Генрих Мхитарян: “Премьер-лига мен учун синовга айланади” (тўлиқ интервью)
19 июл 2016 23:55
Янгиликлар
Генрих Мхитарян: “Премьер-лига мен учун синовга айланади” (тўлиқ интервью)
- Генрих, “Юнайтед”га хуш келибсиз! Клуб билан шартнома имзолаб бўлгандан кейин нималарни ҳис қиляпсиз?
- Катта раҳмат. Ўтишимдан жуда хурсандман. “Манчестер Юнайтед” учун тўп тепиш менга берилган катта имконият. Янги чақириқ. Мен имконим етганча барча ишни амалга оширишга ҳаракат қиламан.
- Қарор қилишингизда Жозе Моуриньонинг қанчалик таъсири бўлди?
- Клубни танлашимда сабаблардан бири айнан у бўлди. Албатта, жамоа ҳам бунда энг катта сабаб эди. Чунки у жаҳондаги энг яхши клублардан бири ҳисобланади. Бундай имкониятдан бош торта олмасдим. Бу ерда турганимдан бахтиёрман.
- Бир жамоада Уэйн Руни, Златан Ибрагимович ва бошқа юлдузлар билан бирга ўйнашдан ҳаяжонланаяпсизми?
- Ўйлашимча, жорий йил бизда ажойиб жамоа бўлади. Бу йигитлар билан ўйнаш мен учун катта роҳат.
- Спортчилар оиласидансиз. Отангиз Гамлет футбол ўйнаган. У фаолиятингизга қандай таъсир ўтказган ва у сиздан ҳозир қанчалик фахрланган бўларди?
- У ўйнаган пайтда футболни тушунишга анча ёш бўлганман. У вафот этгандан кейин футболчи бўлиш орзуси пайдо бўлган. У бошлаган ишни давом эттиришни хоҳлаганман. Умид қиламанки, тўғри йўлдаман.
- Арманистонда ўйинингизни яхшилаб, Украинада уни такомиллаштирдингиз. “Боруссия” янада яхшироқ бўлишингизга ёрдам бердими?
- Ортга қараб, бу ерда бўлиш учун қанчалик узоқ йўлни босиб ўтганимни кўриш мумкин. Лекин бу имкониятларим чегараси эмас. Янада ўса оламан. Жуда хурсандман ва барчасини тўғри қиляпман деб ҳисоблайман. Олдинга интилиб, қадамма-қадам ривожланишга ҳаракат қиламан.
- Премьер-лигада ўйнаш сиз учун қанчалик катта синовга айланади?
- Барча унинг жаҳондаги энг катта чемпионатлардан бири эканини билади ва унинг бир қисмига айланишимдан хурсандман.
- Шинжи Кагава ва Дортмундда ижарада бўлган Аднан Янузай билан “Юнайтед” ҳақида кўп суҳбатлашганмисиз?
- Аднан билан жуда яқинмиз. У дўстларимдан бири ва бу ерга ўтгунимча Аднан билан гаплашганман. Ҳамиша алоқада бўламиз. У “Юнайтед”га ўтишга шайланаётганим ҳақида сўради. Унга билмаслигимни айтиб жавоб бергандим. Энди шу ердаман ва у кўникишимга ёрдам беради.
- Премьер-лигада ўйнаган биринчи арманистонлик футболчи бўлишингиздан ғурурланасизми ва бунга мамлакатингизда қандай муносабатда бўлишмоқда?
- