UZ

Сўнгги янгиликлар

00:18Вадим Абрамов: Самарқанд — иккинчи пойтахт. Шундай экан, бу ерда яхши жамоа бўлиши керак"  2 23:37БАА футбол федерацияси ёшини сохталаштирган 18 нафар мисрлик футболчини депортация қилди  1 23:10Веско Стешивич: "Биринчи бўлимда яна битта гол урганимизда, ғалаба бизники бўларди"  0 22:40Мексикадаги матбуот анжуманида бутун жамоа иштирок этиб, мухлислардан узр сўради  0 22:23Клублар миқёсида халқаро турнирларда энг кўп “қуруқ” ўйин ўтказган дарвозабонлар маълум бўлди  0 22:06Роналду Саудия Арабистони чемпионатидаги энг омадсиз ҳужумчи бўлиб турибди  19 21:49Уругвай термаси техник ҳамкорсиз қолди, жамоа брендсиз либосларда ўйнамоқда  2 21:26Суперлига. "Динамо" — "Металлург" 2:1. Highlights  0 21:07"Бухоро" ва "Хоразм" ўртасидаги марказий учрашувдан ГАЛЕРЕЯ  2 20:57Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди  0 20:56Суперлига. "Динамо" "Металлург" устидан мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  24 20:32Дунёнинг етакчи лигалари ФИФАни судга бермоқчи  4 20:15"Локомотив" "SWM Motors" билан ҳамкорлик шартномаси имзолади  1 20:00Руслан Аҳмедов: "Биз натижа учун ўйнаяпмиз. Чиройли ўйин иккинчи даражали"  1 19:50Улуғбек Бақоев: "Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради"  14

"Насаф" тўхтамаяпти, жамоа олдига жиддий вазифалар қўйиладиган пайт келдими?! Кучайган "Насаф" ҳақида Янгиликлар

"Насаф" тўхтамаяпти, жамоа олдига жиддий вазифалар қўйиладиган пайт келдими?! Кучайган "Насаф" ҳақида

Барча спорт тадбирлари, шу жумладан Суперлига-2020 беллашувлари ҳам вақтинча тўхтатилганидан хабарингиз бор.

16 март куни 3-тур шарҳини эътиборингизга ҳавола этган эдик.

Фото Суперлига. "Пахтакор" ва "Насаф" яққол пешқадам, Қосимов vs Абрамов тўқнашуви, "Бухоро"да аҳвол чатоқ. 3-тур шарҳи


Ўшанда "Насаф" ҳақида алоҳида мақола ёзиш ҳақида ёзиб ўтган эдим.

Аввало, мавсум олдидан "Насаф"га келган ва кетган ўйинчиларни келтириб ўтаман.

"Насаф"га келганлар:
Умар Эшмуродов ("Пахтакор"дан ижара)
Дилшод Раҳматуллаев ("Андижон"дан)
Марко Станоевич ("Иртиш", Қозоғистон)
Харис Дилавер ("Челик Зеница", Босния)
Жавоҳир Эсонқулов ("Локомотив"дан)
Файсал Траоре

"Насаф"дан кетганлар:
Умар Эшмуродов ("Пахтакор")
Азизбек Ғаниев ("Шабаб Ал Аҳли", БАА)
Хуршидбек Мухторов ("Навбаҳор")
Ислом Рашидхонов ("Навбаҳор")
Файсал Траоре ("Динамо", ижара)
Дониёр Нарзуллаев ("Металлург")
Ҳумоюн Муртазоев ("Бунёдкор")
Сардор Абдураимов ("Бунёдкор")

Марказий ҳимоячи Умар Эшмуродов "Пахтакор"га ўтди ва кейинроқ ижара асосида яна Қаршига қайтди. Файсал Траоре эса Про-лигага тушиб кетган "Динамо"га ижарага берилди. Ҳумоюн Муртазоев ҳамда Сардор Абдураимовлар "Насаф"да ижарада ўйнашган, ушбу ўйинчиларнинг трансфер ҳуқуқи "Машъал"га тегишли. "Бунёдкор" ҳам уларни ижарага олган.


