UZ

Сўнгги янгиликлар

01:41Арда Гюлер ажойиб натижа қайд этмоқда  0 01:35Меҳди Тареми Италия чемпиони сафига қўшилади! (Фабрицио Романо)  0 01:20Ла Лига. "Реал Мадрид" аралаш таркиб билан "Сосьедад" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  51 01:12"Арне Слот – "Ливерпул"нинг янги бош мураббийи!" – Фабрицио Романо  6 00:55Жасур Жалолиддинов: "Бу жамоа билан анча олдин бошланган ўзаро ҳисоб-китобимиз бор эди"  4 00:45U-23 Осиё кубоги. Ироқ минимал ҳисобда Вьетнамни енгди ва ярим финалга йўл олди. Кейинги рақиб – Япония  16 00:40U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Саудия Арабистони 2:0  3 00:25Хосе Венансио Лопес Эронга қарши учрашувдан кейин қандай фикрлар билдирди?  5 23:46"Персеполис" Ўрунов гол урган ўйинда пенальтилар сериясида мағлубиятга учраб, Эрон кубогини тарк этди  3 23:20Саудия чемпионати. "Ал Ҳилол" - "Ал Фатех" 3:1   1 23:15Футзал бўйича Осиё Кубоги. Таиланд - Тожикистон 3:3 (пенальтилар 6:5)  0 23:10Футзал бўйича Осиё Кубоги. Вьетнам - Қирғиз Республикаси 2:3  0 22:58Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалабадан сўнг (2:0) нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  39 22:11Ўзбекистон футзал термаси Осиё кубоги бронза медали учун Тожикистонга қарши ўйнайди (турнир сеткаси)  6 21:35Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон финал остонасида Эронга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди  95

"Милан" клуби тирик афсонаси, "содиқлик рамзи" - Паоло Мальдини ҳақида Янгиликлар

"Милан" клуби тирик афсонаси, "содиқлик рамзи" - Паоло Мальдини ҳақида

31 йил "Милан" шарафини ҳимоя қилган, дунёнинг энг кучли ҳимоячиларидан бири бўлган, афсуски, ҳозирда коронавирусга қарши курашаётган, Паоло Мальдини ҳақида сўз юритамиз.

Таржимаи ҳол

Италиялик Паоло Мальдини фаолияти давомида мингдан ортиқ расмий учрашувларда майдонга тушган ва жаҳон футболининг энг яхши ҳимоячиси номига сазовор бўлган. Спортчи ўзининг профессионал фаолияти давомида битта клубга содиқ қолди. Мальдини "Милан"да ўсмирлигидан бошлаб, нақд 31 йил(!) ўйнади ва ҳозир ҳам "Милан" клуби тизимида ишлаб келмоқда.

Болалик ва ёшлик йиллари

Паоло Мальдини "қаерда туғилган бўлса, ўша ерга фойдаси тегди" деган халқ иборасини оқлади. У 1968 йилда Миланда туғилган, бу ерда футбол анъаналари машҳур бўлиб, италиялик унинг шон-шарафини янада ошириш ва мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Йигитга спорт сулоласини давом эттириш йўлида омад кулиб боқди: отаси Чезаре "Милан" клубида ўйнаган ва жамоа сардори ҳисобланган. Шунингдек, жамоа билан чемпионлик шоҳсупаларига кўтарилган. 

Эркак ўғил кўришни орзиқиб кутар эди, Паолодан олдин унинг қизлари бор эди. Паоло отасини нафақат дунёга келиши билан хурсанд қилди, балки унинг энг катта умидларини ҳам оқлади. Унинг ортидан яна иккита ўғил туғилди ва Паоло Мальдини катта оилада ўсиб-улғайди. У болалигиданоқ, футболни ўзгача иштиёқ ва ғайрат билан ўйнарди, 10 ёшида "Милан" ёшлари таркибига қўшилди. Ўшандан кейин футболчи профессионал фаолиятининг охиригача "қизил ва қора" рангли футболкани ечмади.

Шахсий ҳаёти

Паоло бўлажак рафиқаси Адриана Фосса билан ёшлигида дискотекада учрашди. Гўзал модел футболчининг кўнглидан жой олди. Ўзаро алоқа ўрнатиш узоққа чўзилмади, натижада бир йил ўтгач, ёшлар биргаликда яшашни бошладилар ва 1994 йилда улар турмуш қуришди.

Эр-хотин иккита фарзандни тарбияладилар: биринчи ўғиллари Кристиан 1996 йилда туғилган, отаси Европа чемпионатида Италия байроғининг рангларини ҳимоя қилаётган пайтида дунёга келган. 5 йилдан кейин Даниэль туғилди. Иккаласи ҳам ота-боболарининг изидан эргашдилар ва "Милан"да Мальдинилар улуғвор сулоласини давом эттирдилар. Тўнғич ўғлига афсонавий 3 рақам остида ўйнаш насиб этди, бу рақам Паоло шарафига абадий "музлатилган"дан сўнг клубдаги ҳеч ким ушбу рақам остида ўйнамаганди.

Футбол

Паоло "Милан" катталари таркибида биринчи марта 16 ёшида майдонга тушди ва бир йилдан сўнг, у "тўлақонли аъзо"ликка қабул қилинди. Тасодийми ёки йўқ, лекин Мальдини келиши билан клуб тарихида олтин давр бошланди. Бўйи 187 см ва оғирлиги 85 кг бўлган футболчи дастлаб, чап қанотда ўйнай бошлади, кейин марказий ҳимоячига айланди. Паоло жамоа сардори бўлиб, "Милан" билан мамлакат чемпиони ва кубок эгасига айланди.

У "Милан" клуби билан 5 марта Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан. Бу нуфузли турнирда фаолиятида 100 дан ортиқ учрашув ўтказган кам сонли футболчилардан бири бўлишга эришган. Шундай футболчилар орасида Дэвид Бекхэм, Луиш Фигу ва Оливер Кан каби номлар бор. 

1994 йилда “World Soccer” журнали ҳимоячини дунёнинг энг яхши футболчиси деб тан олди ва бир йилдан сўнг, деярли ФИФАнинг энг яхши ўйинчисига айланаётган паллада клубдоши Жорж Веа совринни "илиб кетганди". Кейинчалик италиялик ўйинчи кетма-кет мукофотларга эга бўлди ва замонавий футболда энг яхшилар қаторида доим қайд этилиб борди. Италия терма жамоаси учун Мальдини 14 йил давомида 126 та ўйинда 7 та гол урди, аммо ҳар қанча уринмасин ҳеч мамлакатни чемпионлик мақомига олиб чиқолмади.

Паоло Мальдини ҳозир

2018 йилнинг август ойидан бери Паоло "Милан" корпоратив тузилмасининг аъзоси. Дастлаб, уни спортни ривожлантириш бўйича стратегик директор лавозимига таклиф қилишди. Кейинчалик 2019 йил ёзда клуб спорт директори этиб тайинланди.

Италияликда футболдан ташқари бошқа нарсалар учун ҳам вақт бор. У видео ўйинлар дўконига ва Миландаги Голливуд диско-барининг бир қисмига эгалик қилади (у ерда бир вақтлар рафиқаси билан учрашган). Шунингдек,  ўз шахсий бренди остида эркаклар кўйлакларини ишлаб чиқаради ва спорт телеканалларида фаолият кўрсатади. Мухлислар тирик афсонанинг шахсий ҳаётидаги янгиликларни унинг Инстаграмдаги саҳифаси орқали доимий равишда билиб борадилар. 

Афсуски, Паоло Мальдини ва унинг ўғли Даниэль ҳозирда коронавирусга чалинишган. Уларга бу дардни енгиб ўтишда куч-қувват тилаб қоламиз.  


Ютуқлари:

"Милан" таркибида

1987/1988, 1991/1992, 1992/1993, 1993/1994, 1995/1996, 1998/1999, 2003/2004 - Италия чемпиони

1988, 1992, 1993, 1994, 2004 - Италия суперкубоги соҳиби

1988/1989, 1989/1990, 1993/1994, 2002/2003, 2006/2007 - Чемпионлар Лигаси ғолиби

1989, 1990, 1994, 2003, 2007 - УЕФА Суперкубоги эгаси

1989, 1990 - қитъалараро кубок ғолиби

2002/2003 - Италия кубоги соҳиби

2007 - клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби


Италия миллий терма жамоасида

1988 - Европа чемпионатининг бронза медали совриндори

1990 - Жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби

1994 - Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори

2000 - Европа чемпионати кумуш медали эгаси


Шерзод Нурматов тайёрлади. 

Муаллиф : Sherzod Nurmatov
Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика