"Металлург" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов: "Энг қувонарлиси, футболчилар ўйиндан ўйинга қўшяпти"

25 апр 2026, 23:27
Пролига 5-турдан ўрин олган "Пахтакор фарм" – "Металлург" баҳси 0:5 ҳисобида якун топди. Ўйиндан кейин бекободликлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бугунги ғалаба билан мухлисларимизни, футболчиларни ва клубимиз раҳбариятини табриклайман. Секин-аста вазифани бажариб ўз мақсадимиз сари интиляпмиз. Энг қувонарлиси, футболчилар ўйиндан ўйинга қўшяпти. Тобора биз мураббийлар хоҳлаган футболни жамоамиз намойиш этмоқда. Бугун иккинчи ва учинчи ҳудудда тез ўйнаб бешта гол уришга эришдик.

- "Металлург" нима сабабдан "Пахтакор фарм"да куч бор пайти ўз ўйинини кўрсатишга қийналди?

- Футболда шунақа: кетма-кет уч-тўртта ўйинда ютиш осонмас, бу ҳам футболчиларга таъсир қилади. Менимча, бугунги баҳс бошларида шу ҳам роль ўйнади. "Шўртан" аввалги тур қийин рақибни мағлуб этганди, бироқ бу турда "Яйпан" билан дуранг ўйнади. "Шўртан" яхши жамоа, лекин негадир кеча ўйини чиқмади.

"Пахтакор фарм" ёшлардан ташкил топган яхши жамоа, ўйиндан олдин бизда ҳам ҳадик бор эди. Айрим ўйинчиларимиз биринчи таймда ҳаво иссиқ бўлди дейишди. 15-дақиқага қадар 2-3 бор вазият яратдик, лекин гол ура олмадик. Ҳар бир ўйиндан олдин фтуболчиларни уйғотиш керак бўляпти. Айтиб ўтганимдек, ўйиндан ўйинга қўшяпмиз ва бу бизни хурсанд қилмоқда. Бунақа "боксинг дэй" яқин орада бўлмаганди, бу биз учун ҳам қизиқ бўляпти. Августда ҳам шунақа бўлар экан. 26 январдан жамоани йиғиб машғулотларни бошлаган бўлсак, кўз тегмасин футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати яхши. Иккинчи бўлимда голлар ураётганимиз ҳам гапимга исбот бўлади.

- "Металлург" Суперлигага чиқиш учун асосий даъвогарлардан ҳисобланади. Жамоа руҳий ва жисмоний жиҳатдан ўз салоҳиятини қанча пайт ушлаб тура олади?

- Бизда босим анча юқори. Раҳбарият талаби катта. Буни билан ҳолда жамоани қабул қилиб олганман. Ҳар бир ўйин биз учун финалга тенг бўляпти. Ўн ойлик мусобақани стрессда ўтказамиз. Ўз пайтида "Нефтчи"да ҳам шундай бўлганди ва бунга яна тайёрман. Иккинчи даврада таркибни яна кучайтирамиз, камида тўрт-беш нафар футболчи оламиз. Асосан олдинги чизиқни кучайтирамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia