Исламбек Сейтназаров: "Бизда бош мураббий касал, ёрдамчи мураббийнинг ўзи йўқ"

Оқил Абдубарноев
29 апр 2022, 20:16
"Арал Самали" менежери Исламбек Сейтназаров Про лиганинг 6-туридан ўрин олган "Шўртан" - "Арал Самали" учрашуви ҳақида фикр билдирди.

Ўйин ҳақида

- Ўйин яхши ўтди. Бугун жамоамизнинг ўйини ўхшамади, сабаби жамоада йўқотишлар ниҳоятда кўп эди. "Шўртан" жамоасини ғалаба билан табриклайман. 

- Тўрт-беш дақиқа ичида "Арал" учта гол ўтказиб юборди. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Буни эътиборсизлик натижаси деб ўйлайман. Хотиржамликка берилдик. 

- Биринчи бўлимда шогирдларингиз яхши ҳаракат қилишди. Биринчи гол уларнинг руҳиятига таъсир ўтказдими?

- Албатта, дастлабки гол футболчиларнинг руҳиятига катта зарба берди. 

- Жамоа бош мураббийи ва унинг ёрдамчиси бугунги ўйинда нега иштирок этмади?

- Бош мураббий даволанмоқда, жамоамизда ёрдамчи мураббийнинг ўзи йўқ. 

- "Арал" сунъий майдонда тўп тепади. Ҳам сунъий, ҳам табиий майдонда ўйнаш футболчиларни толиқтирмайдими?

- Албатта, бу ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Жамоа сунъий майдонга ўрганган. 

- Бугун захирада 5 нафар футболчи бор эди, улар орасида ҳужумчи йўқ эди. Таркибда ҳам битта ҳужумчи майдонга тушди. Бир жамоага битта ҳужумчи камлик қилмайдими?

- Ўйинчиларимизнинг кўпчилиги жароҳат олган. Шу боис битта ҳужумчи билан келишга мажбур бўлдик.

- Қорақалпоғистондан Қашқадарёгача 12 соат йўл босиб келдингизлар. Йўл чарчоғидан сўнг қолган вақт ўйинчиларнинг тикланиши учун етарли ҳисобланадими?

- Албатта, бу ҳам уларга таъсир ўтказади. 

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia