенти Дрогба ва Азар билан бир жамоада футбол ўйнаб, пенальтидан гол урди  3

Мозий юлдузлари: "Рим императори" Янгиликлар

Мозий юлдузлари: "Рим императори"

“Championat.asia”да янги рукн.

Унда мозий юлдузлари ҳақида сўз боради.

Тибр дарёсининг мавжли тўлқинлари билан жилоланган “Пьетро Ненни”, шафаққа термулган ҳолда мағрур ва жўшқин нигоҳ билан тунни қарши олаётган кўҳна “Колизей”, томчилари шодон ўйнаган “Треви” фаввораси ва кексалигини “ваъж” қилаётган виқорли “Витториано”. Улар Рим ракурсларига ўзгача зеб бериб, шаҳарни янада маҳобатли ва савлатли қилиб ифода этади. Рим ҳамиша ўз таровати, қадимийлиги, такрорланмас инъикоси ва заминида камол топган ўғлонлари билан фахрланиб келади. Зеро, Апеннин яриморолининг қадим кентида туғилиб вояга етган инсонлар шу диёрга ўзгача садоқатини бағишлай олганлар. Бугунги рукнимизда Римнинг асл ўғлони, Италия футболининг дарғаси, “Рома” клубининг содиқ сардори ва “Скуадра Адзурра”нинг енгилмас гладиатори Франческо Тотти ҳақида ҳикоя қиламиз. Яқин дақиқалар давомида ҳукмингиз марказида римлик ижрочининг салобатли ва садоқатли фаолияти.


“Бузоқлар мамлакати” жаҳон футболига ҳамиша етук миллионлар ўйини ижрочиларини “ҳадя” қилиб, улар тимсолида садоқат ва вафо каби туйғуларни қалбларга жо айлаган. Италиялик кўплаб моҳир чарм тўп усталари нафақат футболчи сифатида ном қозонишган балки, ўз жамоасига содиқлиги билан ҳам тилларда достон бўлишган. Шундай афсоналардан бири бу сўзсиз Франческо Тоттидир. “Рома” учун борини берган, бутун умрини, ёшликдаги куч-у ғайратини шу жамоа учун ато этган, энг қийин дамларда ҳам “бўрилар” билан бирга бўлиб, римликларнинг ғалабаларига муносиб ҳиссасини қўша олган ҳужумкор ярим ҳимоячининг юлдузли фаолиятини ўзгача позитив туйғулар ила ёд оламиз. Франческо ҳамиша ўз олдига улкан мақсадлар қўярди, шу мақсади йўлида ортга чекинмас, ҳаётда олган кўникмаларини амалда қўллаб, энг керакли онларда тўғри хулосалар чиқарар эди. Машҳур ҳинд давлат арбоби Махатма Гандининг “Ҳаётий мақсад тўғри яшаш, тўғри фикрлаш ва тўғри ишлар бажаришдан иборат”, деган иқтибоси бугунги қаҳрамонимизнинг ҳаётига уйғунлашган десак муболаға қилмаган бўламиз.


Рим дарғаси

Франческо Тотти 1976 йил 27 сентябрь куни Римнинг Аппион Латино туманида банкир Лоренсо Тотти оиласида туғилган. Ёш Франческо ҳамма болакайлар қатори ўйинқарор ва шўх бўлиб, уйи яқинидаги соҳилдан бери келмас, мактабдан ташқари бўш вақтларида эса сузиш тўгарагига қатнарди. Тоттилар оиласи футбол мактабидан бироз узоқроқ ҳудудда истиқомат қилганликлари учун Франческо асосан пляжда тўп тепиб, миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганишга ҳаракат қиларди. Болалигидан футболга қизиқиши юқори бўлган қаҳрамонимиз кейинчалик бу ўйин билан жиддий шуғуллана бошлади. 7 ёшидан бошлаб маҳаллий “Фортитудо” клубининг болалар жамоасида тўп тепишни бошлайди. Кейинчалик эса “Смит Трасттевере” ва ”Лодижани” клубларининг ёшлар жамоаларида ўзини синаб кўради. 1989 йилда “Рома” клубининг ёшлар жамоаси Тотти билан шартнома тузади ва 3 мавсум “бўрилар” таркибида ўзининг ажойиб ўйинларини намойиш этади. Шу билан бирга, Франческо мактабдаги таълимини ҳам ташлаб қўймади ва фанларни аъло баҳоларга ўқиб, якунда ўрта мактабни олтин медал билан битирди. Лекин, футболга бўлган меҳри туфайли кейинчалик миллионлар ўйини билан бутунлай ошно тутинди. 1992 йилги мавсумга келиб эса римликларнинг асосий таркибига секин-аста жалб қилина бошлади. Орадан бир йил ўтиб, ўша вақтлардаги римликларнинг бош мураббийи Вуядин Бошковнинг ёрдами билан клубнинг асосий таркиб ўйинчисига айланиб олади. Энг қизиғи югославиялик машҳур ярим ҳимоячи Синиша Михайлович таклифига кўра асосий таркибга жалб қилинганлигини қаҳрамонимизнинг ўзи жуда кўп таъкидлаб ўтган. “Рома” таркибида ажойиб ўйин намойиш этиши Италиянинг ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари мураббийларини ҳам эътиборини тортмай қолмади. Тотти параллел равишда клубда ва ёшлар терма жамоаси таркибида ўйинларда иштирок этишни бошлайди. 1996 йилда ёшлар ўртасида Европа чемпионатида тенгдошлари Неста, Пануччи, Вьери сингари ўйинчилар билан қитъа чемпиони бўлишга эришди. Ушбу қўлга киритилган соврин Тоттининг ҳаётида бурилиш ясаб, футболчи сифатида ўзига бўлган ишончи керакли даражада ошишига хизмат қилди. 1994 йил 4 сентябрь санасида “Фоджи” клубига қарши кечган учрашувда “Рома” таркибида А Сериядаги биринчи голини уришга муваффақ бўлди. Умуман олганда, Тотти ўша мавсумда клубдаги рақобатга қарамай ички биринчилик баҳсларида 21 та ўйинда иштирок этди. 1996 йилда “Рома”да бош мураббий алмашиши ортидан Франческо бир муддат захира ўриндиғига михланиб қолади. Карлос Бьянкининг танлаган таркибидан қаҳрамонимизга жой топилмади ва клуб раҳбарияти ҳаттоки уни “Сампдория” клубига сотиб юбориш ёки “Аякс”даги Яри Литманенга “рокировка” қилиш вариантларини кўра бошлашади. Аммо, вазият ўзгаради. А Сериянинг навбатдаги баҳсида “Милан” га урилган гол ва ички биринчиликдаги ишончли ўйинлар уни “бўрилар” сафида олиб қолади. Франческо учун 1997 йилги мавсум старти ажойиб бошланганлигига қарамасдан чемпионат ўртасида оёғидан қаттиқ жароҳат олиб, маълум муддат даволанишига тўғри келади.


“Бўрилар” сардори

2001 йилги мавсум Франческо учун жуда ҳам омадли келади ва А Сериядаги ўзининг илк ва сўнгги бўлиб қолган чемпионлигини нишонлади. Шунингдек, ички биринчиликда 9 бора кумуш медал, 1 марта бронза медалга эга чиқди, 2001 ва 2007 йилги мавсумларда Италия кубогини қўлга киритди. Шу билан бирга, икки марта мамлакатнинг энг яхши футболчиси бўлишга эришди, 2007 йилда А Серия тўпурари ва ”Олтин бутса” соҳиби бўлди ҳамда 2017 йилда катта футболдаги фаолиятини якунлаб, бутсаларини михга илди. Унинг фаолиятидаги энг ёрқин натижаси эса сўзсиз 2006 йилда Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлганидир. Тотти терма жамоа таркибида 1998 йилдан 2006 йилгача жами 58 та ўйинда иштирок этди ва 9 та гол киритишга эришди. Рим императорининг фақат битта орзуси бор эди – ЕЧЛ ғолиблиги. Ҳа, ҳаёт бир тўкис ва текис эмас, Тотти учун “шалпангқулоқ” кубок орзулигича қолди ва юрагининг қайсидир бир четига армон бўлиб битилди.


Эришган ютуқлари:

Италия чемпиони (2001)

Италия кубоги соҳиби (2007, 2008)

Италия суперкубоги ғолиби (2001, 2007)

Жаҳон чемпиони (2006)

Европа вице чемпиони (2000)

Италиянинг энг яхши футболчиси (2000, 2003)

Ёшлар ўртасида Европа чемпиони (1996)

А Серия тўпурари (2007)


Садоқат!

Дарҳақиқат, Тотти атиги бир маротабагина Скудеттони қўлга киритди, лекин “Рома” билан бир умр бирга бўлди. Фақат “бўрилар” учун яшади, Римни севди ва жамоасига содиқлигини исботлади. Лев Толстойнинг “Кучли инсонлар ҳамиша оддий бўлади”, деган гапи бор. Мазкур ибора негизида нечоғлик катта маъно борлигини қаҳрамонимиз босиб ўтган фаолиятида кўришимиз мумкин. Чиндан ҳам Франческога фаолияти давомида жуда машҳур топ клублардан кўплаб шартномалар таклиф қилишди, жуда катта суммалардаги маошлар ваъда қилишди. Аммо, у “Рома”дан кетмади, шу клуб учун бутун фаолиятини бағишлади. Ҳеч қачон бойлик, машҳурлик ва ҳашамат ортидан қувмади ва бутун умрини оддийлик билан ўтказди. Франческо ”Рома” сафидаги 25 мавсуми давомида 786 та ўйинга майдонга тушди ва 307 та тўп киритишга эришди ҳамда 18 мавсумда жамоасини сардор сифатида майдонга бошлади.


Клаудио Раньери Франческо ҳақида шундай деган: “Италиянинг учта рамзи бор – Колизей, муқаддас Петра собори ва Тотти!”. Римликлар Франческони “Bimbo d’Oro” (тилла бола) дея эркалатишар эди. У “Рома” тиффозилари учун суюкли, садоқатли ва қадрли “болакай” бўлган. Ҳамиша киндик қони тўкилган юрт учун барча имкониятларини бағшида қила олган. Қолаверса, қаҳрамонимиз А Сериянинг энг драмматик баҳслари-ю, қўҳна қитъа миқёсидаги ўйинларда ўзининг юксак қирраларини намоён этиб, “Derby della Capitale” дея аталмиш пойтахтнинг “қонли” дербиларида “бўрилар галаси” сафида туриб мардонавор “жанг” қилган.

Сен ҳамиша Римда садоқат тимсоли бўлиб қоласан  –  Bimbo d’Oro...


Фаррух Дониёров тайёрлади

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика