Лига Кубоги финали превьюси: АГМК — "Пахтакор"
03 дек 2019 11:56
Янгиликлар
Лига Кубоги финали превьюси: АГМК — "Пахтакор"
Ўтган йили Фарғонада ўтган кубок финалида жамоамиз "Пахтакор"ни 12-кубогини қўлга киритишига қаршилик қилиб, якунда 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани тантана қилганди. Жорий мавсум ҳам финал бекатига қадар йўқотишларсиз етиб келган мазкур жамоалар яна бош соврин учун курашишди ҳамда бу гал пойтахтликларнинг қўллари баланд келиб, бош совринга эгалик қилишди.
"Пахтакор" билан бу гал умумий ҳисобдаги 27-учрашувни ўтказамиз. Жамоалар ички чемпионатда 24 маротаба ва Ўзбекистон кубоги финалида 2 бора тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлардаги устунлик "Пахтакор" тарафида.
Статистикага кўра, 5 маротаба жамоамиз ғалаба қозонган бўлса, 2 бор дуранг қайд этилган ва 19 ўйинда "Пахтакор"нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати: 44-17.
Жорий мавсумда Суперлига доирасидаги биринчи давра ўйинида Тошкентда жамоамиз "Пахтакор"га (4:1) имкониятни бой берганди. Олмалиқдаги баҳсда эса "Пахтакор" (3:0) ҳисобида ғалаба қозонган. Ўтган йилги финалда эса Йован Жокичнинг дубли ва Зоҳир Пиримовнинг голларига "Пахтакор"дан Исмоил Гонсалвеш пенальтидан урилган гол билан жавоб қайтарганди. Жорий мавсум эса Ўзбекистон Кубоги финалида Драган Чераннинг хет-триги баҳс тақдирини ҳал этганди.
Эътиборлиси, тарихда илк маротаба ўтказилаётган Лига Кубоги мусобақасида АГМК мағлубият нималигини билмай келаётган ягона жамоа ҳисобланади. Жамоамиз Лига Кубоги гуруҳ босқичида 2 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди. Кейинчалик чорак финалда "Металлург", ярим финалда эса "Динамо" қаршилиги енгилиб, финал йўлланмаси қўлга киритилди. Финалдаги рақиб "Пахтакор" эса гуруҳ босқичидаёқ "Қўқон-1912"дан қақшаткич зарба, яъни ўз уйида 4:0 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олганди.
АГМКнинг Лига Кубогидаги мағлубиятсиз сериясини финалда "Пахтакор"га қарши баҳсда ҳам давом эттириб, якунда бош совринга эга чиқишга курашамиз!
Лига Кубоги финали олдидан ҳар иккала жамоага таалуқли яна бир қизиқарли фактни келтириб ўтамиз. Биласиз, Ўзбекистонда клублар миқиёсидаги 2019 йилги футбол мавсуми АГМК ҳамда "Пахтакор" жамоаларининг ОЧЛ плей-офф босқичидаги иштироки орқали бошланганди. Шу боис Лига Кубоги финалчилари мавсумни қишда, яъни февралдаёқ бошлашганди. Эътиборлиси, жорий йил ҳисобидан АГМК ва "Пахтакор" барча мусобақаларда Ўзбекистоннинг бошқа клубларидан кўпроқ майдонга тушишди. "Пахтакор" Суперлига, ОЧЛ, Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги доирасида жами 44-ўйинини ўтказади. АГМК жамоамиз эса Суперлига, ОЧЛ, Суперкубок, Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги доирасида жами 39-учрашувини ўтказади.
Қизиқ тарафи, мазкур икки жамоа жорий йил ҳисобидан январдан бошқа барча ойларда расмий ўйинда иштирок этгани билан тарихга киради. Фақатгина йил бошида, яъни январда расмий ўйин ўтказилмади. Қишда мавсумни расман бошлаган жамоалар йил сўнггида, яъни қишда мавсумни тугатиш арафасида. Бир йил деярли узлуксиз қизғин мавсумни ўтказган жамоалар иштирокидаги Лига Кубоги финали Ўзбекистонда расман футбол мавсумини якунлаб беради.
АГМК тарихда илк бор ўтказилаётган мусобақа ғолиблигини қўлга киритиш ҳамда қизғин давом этган мавсумни юқори нотада якунлашга қаттиқ бел боғлаган.
Лига Кубоги финал учрашувини бошқариш Ильгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳига ишониб топширилди. Мазкур тайинлов Ильгиз Танташев учун жамоамиз иштирокидаги 21-ўйинга айланади. Ильгиз Танташев бошқарган ўйинларда АГМК 8 ғалаба, 8 дуранг ва 4 мағлубият қайд этган.
Лига Кубоги финал учрашуви ПФЛ қарорига кўра аввал белгиланган "Бунёдкор" стадионидан "Пахтакор" ўйингоҳига кўчирилди. Бунга сабаб этиб майдон майсаси сифати келтирилди. Шу боис Лига Кубоги финали 4 декабрь куни соат 16:00да "Пахтакор" стадионида ўтказилади.
Финалдаги рақиб майдонида ўтадиган баҳсда АГМК бош совринни айнан "Пахтакор" устидан қозониладиган ғалаба орқали "Пахтакор" стадионида боши узра баланд кўтаришга интилади.
Узоқ ва қизғин ўтган мавсум ва йилни кўтаринки кайфиятда тугатиш учун АГМК муваффақият қозонишга қаттиқ уриниб кўради. Демак қаторасига учинчи финалда ўзаро тўқнашаётган АГМК ва "Пахтакор" ўртасидаги навбатдаги финалга 1 кун қолди.
Ўзбекистон Лига кубоги
Финал
4 декабрь, чоршанба
АГМК - “Пахтакор” (16:00)
Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Ҳусниддин Шодмонов, Александр Буров, Элёр Турсунов
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров.
Фикрлар