UZ

Сўнгги янгиликлар

03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  1 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  0 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  3 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  15 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  5 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  0 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  1 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  17 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0 20:04Аморим: "МЮ мураббийи ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди"  1 19:37Расман: "Насаф"дан илк "юриш", Умарбек Эшмуродов қайтди  14

Мавсум кашфиётлари ТОП-10: "Реал"нинг янги етакчиси, "Барса"даги вундеркинд, Чемпионлар Лигаси сенсацияси ва бошқалар Янгиликлар

Мавсум кашфиётлари ТОП-10: "Реал"нинг янги етакчиси, "Барса"даги вундеркинд, Чемпионлар Лигаси сенсацияси ва бошқалар

Бу футболчиларнинг барчаси ушбу мавсум жиддий ўсишга эришди.

"Championat.Asia" 2021/2022 йилги мавсум якунлари ҳақидаги материалларни давом эттиради. Бу сафар мавсумда ўзини яхши томондан кўрсатган ва мутахассислар эътиборини ўзига қаратган футболчилар ҳақида гаплашамиз. Рўйхатимизда топ-клуб ўйинчилари ҳам бор ва энди кучли жамоалар сафига қўшилиши кутилаётганлар ҳам йўқ эмас.


10. Дарвин Нуньес ("Бенфика", 22 ёш)

Уругвайлик 2020 йил ёзидан "Бенфика" шарафини ҳимоя қилади, аммо бу мавсум чинакамига кескин ўсишга эришди. Бунгача Нуньес ҳужумни якунлашда ҳам, охирги пасни беришда ҳам яхши ҳаракат қилган бўлса (13+12 43 ўйин), энди бўлса Дарвин — "Бенфика"нинг асосий голеадори.

Нуньес ҳисобида бу мавсум "бургутлар" сафидаги 41 учрашувда 34та гол ва бор йўғи 4та ассист. Дарвин голларининг олтитасини Чемпионлар Лигасида урди: "Барселона", "Бавария", "Аякс" ва "Ливерпуль" дарвозалари ишғол этилди. Уругвайликнинг трансфер нархи ҳам сезиларли равишда ўсди — Transfermarkt уни 40 миллион еврога баҳоламоқда. Дарвин "МЮ", ПСЖ, "Челси" ва "Атлетико" каби клублар эътиборини ўзига қаратган. "Бенфика" ўз футболчиларини қандай сотишни яхши билишини инобатга олсак, Нуньес Португалияда узоқ қолиб кетмаса керак.


9. Луис Диас ("Ливерпуль", 25 ёш)

"Ливерпуль"га кўчиб ўтгунга қадар, Диас икки ярим йил "Порту" шарафини ҳимоя қилди — топ-клубларга ўтиш учун трамплин сифатида кўриладиган яна бир жамоа.

Луис фаолиятини Англияда қай тариқа бошлаганига ҳавас қилмай бўлмайди. Ҳа, колумбиялик ҳар доим ҳам асосий таркибда тушмади (24 ўйиндан 16таси), аммо у "мерсисайдлар" ўйинига киришиб кета олди. "Ливерпуль" сафидаги 25 ўйинда Диас 6 гол ва 5та голли узатмани амалга оширди.

Ким билади дейсиз, балки Луис кейинги мавсумда Юрген Клопп жамоасининг етакчисига айланар. Шу ўринда, 2023 йил ёзида "Ливерпуль"ни ҳужумдаги трио — Фирмино, Салоҳ ва Мане тарк этиши мумкинлигини унутмаслик зарур. Бу ўйинчиларнинг шартномаси муддати якунланади.


8. Эмиль Смит-Роу ("Арсенал", 21 ёш)

Смит-Роу ўтган йилиёқ "Арсенал" асосий таркибига кирганди, бироқ у ҳозир нафақат умид бераётган ёш ўйинчи, балки жамоа етакчиларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Эмиль тажрибалироқ ва машҳур футболчилар билан рақобат қилишдан чўчимади. У мунтазам асосий таркибдан ўрин олмади, лекин захирадан тушиб бўлса ҳам "канонирлар"га катта ёрдам берарди. Смит-Роу АПЛнинг 33 учрашувида майдонга тушди (жамоадаги 5-кўрсаткич) ва 10та гол урди — фақат Букайо Сакада кўпроқ (11та).

Эмилнинг трансфер нархи бир мавсумда 18дан 40 миллион еврога ўсди. 2021 йил ноябрида у Англия термаси сафида Албанияга қарши баҳсда (5:0) дебют қилди. Смит-Роу миллий жамоасининг иккинчи ўйини Сан-Марино билан ўйинда гол урди ва голли пас берди (10:0). "Арсенал" ёшлар жамоасида эндигина тўп тепишни бошлаган футболчи учун ажойиб натижа.


7. Душан Влахович ("Ювентус", 22 ёш)

Ўтган йили "Фиорентина" сафида ўзини яхши намоён эта олган Душан Влаховичнинг ушбу рўйхатда борлиги баъзиларни ҳайрон қолдириши мумкин. Аммо гап шундаки, Влахович А Серия ўтган мавсумининг ҳақиқий кашфиёти бўлди. Бироқ сербиялик форвард "Ювентус"га ўтгандан сўнг, қобилиятли эканини исботлай олди. Чунки кўп ёшлар топ клубларга ўтганида шунчаки йўқ бўлиб қолишади.

Душан эса мақоми юқори бўлган жойда ўзини йўқотиб қўймади. У Альваро Моратани асосий таркибдан чиқариб, ўзи туринликларнинг ҳақиқий кучига айланди. 21 учрашувда 9та гол урди — испаниялик рақобатдоши бу натижага А Сериянинг 35 баҳсида эришганди. Серб анча самаралироқ ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли, келаси мавсум уни кузатиш анча қизиқ бўлади.


6. Арно Данжума ("Вильярреал", 25 ёш)

Бир йил олдин Данжума Чемпионшипда "Борнмут" шарафини ҳимоя қиларди, бу мавсум эса Чемпионлар Лигасида сенсация қилди — "Вильярреал" билан турнир ярим финалигача чиқди.

Арно "Аталанта", "МЮ", "Ювентус" ва "Бавария"га қарши ўйинларда самарали натижалар қайд этди. Чемпионлар Лигасининг 11 баҳсида майдонга тушган, 6та гол урган ва 1та голли узатма қайд этган. Испания чемпионатида яхши ўйнади — 23 баҳсда 10+3 натижа.

Бир йил ичида унинг трансфер нархи 15 дан 50 миллион еврога чиқди. Арнони илк бор 2018 йили Нидерландия термаси сафига чақиришган ва у дарҳол гол уриб, голли узатма берган (Гибралтар ва Норвегия билан ўйинлар). Данжума эса камтарлик қилмай, ўзини айни дамда дунёдаги энг яхши вингерлардан бири деб ҳисоблайди. ПСЖ, "МЮ" ва "Тоттенхэм" унга қизиқиш билдирмоқда.


5. Жуд Беллингем ("Боруссия" Д, 18 ёш)

2021/2022 йилги мавсумда Жуд Беллингемни бекорга футболнинг бўлажак юлдузи дейишмаяпти. Инглиз июнда 19га тўлишига қарамай, "Боруссия" етакчиларидан бири ҳисобланади. Жуд "арилар"нинг барча мусобақасидаги 44 учрашувида майдонга тушди, 6та гол урди ва 14та самарали узатма қайд этди. Майдон маркази ўйинчиси учун ажойиб кўрсаткич. Бундан ташқари, Беллингем Англия термасининг 12 ўйинида иштирок этишга муваффақ бўлди.

Transfermarkt маълумотларига қараганда, Жуд 18 ёшгача бўлганлар орасида энг қиммат футболчи саналади. Унинг трансфер нархи 75 миллион еврони ташкил қилмоқда. Катта эҳтимол билан бу якуний нарх эмас.


4. Жонатан Дэвид ("Лилль", 22 ёш)

Канадалик ўтган мавсум "Лилль"нинг муҳим ўйинчиси бўлди ва жамоаси чемпион бўлишида катта ёрдам берди. Аммо бу йил Дэвид янги даражага чиқди. Биринчидан, кўпроқ гол урди — 13танинг ўрнига 19та. Иккинчидан, Чемпионлар Лигасида ўзини синаб кўрди ва у ерда ҳисобига 3та гол ёздириб қўйди. Унинг ҳаракатлари билан "Лилль" ЕЧЛ плей-офф босқичига чиққан эди.

Аммо энг муҳим жиҳат, Жонатан бошчилигидаги Канада термаси ЖЧ-2022га йўл олди. Канадаликлар охирги марта мундиалга 36 йил аввал, 1986 йилда чиқишганди. Дэвид КОНКАКАФ саралаш босқичида энг фойдали ўйинчи бўлди — саралашнинг 18 баҳсида 9+7 қайд этди.


3. Гави ("Барселона", 17 ёш)

Хави "Барселона" бош мураббийи бўлгунга қадар, каталонларнинг хурсандчилик қилиш учун деярли ҳеч қандай сабаблари йўқ эди — клуб учун оғир вазиятда Гави ўзини намоён қила олди.

У августда 18га тўлади, бироқ ўз номини баралла танита олди. Унинг ўзига хос томони — универсаллигидир. Тўғри, Гави майдон марказида яхшироқ ҳаракат қилади, лекин зарур вақтда "ўнлик" позицияси ёки қанотда ҳам ўйнай олади. Ёш испаниялик Ла Лига 34 ўйинида 2та гол урди ва 6та самарали ҳаракатни амалга оширди.

Гавининг иқтидори ҳаммага аён. Уни Иньеста билан таққослашмоқда. Луис Энрике эса унга ишонади ва Испания миллий термасига чақирмоқда. Гави яқин кунларда "Барса" билан янги шартнома имзолаши керак. Миш-мишларга қараганда, товон пули миллиард евро (!) бўлади.


2. Фил Фоден ("Манчестер Сити", 21 ёш)

Фоден ўтган мавсум ҳам яхши ўйнаган, аммо бу йил "Сити" сафида яна ҳам яхшироқ ҳаракатланди ва жамоа ўйинига катта таъсир кўрсатди.

Хосеп Гвардиола мавсум давомида Фоденни бошқа позицияда ҳаракатлантирди — ҳужум марказида (45 учрашувдан 19тасида). Фил яхши натижалар кўрсатди ва 14та гол уриб, 11та самарали ассист қайд этди. Айнан шу туфайли, Фоден иккинчи йил кетма-кет АПЛ мавсумининг энг яхши ёш ўйинчиси совринига эга чиқди.

Transfermarkt Филни 90 миллион еврога баҳоламоқда. 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида фақатгина Эрлинг Холанд (150) ҳамда Винисиус Жуниор қимматроқ.


1. Винисиус Жуниор ("Реал", 21 ёш)

Винисиус — 2021/2022-йилги мавсум кашфиёти. Бир йил ичида унинг трансфер нархи 40 миллиондан 100 миллион еврогача кўтарилди!

Албатта, ҳозирда "Реал"нинг асосий юлдузи Карим Бензема. Бироқ Винисиус бу мавсум юқори сермаҳсуллик кўрсата олди: 52 ўйинда у 22та гол урди ва 20та голли узатма берди. Куни-кеча бўлиб ўтган ЕЧЛ финал учрашувида ҳам ягона бўлган голни айнан Винисиус ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Ким билади дейсиз, балки бу фаолиятида биринчи ЕЧЛ кубогини қўлга киритган Винни учун мавсумдаги энг муҳим голдир?! Ўтган мавсум билан солиштириш учун унинг кўрсаткичи 49 учрашувда 6+7 эди. 

Карло Анчелоттининг айтишича Винисиус эндиликда "қироллик клуби" талабларини тўлиқ тушуниб, шунга яраша ҳаракат қилмоқда. "Вини чиндан ҳам иқтидорли футболчи. У "Реал"га жуда ёшлигида келган ва бугунги даражасига чиқиши учун вақт керак бўлди", — деган эди Анчелотти.

Кейинги мавсум Винисиус учун балки энг муҳими бўлар... Бензема 34 ёшда ва Жуниор "Реал"нинг чинакам етакчисига айланишга тайёрми ёки йўқ?!


Николай Егоричев

Рейтинг: +11   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика