ЖЧ олдидан. Уругвай-1930
06 июн 2018 19:30
Янгиликлар
ЖЧ олдидан. Уругвай-1930
1930 йилда футбол тарихидаги илк мундиал ўтказилди. Турнир 13-30 июль кунлари Уругвай яшил майдонларида бўлиб ўтди. 1928 йилнинг 28 май кунида ФИФА раҳбарияти ЖЧ ўтказиш борасида қарор қабул қилди. 1929 йилнинг 18 май кунидаёқ турнир мезбони сифатида Уругвай танлаб бўлинганди. Ўша вақтларда Уругвай дунёнинг энг кучли термаларидан бири бўлган, жамоа 1924 ва 1928 йилги олимпиадаларда ғолибликка эришганди.
Мундиалнинг барча учрашувлари мамлакат пойтахти Монтевидеода ўтказилган. Турнирга ФИФАнинг барча давлатлардан расмий вакиллари таклиф этилган. Бироқ Уругвайга фақатгина 13 давлат (Жанубий Америка - 7, Европа - 4, Шимолий Америка - 2) термалари боришган. Кўхна қитъадан кам терманинг боргани сабаби сифатида ўша даврларда Европадан Жанубий Америкага саёҳат қилиш қийин бўлганлиги қилиб келтирилди. Қуръа натижаларига кўра, жамоалар 4 гуруҳга бўлинишди, ундаги ғолиб жамоалар ярим финалга йўлланма олишди.
Турнирнинг дастлабки икки учрашуви бир вақтда бошланди. Унда Франция ва АҚШ термалари Мексика ҳамда Бельгияни 4:1 ва 3:0 ҳисобида мағлуб этишди. Франциялик Люсьен Лоран жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голни киритди. Аргентина, Уругвай, АҚШ ва Югославия термалари ўз гуруҳларида ғолибликка эришиб, ярим финалда ўзаро кураш олиб боришди. Унда Жанубий Американинг икки термаси ғолиб бўлиб, ҳал қилувчи учрашувга йўлланма олишди. Унда мезбонлар, турнир фаворитлари 68 минг мухлис олдида Аргентинанинг 4:2 ҳисобида мағлуб этди ва илк жаҳон чемпионига айланди.
УНГАЧА БЎЛГАН ТАРИХ
ЖЧ ўтказилиш борасидаги қарорнинг қабул қилиниши Футбол спорт туридаги илк ўртоқлик учрашуви 1872 йилда Шотландия ва Англия термалари иштирокида ўтказилган. Илк халқаро турнир эса 1884 йилда ташкил қилинган. XIX-XX йилларда футболга бўлган эътибор анчагина ошди. Шу боисдан Халқаро Олимпия қўмитаси футболни 1900 ва 1904 йилги Олимпиада ўйинларига намунавий спорт тури сифатида киритилди. Унда ғолибларга медаллар тақдим этилмади.
1904 йилда йилда ФИФА ташкил этилганидан кейин футбол турнирларига берилаётган эътибор янада кўтарилди. Олимпия ўйинлари масштаби остидаги турнир 1906 йилда ташкиллаштирилиши мўлжалланганди. ФИФА расмий сайти маълумотига кўра, турнир бекор қилинган.
1908 йилда Лондонда ўтган Олимпия ўйинларида футбол турнирнинг расмий спорт тури сифатида эътироф этилди. Англия футболи ассоциацияси илк турнирни ҳаваскорлар учун ташкил қилди.
1914 йилда ФИФА "футбол бўйича ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионати" номли Олимпия турнирни ўтказишга рози бўлди ва буни ташкиллаштиришни ўз бўйнига олди. Бу дастлабки қитъалараро мусобақа эди. 1920 йилдаги турнирда Бельгия терма жамоаси ғолибликка эришди. 1924 ва 1928 йилги турнирларда эса Уругвай чемпион бўлди. Футболга бўлган қизиқишни кўрган ФИФА президенти Жюль Риме жаҳон чемпионатини ўтказишга қарор қилди.
МЕЗБОННИНГ ТАНЛАНИШИ
Илк турнирни ўзида қабул қилиш учун Италия, Швеция, Испания, Голландия ва Уругвай каби давлатлар даъвогарлик қилишди. Бир неча сабабларга кўра, мезбон сифатида Уругвай танланди. Мисол учун, Уругвай - амалдаги Олимпия ўйинлари ғолиби, дунёнинг энг кучли термаларидан бири эди. Уругвайликлар аризада турнир янги қурилаётган стадионда ўтказилишини ваъда қилганди. Совға сифатида уругвайлик мансабдор шахслар турнирда қатнашадиган термаларга моддий томондан ёрдам беришини маълум қилишди. Шу боисдан, қолган барча даъвогарлар олиб ташланди ва Уругвай бир сўз билан мезбон сифатида танланди.
ТУРНИР СОВРИНИ
Жаҳон чемпионати соврини Ҳайкалтарош Абель Лафлёрнинг эскизлари асосида тайёрланган "Олтин маъбуда" номи билан машҳур бўлган. Кубок (баландлиги 35 см, оғирлиги 3,8 кг) олтин суви юргизилган кумушдан иборат эди. Унда қаноти чиқарилган Ника номли ғалаба маъбудаси тасвирланганди.
Қатнашчилар
Илк чемпионат саралашларсиз ўтказилган ягона мундиал ҳисобланади. Ундаги термалар розилик йўли билан танлаб олинганди. ЖЧда қатнашмоқчи бўлганлар 1930 йилнинг 28 февраль кунигача буни маълум қилишлари керак эди. Турнирда қатнашиш учун асосан Америка қитъаси вакиллари рози бўлишганди: Аргентина, Бразилия, Боливия, Чили, Мексика, Парагвай, Перу ва АҚШ. Европадан Бельгия, Франция, Руминия ва собиқ Югославия давлати термалари иштирок этган.
Стадионлар
Барча учрашувлар Монтевидеода бўлиб ўтди. Турнирни ўтказишда пойтахтнинг 3 стадионидан фойдаланилди: "Сентенарио", "Поситос" ва "Гран Парк Сентраль". "Сентенарио" ушбу турнир учун, шунингдек, мамлакатнинг 100 йиллиги учун аҳолига совға сифатида қурилганди.
Ҳакамлар
Европадан: Тома Бальве, Анри Кристоф, Жон Лангенус, Константин Рэдулеску.
Жанубий Америкадан: Гуалберто Алонсо, Мартин Архестгай, Доминго Ломбарди, Хосе Масиас, Франциско Матеуччи, Жилберту Регу, Улисес Сауседо, Анибаль Техада, Рикардо Вальярино, Альберто Варнкен.
Шимолий Америкадан: Гаспар Валлежо.
Фикрлар