UZ

Сўнгги янгиликлар

19:54"Боруссия Дортмунд" мавсум охирида Ройс кетишини эълон қилди  0 19:45U-23 Осиё кубоги. ФИНАЛ. Ўзбекистон — Япония (матнли трансляция)  5 19:42Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг стадионга етиб келишидан эксклюзив кадрлар!  2 19:20"Реал" "Ривер Плейт" билан Мастантуоно бўйича алоқага чиқди  1 19:07U-23 Осиё Кубоги. Ўзбекистон U-23 термасининг Японияга қарши таркиби маълум  26 18:56Ўзбекистон ва Япония олимпия терма жамоалари ўзаро ўйинлар тарихи. "Самурай"лар бизни мағлуб эта олишмаган  1 18:40Жассим бин Ҳамад номидаги стадион кийиниш хонасидан эксклюзив суратлар!  1 18:35Про лига. 10 киши қолган "Олимпик MobiUZ" 90+3 ва 90+6-дақиқаларда иккита гол уриб, мағлубиятдан қутулиб қолди  4 18:24U-23 Осиё кубоги. Финални икки киши шарҳлайди  33 18:17МЮ "Кристал Пэлас" вингери учун курашда етакчилик қилмоқда  0 17:40"Реал" хавбеки Испания чемпионатининг навбатдаги ўйинини ўтказиб юбориши мумкин  1 17:00"Милан" Жирудан кейин яна бир футболчисини текинга қўлдан чиқариши мумкин  1 16:39"Бавария" Зидан Мюнхенда муваффақиятга эриша олишига шубҳа қилмоқда  5 16:15Люка Эрнандес Евро-2024ни ўтказиб юборади  4 15:51Юрген Клопп Муҳаммад Салаҳ билан тортишиб қолгани ҳақида: "Биз гаплашиб олдик, барчаси ҳал"  5

"Интер" ярим ҳимоясидаги "янги девор" ёхуд Эриксен — Конте учун идеал вариант! Янгиликлар

"Интер" ярим ҳимоясидаги "янги девор" ёхуд Эриксен — Конте учун идеал вариант!

Италия чемпионатининг 22-турида "Интер" меҳмонда "Удинезе"ни мағлуб этди (0:2), Кристиан Эриксен эса асосий таркибда майдонга тушди.

Яна бир трансфер эртаги ўз ниҳоясига етди: сўнгги бир йил ичида "Тоттенхэм"дан кетишни жуда ҳам хоҳлаган Кристиан Эриксен ваниҳоят клубни тарк этди ва янги жамоа сафига бориб қўшилди. Лондонда унга янги шартнома таклиф қилишган эди. У Италиянинг топ клубларидан бири "Интер"га ўтди — ва бу қишки трансфер ойнасининг энг қайноқ янгилиги бўлди. Даниялик ўйинчи Миланга кўчиб борди, машғулотларда иштирок этди ва "Интер" сафида дебют қилишга ҳам улгурди.

Очиғини айтсак, ярим йил аввал ушбу трансфер амалга ошишига ишониш қийин эди. Бироқ бугунги кунга келиб, бу ҳамма учун энг маъқул йўл бўлди: "Тоттенхэм" ўйинчи учун кам бўлса-да, пул ишлаб олди, Эриксен ўзи истагандек янги жамоага ўтди ва маоши ошди (2 баробар кўп), Конте эса — ажойиб ярим ҳимоячига эга бўлди.

"Тоттенхэм" Эриксен учун 20 млн евро олди. Лекин шундан икки млн евро "Аякс" ҳисобига ўтказилади (Эриксен 2013 йил 14 млн евро эвазига Амстердамдан Лондонга кўчиб ўтган эди). 20 миллион — бундай ярим ҳимоячи учун арзимаган пул (Transfermarkt уни 90 млн еврога баҳолаётганди), аммо Кристиан туфайли ҳеч бўлмаганда нимадирга эга бўлиш учун бу ягона йўл эди. Сабаби ёзда шартноманинг амал қилиш муддати ўз якунига етарди. Қолаверса, даниялик бошқа клуб билан музокаралар ўтказишга ҳаққи бор эди.

Эриксен "Интер" билан 2024 йилгача шартнома имзолади, даниялик 10 млн евро олади. Эриксен А Серияда маош юқорилиги бўйича Криштиану Роналдудан кейин иккинчи ўрин бўлди. "Тоттенхэм"да бундан икки баробар кам маош олган — 4,6 млн евро. Ярим ҳимоячи "Тоттенхэм"дан уни қўйиб юборишини кўп бор илтимос қилди, аммо Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг бу ҳақида очиқ айтди: "Фаолиятимнинг шундай палласи келдики, баъзи нарсаларни ўзгартириш зарур бўлиб қолди. "Тоттенхэм" билан ўтган ҳар бир куним мен учун қадрли, бу ерда жуда бахтли бўлдим. Аммо мен энди янгилик истаяпман. Тез орада барчасига ойдинлик киритилади деб умид қиламан".

Аммо шундан сўнг данияликнинг ўйини ёмонлашиб борди — жорий мавсум АПЛдаги кўрсаткичи 2+2 бўлди. Ўтган мавсум — 8+12. Бунга жамоадаги атмосфера ҳам таъсир кўрсатди: Почеттино ярим ҳимоячини захира ўриндиғига "михлаб қўйди" ва матбуот анжуманларида даниялик билан боғлиқ саволлларга жавоб беришни истамади, у ҳақида эшитса асабийлашиб кетди.


Эриксен — Конте учун идеал вариант!

28 январь куни Кристиан Эриксен расман "Интер" ўйинчисига айланди. 2020 йилнинг ёзида якунига етадиган шартнома туфайли охирги ярим йил даниялик футболчи учун қийин ўтди. У на "шпорлар" учун ҳеч нимага чалғимай, бор кучи билан ўйнай олмади, на янги жамоасини аниқ билолмади. Эриксен "Мадрид"га ўтолмади, "Тоттенхэм" эса Кристианнинг ўрнини тўлиқ эгаллаши кутилаётган Жованни Ло Чельсони сотиб олди. Аргентиналикнинг жамоага мослашиши ҳамон давом этмоқда, лекин Маурисио Почеттино ва Жозе Моуринью кетиши аниқ бўлган Эриксенга асосий ролни беришни исташмади.

Лондондаги охирги ойларида Кристиан баъзи эпизодларда ўз маҳоратини намойиш қила олди. Сўнгги олти мавсум билан солиштирсак, бу буткул бошқа картина эди. Олдинги йилларда Кристиан "Тоттенхэм"нинг асосий фигураларидан бири эди. Энди унинг яна муҳим мақоми бўлади. Эриксен универсал, жуда яхши футболчилардан бири ва унга ишонч билдирган ҳар қандай мураббий қўл остида ажойиб ўйин кўрсатиши мумкин. Аммо у айнан Антонио Конте учун фойдали эканини англаш учун бир қанча сабаблар бор.


Эриксен иш қобилиятини креативлик билан бирлаштира олади

Антонио Конте футболи "автоматизм" асосида қурилган. Эден Азар италияликни бошқа мураббийлардан фарқини айтиш учун айнан шу сўздан фойдаланганди. Альваро Мората ҳам баъзи машғулотлардан кейин "жамоадагилар тўпни сизга етказиб бериши учун ортиқча вақт сарфлаши шарт эмасди" деб айтган.

Бундай жиҳатларни йўлга қўйиш бўйича Антонио — дунёнинг энг кучлиларидан бири. Ушбу тизим ҳимояда ажойиб натижа беради. Рақиб прессингидан қисқа масофага паслар билан чиқиб кетишда ҳам унинг жамоалари яхши ўйнайди (агар Конте рақибнинг босим тизимини ўрганган бўлса, яъни ҳар доим). Аммо "автобус"ларга қарши ўйинда бу "автоматизм" доим ҳам иш бермай қолади. Муаммо футболчилар кўпинча 3-4 хил усулдан бошқа ҳеч нима қила олмаслигида эмас, шунчаки таркибдаги ўйинчилар имконияти шунга мажбур қилишидадир.

Конте учун икки жиҳат ўта муҳим ҳисобланади: интизом (акс ҳолда "автоматизм" ишламайди) ва меҳнаткашлик. Замонавий футболда бу жиҳатлар креативлик билан камдан-кам вазиятларда ёнма-ён келади. Меҳнат қилиб, кўп тер тўкадиганлар одатда ностандарт қарорлар қабул қилишмайди. Вазият яратишда фойдали бўлган креатив футболчилар қайсидир вазиятда ўзларини ўйлаб тизим ишини бузиб қўядилар ёки ҳимояланишда ўзларини оввора қилмай қўя қоладилар.


Эриксен — ҳам вазият яратишда, ҳам ҳимояланишда топ даражада меҳнат қиладиган кам сонли футболчилардан бири. У АПЛга кўчиб ўтгандан (2013 йилдан) буён голли узатмалар ва зарба бериш учун қулай вазият яратиш бўйича етакчи ҳисобланади. Кристианнинг голли узатмалари хилма-хиллиги билан оригиналдир: кескин тўп оширишлар, тезкор ҳужумлардаги нозик қарорлар, стандартлардан оширилган ажойиб паслар, Деле Аллига кутилмаган вазиятлардаги ҳаводан фантастик тўп оширишлар тинимсиз олқишларга сабаб бўлган.

Вазиятни тўлиқ тушуниш учун Кристиан ҳужумкор жамоада ўйнаганига қарамай, ҳимоявий ҳаракатларда ҳам қолишмаслигини таъкидлаш лозим. Бу борада данияликнинг кўрсаткичи — 51%. Сенси 44% ва Бареллада 46%. Шу жойда данияликнинг рақобатчилари ҳимояга нисбатан кўпроқ эътибор берадиган жамоада ҳаракат қилганликларини эслатиб ўтайлик. Конте қўл остидаги жамоа кўрсатаётган футболда Эриксен барча талабга жавоб бера олади.

Почеттино қўл остидаги "Тоттенхэм"да ҳеч ким прессингда қатнашишдан озод этилмаган. Эриксен талабларга "лаббай" деб жавоб берди ва бу борада анча ўсишга муваффақ бўлди. "Югуриш борасида доим яхши формада бўлганман. Бундан ташқари, Почеттино куч ва агрессив ҳаракатларни талаб қилади — бу борада, менимча, яхши томонга ўзгардим", — деганди Кристиан 2016 йил ўз интервьюсида.

Конте учун ажойиб сценарий: "Интер" Почеттино системасидан ўтган, Европанинг ҳужумкор энг барқарор ярим ҳимоячиларидан бирини қўлга киритди.


Эриксеннинг узоқ масофадан берадиган зарбалари учун "Интер" тактикаси ўта қулай 

Англияда Эриксен узоқ масофалардан зарба бериш борасида ҳам етакчиликка даъвогар бўлган. Кристиан АПЛда ўтказган вақт оралиғида ҳеч ким жарима майдончаси ташқарисидан зарба бериб, ундан кўп гол уролмаган (23 гол). Ярим ҳимоячи бу ҳислатини жуда тўғри ишлата билади: шериклари қулайроқ вазиятда турган бўлса, ҳужумни бузиб, бўлар-бўлмас зарба бермайди. Одатда у тўп оширишлари, бошқа усуллар иш бермаётганда узоқ масофадан зарбаларига мурожаат қиларди. Эриксен ҳар икки оёқда ҳам кучли ва аниқ зарба бера олиши, ўйин давомида бунга кўп вақт ажратилмаса-да, қолганлардан кўпроқ гол уриш учун замин яратди.

Жарима майдони ташқарисидан зарбалар "автобус"га қарши ўйинларда олдинги планга чиқади. Конте "Интер"и бундай зарбаларга алоҳида тайёрланади. Жамоа узоқ масофадан зарбалар бўйича чемпионатда 8-ўринда бормоқда (умумий зарбалар сони бўйича эса 17-поғонада). Лекин жарима майдончаси ташқарисидан урилган голлар бўйича кучли учликда. Тасаввур қиляпсизми, жамоа нақадар сифатли зарба беряпти ва имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда. Бу борада яққол ижрочи йўқ. Фақатгина Лаутаро Мартинес узоқ масофадан иккитадан кўпроқ гол урди. Қолган голлар турли футболчилар ҳисобига ёзилган.

Мана ёрқин мисол. "Интер" жарима майдони ичида зичликни вужудга келтирмоқда, рақиб ҳимояси мажбуран жарима майдончасида жипслашади ва қанотдан тўп оширилишини кутади. Шу ўринда жарима майдонига яқин зоналардаги футболчилар бўш қолдирилади:

Ҳозир "Интер" узоқ масофадан зарбалар бўйича ажойиб кўрсаткичга эга футболчисиз ҳам етакчилар қаторида. Эриксен келгач, рақиблар ё очиқроқ ўйнашга мажбур бўлади (бу жарима майдончаси ичида эркинлик ҳосил қилади), ёки Кристиан зарбаларини ишга солиш учун қулай имкониятларга эга бўлади.


Қисқа захира ўриндиғида Эриксеннинг барқарорлиги ва универсаллиги жуда ас қотади

Гувоҳи бўлганимиздек, Эриксен марказий зонада, таянч ярим ҳимоячиликдан бошқа исталган вазифани аъло даражада бажара олади (4-2-3-1 тактикасида у ҳатто қанотда ҳам ҳаракат қилиши мумкин).

Кристианнинг яна бир эътибордан четда қоладиган жиҳати бор: охирги 5 мавсум у АПЛ ўйинларининг 81%ида қатнашган. Кўрсаткичларни бутун ўйинларга айлантирсак, даниялик 38 учрашувнинг 31тасида майдонда бўлган. Ҳужумкор футболчи учун бу ажойиб натижа (уларни кўпроқ тақиб қилишади, оёқларига тепишади ва ротация сабабли аксарият ҳолларда алмаштиришади). Кристиан деярли жароҳат олмайди ёки жароҳатланса-да, жуда тез сафга қайтади. Шунда ҳам у фантастик даражадаги ўйин намойиш этмоқда.

Универсал футболчи, қўшимчасига деряли жароҳатланмайдигани — ҳозирги "Интер" учун ажойиб топилма. Контенинг асосий таркиби Эриксен келгунига қадар ҳам "Юве"никидан деряли қолишмасди. Аммо захира ўриндиғи бўйича муаммолар мавжуд эди. Барча ярим ҳимоячилар (Марцело Брозовичдан ташқари), узоқ муддатга сафдан чиқишди. Уларнинг ўринбосарлари (Гальярдини, Весино, Валеро) — бошқа план ва даража ўйинчилари ҳисобланади. "Интер" сифат борасида йўқотишга учрарди.

Конте "Боруссия"дан Чемпионлар Лигаси доирасида мағлуб бўлгач, бир фикрни турли сўзлар билан қайта-қайта такрорлади. "Биз агар яхши спорт формасида бўлсак, исталган рақибга муаммо туғдира олишимизни исботладик. Бироқ таркибимизда буткул дам олмай ўйнаётган футболчилар ҳам бор. Мен бу ҳақида гапираверишдан чарчадим", — деганди Антонио Конте.

Бундай муаммолар албатта битта трансфер билан ҳал этилмайди ("Интер" балки шу сабаб ҳам бир нечта трансферга қўл ургандир). Аммо Эриксен ҳеч бир қийинчиликсиз Барелланинг жойини ҳам, Сенсининг ролини ҳам бажариб бера олади. Жамоа 3-4-2-1 тактик схемага ўтганда эса (Конте "Челси"да айнан шу тактик схемани кўп қўлларди) — Эриксен янада ёрқинроқ, фойдалироқ ўйин намойиш этади.


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика