Жаҳон чемпионати қуръаси қачон бўлади?
07 июн 09:05
Янгиликлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихий натижа қайд этиб, илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқди. Авваллари биз учун орзу бўлиб келган мундиал армони йўқолди. Энди бу ҳақиқатга айланди.
Сафарда БАА билан ўйинда бизни дуранг ҳам қониқтирарди. Йигитлар буни уддалашди ва саралашнинг учинчи босқич тугашига бир тур қолганида халқимизга ЖЧ йўлланмасини тақдим этишди.
Жаҳон чемпионатига чиқишимиз учун катта меҳнат қилинди. Бу ўз-ўзидан рўй бериб қолгани йўқ. Ҳозирча саралашнинг ушбу босқичида 9та ўйин ўтказиб, шундан бештасида зафар қучдик. Уч марта дуранг ўйнаб, фақат бир бор мағлуб бўлдик. 18 очко тўплаш мундиал чиптаси учун етарли бўлди.
Келаси йил бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирокчилар сони 32тадан 48тага етказилиши ҳам қўл келди. Бунинг натижасида квоталар сони ошиб ФИФА Осиёга аввалгидек тўртта эмас, саккизта йўлланма берди. Эндиликда янгича форматдаги Жаҳон чемпионатида жамоалар 4тадан 12 гуруҳга бўлинади. Ҳар бир гуруҳдан иккитадан жамоа, шунингдек энг яхши кўрсаткич қайд этган 8та учинчи ўрин эгалари ҳам кейинги босқичга йўл олади. Бу дегани биз нафақат "музқаймоқ ейиш", балки гуруҳдан чиқиш учун ҳам мундиалга борамиз
Жаҳон чемпионатида ўйинлар сони ошади. Бунгача 64та учрашув ўтказиб келинган бўлса, ЖЧ-2026дан бошлаб 104та ўйин гувоҳига айланамиз. Қолаверса, мундиал бошидан охиригача 39 кунни ташкил этади. Таққослаш учун 2014 ва 2018 йилги мундиаллар 32 кун давом этганди. Яна бир маълумот, Жаҳон чемпионати учун якуний таркиб 2026 йилнинг 24 март санасигача тақдим этилиши шарт.
Кеча бўлиб ўтган ўйинлар бошлангунига қадар мезбон мамлакатлардан (АҚШ, Мексика, Канада) ташқари Жаҳон чемпионатига чиққан жамоалар сони тўрттани ташкил этганди: Япония, Эрон, Янги Зеландия ва Аргентина. Кеча қитъамизда 9-тур баҳслари ўтказилиб, мундиалга чиққан яна учта жамоа номини билиб олдик: Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Иордания.
Демак, ҳозирги пайт келиб учта мезбонни қўшиб ҳисоблаганда жами 10та жамоа номи маълум. 10 июнь кунги ўйинлардан сўнг Осиёдан чиққан яна битта жамоа номи маълум бўлади. Бу Австралия ёки Саудия Арабистони бўлади. Шу ўринда қитъамизда бўлиб ўтган кечаги ўйинларни ёдга олсак.
5 июнь. БАА - Ўзбекистон 0:0
5 июнь. Қатар - Эрон 1:0
5 июнь. КХДР - Қирғиз Республикаси 2:2
5 июнь. Уммон - Иордания 0:3
5 июнь. Ироқ - Жанубий Корея 0:2
5 июнь. Қувайт - Фаластин 0:2
5 июнь. Австралия - Япония 1:0
5 июнь. Индонезия - Хитой 1:0
5 июнь. Баҳрайн - Саудия Арабистони 0:2
Кўриб турганингиздек, ЖЧ йўлланмасини бунгача нақд қилган Эрон ва Япония бу тур мағлубиятга учради. Балки бу мотивация бироз йўқолиб қолгани билан изоҳланиши мумкин. 10 июнь кунги охирги тур баҳсларида қуйидаги қарама-қаршиликлар бўлиб ўтади.
10 июнь. Ўзбекистон - Қатар
10 июнь. Қирғиз Республикаси - БАА
10 июнь. Эрон - КХДР
10 июнь. Жанубий Корея - Қувайт
10 июнь. Иордания - Ироқ
10 июнь. Фаластин - Уммон
10 июнь. Япония - Индонезия
10 июнь. Хитой - Баҳрайн
10 июнь. Саудия Арабистони - Австралия
Турнинг энг марказий ўйини Жидда шаҳридаги "Қирол Абдуллоҳ" стадионида Саудия ва Австралия термалари ўртасида кечади ҳамда учрашув якунига кўра, қайсидир жамоа мундиал йўлланмасига эга бўлади. Ўтган йил 14 ноябрь куни Мельбурнда кечган баҳсда 0:0 ҳисоби қайд этилганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, буёғига Жаҳон чемпионати қуръаси қачон деган савол кўп берилади. Ҳозирча куни аниқ эмас, фақат шу йилнинг декабрь ойида ўтказилиши маълум. Қуръа жараёнини ўзида қабул қилиш учун Лос Анжелес, Вашингтон каби йирик шаҳарлар ўзаро баҳс олиб боряпти. Лекин якуний қарорни ФИФА қабул қилади.
Биз эса байрамни нишонлашда давом этамиз ва албатта 10 июнь куни Қатар билан бўладиган ўйинни ҳам унутиб қўймаймиз. Гарчи мундиалга чиққан бўлсак-да, бизга ФИФА рейтинги учун очко жуда муҳим, қолаверса мухлислар ҳам терма жамоамиз ғалабасидан сўнг байрамни ортиғи билан нишонлашни хоҳлайдилар.
Х.Холиқов.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
Уларам кейинги плей оф га чиқиб бўлишган.
CAFA Cup bu yil bo'larmikan? Agar bo'lsa qo'shni Qozog'istonni taklif qilsak yaxshi bo'lardi intriga uchun!.
Эгатларга биринчи сув тараганингизда йул очиб эгат бошига чиккунча кийналиб секин чикиб боради кейинги сув куйганда эса тезда чикиб боради.
Узбекистон ЖЧ биринчи марта чикди энди шу сувни сингари бардавом булади насиб этса хамма нарсани бошида кийин булади бир марта бот......ча