Мавҳумликдаги "Сурхон" ва "Бунёдкор"
13 янв 2023 12:05
Янгиликлар
Мавҳумликдаги "Сурхон" ва "Бунёдкор"
Кимдир ўз қароргоҳида, кимдир Тошкентда, кимдир эса аллақачон хорижда машғулот ўтказмоқда.
Янги мавсум бошланишига тобора оз муддат қолмоқда. Келажаги мавҳум бўлган клублар сони кеча иккита бўлди.
Термизнинг "Сурхон" клуби атрофида янги йил байрами арафасида содир бўлган ўзгаришлар ҳақида норасмий манбалардан эшитгандирсиз ёки ўқигандирсиз. Вилоят ҳокими ўзгариши кетидан клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўзгарди. 6 январь куни "Eriell Group" хўжайини клубни тўлиқ сотиб олди ва ҳусусий клубга айлантирди. Жамоа 5 январь куни Тошкентда йиғилиб, Сергей Токов бошчилигида машғулотларни бошлади. Бироқ ўша куни мураббий ҳали расман шартнома тузмаганини ва мураббийлар штабида кимлар бўлишини билмаслигини маълум қилди. Орадан тахминан бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтди, аммо ҳамон "Сурхон"да мавҳумлик ва сукунат. Эшитишимизга қараганда клубдаги ўзгаришлардан кейин матбуот хизмати вакиллари ҳам ишдан кетган. Шу боис "Сурхон"нинг телеграмдаги каналида охирги пост бир йил олдин ёзилган, ҳа 2022 йилнинг 30 декабрь санасида. Ўтган йили ҳам "Сурхон" мавсумга деярли шундай тайёргарлик кўргани эсимда: Дастлаб йиғин анчагина кеч бошланди (20 январь) ва испаниялик Хорди Фабрегат бошчилигида машғулотлар ўтказила бошланди. Чемпионат бошланишига оз қолганида унда тегишли лицензия йўқлиги боис тезкорлик билан бошқа мураббий олиб келинди. Анхель Лопес ёзгача деярли ҳар бир матбуот анжуманида клубга жуда кеч келгани, футболчиларни аввалги мураббий клубга таклиф қилгани ва футболчилар бир-бирини тушунишига вақт кераклигини такрорлайверди. Лопеснинг гапларида жон бор эди албатта. Афтидан мураббийнинг ўша гаплари клуб раҳбариятигача етиб бормаган, акс ҳолда ўтган йилги хатони бу йил ҳам такрорламаган бўлармиди. Сергей Токов якунда бош мураббий бўлиб қолиши қийин масала, сабаби унда ҳам ПРО лицензия йўқ. Буни раҳбарият билади деб умид қиламан. Токов ҳозир ўзи билган ва таниган футболчиларни чақириб йиғин ўтказмоқда, бу ҳам нормал ҳолат, аммо эртага бошқа бош мураббий олиб келинса Токов олиб келган футболчилар унга керак бўлармикин?
Худди шундай ҳолат кеча "Бунёдкор"да ҳам бошланди дейиш мумкин. Дастлаб ўтган мавсум охирида клуб бош директори этиб тайинланган Азизбек Ҳайдаров ишдан олингани ҳақида норасмий хабарлар чиқа бошлади. Ортидан клуб матбуот хизмати бу нотўғри хабар эканини маълум қилди, кейинроқ академия директори Ислом Аҳмедов ҳам кетгани айтилди. Кун охирига келиб бош мураббий Иван Бошкович агар Азизбек Ҳайдаров кетса мен ҳам кетаман деб туриб олгани ҳақида хабарлар чиқди. Мавҳумлик бошланди. Клуб матбуот хизмати кечадан буён расмий хабар бергани йўқ, Ҳайдаров кетмади ёки Ҳайдаров кетди деб ёзилмади ҳеч қаерда расман. Клубнинг телеграмдаги охирги хабари 11 январь куни чиққан.
Тўғриси "Сурхон"да ҳам, "Бунёдкор"да ҳам боринг ана бошқа исталган клубда раҳбар ким бўлишининг шахсан менга умуман фарқи йўқ. Муаммо аниқ бош мураббийнинг йўқлигида. Сабаби мавсумга оз қолди ва бош мураббий йўқ бўлса футболчилар ҳам сарсон бўлиши турган гап. Бир неча кун олдин "Бунёдкор" Владимир Назаров билан 2024 йилгача шартнома тузганини эълон қилди. Назаровни Бошкович ўз жамоасига таклиф қилган деб тасаввур қилсак, аслида шундай бўлиши керак, мураббий ишдан кетганидан кейин Назаров кейинги мураббий режаларига кирмай қолиши мумкин. Ёки бир қатор тажрибали футболчилар билан шартнома узайтирилгани ҳақида хабарлар чиқди "Бунёдкор" каналида. Уларчи? Тўғри шартнома тузилган ва уларни ҳеч ким кўчага ҳайдай олмайди, аммо футболчига ўйин амалиёти деган нарса керак, янги мураббий ўзи билган футболчиларни олиб келиб ҳозиргиларни захирага михлаши ёки ўринбосарлар жамоасига ўтказиб юбориши мумкин.
Янада қўрқинчлиси "қалдирғочлар" 14 январь куни хориж йиғинини ўтказиш учун Абу Дабига учиб кетиши керак. Хўш, ушбу йиғинни қайси мураббий ўтказади? Бошковичми ёки Ҳикмат Ҳошимов-Абдуҳамид Қодиров тандемими? Саволлар жуда кўп. Жавоб эса битта: мавҳумлик.
Янги мавсум бошланганида шу иккита клубимизга тайинланган бош мураббийлар матбуот анжуманларини қандай гаплар билан бошлашлари деярли аниқдек: "Клубга келганимга кўп бўлмади, тайёргарлик учун бошқаларга қараганда камроқ вақтим бўлди, футболчилар билан тил топишишга вақт керак, натижа тезда келмайди, раҳбарият эътиборни ёшларга қаратишга қарор қилди, кўп футболчиларни мендан олдинги мураббийлар жамоага таклиф қилишган, ёзги трансфер ойнаси вақтида янги футболчиларни оламиз, мавсум энди бошланди, ҳали ҳаммаси олдинда..."
Ишқилиб ёзганларим хато бўлиб чиқсин ва ҳамма шу мақолани эслаб устимдан кулиб юрсин, розиман.
Фикрлар