Мирко Йеличич: "Эрта гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳам ўзимизни йўқотиб қўймадик"

7 ноя 2026, 18:49
Суперлиганинг 27-тури доирасида "Андижон" - "Локомотив" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Мирко Йеличич фикрларини билдирди.

— Албатта, уч очкодан жуда мамнунман. Андижонга сафар ҳар доим қийин кечишини биламиз. Рақиб жамоанинг сифати, футболчиларининг жисмоний ҳолати ва, албатта, Андижонга етиб боришнинг ўзи ҳам осон эмас. Бугун режалаштирганимиздек ўйнашга ҳаракат қилдик. Эрта гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳам ўзимизни йўқотиб қўймадик. Йигитларимизга раҳмат!

- Рақиб жамоанинг ўйин услуби ҳақида нима дейсиз?

- "Андижон"нинг йил бошидан бери кўрсатаётган ўйини менга жуда ёқади. Жамоа таркибига ҳам яхши футболчилар йиғилган. Балки мавсум улар учун бироз омадсиз кечаётгандир. Уларнинг ҳаракатлари ва ўйин услуби менга маъқул. Бу учрашув олдидан қийин бўлишини билардик ва чиройли футбол кўрсата олмаслигимизга ҳам тайёр эдик. Майдон ҳам комбинацион футбол ўйнашга имкон бермасди, кўп кураш бўлишини кутгандик. Биз ҳам ўйинимизга айнан шу жиҳатларни қўшишга ҳаракат қиляпмиз. Футболчиларимиз жисмоний жиҳатдан энг кучлиси эмас, шунинг учун кўпроқ бошқа жиҳатлар устида ишлаймиз. Шундай ўйинда ғалаба қозониш ёқимли.

— Николай Иванов биринчи даврадаги каби жаримадан гол урди.

— У бу борада мутахассис. Бу мавсумда у бундай вазиятлардан кўпроқ гол уриши керак эди. Умуман, жамоа стандарт вазиятлардан унчалик яхши фойдалана олмади. Шунинг учун бугун битта гол урилгани қувонарли. Унинг бу борада техникаси жуда яхши, машғулотларда ҳам кўп ишлайди. Гол урганидан хурсандман.

— Билол Туплиев яхши ўйин намойиш қилаётганди. Бироқ уни захирага олдингиз.

— Биз ҳар бир ўйинда ҳужумчиларни алмаштиришга ҳаракат қиламиз. Замонавий футболга назар ташласангиз, энг кўп меҳнат қиладиган футболчилар — ҳужумчилар. Улар тўпсиз ҳолатда ҳимояда ҳам ишлаши, шу билан бирга, ҳужумда муаммолар туғдириш учун максимал даражада очилиши керак. Шунинг учун жамоани янгилаш зарурати туғилганда, айнан шу позициялардаги футболчиларни, айниқса, қанот ҳужумчиларини алмаштиришга ҳаракат қиламиз.

— Кубок ярим финалида ҳам ушбу жуфтлик ўйнайди. Бу ўйин ҳақида нима дея оласиз?

— Кубокдаги ўйинни лигадаги натижаларга қараб баҳолаб бўлмайди. Кубок — битта учрашув, ўша куни ҳар қандай ҳолат юз бериши мумкин. Биз рақибни ҳурмат қиламиз ва унга қарши максимал даражада тайёргарлик кўрамиз. Шунингдек, ўйин Олмалиқда бўлади. У ерда ҳам майдоннинг ҳолати яхши эмас. ЎзПФЛ нима учун Кубок ярим финали каби муҳим учрашувларни сифатли футбол ўйнашга имкон бермайдиган майдонларда ўтказишга рухсат беришини тушунмайман. Бу бироз хафа қилади.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›