UZ

Сўнгги янгиликлар

22:00Миллатлар лигаси. Тўртта ўйин бўлиб ўтмоқда, "Сўғдиёна" футболчиси асосий таркибда майдонга тушган (онлайн ҳисоб)  0 21:59"Тоттенхэм" Сон билан шартномани 2026 йилга қадар узайтиради. Вингер клубда 10-мавсумини ўтказмоқда  0 20:46Раньери: "Нега бу йигит ўйнамаяпти?"  5 20:12Европа гранди Хвича Кварацхелияга қизиқишни тиклади  4 19:52Россия қачон ФИФА ва УЕФА мусобақаларига қайтади?  18 19:38"Бавария" маошлар харажатини камайтириш учун ўз юлдузларидан бирини сотади  0 19:26Ўзбекистон терма жамоасининг Лаосдаги машғулотлари  13 17:18Мухлислар Мексика терма жамоаси устозини бошини ёришди  8 16:56Россия Бруней билан ўртоқлик ўйини учун қанча тўлаган?  13 16:14910 та гол урган Роналду: "1000 та гол уриш ҳақида ўйлаётганим йўқ"  16 15:35Рубен Аморим "Олд Траффорд"да МЮга қарши майдонга тушганини биласизми?  1 15:00Аббос Файзуллаев 5-тур рамзий терма жамоасидан жой олди  1 14:34Аморим ёшлардан таркиб топган МЮ ҳақида: "Бизга вақт керак дейишни хоҳламайман, улар тайёр"  3 13:59Сурия Россияга қарши баҳсда 7 нафар асосий таркиб футболчисидан фойдаланмайди  2 13:26Мухлислар сабаб Косово терма жамоаси ўйинни тугатмай, майдонни тарк этди  35

Мираброр Усмонов: Асосий мақсад ҳар томонлама баркамол ёшлар сафини кенгайтириш Янгиликлар

Мираброр Усмонов: Асосий мақсад ҳар томонлама баркамол ёшлар сафини кенгайтириш

МОҚ ҳамда ЎФФ раҳбари, сенатор Мираброр Усмонов бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар Андижон ҳамда Фарғона вилоятларида бўлиб, бу ерда спорт соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Маълумки, ҳар икки вилоятда ҳам болалар, хотин-қизлар, оммавий спортни ривожлантириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилаётган бўлиб, бу худудларда камолга етаётган кўплаб иқтидорли спортчилар Ватанимиз шарафини халқаро спорт майдонларида янада улуғлашга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

Бу борада Андижон вилояти хокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам атрофлича сўз юритилди. Йиғилишни вилоят хокими Шуҳрат Абдураҳмонов кириш сўзи билан очар экан, Давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзбекистонлик спортчиларнинг дунё спорт ареналарида қўлга киритаётган муваффақиятларининг асосий омили бўлаётганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтди ва Андижон вилояти спортчилари бундан кейин ҳам халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаш учун бор куч ва маҳоратларини сафарбар қиладилар дея ваъда берди.

Шундан сўнг, Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг Андижон вилояти бўйича вакили Абдулла Зиаидов, вилоятда фаолият олиб бораётган мураббий ва спортчилар сўзга чиқиб, Андижонда замонавий спорт саройларини қад ростлаши натижасида иқтидорли ёшлар сафини кенгайтириш учун барча шароитлар яратилганлиги, мураббийлар малакаси янада ошириш борасида амалга оширилаётган саъй-харакатлар хусусида атрофлича маълумот бердилар. Сўзга чиққанлар, вилоятда спорт соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга, мавжуд муаммолар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб, уларни бартараф этиш чоралари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, вилоятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва келажагимиз эгаларини ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш учун биринчи навбатда масъул бўлган бошқармалар, турли корхона ва ташкилотлар бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлиб фаолият олиб борсалар, ўз олдимизга қўйган мақсадларга янада тезроқ эришиш мумкинлигини таъкидлаб ўтдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси, Республика футбол федерацияси раҳбари, сенатор Мираброр Усмонов ҳам сўзга чиқиб, вилоятда кўпгина соҳаларда бўлгани каби спортни янада тараққий эттириш, энг аввало эртамиз эгаларини ҳар томонлама соғлом қилиб вояга етказиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

“Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, фарзандларимиз бизданда кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари йўлида барчамиз фидокорона меҳнат қилишимиз зарур. Бугун юртимизда ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароит мавжуд. Ана шу имкониятлардан фойдаланиб, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этишга интилаётган ўғил-қизларимиз Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ўзининг юксак натижаларини бермоқда. Айниқса, юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари ёш иқтидор соҳибларини кашф қилишда беқиёс аҳамият касб этмоқда. Ислоҳотлар муваффақиятини, жумладан, Андижон вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Йилдан-йилга гўзаллашиб, барчанинг ҳавасини келтираётган бу обод гўшада йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий инфратузилма объектлари, тураржой бинолари қаторида бири-биридан ажойиб спорт мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари ва майдончалари сони ҳам кўпайиб бораётгани кишини қувонтиради. Замон талабларига мос тарзда бунёд этилаётган ана шу спорт-соғломлаштириш масканларида минглаб ёшлар шуғулланаётгани амалга оширилган эзгу ишларнинг ёрқин ифодасидир. Жорий 2014 йилги спорт мавсумида ҳам андижонлик спортчилар қатор нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини амалда яна бир бора исботладилар. Эътиборлиси, Андижонда вилоят хокими бошчилигида олижаноб мақсадларни ҳаётга татбиқ эта олишга қодир бўлган аҳил жамоа шаклланган ва умид қиламанки, ўз олдиларига доимо юқори мақсадларни қўядиган вилоят спортчилари бундан кейин ҳам зафарли одимлашда давом этадилар”.

Миллий олимпия қўмитаси раҳбари йиғилганлар эътиборини вилоятда миллионлар ўйини ҳисобланган футболни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга қаратди.

“Андижонда футболнинг ашаддий мухлислари кўп. Бироқ, минг афсуски, бу йил олий лигада тўп сурган “Андижон” футбол клуби мухлислар ишончини оқлай олмади. Ваҳоланки, клубнинг инфротузилмаси, яратилган шароитлар билан совринли ўринлар учун рақобатлаша оладиган жамоани шакллантириш мумкин. Бугунги йиғилишимизда “Андижон” футбол клубининг янги раҳбари ҳамда бош мураббийси ҳам иштирок этяпти. Сизлар Андижонга катта футбол нафасини қайта олиб киришингиз ва мухлислар кутган ўйинни намойиш эта оладиган ҳар томонлама мукаммал жамоани шакллантиришингиз лозим. Куни-кеча Ўзбекистон ПФЛ томонидан 2015 йилги мавсумда олий лигада 16 жамоа тўп суриши тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу тариқа, “Андижон” жамоаси ҳам келаси йилги мавсумни олий лигада бошлаши маълум бўлди, - деди М.Усмонов.

Бу ҳушхабар клуб раҳбарияти, йиғилиш қатнашчиларини янада рухлантирди ва жамоа бош мураббийи Эдгар Гесс 2015 йилги мавсумда ҳар томонлама рақобатбардош жамоани шакллантиришга ва мухлислар ишончини оқлашга ваъда берди.

Мираброр Усмонов бошчилигидаги делегация аъзолари Андижон вилоятига уюштирилган сафар давомида Бўстон даҳасида жойлашган “Андижон” клуби футбол мактабига ташриф буюришди. Бу ерда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раҳбари футбол мактаби директори Муҳаммадқосим Тўхтасинов билан суҳбатлашиб, мактабда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

МОҚ раҳбари, шунингдек, Андижон шаҳри марказида барпо этилаётган қиличбозлик марказида ҳам бўлиб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди.

“Андижон вилояти ҳамиша ўзининг номдор қиличбозларига эга бўлган ва шу боис ҳам қиличбозлик мактабини айнан Андижон шаҳрида барпо этишга қарор қилинди. Ушбу спорт иншоати халқаро талаблар асосида қурилиб, энг сўнгги спорт анжомлари билан жиҳозланади. Умид қиламанки, яқин келажакда ушбу қиличбозлик марказидан халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган кўплаб иқтидорли ёшлар камолга етади, - деди М.Усмонов.

Куннинг иккинчи ярмида Мираброр Усмонов бошчилигидаги делегация аъзолари Фарғона вилоятида бўлиб, янги қуриб фойдаланишга топширилган спорт объектлари ҳамда Фарғона вилоят олимпия захиралари коллежида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.

Жумладан, Фарғона шаҳрида барпо этилган “Истиқлол” стадионига ташриф буюрган М.Усмонов бу ерда олиб борилаётган сўнгги пардозлаш ишлари билан қизиқди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, майдоннинг ҳолати, футболчилар ва мухлислар учун яратилган шароитлар делегация вакиллари томонидан ижобий баҳоланди.

