

Янги ихтиро кичик мобил телефонни эслатади. Унинг ёрдамида футболчиларни нафақат огоҳлантириш ва майдондан четлатиш, балки майдонда содир бўлаётган ҳодисаларни қайд этиб, маълумотларни федерациянинг электрон тизимига узатиш ҳам мумкин. Ушбу тажриба ҳақида Футбол ҳакамлари ассоциацияси президенти Марсело де Леон “El Espectador” радиостанциясига берган интервьюсида сўзлаб берди.
Қурилма “виртуал карточкалар” номини олди. У кичик экран ва иккита тугма билан жиҳозланган. Бир тугма босилганда дисплей сариқ рангга, иккинчиси босилганда эса қизил рангга киради. Шу тариқа, футболчи одатий пластик карточка ўрнига тегишли рангли экранни кўради.
Бироқ янгиликнинг имкониятлари бу билан чекланиб қолмайди. У бир вақтнинг ўзида электрон блокнот вазифасини ҳам бажаради. Ҳакам огоҳлантиришлар, четлатишлар, алмаштиришлар, пенальтилар ва ўйиннинг бошқа воқеаларини қайд этиб бориши мумкин. Маълумотлар дарҳол мамлакат футбол ассоциацияси расмий статистикани юритиш учун фойдаланадиган COMET тизимига келиб тушиши лозим.
Ҳозирги вақтда ҳакамлар бу каби маълумотларни ёзиб боришади ва учрашув якунлангач, уларни қайдномага кўчиришади. Янги қурилма бу жараённи автоматлаштириш ҳамда ҳисоботларни тайёрлаш вақтини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.
Келгусида ишлаб чиқувчилар маълумотларни нафақат федерация ходимларига, балки журналистларга ҳам узатишни йўлга қўйиш ниятида. Бу эса майдонда кечаётган воқеалар ҳақидаги расмий маълумотларни бевосита ўйин вақтида олиш имкониятини яратади. Де Леоннинг сўзларига кўра, электрон карточка ўйин вақтида ҳакамларга халақит бермайдиган даражада енгил.
Янги ихтиро Уругвай Кубоги доирасидаги “Дефенсор Спортинг” – “Пласа Колония” учрашувида синовдан ўтказилди ва бу жараёнда муаммога дуч келинди. Ўйин Монтевидеодаги “Луис Франсини” стадионида кундузи бўлиб ўтган. Ёрқин қуёш нури сабабли экрандаги тасвир яхши кўринмай қолган. Шу боис бош ҳакам қурилмадан тўлиқ фойдалана олмади.
Шунга қарамай, синовлар тўхтатилмади. Қанот ҳакамлари ва тўртинчи ҳакам воқеаларни қайд этиш учун электрон блокнотлардан фойдаланишди.
Иккинчи синов Кубок доирасидаги “Насьональ” – “Рентистас” учрашувида бўлиб ўтди. Ҳакам Эдуардо Варела огоҳлантириш ва четлатиш учун электрон карточкани бир неча бор ишлатди. Уругвайлик журналистлар экран ранги узоқдан у қадар яхши фарқланмаётганига эътибор қаратишди.
Ушбу тажрибанинг VAR тизимига алоқаси йўқ. Электрон карточка-блокнот такрорий лавҳаларни кўриш учун мўлжалланмаган ва ҳакамга қарор қабул қилишда ёрдам бермайди. Вазифа анча оддий — қоғоздаги қайдлар ўрнини босиш, қайдномаларни расмийлаштиришни соддалаштириш ва учрашув воқеалари ҳақидаги маълумотларни узатишни тезлаштириш.