Рўзиқул Бердиев январь ойи бошларида сайтимиз ходимига интервью берганди. Ўшанда мутахассис жамоани тарк этган футболчилардан Умар Эшмуродов ва Ҳумоюн Муртазоевлар катта йўқотиш бўлганини таъкидлаганди. У пайтда Умар ҳали "Пахтакор"да эди, Азизжон Ғаниев эса жамоани тарк этмаганди. Ғаниевнинг "Шабаб Ал Аҳли"га ўтгани расман 3 февраль санасида эълон қилинди. Демак, мураббий учун катта йўқотиш учта. Улардан бири таркибга қайтди - Эшмуродов. Ғаниев ўрнига эса сербиялик тажрибали футболчи Марко Станоевич жалб қилинди. Ҳ.Муртазоевнинг ўрни босниялик ҳужумчи Харис Дилавер билан тўлдирилди. "Навбаҳор"га ўтиб кетган Хуршид Мухторов жиддий йўқотиш бўлмади, чап қанот ҳимояда Шерзод Насруллаев туппа-тузук ўйнамоқда. Шерзод ўтган мавсумдаёқ асосий таркибда тушишни бошлаб юборганди. Марказ ўйинчилари ҳисобланган Сардор Абдураимов ҳамда Ислом Рашидхоновларнинг ўрнига яна бир тажрибали футболчи Дилшод Раҳматуллаев олиб келинди.

Танишинг, “Насаф” – 2020!


"Насаф" устози Рўзиқул бердиев дастлабки 3 турда қандай тактик схема ва таркибдан фойдаланганини кўриб чиқамиз

Суперлига, 1-тур
"Қизилқум" – "Насаф" 1:3

1 март 2020 йил
Навоий. "Ёшлар" стадиони.
Ҳакамлар: Жасур Мухторов, Тимур Галеев, Дониёр Сайлавов, Рустам Чориев
Назоратчи: Рашид Айтеков
Комиссар: Шерзод Ражабов

Голлар: Маккартни Навасеб 22 - Шароф Муҳитдинов 25, Бобир Абдихолиқов 41, Бобир Абдихолиқов (пас Ҳусниддин Алиқулов) 47

Навоийда ўтган биринчи тур баҳсида Бердиев 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланди. Ўйинчиларнинг майдондаги жойлашуви эса юқоридаги суратда кўрсатилган. Шу куни хужжатлар билан боғлиқ муаммо сабаб мураббий сербиялик ярим ҳимоячи Марко Станоевич хизматидан фойдалана олмади. Унинг ўрнида Акмал Мозговой ҳаракат қилди. Ўнг қанот вингер ролини Ислом Кенжабоев, чап қанот вингери ролини эса Ойбек Бозоров бажарди. Шароф Муҳитдинов ҳужумчи ортида тўп тепган бўлса, Бобир Абдихолиқов марказий ҳужумда ўз ишини қойиллатди.

Учрашувда ҳисоб 22-дақиқада очилди. U-23 Осиё чемпионатида ўзидан жуда яхши таассурот қолдирган марказий ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов техник томонлама қўпол хатога йўл қўйди ва тўпни "Қизилқум" ҳужумчиси Маккартни Навасебга олдириб қўйди. Намибиялик форвард эса имкониятдан унумли фойдаланди. Алиқулов ва "Насаф" учун омадсиз старт. Аммо, "аждарлар" ирода намойиш эта олишди. Рақиб голига тезда жавоб қайтарилгани ҳам бунга сабаб бўлди, менимча. Навасебнинг голидан уч дақиқа ўтиб Шароф Муҳитдинов жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этди ва турнинг энг чиройли голларидан бирини киритди. Кейин эса қаршиликлар хотиржам ўз ўйинларини кўрсатишди ва ғалабани илиб кетишди. 41-дақиқада бурчак зарбасидан кейин Ҳ.Алиқулов бош билан зарба берди, дарвоза тўсинига тегиб қайтган тўпни эса Б.Абдихолиқов бош билан Руслан Матниёзов дарвозасига жойлаб қўйди. Иккинчи бўлим аввалида Алиқулов тўпни олдинга ҳаволатиб тепиб юборди, ҳаводаги тўпни қайтаришда дастлаб Олег Толмасов, кейин эса Абди Башимов хатога йўл қўйди. Бобир биргина зарба билан тўпни кипернинг устидан ошириб дарвозага жойлаб қўйди. "Пеле"нинг ўша вазиятдаги совуққонлиги ва ишонч билан қилган ҳаракатлари таҳсинга сазовор.


Бу ўйин сценарий нуқтаи-назаридан менга 2014 йилнинг 9 апрелида ЕЧЛ чорак финали доирасида ўтказилган "Бавария" - "Манчестер Юнайтед" баҳсини эслатиб юборди. Ўшанда 57-дақиқада Эвра ўзининг "пушка" зарбаси билан ҳисобни очган ва ўша пайтда таркиб, ўйин жиҳатидан рақибдан бироз кучсизроқ бўлиб қолган МЮга катта умид берганди. Сэр Алекс Фергюсон кетгандан кейинги илк мавсумини ўтказаётган "қизил иблислар" ўша вақтда ҳақиқатдан ҳам немис клубидан кучсизроқ эдилар. Аммо, Марио Манжукичнинг тезда киритган жавоб голи Мойес шогирдларини "синдирган", мезбонларни эса аксинча рухлантириб юборганди. Кейинроқ Мюллер ва Роббен инглиз грандини мусобақадан чиқариб юборувчи голларни киритишганди. Ўшанда ҳам "Бавария" ўтказиб юборилган голга тезда реакция қила олмаганда балки ғалабани илиб кетолмасмиди... Бу икки тўқнашувдаги ўхшашлик ҳам шунда: майдондаги нисбатан кучлироқ бўлган жамоа биринчи бўлиб ўтказиб юборилган голга тезда жавоб қайтара олди ва қолган дақиқаларда ғалабани ҳам ўзиники қилди.


Суперлига, 2-тур
"Насаф" - "Андижон" 2:1

8 март 2020 йил
Қарши. "Марказий" стадиони. 8473 томошабин.
Ҳакамлар: Элёр Турсунов, Жалгасбай Сарсенов, Бектурсин Канназаров, Тўрабек Суюнов
Назоратчи: Тимур Абдуллаев
Комиссар: Шоҳрух Саид.

Голлар: Бобир Абдихолиқов (Шароф Муҳитдинов) 72, Шароф Муҳитдинов (Шерзод Насруллаев) 84 - Сирож Мелиев 10.

"Насаф" устози "Андижон"га қарши 2-тур учрашувини ҳам 4-2-3-1 схемада бошлади. Фақат таркиб ва футболчиларнинг жойлашувида ўзгаришлар рўй берди. Олдинги ўйинда қўпол хато қилиб гол ўтказиб юборилишига сабаб бўлган ёш марказий ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов ўрнини Умар Эшмуродов эгаллади. Марказда Раҳматуллаевга тандем сифатида М.Станоевич тушди. Олдиндаги футболчилар ўзгаришсиз қолди, аммо уларнинг жойлашуви ўзгарди. Ойбек Бозоров ҳужум ортига ўтказилди. Шароф ўнг қанотда, Ислом эса чап қанотда ҳаракат қилди. Бобир одатдагидек ҳужумда.

Худди Навоийда бўлгани каби Қаршида кечган 2-тур учрашуви ҳам қўпол хато ва ўтказиб юборилган гол билан бошланди. Бу сафар ёш дарвозабон Машҳуржон Муҳаммаджонов тўпни жамоадоши Эшмуродовдан қабул қилиб олганидан кейин Артём Литвяков ва Сирож Мелиевлар босими остида қолди ва тўпни олдириб қўйди. Мелиев деярли бўш қолган дарвозани осонгина ишғол қилди. Шундан кейин мезбонлар жавоб тўпини киритиш учун кўп ҳаракат қилишди, аммо бундан самара чиқариш учун бир соатдан кўпроқ вақт сарфлашди. 72-дақиқага келиб Ш.Муҳитдиновнинг ажойиб пасидан кейин Б.Абдихолиқов учрашувда мувозанатни тиклади. Голдан рухланган "Насаф" футболчилари олдинга ўтишда давом этишди. Бир вазиятда Муҳитдиновнинг зарбасига аниқлик етишмади. 84-дақиқада Насруллаев рақиб жарима майдончасидаги Б.Абдихолиқовга пас берди, Бобир эса ҳимоячиларни чалғитиб тўпни ўтказиб юборди. Жуда кучли зарбага эга бўлган Шарофнинг оёғига келиб тушган тўп якунда дарвоза тўридан жой олди. Шу тариқа, "Насаф" иккинчи учрашувда ҳам ирода кўрсатиб ғалаба қозонди. Камига ҳар икки баҳсда ҳам "аждарлар"дан ҳеч бир ўйинчи сариқ ёки қизил карточка олишмади.

Рўзиқул Бердиев: "Бекорга бизга ҳар йили фэйр-плей совринини беришмайди..."

Суперлига, 3-тур
"Сурхон" – "Насаф" 1:2

13 март 2020 йил
Термиз. "Сурхон" стадиони
Ҳакамлар: Аҳрол Рисқуллаев, Расулжон Фозилов, Максим Нехочин, Абдурашид Худойберганов
Назоратчи: Андрей Тамбовцев
Комиссар: Шерзод Ражабов

Голлар: Александр Касьян (пас Шерзод Каримов) 54 - Марко Станоевич 7, Ойбек Бозоров (пас Марко Станоевич) 61.
Амалга оширилмаган пенальти: Шароф Муҳитдинов 89 (ноаниқ)

Термизда "Сурхон"га қарши ўтказилган 3-тур учрашувида "Насаф" тактикаси умуман ўзгариб кетди. Р.Бердиев 4-2-3-1 схемасидан 3-4-2-1 схемасига ўтди. Бунда Ғайбуллаев, Эшмуродов ҳамда Алиқулов марказий ҳимояда ҳаракатланишди. Ўнг қанот лотерал Дилшод Саитов, чап қанот лотерал эса Шароф Муҳитдинов бўлди. Одатда, чап ҳимояда Насруллаев тушарди. Лекин, бу сафар тактикадан келиб чиқиб мураббий Шарофни ўша жойга қўйишни маъқул кўрди. Сабаби, лотерал ролида ҳаракатланаётган ҳимоячи актив равишда ҳужумларда иштирок этиши керак ва унда паслар ва "навеслар" сифатли бўлиши талаб этилади. Бу борада Муҳитдинов Насруллаевдан устунроқ. Марказий ярим ҳимояда Раҳматуллаев - Станоевич тандеми қолдирилди. Бозоров ва Кенжабоев чап ва ўнг қанот ҳужумчиси сифатида тўп тепишди. Марказий ҳужумда эса Абдихолиқов ўрнига Харис Дилавер майдонга туширилди. Қийин ўйинда жиддий ўзгариш ва натижа қўлга киритилди. Бердиев бу сафар ҳам 10лик чегарани нишонга ола билди. Яна бир қизиқ жиҳат, олдинги икки турда бирорта огоҳлантириш олмаган қаршиликлар Термизда бирданига 4та сариқ карточка билан "сийланишди".

Бердиевнинг Термизда рақиб ўйин услубидан келиб чиқиб 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйинни бошлади, менимча. "Сурхон" кўпроқ узун паслардан фойдаланади ва стандарт вазиятларга алоҳида тайёрланади. Ҳар иики жиҳатни зарарсизлантиришда 3 ҳимоячи қўл келади. Узун паслар ўтиб кетмаслиги учун ҳимояда доимий равишда 3 нафар баланд бўйли ўйинчиларнинг бўлиши муҳим. Стандартларда ҳам Бубанья, Касьян ва Д.Станоевич каби баланд бўйли ва бош билан жуда яхши ўйнай оладиган рақибга қарши 3 марказий ҳимоячи кўпроқ қўл келади. Чунки, "Насаф"нинг олдинги чиқиғида ўйнайдиганлар бўйдор эмас ва улар рақиб стандартларида кўп ҳам фойда бера олишмайди. Олдинги икки турда ҳужум орти ва вингер вазифаларини бажарган Ш.Муҳитдинов бу сафар чап қанотда лотерал ролини бажарди. Ҳозирда Шароф Бердиев учун "олтин балиқ" бўлса ажаб эмас. У юқоридаги 3 позициядан ташқари марказий ярим ҳимоя ва чап қанот ҳимояда ҳам ўйнай олади. Аслида Шароф марказий ярим ҳимоячи.


Учрашувда мухлислар тезкор гол кўришди. 7-дақиқада узоқ масофадан белгиланган жарима зарбасини Марко Станоевич ижро этди. Тўп йўл-йўлакай "Сурхон" футболчиларидан бирига тегиб кичик рикошет билан дарвозадан жой олди. 54-дақиқада Шерзод Каримов бурчак зарбасини амалга оширганидан кейин Александр Касьян "Насаф" жарима майдончасида юзага келган пала-партишликдан фойдаланиб мувозанатни тиклади - 1:1. "Насаф" бу сафар ҳам ўтказиб юборилган голга тез жавоб қайтара олди. Касьян ҳисобни тенглаштирганидан 7 дақиқа ўтиб Марко жуда чиройли пас билан Бозоровни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Ойбек эса рақиб посбонини алдаб ўтиб бўш дарвозани ишғол қилди. Шундан сўнг ҳар икки жамоа ҳам бир неча бор вазиятлар яратишди, аммо гол уриш ҳеч кимга насиб қилмади. 77-дақиқада мезбонлар сардори Шавкат Саломов қизил карточка олган бўлса, 89-дақиқада Шароф Муҳитдинов пенальтидан унумли фойдалана олмади. Шу тариқа, "Насаф" 3 турда учта ғалабани қўлга киритди ва "Пахтакор" билан бирга қўшҳокимликни қўлга олди.


Дастлабки 3 турда "Насаф" сафида самарали ҳаракатларни амалга оширган ўйинчилар:

Голлар:

Бобир Абдихолиқов 3та
Шароф Муҳитдинов 2та
Марко Станоевич 1та
Ойбек Бозоров 1та

Голли паслар:
Ҳусниддин Алиқулов
Шароф Муҳитдинов
Шерзод Насруллаев
Марко Станоевич (ҳаммаси биттадан)


"Насаф" кучайди


Ҳа, айнан шундай. Баъзида "аждарлар" бу йил кучсизланишгани ҳақида эшитаяпмиз ва ўқияпмиз. Лекин, ҳозирги таркиб ва 3 турдаги ўйинга назар соладиган бўлсак Рўзиқул Бердиев жамоаси бу мавсум кучайгани кўриниб турибди. Умид Эргашев ва Абдувоҳид Неъматовлар жароҳат олган бир пайтда яна бир кипер Машҳуржон Муҳаммаджонов чиқиб келди. Тўғри, у "Қизилқум"га қарши ўйинда қўпол хатога йўл қўйди. Аммо, бу техник хато. Муҳими, посбон ўша хатосидан етарли хулоса чиқара олиши. Ўнг ва чап қанот ҳимоясида Дилшод Саитов ва Шерзод Насруллаевлар бор. Ҳар иккиси ҳам аллақачон Суперлига ҳавосида нафас олиб улгуришган.

Марказий ҳимояда Умар Эшмуродов, Ғолиб Ғайбуллаев ва Ҳусниддин Алиқулов бор. Демак, ҳимоя чизиғида ҳаммаси жойида. Мавсум олдидан жамоани уч нафар марказий ярим ҳимоячи тарк этди: И.Рашидхонов, Азизжон Ғаниев ва Сардор Абдураимов. Уларнинг ўрнига эса икки нафар тажрибали футболчилар олиб келинди: Марко Станоевич ҳамда Дилшод Раҳматуллаев. Бердиев ҳар уччала ўйинда ҳам марказда иики футболчи хизматидан фойдалаётганини инобатга оладиган бўлсак кетганлар ўрни сон жиҳатидан қопланмагани билинмайди, назаримда. Боз устига, Акмал Мозговой ҳам аста-секин таркибга кириб бормоқда.

Ҳужумкор ўйинчилар борасида эса "Насаф"га Суперлиганинг унча-мунча клуби ҳавас қилса арзийди: Шароф Муҳитдинов, Ойбек Бозоров, Ислом Кенжабоев, Бобир Абдихолиқов, Харис Дилавер. Олдинги йилларда ёш деб таладиган "Насаф" футболчилари ҳозирга келиб катта футболда анчагина ўйин ўтказиб қўйишди ва энди улар тайёр ўйинчилардир. Қўшимчасига таркибга тажрибали ўйинчилар жалб қилинди: Д.Раҳматуллаев, М.Станоевич ва Х.Дилавер. Буларнинг барчаси таркибдаги бошқа йигитларга ёрдам бериши тайин. Айниқса, Марко Станоевич трансфери менимча "бинго" бўлди. Унинг майдондаги ҳаракатларидан кўриниб турибди-ки, серб яхши футболчи ва унинг жамоага, жамоадаги ўзидан ёши кичик футболчиларга жуда кўп ёрдами тегади. "Насаф"нинг ҳужумкор ўйинчиларини Суперлиганинг исталган клуби жон деб ўз таркибига жалб қилган бўларди. Шароф, Ислом, Ойбек ва Бобир Суперлигани "портлатишга" тайёр туришгандек. Улар орасидан Муҳитдинов ва Бозоров ҳужумларни яратишда ажралиб туришибди. Бу қаторга Маркони ҳам қўшиш мумкин. Муҳими, ўйланган позицион комбинациялар, жарима майдончаси ташқарисидан зарбалар, стандартлардан самарали фойдаланиш бор.

Бобир Абдихолиқов: “Бу мавсум тўпурар бўлишни мақсад қилганман”

Ҳозирги таркиб ва ўйин билан "Насаф" бемалол катта ўйинларда иштирок этиши ва ўз олдига аниқ вазифа қўйиши мумкин. Агар жамоа олдига аниқ вазифа қўйилмаса бу ўйинчиларга ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкин. Чунки, вазифа қўйилса ҳар бир ўйинга жангга чиққандек ёндошилади. Чунки, футболчиларни олдида аниқ мақсад ва нишон бўлади. Мақсадсиз ва вазифасиз жамоадан эса катта ўсишни кутиш қийин. Балки, олдинги чизиқда ротациялар қилиб туриш учун давралар оралиғида яна ўйинчилар олиб келинар. Буни бош мураббийнинг ўзи ҳам таъкидлаган.


Яна бир қизиқ жиҳат шунда-ки, "Насаф" айни пайтда Суперлига, U-21 ва U-18 чемпионатларида умуман йўқотишларсиз кетаётган ягона жамоа. "Пахтакор"нинг асосий таркиби ҳам 100 фоизлик натижа қайд этган, аммо "шерлар"нинг ҳар икки кичик ёшдаги жамоаларида биттадан дуранг бор. "Насаф"да яхши академия бор ва бу яқин йиллардан мева бера бошлаган. Шу сабаб, мана жамоанинг ёшлар жамоалари ҳам пешқадам бўлиб туришибди. Ҳозирги пойдевор, инфраструктура, таркиб ва мураббий билан жиддий вазифа қўйиладиган пайт келган, назаримда.


Охирги йиллардагига нисбатан кучайган "Насаф"дан худди шундай кучайган натижалар кутиб қоламиз. Зеро, "Насаф" юқори ўринларга ва халқаро майдондаги иштирокка муносиб жамоа.


Ўзбекистон чемпионати турнир жадвали ва тўпурарлар рўйхати >>>>> СУПЕРЛИГА

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +67   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика