UZ

Сўнгги янгиликлар

12:37Бове юрак жарроҳлигидан кейин биринчи марта "Фиорентина" ўйинига келди  0 12:16ОКМК ОАВ вакиллари ва мухлисларни ҳисобот конференциясига таклиф этмоқда  0 11:59Эшитдик-да! "Локомотив"ни тарк этган футболчига "Нефтчи" ва "Динамо" қизиқмоқда  0 11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  2 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  6 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  12 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  19 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  4 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8

Ҳужум қилишдан чарчамайдиган ва жуда кўп гол урадиган "Ал Садд". "Насаф" ОЧЛда юришини бошлайди Янгиликлар

Ҳужум қилишдан чарчамайдиган ва жуда кўп гол урадиган "Ал Садд". "Насаф" ОЧЛда юришини бошлайди

Осиё чемпионлар лигаси баҳслари старт олди.

Кеча "Пахтакор" Эроннинг "Сепахон"ига қарши беллашув билан ўз юришини бошлаган бўлса, бугун "Насаф" 1-тур доирасида Қатарнинг "Ал Садд" жамоаси билан кураш олиб боради. Қуйида қаршиликлар ўйинидан олдинги фикр-мулоҳазаларимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

ОЧЛ, 1-тур

08.04.2022, 22:15 (Тошкент вақти билан)

"Prince Mohamed Bin Fahd stadium", Даммам

"Ал Садд" - "Насаф"

Аль-Садд

Буалем Хухи - 55'

Лига чемпионов АФК. Группа E . 1-тур

08/04/2022, 23:15

1
:
1
Тугади

Насаф Карши

Педро Мигель - 31'

45'
90'
27'  Абделькарим Хассан
55'  Буалем Хухи
55'  Санти Касорла
61'  Педро Мигель
63'  Педро Мигель
68'  Али Ассадалла (Мохаммед Ваад)
68'  Хассан Аль-Хайдос (Тарек Салман)
81'  Акрам Афиф (Салем Аль-Хаджри)
11'  Семир Смайлагич
31'  Педро Мигель
46'  Shakhzod Akromov (Sukhrob Nurulloev)
50'  Sukhrob Nurulloev
54'  Семир Смайлагич (Хусаин Норчаев)
61'  Алибек Давронов
67'  Sharof Mukhiddinov (Bakhrom Abdurakhimov)
75'  Алибек Давронов (Иван Соловьев)

Ўзбекистонлик ишқибозларга яхши таниш бўлган стадион

"Насаф" гуруҳ ўйинларининг барчасини Даммамдаги "Prince Mohamed Bin Fahd stadium"да ўтказади. Стадион 1973 йилда қурилган ва 26000 мухлисга мўлжалланган. Бу арена ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун яхши таниш. ОЧЛ-2009нинг нимчорак финалида "Пахтакор" жамоаси айнан шу стадионда С.Арабистонининг "Ал Иттифоқ" клуби меҳмони бўлган. Ўшанда дастлаб мезбонларнинг ганалик легионери Тагое 32-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 79-дақиқада захирадан майдонга тушган Зайниддин Тожиев мувозанатни тиклаган. 90+1-дақиқада эса кўпчиликнинг ёдида узоқ йиллар давомида сақланиб келаётган гол урилган. "Ал Иттифоқ" дарвозаси томон белгиланган жарима зарбасини захирадан туширилган яна бир ҳужумчи Александр Гейнрих жуда чиройли тарзда голга айлантирган. Гейнрихнинг ўша шедеври "шерлар"ни чорак финалга олиб чиққанди.

Захирадан туширилган Тожиев ва Гейнрих "Пахтакор"ни чорак финалга олиб чиққанди. Ушбу кадрларни "сhampionat.asia" сайти асосчиларидан бири Нодирхўжа Юлдашев тарихга муҳрлаган.




Шу ўринда эртага "Насаф" ўйнайдиган стадионда ўтган 2009 йилги ўша ўйин ҳам ёдга олиб ўтилган Нодирхўжа Юлдашев мақоласига линк бериб кетаман. Зеро, унда май ойининг охирида жазирама иссиқда ўтган учрашув ҳақида ажойиб хотиралар бор.

Гейнрих! Шунчаки у ҳақда ўқишни истаганларга реал воқеа...

"Prince Mohamed Bin Fahd stadium" "Насаф" учун ҳам омадли стадионга айланишини кутиб қоламиз.

"Насаф" Даммамга 23 нафар ўйинчи билан келди, улар орасидан Ғолиб Ғайбуллаев гуруҳдаги барча ўйинни ўтказиб юборади. Мураббийлар уни жамоа билан бирга бўлиши учун олиб келишди.

«Насаф» ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиш учун 23 футболчи билан келди


Шу ўринда "Ал Садд"нинг ОЧЛ гуруҳ беллашувлари учун таркибини келтириб ўтамиз.

Дарвозабонлар

1.Саад Ал Шиб, 22.Мешал Баршам, 31.Юсуф Балидеҳ, 32.Карим Ҳайдар Диб, 97.Абдалла Абраҳим.

Ҳимоячилар

2.Педро Мигел, 3.Абдулкарим Ҳассан, 4.Аҳмед Сайяр, 6.Ториқ Салмон, 16.Буалем Хухи, 20.Салим Ал Ҳажри, 70.Мусааб Ҳидир Муҳаммад

Ярим ҳимоячилар

5.Жунг Воо Юнг (Жанубий Корея), 7.Муҳаммад Ал Баяти, 8.Али Асадалла, 9.Юсуф Абдурисаг Юсуф, 12.Родриго Табата, 13.Абдулла Ал Язиди, 17.Гильерме (Бразилия), 18.Муҳаммад Ал Қурайши, 19.Санти Касорла (Испания), 23.Аҳмад Ал Саид, 44.Маҳди Ал Межаба, 45.Абдулраҳмон Ал Наими, 47.Файсал Азади, 95.Талал Ал Шаиби.

Ҳужумчилар

10.Ҳасан Ал Ҳайдос, 11.Бағдод Боунеджа (Жазоир), 15.Акрам Афиф, 24.Андре Айю (Гана), 90.Абдулраҳмон Ал Досари.


Айни пайтда Даммамда кечқурун бемалол футбол ўйнаса бўлади. Кундуз куни ҳаво иссиқ, лекин кечга бориб бироз ташайди. Боз устига, Даммам денгиз бўйида жойлашган шаҳар, шу сабаб бироз бўлсада шабада эсиб туради. Кеча айни ўйин бўладиган пайтда муздек шабада эсди, бугунга ҳам шундай об-ҳаво бўлишини тахмин қилмоқда синоптиклар маълумотларини келтирувчи сайтлар. Ўйин пайти ҳаво 25-26 даража иссиқ, шамолнинг тезлиги соатига 11 км бўлиши кутилмоқда.


Бердиев "Ал Садд"га қарши тактикани ўзгартирадими?!

"Насаф" жорий мавсум Суперлигада 3 ўйинда иккита гол урди ва битта ўтказиб юборди. Жамоада ўз имкониятларидан фойдаланиш борасида ҳали муаммолар бор.

"Насаф" Саудияга келиш олдидан жиддий йўқотишга дуч келди. "Локомотив"га қарши баҳсда чап қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаев ўмров суягини синдириб олди. Шерзод аллақачон Тошкентда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Бундан ташқари, марказий ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаев ҳам олдинроқ олган жароҳати сабаб гуруҳ ўйинларини ўтказиб юборади. Лекин, мураббийлар уни жамоа билан бирга Даммамга олиб келишган. "Аждарлар" ҳимоячилар танқислигига дуч келишган, асосий таркибда тушиш учун ўйинчилар бор, лекин энди уларни карточка олишга ҳаққи йўқдек. Сабаби, ҳимоядаги исталган йўқотиш катта муаммоларни келтириб чиқаради. Захирада етарли ўйин амалиётига эга ҳимоячилар йўқ.

Бугун катта эҳтимол билан Рўзиқул Бердиев одатий тактик схемасини ўзгартиради. Бунга бош мураббий ўтган кунги машғулотдан кейин сайтимизга берган интервьюсида шаъма қилди.

Рўзиқул Бердиев "Насаф"нинг тайёргарлиги, йўқотишлар ва Рамазон шароитида машғулотлар ҳақида гапирди

Шахсан ўзим Бердиев 3 марказий ҳимоячи билан ўйнашини кутяпман. Назаримда ҳар икки жамоа майдонга 3-4-3 тактик схемасида тушиб келади. "Ал Садд" ҳужумкор, "Насаф" эса ҳимоямиз вариантини қўллайди бу схеманинг. Қатарликлар ҳақида бироз кейинроқ тўхталаман. Ҳозир эса "Насаф"нинг тахминий таркиби ва тактик схемасини келтириб ўтаман.

 


Марказий ҳимояда Алиқулов, Эшмуродов ва Давронов учлиги жавлон уради. Икки қанотда латерал вазифасини бажарадиган Саитов ҳамда Мухитдинов кўпроқ ҳимояга эътибор қаратади. Бу билан Бердиев майдоннинг исталган жойидан хавф туғдира оладиган рақиб ўйинчиларига имкон қадар бўш ҳудуд қолдирмасликка уринади. Солиштириш учун, "Ал Садд" латераллари асосан ҳужумкор вазифалар билан шуғулланишади. Ҳар ҳолда ички чемпионат беллашувларида шундай бўлиб келган. Насруллаевнинг жароҳати нафақат ҳимоя, балки ҳужумда ҳам жамоа ўйинига таъсир қилади. Бозоров ва Насруллаев тандеми плей-офф учрашувида "Банияс"ни роса сарсон қилганди. Энди эса Ойбекка чапда Шароф ёрдамлашиши керак бўлади. Мавсум олдидан марказда рақобатни ошириш ва ротацияга кўпроқ имкони бўлиши мақсадида қайтариб олиб келинган Ш.Мухитдинов тақдир тақозоси билан чап қанотда асқотадиган бўлди. Бу жой у учун бегона эмас, олдин ҳам ўйнаган. Умид қиламиз, Шароф Ала Асадалла ва Андре Айюнинг айнан унинг қанотидан уюштирадиган босимига бардош беради.

"Насаф" бу рақибга қарши чуқур ҳимояга ётмаслиги керак, сабаби "Ал Садд" таркибида индивидуал жуда кучли ўйинчилар тўлиб ётибди. Улар биргина пас билан бутун ҳимоя қўрғонини "ёриб" ўтиб кетишга қодир. Касорла, Табата ва Афифнинг паслари хавфли. Футболчилар бугун ўз жарима майдончалари яқинида ҳеч бир рақибга зарба бериш имконини бермасликлари керак. Зеро, улар имкон туғилди дегунча узоқдан ҳам зарба йўллайверади. Касорла, Табата, Афиф, Ҳайдос, Айю ва Абдулкарим Ҳассан исталган вақт жарима майдони ташқарисидан кучли ва аниқ зарба бера олади. Жамоа Қатар чемпионатида узоқдан жуда кўп гол урган. Ҳимояланаётган "Насаф" футболчилари 2 сония "уҳлаб" қолишса, тамом. Ўз навбатида, "аждарлар"да ҳам яхши зарбага эга ўйинчилар бор. Станоевич, Мухитдинов, Саитов ва Соловёв кўпроқ зарба бераверишлари керак. Айниқса, рақиб дарвозасини 22-рақамдаги Мешал Баршам қўриқласа. Ушбу киперга босим уюштирилса тез-тез хатога йўл қўяркан ва узоқдан йўлланадиган кучли зарбалар пайти унда муаммолар пайдо бўларкан.


Ҳужум қилишдан чарчамайдиган ва жуда кўп гол урадиган "Ал Садд"

"Ал Садд" ОЧЛ гуруҳ босқичи учун асосий 5 легионери (Жунг Воо Юнг, Гильерме, Санти Касорла, Бағдод Боунеджа ва Андре Айю)ни "заявка" қилган. Лекин, майдонда бир вақтда улардан фақат 4 нафари ўйнай олади. Хави Грасиа асосан 3-4-3 тактик схемадан фойдаланади. Бунда у ҳужумкор ва тажовузкор футбол кўрсатади. Яъни, икки қанотдаги латераллар ролини асосан номинал ҳимоячилар эмас, қанот ярим ҳимоячилари бажаришади. Латераллар ҳужумкор футболчилар бўлади. Жамоа ҳужумга тез ўтади, олдинга борганда бир вақтни ўзида ҳар иккала қанот латераллари рақиб жарима майдони яқинида ва ҳатто ичида пайдо бўлишади. Ҳамма мураббий ҳам иккала қанот ҳимоячи ёки латералларининг бир вақтда олдинга боришини лозим тополмайди.

"Ал Садд"да икки дарвозабон ва 15 нафар майдонда ўйновчи футболчилар ротация эвазига доимий майдонга тушишади. Яъни, уларда аниқ 11талик таркиб йўқ. Мураббий варианти кўплигидан ҳамиша ротация қилади ва 15-16 нафар ўйинчи доимий ўйин амалиётига эга бўлиб келади. Исталган пайт Касорла, Табата, Боунеджа, Гильермелар захирада қолиши мумкин. Жамоа ўтган ойнинг 14чи санасида кубокда "Дуҳайл"га ютқазиб қўйгандан кейин ҳали расмий ўйин ўтказмаган. Кеча матбуот анжуманида бош мураббий ва ярим ҳимоячи Табата жамоа мусобақани ютмоқчи эканлигини айтиб ўтди. Яъни, бу ОЧЛни ютишни вазифа қилиб қўйган рақиб.


Ҳозир "Барселона"ни ўзига келтираётган Хави "Ал Садд"га ҳам тики-такани сингдиришга улгурган. Футболчилар рақибни паслар билан "ўлдиришади". Ҳатто, жарима майдончасига кириб ҳам тўпни бўш дарвозага олиб кириб қўйишга уринишади. Стандартларда эса Абдулкарим Ҳассан ва Буалем Хухи жуда хавфли.

Андре Айю ва Акрам Афиф энг катта хавф десак хато бўлмайди. Исталган пайт бир ўзи ёриб кириб гол яратиши мумкин. Айю Қатар чемпионатининг "Роббени" бўлиб олган. Ўнгдан марказга юриб дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олиб урган голлари анчагина. Афиф эса Қатар Осиё чемпиони бўлган қитъа биринчилигида голли пасларни қалаштириб ташлаган йигит. Акрам Қатар чемпионатининг охирги мавсумида 22 ўйинда 14та гол уриб, 17та голли пас берган. Шунчаки, даҳшатли статистика. "Ал Садд"нинг ўзи 22 учрашувда 80та тўп киритган, ҳар бир ўйинда 3.6тадан гол дегани. Бу жамоа Қатар чемпионатида кетма-кет икки мавсумдан бери умуман ютқазмасдан чемпион бўляпти. Қатор рекордларни ўрнатиб ташлади бу йигитлар ортда қолган мавсумда.


Тўп билан ўйнашни яхши кўрадиган икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви нейтрал мухлисларда ҳам катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. "Ал Садд" футболчилари жуда тез ўйнашади ва бугун "Насаф" вакиллари ҳам уларга шундай жавоб қайтаришлари керак бўлади. Кеча ўйинолди расмий машғулотни Бердиев табассум билан ўтказди ва шогирдларидан ҳам яхши кайфиятда шуғулланишни сўради. Эҳтимол, мураббий шу йўл билан муҳим баҳс олдидан футболчилардаги босимни камайтиришга урингандир.

Бугунги ўйинда "Насаф"га омад ва ғалаба тилаб қоламиз!




Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +12   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика