Жалолиддин Машарипов: "Мухлис билан урушмадим, аксинча, бизни қўллаб-қувватланглар дедим"

Mirjalol Normatov
11 окт 2024, 00:55
Ўзбекистон термаси футболчиси Жалолиддин Машарипов Эронга қарши ўйиндан кейинги фикрларини билдирди.

- Гуруҳдаги энг кучли иккита терма ўйнади. Асосий вазифа - ғалаба эди. Эронни ютиб, мухлисларни хурсанд қилмоқчи бўлгандик. Лекин муҳими биринчи ўринда қолдик. Худо хоҳласа, жаҳон чемпионатига чиққунимизча шу ўринни ушлаб қолмоқчимиз. 

- Биринчи дақиқаларда йиқилиб тушдингиз-ку, ўшанда инерция орқали йиқилдингизми ёки контакт бўлдими?

- Контакт ҳам бор эди. Лекин бу вазиятни кўришим керак.

- Ўйиндан кейин мухлислар билан тортишиб кетдингиз.

- Йўқ, бир мухлис футболчиларга қараб, кўп бақирди. Нега норози бўласизлар, оддий термага қарши ўйнамадик, аксинча бизни қўллаб-қувватланглар деб айтдим. Чунки йигитлар бугун 100 фоиз борини берди ва позицияни ушлаб қолиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилди. 

- Бобир Абдихолиқов майдонга тушганида балки термамиз ғалаба қозонган бўлармиди?

- Худони айтгани бўлади. Агарда пешонада ғалаба ёзилган бўлса, Бобирсиз ҳам ютган бўлардик. 

- БААга қарши ўйиндан нима кутяпсиз?

- Шу куни ҳам фақатгина 3 очко учун майдонга тушамиз.

- Ҳакамлик ҳақида нима дея оласиз?

- Ўйин видеосини кўриб чиқишимиз керак. Бир-икки вазиятларда ўйинни тўхтатганини ҳисобга олмасак, бугун у ўйинга қўйиб берди.

- Аббос Файзуллаевнинг чиқиб кетгани қандай қарор бўлди?

- Энди ким захирага олинишини биз айтмаймиз. Буни мураббийлар ҳал қилади. Ўрнига Остон тушди. Агарда у юз фоиз тайёр бўлганида термага катта эффект берарди. 

- Сречко Катанец ўйиндан олдин онлайн тарзда суҳбат олиб бордими?

- Албатта, ўйиндан олдин онлайн тарзда барчасини айтиб турди.

Ўхшаш янгиликлар


Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: championat.asia