“Стадионга кириш қисмидаги бинони Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистонда футболни ривожлантришга доир қабул қилган фармон ва қарорлари, шунингдек, Фарғона вилояти футболининг тарихи, “Нефтчи” клубининг ютуқлари акс эттирилган фотосуратлар, кубок ва турли экспонатлар билан бойитиш лозим. Токи стадионга келган меҳмонлар Ўзбекистон футболи ҳақида маълум бир тасаввурга эга бўлишсин, -деди М.Усмонов.

Шундан сўнг Ўзбекистон МОҚ ва ФФ раҳбари яқин келажакда ушбу стадионда халқаро учрашувлардан бирини ўтказиш режалаштирилаётганлигини ва бу анъана келгусида ҳам терма жамоаларимиз ҳамда маҳаллий футбол клублари томонидан бардавом бўлишлигига ишонч билдирди.

Фарғона олимпия захиралари коллежига ташриф буюрган делегация бу ерда бўлажак спорт юлдузлари учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Бугунги кунда ушбу коллежда 600 нафар ўқувчи ёшлар тахсил олаётган бўлиб, бу ерда замонавий спорт майдонлари, барча спорт анжомларига эга заллар ўқувчилар ихтиёрида. Коллежда, шунингдек, тўрт қаватдан иборат 200 ўринли ўқувчилар турар-жойи, бир қаватли овқатланиш биноси мавжуд. Коллежда спортнинг 19 тури (17 таси Олимпия спорт турлари) бўйича ёшлар ўз маҳоратларини тоблаб боришмоқда. Уларга эса жами 64 нафар ўқитувчи-мураббийлар ўз билим ва тажрибаларини ўргатмоқдалар.

Шундан сўнг, вилоят спорт фаоллари, федерациялар раҳбарлари, спортчи ва мураббийлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни Фарғона вилояти хокими Шуҳрат Ғаниев кириш сўзи билан очар экан, вилоятда Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25-февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига муносиб тайёрлаш тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасида белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилаётгани, маҳоратли спортчиларнинг муносиб авлодларини вояга етказиш, спортга мехр қўйган ёшлар сафини кенгайтириш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Шундан сўнг, вилоятда камолга етаётган иқтидорли спортчилар ва мутахассислар сўзга чиқиб, вилоятда барпо этилаётган бири-биридан кўркам ва шинам, барча спорт анжомларига эга спорт объектлари, ушбу спорт саройларида малакали мутахассисларни фаолият кўрсатаётгани спортнинг оммавийлик даражасини йил сайин юксалиб боришига хизмат қилаётганлигини мамнуният билан таъкидлаб, бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

“Президентимизнинг: “Биз дунёда ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деган сўзлари биз, ёшларга ҳамиша кўтаринки руҳ, қўшимча куч ва ўзимизга қатъий ишонч бағишлайди, - дейди бокс бўйича жорий йил Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар Олимпиада ўйинлари ғолиби, Жаҳон ва Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев. Шу туфайли ҳам юксак марраларни мақсад қилиб, бирма-бир ютуқларга эришаяпмиз. 2014 йил мен учун муваффақиятларга бой бўлди. Наманган шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод” ўйинларида биринчи ўринни эгалладим. Шу билан бирга ўсмирлар олимпиадасида, жаҳон ва Осиё чемпионатларида барча рақибларимдан устун келиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдим. Бугунги кунда менга тенгдошларим, маҳалладошларим, ватандошларим ҳавас қўзи билан боқаётганликларини, менинг келажагимга катта ишонч билдираётганликларини доимо қалбдан ҳис этаман. Ҳар сафар шоҳсупага кўтарилганимда вужудимда кечган ҳолатни икки оғиз сўз билан таърифлашга ожизман. Айниқса, ўсмирлар Олимпиасида шу қадар қаттиқ ҳаяжонланган эдимки, хурсандлигимдан кўзимга қувонч ёшлари келганди. Президентимиз ана шу ғалабамизни эътироф этиб, аҳамиятини юқори баҳолаганликлари қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлади. Мен ўзининг бой ўтмиши ва буюк келажагига эга бўлган юртда тўғилиб, вояга етаётганлигимдан ҳамиша фахрланаман ва бундан кейин ҳам озод ва обод юртда камолга етаётган ёшлар нималарга қодирлигини дунё спорт ареналарида исботлашга ваъда бераман".

Шундан сўнг сўзга Мираброр Усмонов чиқиб, мамлакатимизда спортни ривожлантиришнинг ўзига хос ноёб тизими яратилгани, буни ўз навбатида хорижлик мутахассислар ҳам кўп бор ҳавас билан эътироф этаётганликларини таъкидлаб, Ўзбекистон спортининг равнақида Фарғона вилояти вакилларининг ҳам ўрни юқори эканлигини, биргина Истиқлол йиллари бу заминдан кўплаб номдор спортчилар вояга етганликларини таъкидлаб ўтди.

“Фарғона деганда, авваламбор, Ўзбекистонимизнинг гавҳари бўлган гўзал диёр кўз ўнгимизда гавдаланади, - деди М.Усмонов. Бу ернинг сўлим ва бетакрор табиати, мўътадил иқлими, киши ҳавасини тортадиган боғ-роғлар, кенг ва равон кўчалар, кўҳна тарихга эга бўлган Фарғона вилояти ҳақида, бу ерда бўлаётган барқарор ўсиш суръатлари ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Қувонарлиси, вилоятда қўплаб соҳалар каби спорт соҳасида ҳам талайгина ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бу спортга ошно бўлаётган ёшлар сафини кенгайши, қуриб фойдаланишга топширилаётган замонавий спорт саройлари, вилоят спортчилари томонидан халқаро майдонларда қўлга киритилаётган муваффақиятларда ҳам кўриш мумкин. Маълумки, спортни ривожлантириш учун катта маблағ талаб этилади. Бу борада Давлатимиз ва Хукуматимиз раҳбарияти томонидан барча чоралар ишлаб чиқилган бўлиб, биргина 2014 йилда мамлакатимизда спорт соҳасининг тараққий эттириш учун 500 миллиондан зиёд АҚШ доллари миқдорида маблағлар сарфланди. Бугунги кунда халқаро спорт майдонларида юксак натижаларни кўрсатаётган спортчиларимизга турли даражадаги мукофотлар билан бирга Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси қошида ташкил этилган Олимпиячиларнинг қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан раҳбатлантирувчи стипендиялар ойма-ой бериб борилмоқда. Бундан ташқари Халқаро олимпия қўмитаси, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳамда Республика спорт федерациялари билан ҳамкорликда Олимпия бирдамлиги дастури асосида мураббийлар учун халқаро ўқув-амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Асосий мақсад, Президентимиз таъкидлаганларидек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали спортнинг оммавийлигини юксалтириш. Қачонги оммавийлик даражаси ортса, рақобат муҳити ортади, рақобат бор жойда эса муваффақиятлар салмоғи ҳам юқорига қараб бўй чўзаверади. Ҳар гал иқтидорли йигит-қизларимизнинг энг нуфузли халқаро спорт мусобақаларида бири-биридан ажойиб ютуқлари, ғалабалари шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилганда, барчамиз тўлқинланиб, ҳаяжонли онларни бошимиздан кечирамиз. Бундай қувончли лаҳзаларнинг аҳамиятини, очиғи, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ватанимиз шон-шуҳратини дунёга ёйишга хизмат қилаётган ушбу муваффақиятлар Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий самараларидир”.

Шундан сўнг, М.Усмонов вилоятда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритиб, “Қўқон-2012” клубини олий лигасига чиққанлиги ва эндиликда вилоятнинг икки жамоаси мамлакат чемпионатида иштирок этишини таъкидлади.

“Вилоятда миллионлар ўйинини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган вилоят хокими Шуҳрат Ғаниевга Ўзбекистон футбол федерацияси номидан миннатдорчилик билдираман ва юртимиз футболининг ҳақиқий жонкуярларидан бири бўлган Фарғона вилояти хокими Ш.Ғаниевга “ЎФФ белгиси” нишонини топширишга рухсат бергайсизлар, - дея ЎФФ раҳбари тантанали суратда мукофотни топширди.

Ўз навбатида вилоят ҳокими ушбу мукофот бутун Фарғона аҳлига берилганлигини ва бундан кейин ҳам вилоятда барча спорт турлари қатори футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

Шундан сўнг, “Нефтчи” клуби раиси Тоҳир Копадзе сўзга чиқиб, жамоа келаси мавсумда янада мазмунли ва хужумкор ўйинлари билан ўз мухлисларни ҳушнуд этиш учун бор имкониятларни ишга солишига ишонч билдирди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси, Республика футбол федерацияси раҳбари, сенатор Мираброр Усмонов бошчилигидаги бир гуруҳ спорт мутасаддиларининг Андижон ва Фарғона вилоятларига қилган сафарлари ниҳоясига етди. Умид қиламизки, ўз олдига доимо юқори мақсадларни қўядиган водий спортчилари бўлажак йирик спорт мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишда давом этаверадилар ва 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этадиган делегация таркибида Андижон ва Фарғона вилояти спортчилари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бу йўлда уларга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.


Муаллиф: Шавкат Жалилов
Фото: Ҳасан Пирмуҳамедов
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика