ЖЧ-2018 тугади, Қатардагиси қандай бўлади?
17 июл 2018 13:14
Янгиликлар
ЖЧ-2018 тугади, Қатардагиси қандай бўлади?
Бир ой ҳаш-паш дегунча ўтиб кетди. Финалдан кейин кўпчилик энди навбатдаги мундиал ҳақида гапира бошлади. Биласиз, кейинги жаҳон чемпионати 2022 йил Қатарда ўтказилади. Хўш, Қатардаги мусобақа қандай бўлади? Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.
Қарор қачон қабул қилинганди?
Қатар варианти ҳам худди ЖЧ-2018 мезбони Россия билан бир кунда, яъни 2010 йилнинг 2 декабрь санасида расман тасдиқланганди. Цюрихда бўлиб ўтган ФИФА ижроқўми йиғилишида Қатар ЖЧ-2022 мезбони сифатида овоз йиғиш бўйича рақобатчи давлатлар Австралия, Япония, Жанубий Корея ва АҚШни ортда қолдириб, ҳал қилувчи овоз бериш жараёнида Қатар энг яқин таъқибчиси АҚШдан ўзиб кетганди.
Мусобақа қачон ўтказилади?
Қатар расман ЖЧ-2022 мезбони деб эълон қилингач, кейинги масала мусобақани қачон ўтказишда қолганди. Маълумки, Қатар ниҳоятда иссиқ мамлакатлар сирасига киради ва бу ерда май ойидан то сенбяргача ҳаво ҳарорати 40-45 даража бўлади. Бу эса ФИФАни жиддий ўйлантириб қўйгани бор гап. Ахир бундай иссиқда югуришнинг ўзи бўладими. Кейинчалик қатарликлар жаҳон чемпионати пайтида ҳамма шароит бўлишини, стадионлар кондиционер совутиш тизими билан таъминланишини айтишди. ФИФАнинг ўша пайтдаги президенти Йозеф Блаттер мусобақани баҳорда ўтказиш таклифини илгари суради, лекин буни кўпчилик маъқулламайди. Охири 2014 йил ФИФА бош котиби Жером Вальке расман ЖЧ-2022 куз-қиш фаслида бўлиб ўтишини айтди ва мусобақа кунлари сифатида 21 ноябрь - 18 декабрь белгилаб олинди.
Шаҳарлар ва стадионлар
Қатарда бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионати еттита шаҳарда ташкил этилади: Доҳа, Ал Вакр, Ал Райан, Умм Салал, Мадинат Аш Шамале ва Лусаил. Дастлаб Қатар ЖЧ учун учта стадионни қайта таъмирдан чиқариш ва тўққизта янги стадион қуришни мўлжаллаганди. Бироқ кейинчалик ҳаммаси бўлиб саккизта стадион бўлса етарли деган қарорга келинди. Лекин бу ҳали якуний тўхтам эмас. Шуниси маълумки, ўйингоҳлар бир-бирига яқинроқ жойлашган бўлади. Масалан, бир стадиондан иккинчисига боришга кўпи билан бир соат кетади. Бу эса мухлисларга қулайлик туғдиради.
"Халифа" стадиони (Доҳа)
Ҳозирча Доҳадаги фақат шу стадион фойдаланишга топширилган. Маълумки, Доҳа - Қатар пойтахти ва мамлакатдаги энг катта шаҳар ҳисобланади. Ушбу ўйингоҳ 1976 йилда қурилган бўлиб, 2017 йил қайта таъмирлашга топширилган. Сиғими 40 минг томошабинга мўлжалланган. Бу ўйингоҳ жаҳон чемпионатидан кейин турли спорт мусобақалари ўтказиладиган арена бўлиб қолади.
"Ал Байт" (Ал Хор)
"Ал Байт" стадиони 60 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, ЖЧнинг ҳар иккала ярим финал учрашуви шу стадионда ўтказилади. Мусобақа якунига етгач, стадион кичрайтирилади ва ўриндиқлари сони 32 мингта қилинади. Шу йилнинг декабрь ойида стадион қурилиши битказилади.
"Ал Вакра" (Ал Вакра)
Ушбу стадион 40 минг мухлисга мўлжалланади. Порт ёнида қуриладиган стадион лойиҳаси асли ироқлик Британия фуқароси Заҳи Ҳадид томонидан ишлаб чиқилган. Архитектор 2016 йил вафот этганди. Мундиал якунига етганидан сўнг ўриндиқлар сони икки баробар қисқаради. Лекин арена Ал Вакрадаги энг ихчам спорт иншооти бўлиб қолаверади. Стадион ёнида теннис кортлари, баскетбол майдончалари, масжид ва тўй маросимлари ўтказиладиган зал қуриш ҳам лойиҳага киритилган.
"Ал Райан" (Ал Райан)
"Ал Райан" ҳам 40 минг томошабинга мўлжалланган стадион бўлади. Бу асосан ислом динига хос меъморий шаклда қурилади. ЖЧ-2022 тугаганидан сўнг "Ал Райан" клубининг уй стадиони бўлиб қолади. Ҳозир бу жамоани Микаэль Лаудруп бошқармоқда. Мундиал якунига етгач ўриндиқлар сони 22 мингтага қисқаради, стадион атрофида эса сув спорт турлари учун марказ ва енгил атлетика заллари қурилади.
"Қатар фонди" (Доҳа)
Доҳада қуриб битказиладиган яна бир стадион "Қатар фонди" (Qatar Foundation) деб номланади ва бу ўйингоҳ ҳам 40 минг томошабинга мўлжалланган бўлади. Стадион ёнларида турли ўқув бинолари жойлашади. Стадион ташқи томондан улкан олмосга ўхшаб кетади. Қуёш чарақлаб турган пайтда товланувчан тусга киради. Келажакда университет жамоалари бу ерда ўйнаши кутилмоқда.
"Ал Тумама" (Доҳа)
"Ал Тумама" стадиони ҳам Доҳада қурилади ва 40 минг мухлисга мўлжалланган бўлади. Стадион ташқи кўриниши мусулмон мамлакатларда эркаклар кийиб юрадиган бош кийимга ўхшаб кетади. Бу стадион ҳам мундиалдан сўнг ўриндиқлари сони икки баробар қисқаради ва ўйингоҳ ҳудудида ФИФАнинг тиббий маркази барпо этилади. Шунингдек, спорт мажмуалари ҳам қурилади.
"Рас Абу Абуд" (Доҳа)
Қирғоқ яқинида қад кўтарадиган ушбу стадион "Рас Абу Абуд" деб номланади ва 40 минг томошабинга мўлжалланган бўлади. Жаҳон чемпионатидан кейин тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилиб, кичикроқ кўринишга келтирилади.
"Лусаил" (Лусаил)
Шубҳасиз мамлакатдаги энг катта стадион "Лусаил" бўлади (сиғими 86,250), бунда очилиш учрашуви ҳамда финал баҳси ўтказилади. Қизиғи шундаки, Қатарда ҳозирча Лусаил деган шаҳар йўқ ва у энди қуриляпти. Айнан ЖЧ туфайли барпо этилаётган ушбу шаҳар Доҳадан 15 км. узоқликда жойлашган бўлади. Шаҳарда 200 минг нафар аҳоли яшаши мумкин. Мундиалдан сўнг арена 20 минглик стадион кўринишига келтирилади ва маҳаллий аҳоли учун спорт маркази сифатида хизмат қилади.
Бюджет
ЖЧ-2022 барча жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг қиммат турнир бўлади. Қатар навбатдаги мундиални жуда зўр ўтказиш мақсадида 200 миллиард доллар сарфламоқчи. Мисол тариқасида ЖАРда ўтказилган мундиал бюджети 7 миллиард, Бразилияда бўлиб ўтган мусобақа 14 миллиард долларни ташкил этганди. Россиядаги жаҳон чемпионатининг бюджети эса 11 миллиард долларга айланди. Нега Қатар кўп пул сарфлайди? Чунки лойиҳага кўра фақат стадионлар қуриш билан чекланиб қолинмайди, балки метро линияси, темир йўл бекатлари, йирик аэропорт, шунингдек Лусаил шаҳри қуриб битказилади. Фақат стадионларни қуриш учун 10 миллиард доллар сарфланади.
Мухлислар учун шароит
Қатар - авваламбор мусулмон мамлакат. Жаҳон чемпионатида эса кўплаб давлатлардан турли ирқ ва динга мансуб мухлислар ташриф буюради. Қатарда спиртли ичимликлар деярли сотилмайди, фақат айрим дўконлар бундан мустасно, холос. Қолаверса, бу ерда спиртли ичимликларни фақат хорижликлар сотиб олиши мумкин. Шунингдек, ташқаридан олиб киришга ҳам рухсат берилмайди. Лекин мусобақа жаҳон чемпионати бўлгани учун ҳам ташкилотчилар фан-зоналарда ҳар хил ичимликлар сотувини йўлга қўйишга ваъда беришган.
ЖЧ атрофидаги машмашалар
Аслида ЖЧ-2022 мезбони сифатида Қатарни танлаш бир қатор машмашаларга сабаб бўлганди. Аввалига ФИФА ҳаммасини сотиб олди деб ташкилотга шубҳа билан қараганлар ҳам бўлди. Лекин 2015 йил Йозеф Блаттер чиқиш қилиб Қатар варианти УЕФАнинг олдинги раҳбари Мишель Платинидан чиққанини айтди. Платини 2022 йилги жаҳон чемпионати АҚШда ўтказилишига ниҳоятда қарши эди, шу боис ҳам якунда ФИФА президенти бўла олмади. Бу ҳақда Франциянинг "Le Monde" газетаси ёзганди.
Яна бир муаммо эса инсон ҳуқуқларининг бузилишидир. Гап қурилиш объектларида ишлаётган одамларнинг кунлик маоши ҳақида кетяпти.
"Guardian" нашри ёзишича, Ал Вакра шаҳридаги стадионда ишлаётган қурувчилар кунига 8 доллардан ҳақ олаётган эканлар. Жума дам олиш куни эканлигини инобатга олсак, улар ойига ўртача 200 доллар топишяпти. Ёзда ҳаво ҳарорати 50 даражага чиқиши кузатиладиган мамлакатда ишчиларнинг ойига 200 доллар учун ишлаётгани кўпчилик футбол раҳбарларига ёқмаяпти.
Айнан 2014 йилги маълумотларга кўра, техника хавфсизлигига амал қилмаслик натижасида Қатарда мингдан зиёд арзон ишчи кучи вафот этди. Лекин бу ҳақда расмий маълумот беришни ҳеч ким хоҳламаяпти. Айниқса бошдан иссиқ ўтиши ва турли юқумли касалликлар оқибатида кўп одамлар бевақт ўлиб кетди. Қатар эса бу ҳақда бош қотираётгани йўқ ва бор эътиборини ЖЧ-2022ни юқори даражада ўтказишга бел боғлаган ҳолда олға қарашда давом этмоқда.
Х.Холиқов тайёрлади.
Фикрлар