Ҳакамлар Суперлига 21-турида хатоликка йўл қўйишмаган — Эксперт-ҳакамлар комиссияси
23 окт 17:39
Янгиликлар
Ҳакамлар Суперлига 21-турида хатоликка йўл қўйишмаган — Эксперт-ҳакамлар комиссияси
Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мазкур учрашувлар тугагач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувларда жами 8 та баҳсли вазият юзага келди.
Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:
1-вазият. "Насаф" - "Сурхон" қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.
"Насаф" - "Сурхон" учрашувининг 32-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда тўп мезбонларнинг 5-рақамли футболчисига тегиб, ўйинга қайтди. Бош ҳакам Рустам Лутфуллин мазкур эпизодда тўп қўлга тегмаганини қайд этди ва баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда қўл табиий тарзда турибди. Футболчининг қўли тўп томон ҳаракатланмаган. Шу боис, 11 метрлик жарима зарбаси учун етарли асос мавжуд эмас. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамнинг қарори тўғри, деб ҳисобланди.
2-вазият. "Насаф" - "Сурхон" қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка.
"Насаф" - "Сурхон" учрашувининг 68-дақиқасида меҳмонларнинг 14-рақамли футболчиси қаршиликларнинг 34-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Рустам Лутфуллин фол қайд этди. Аммо айни паллада мезбонлар вакили меҳмон жамоа аъзосига агрессив ҳаракат амалга оширди ва унинг бўйин қисмидан бўғиб олди. Ҳакам тажовузкор хатти-ҳаракат учун 34-рақамли футболчига қизил карточка кўрсатди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳакам меҳмонлар фойдасига фол қайд этиб, тўғри қилган. Четлатилган ўйинчига нисбатан ўйин қоидаси бузилган, аммо қаршиликлар аъзоси дастлаб 14-рақамли рақибининг бўйнидан бўғиб, агрессив ҳаракат қилди. Сал ўтиб эса 3-рақамли футболчининг юз қисмини қўли билан итариб, тажовузкор ҳаракат амалга оширди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қизил карточка бўйича қарорини тўғри, деб топди.
Қўшимчасига, вазиятни кескинлаштиргани учун термизликларнинг 3-рақамли аъзоси сариқ карточка билан жазоланиши керак эди.
3-вазият: "Локомотив" - "Бунёдкор" ўйини: баҳсли пенальти.
"Локомотив" - "Бунёдкор" учрашувининг 10-дақиқасида мезбонларнинг 7-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонига ёриб кирди. Айни шу пайтда рақиб ҳимоячиси унга қўполлик ишлатиб, тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Найим Қосимов бу вазиятда қоидабузарлик борлигини қайд этди ва нуқтага ишора қилди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ҳимоячи тўп учун ўйнамаган. У оёғи билан рақибининг мувозанат йўқотишига сабаб бўлган. 11 метрлик жарима зарбаси учун етарли асос мавжуд. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.
4-вазият: "Металлург" - "Андижон" ўйини: баҳсли вазият.
"Металлург" - "Андижон" учрашувининг 49-дақиқасида андижонликларнинг 15-рақамли вакили мезбонларнинг 25-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев футболчига сариқ карточка кўрсатди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи рақибга атайлаб қўполлик ишлатмаган, у ортдан келаётган ўйинчини кўрмаган. Бу ҳолатда қизил карточка бериш учун асос йўқ. Комиссия ҳакамнинг қарорини тўғри, деб топди.
5-вазият: "Металлург" - "Андижон" ўйини: баҳсли пенальти.
"Металлург" - "Андижон" учрашувининг 89-дақиқасида меҳмонларнинг 77-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонида тўп учун кураш олиб борди, сўнг ҳимоячилар томонидан зарарсизлантирилди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев бу вазиятда пенальти йўқлигини қайд этди ва баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашмасдан тўғри қилган, ҳимоячи рақибга нисбатан қўполлик ишлатмаган. У рақибига қаршилик кўрсатган, аммо бу мувозанат йўқотиш учун етарли эмас. Пенальти белгилаш учун асос йўқ. Комиссия ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.
6-вазият: "Нефтчи" - "Навбаҳор" беллашуви: баҳсли вазият.
"Нефтчи" - "Навбаҳор" учрашувининг 42-дақиқасида фарғоналикларнинг 11-рақамли вакили меҳмонларнинг 23-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Тимур Тўхтасинов футболчига сариқ карточка кўрсатди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи тўп учун ҳаракат қилган, аммо улгурмагани боис рақибининг оёғини босиб олган. Бу ҳолатда қизил карточка бериш учун асос йўқ. Комиссия томонидан ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.
7-вазият: "Нефтчи" - "Навбаҳор" ўйини: баҳсли пенальти.
"Нефтчи" - "Навбаҳор" учрашувининг 72-дақиқасида мезбонларнинг 70-рақамли аъзоси меҳмонларнинг 77-рақамли футболчисига қўполлик ишлатди. Бош ҳакам Тимур Тўхтасинов дастлаб пенальти йўқлигини қайд этди. Лекин ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач, рефери футболчига сариқ карточка кўрсатди ва нуқтага ишора қилди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашиб, тўғри қилган. Ҳимоячи тўпга улгурмаган ва рақибнинг бош қисмига оёғи билан зарба берган. Пенальти белгилаш учун асос етарли. Комиссия ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.
8-вазият. "Олимпик" - "Қизилқум" қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.
"Олимпик" - "Қизилқум" учрашувининг 72-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда тўп мезбонларнинг 5-рақамли футболчисига тегиб, ўйинга қайтди. Бош ҳакам Сардор Раҳмонов мазкур эпизодда тўп қўлга тегмаганини қайд этди ва баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчининг қўли тўп томон ҳаракатланмаган ва нотабиийлик белгилари мавжуд эмас. Шу боис, 11 метрлик жарима зарбаси учун етарли асос йўқ. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.
Фикрлар