UZ

Сўнгги янгиликлар

18:54УЕФА "Барселона"ни жаримага тортди  2 18:15Келаси мавсум Англия Кубогида жиддий ўзгариш рўй беради  2 18:00Футзал. Қирғизистонликлар амалдаги Осиё чемпионини мағлуб этишди  3 17:42Ўзимизнинг карикатура. Улар қандай қилиб ЕЧЛдан чиқиб кетишди?  0 17:20Ўзбекистон Кубоги. 2-турда ишлайдиган ҳакамлар ва ВАР фойдаланиладиган ўйинлар маълум бўлди  3 16:42Пенальтилар қайтаришда Лунинга ким ёрдам бергани маълум бўлди  8 16:17Иродали Усмонов!  1 16:11Артета: "Биз ҳали ҳам АПЛ чемпионлиги учун курашяпмиз"  1 16:00Setanta Sports+ Спортнинг ҳақиқий мухлислари учун  3 15:10"Эл Классико"ни бошқарадиган ҳакам номи маълум бўлди  2 15:00Зафармурод Абдираҳматов: "Мусобақа энди бошланди, хотиржамликка берилиш керак эмас"  11 14:42Мбаппенинг бир гапидан сўнг "Барселона" ва ПСЖ вакиллари ўртасида 60 кишилик жанжал юзага келди  8 14:25Руслан Жиянов: "Ажойиб ва рақобатдош таркиб йиғилган"  3 13:52Нойер: "Бавария" муваффақиятининг сири - интизом"  3 13:36Ўзбекистонлик ҳакамлар футзал бўйича Осиё Кубогининг 2 ўйинига тайинлов олишди  0

Мамлакат футболи тақдирини ўз фаолиятидан устун қўйган Равшан Эрматов 42 ёшга тўлди Янгиликлар

Мамлакат футболи тақдирини ўз фаолиятидан устун қўйган Равшан Эрматов 42 ёшга тўлди

Бугун жаҳон футболи рекордчиси, Осиёнинг беш карра энг яхши рефериси Равшан Эрматов ўз таваллуд кунини нишонлаяпти.

Равшан Сайфитдинович Эрматов - 1977 йилнинг 9 август куни Тошкент шаҳрида туғилган. Футболчи сифатида Тошкент вилоятининг “Ғазалкент” клубида ўйнаган. Оғир жароҳат сабаб футболчилик фаолиятини якунлаб ҳакамликка ўтган. Ижобий маънода “яхшиям, ўшанда Равшан ака жароҳат олган экан, бўлмаса дунё аҳли футболимизни ким ёки қайси эришган натижамиз эвазига танирди?”, дегинг келади. 

Равшан Эрматовнинг “Ғазалкент”даги ўйинлари, жароҳат олиши, учрашувга ҳакам келмагани учун қўлига илк бор ҳуштак олгани ва шу баҳона дунёга машҳур рефери бўлиб кетгани ҳақида маълумотга эгасиз. Бугунги қаҳрамонимиз 2003 йили 25 ёшида ФИФА ҳакамига айланган. Фаолияти давомида беш марта (2008, 2009, 2010, 2011, 2014 йилларда) Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган. 

Эрматов Жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп ўйин бошқарган ҳакам ҳисобланади. У мундиалда 11 та ўйинда бош ҳакам вазифасида ҳаракат қилган. Футбол тарихида дунёдаги ҳеч бир ҳакам бундай натижага эриша олмаган. Ҳамютимиз иккита Осиё Кубоги финалида ишлаган биринчи ҳакам ҳамдир. У 2011 йили Қатар, шу йил эса БААдаги қитъа чемпионати финалини бошқарган.


Бундан ташқари, Равшан Эрматов тўртта Осиё Кубогида ишлаган ягона ҳакам ҳисобланади: Хитой-2004, Қатар-2011, Австралия-2015, БАА-2019. Бу мусобақа ҳамюртимиз учун бешинчиси бўлиши ҳам мумкин эди, аммо 2007 йилги Осиё Кубогида ишлашига Канадада ўтган ёшлар ўртасидаги ЖЧ халал берганди. Эрматов Осиё Кубогида ўйинларни бошқариш бўйича ҳам етакчи - 14 та учрашув. Кейинги ўринларда Саад Комил (9 та ўйин) ва Шамсул Майдин (8 та ўйин) қайд этилган.


Шунингдек, у Ўзбекистонда 2006 йилдан 2015 йилгача кетма-кет 10 марта мамлакатимизнинг энг яхши ҳаками сифатида эътироф этилган. Равшан Эрматов беш марта (2007, 2011, 2013, 2015, 2017) ОЧЛ финалини бошқарган. 2008 ва 2017 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ишлаган. 2012 йилги Олимпиаданинг футбол баҳсларида ҳакамлик қилган.


2010 йилги Жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов энг ёш ҳакам бўлганди. Ўша мундиал унинг фаолиятидаги энг муҳим мусобақа сифатида ёдда қолган. Эрматов ёш бўлишига қарамай, ўз бригадаси билан мундиалда бешта ўйинни бошқариб, ўзига хос рекорд ўрнатганди.


Орадан тўрт йил ўтиб Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатида яна тўртта ўйинда ҳакамлик қилиб, жами тўққизта учрашувни бошқарган дунёдаги биринчи ҳакамга айланган. Ҳамюртимиз бунгача саккизта ўйинда ҳакамлик қилган франциялик Жоэль Куинио, мексикалик Бенито Арчундия ҳамда уругвайлик Хорхе Ларриондани ортда қолдирган эди.


Равшан Эрматов ва у эришган ютқлар ҳақида жуда кўп гапириш, ёзиш мумкин. Ҳакамимиз “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган. 

Хабарингиз бор, яқинда Равшан Эрматов фаолиятида кутилмаган бурилиш юз берди. Давлатимиз раҳбарининг тавсияси билан ҳакамимиз Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти лавозимига сайланди. 


“Юксак ишонч учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қолаверса, турли йилларда футболимиз равнақига ўз хиссасини қўшган, футболимиз раҳбарлари ва мутахассисларига футбол жамоатчилиги ва ўз номимдан раҳмат айтаман. Футболимиз олдида турган оғир, жиддий ва масъулиятли вазифаларни билиб туриб, бир чеккада томошабин бўлиб туриш, она Ватанимни севишим, футболни яхши кўришим ва виждонимга асло тўғри келмайди. Албатта, футбол бу жамоавий ўйин. Агар барчамиз бирлашиб, аҳил бўлиб, фахрийларимиз дуосини олиб, мутахассисларимиз, мухлисларимиз, ҳаммамиз ҳалоллик билан адолат билан ёндошиб, боримизни бериб, ягона мақсад йўлида футболга хизмат қилсак ишончим комилки, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтамиз”, - деганди Эрматов тайинлов нутқида.


Ўша мулоқот давомида журналистлар ЎФА вице-президентига ҳакамлик фаолиятингизни давом эттирасизми, дея савол беришганида, жавоб шундай бўлганди.

“Бошида давом эттираман деб ўйлаган эдим. Аммо футболни ичига кирганимдан кейин тушундимки, бу жуда қийин экан. Бир вақтнинг ўзида иккита қуённинг кетидан югурадиган бўлсангиз, иккаласини ҳам қўлдан бой беришингиз мумкин. Олдимдаги энг асосий мақсад - ўзбек футболи ҳақида бош қотириш. Менга халқаро фаолиятимни давом эттириш имконияти берилди, аммо вақт кам. Бир ишга қўл урдикми, боримизни беришимиз керак. Шу боис ҳозирча ҳакамлик фаолиятда танаффусга чиқдим”.


Алишер Никимбаев Эрматов ҳақида:

“Икки йил аввал ўзбек футболи катта таъмирлашга муҳтож эди, бугун уни қайтадан бошлашга тўғри келади. Вазифа қийин, бироқ уддалса бўлади. Асосийси, Эрматов олдида турган вазифаларни жуда яхши тушунади. У айнан нимани алмаштириш кераклигини билади. Шу билан бирга, у миллий футболимиз равнақи йўлида ишлашга тайёр ва қодир бўлган мутахассислар етарлича эканидан хабардор. Яна бир муҳим нарса: Эрматовда Ўзбекистон футбол жамоатчилиги ишончи бор, бу унга янги ишда ёрдам бериши керак”.


Сайфиддин Эрматов, Равшан Эрматовнинг отаси

“Ўғлим шаҳримиздаги 115-мактабда таълим олган. Сўнг Титов номли спорт-интернатида ўқишини давом эттирди. Шундан сўнг Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида, иккинчи мутахассислик бўйича иқтисодиёт университетида билим олди. Қонида бўлгани учун футболга қизиқди. Ўғлимнинг ҳеч бир ўйинини ўтказиб юбормайман. Кейин бирга ўйинларини таҳлил қиламиз ва қаерда хатога йўл қўйгани борасида гаплашмиз. Баъзи бир жойларда бошқачароқ қарор қабул қилиш кераклиги ҳақида айтаман. У бошқариб бораётган ўйинлари вақтида асабийлашиб тураман, лекин фахр туйғуси кучлилик қилади. Онаси билан берган тарбиямиз зое кетмаганидан хурсанд бўламан. Равшанни ёшлигидан адолатга ўргатганмиз. Қўшниларимиз уни тўрт ёшлигида велисопедда учиришарди. Бир куни унинг оёғига велисопеднинг тизмаси терини йиртиб, тиззасигача кириб кетганди. Кейинчалик Равшан олти ой шифохонада ётди. Тиббиёт ходимлари унинг ўнг оёғини кесишимиз ҳам мумкин дейишганди. Яхшиямки, ҳаммаси яхши якун топди ва ўғлимнинг оёғи тузалиб кетди. Равшан футболчилик фаолиятини бошлашга ҳам муваффақ бўлганди. Аммо ҳар сафар тўқнашувда унинг тиззаси безовта қиларди. Кейинчалик шифокорлар унга футболчилик фаолтиятини тўхтатиши кераклигини айтишди. Агарда шу жароҳат бўлмаганида, ўғлим яхши футболчи бўлиб етишарди. Лекин пешонасига ҳакам бўлиш ёзилган экан. Ўша пайтда мен Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида мураббий бўлиб ишлаб келаётгандим. Равшан эса қаттиқ қайғуда эди. Уни чалғитиш мақсадида ўзимга ёрдамчи қилиб олдим. Лекин унинг кўзлари ёниб турмасди. Ўз ишини уддаларди, аммо  кўзларида шижоат сезилмасди. Бир куни шаҳар биринчиликида ўйини бошланиши керак бўлган вақтда ҳакам етиб келолмай қолди. Шунда Равшанга хуштак ва либосни бериб, “ўзингни синаб кўр” дедим. Ўша учрашувни камчиликларсиз бошқармаган бўлсада, лекин катта эътирозга сабаб бўладиган хатоларга йўл қўймаганди. Шундан сўнг уни ҳакамлар мактабига олиб бордим. Инглиз тилини ўрганиш учун қўшимча дарсларга қўйдим ва ҳар доим текшириб, кузатиб бордим. Уни ўйинларини видео олиш учун камера сотиб олдим ва ўйинларини таҳлил қила бошладик. Ўз хатолари устида ишлади ва кейинчалик бу меҳнатларнинг самарасини кўрди. Фурсатдан фойдаланиб, Равшанни туғилган куни билан чин қалбимдан табриклайман. Бахтимизга соғ бўлсин!”.


Шуҳрат Пўлатов, ФИФА футзал ҳаками, Равшаннинг дўсти

“Пахтакор” футбол клубига келганимда, ўша пайтларда Равшан биздан ёш бўлишига карамасдан ўзидан бир-икки ёш катталарга ҳам ўйнайверарди. “Пахтакор” машғулотларидан бирга қайтардик. Уйларимиз бир-бирига яқин эди. Вақт ўтиб, машғулотлар Равшанлар яшайдиган уйнинг ёнида, собиқ Островский боғининг ичидаги майдонга кўчди. Айнан ўша пайтдан дўстлигимиз бошланган. Кейинчалик жамоаларда бирга ўйнадик. Шахсан менинг ҳакам бўлишимга ҳам Равшан сабабчи бўлган. Фурсатдан фойдаланиб, биринчи галда дўстимнинг ота-онасига раҳмат айтмоқчиман. Юртимизга шундай инсонни тарбиялаб, вояга етказиб беришди. Дўстим билан фахрланаман ва бугунги таваллуд куни билан оиламиз ва ўз номимдан муборакбод этаман. Туғилган кун муборак, дўстим!”.


Ўз ўрнида биз ҳам юқоридаги тилакларга қўшиламиз. Шахсий ютуқларидан мамлакатимиз футболи тақдирини устун қўйган ҳакамимизга бугунги таваллуд кун муборак бўлсин деб ният қиламиз.

Рейтинг: +39   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика