Ҳакам "Насаф" футболчисини четлатиб, хатога йўл қўйди. Суперлиганинг 21-туридаги ҳакамлик фаолияти таҳлили
22 окт 17:25
Янгиликлар
Ҳакам "Насаф" футболчисини четлатиб, хатога йўл қўйди. Суперлиганинг 21-туридаги ҳакамлик фаолияти таҳлили
✅ "Насаф" - "Сурхон"
"Сурхон" футболчиси томонидан бурчакдан узатилган тўп “Насаф” ҳимоячисининг чап қўлига тегди. Ҳимоячининг чап қўли букилган ва танасига ёпишган. Бу қоидабузарлик эмас, ҳакам ўйинни тўғри давом эттирди.
Шуни қайд этмоқчиманки, фақат дарвоза орқасидаги ракурсдан тўпни айнан чап қўлга текканини кўриш мумкин. Умумий кадрда тўп дастлаб у томон ҳаракатланаётган ўнг қўлга теккандек туюлганди. Бундай пайтларда турли ракурсдаги такрорий вазиятларнинг бўлиши жуда муҳим.
❌ "Насаф" - "Сурхон"
Менинг фикримча, мавжуд ракурслар бўйича (улар сони кам) энг мақбул ечим иккала ўйинчига сариқ карточка кўрсатиш бўларди. "Сурхон" футболчиси содир этилган қоидабузарлик учун (яккакурашда шиддат билан рақиб томон ҳаракат қилган, шунингдек, унинг оёғини босган), "Насаф" футболчиси эса рақибининг бўйнидан ушлаб, унга "жавоб қайтариш"га урингани учун огоҳлантирилиши керак эди. Эҳтимол, ҳакамларда бошқа камералардан такрорий лавҳалар бўлгандир ва шу орқали яна қандайдир ҳолатни кўрган бўлиши мумкин. Лекин, умуман олганда, ҳакамлар "Насаф" футболчисини майдондан четлатиб, хатога йўл қўйди, дейишимиз мумкин.
✅ "Насаф" - "Сурхон"
Ҳакамнинг "Сурхон" футболчисига иккинчи сариқ карточкани кўрсатиш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайман. Четлатилган ўйинчи рақиб аъзоси узатма амалга ошириб бўлганидан сўнг унинг оёғига қўполлик билан ташланди. Шу билан бирга, ҳакам ўйинни тўхтатиши ва "кечиктирилган" сариқ карточкани кўрсатмаслиги мумкин эди, чунки "устунлик тамойили" йўқ ҳолатда "Насаф" ҳужуми дарҳол тўхтатилди.
❌ "Локомотив" - "Бунёдкор"
"Бунёдкор" ҳимоячиси тўп томон ўгирилгандан сўнг елкама-елка курашда кичик контакт юзага келган. Дарвоза ортидан қўшимча ракурс намойиш этилмади, лекин оёқлар орқали ҳеч қандай тўқнашув юзага келмаганига гувоҳ бўлдим. Менимча, бундай ҳолат пенальти белгилашга арзимайди. Ортдан туртиш ҳолати ҳам мавжуд эмас. ВАР қарори учун "чегаравий" (50/50) вазият, лекин бу ерда эпизодни кўриш учун бош ҳакамни мониторга чақириш керак эди.
✅ "Металлург" - "Андижон"
Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қилди, ВАРнинг эпизодга аралашмагани ҳам мақбул қарор ҳисобланади. Андижонлик ҳимоячи параллел равишда ҳаракатланиб, рақиб зарбасини қайтарди. Зарбадан кейин “Металлург” футболчиси инерция туфайли ҳимоячининг оёғига зарба берди. Бу фол эмас.
✅ "Металлург" - "Андижон"
Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор қабул қилди. Ҳимоячи томонидан кичик туртиш ҳолати пенальти белгиланишига олиб келмаслиги керак.
Узатма амалга оширилаётган пайтда учта ўйинчи (иккита "Металлург" ҳимоячиси ва битта "Андижон" ҳужумчиси) нигоҳини тўпга қаратганди. Ҳужум қилаётган ўйинчи иккита ҳимоячи ўртасида қолди, уларнинг барчаси тўп томон ҳаракат қилди, шундан сўнг улар шунчаки бир-бирлари билан тўқнашиб, йиқилди.
✅ "Нефтчи" - "Навбаҳор"
Ҳакам ВАР аралашувидан кейин пенальтини тўғри белгилаган. Ажабланарлиси шундаки, унинг ўзи дастлаб яхши позицияда бўлатуриб, бундай қарорни қабул қилмади. Қоидабузарликда "классик" эпизодни кўришимиз мумкин: "Нефтчи" ҳимоячиси тўп учун курашда оёғини ишга солди, "Навбаҳор" ҳужумчиси эса тўпга боши билан ўйнади. Шу билан бирга, ҳакам қўпол ўйин учун ҳимоячига сариқ карточка кўрсатиб, тўғри қилди.
✅ "Олимпик" - "Қизилқум"
ВАРнинг тўғри аралашуви натижасида гол бекор қилинди. "Олимпик" ўйинчисининг қўли танасидан узоқлашган ва тўп томон ҳаракатланаётган эди. Ушбу эпизоддан сўнг дарҳол гол урилди. Ҳакамлар бригадаси вазиятни моҳирона тарзда англади.
✅ "Сўғдиёна" - ОКМК
ОКМК ҳимоячиси томонидан қоидабузарликни кўрмаяпман. У рақибни тўпдан узоқлаштиришга ҳаракат қилди, ҳужумчининг орқа тарафидан атайин туртки бўлмади. Ҳакам ўйинни тўғри давом эттирган, ВАРнинг халақит бермагани ҳам ўринли.
✅ "Сўғдиёна" - ОКМК
ОКМК ҳимоячиси пенальти белгилашга арзигулик ҳеч қандай ортиқча хатти-ҳаракат қилмаган. У "Сўғдиёна" ҳужумчиси қаршисида икки оёқда туриб, унинг зарбасини тўсди. Ҳужумчи зарбадан кейиноқ инерция билан ҳимоячининг оёғига урилди. Ҳакам ўйинни тўғри ҳолатда давом эттирди.
✅ "Сўғдиёна" - ОКМК
"Сўғдиёна" футболчисига истиқболли ҳужумни тўхтатгани учун сариқ карточка тўғри кўрсатилган. Шу билан бирга, бу ерда яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилиш ва четлатиш ҳақида гапириш мумкин эмас: "Сўғдиёна" ҳимоячиларидан бири ўз жарима майдончаси ичида эди ва тўп учун курашга киришиши мумкин эди.
Шу тариқа, Суперлиганинг 21-тур ўйинларида ҳакамлар иккита хатога йўл қўйишди.
Фикрлар
(Havolani nusxalang va brauzeringizga joylashtiring)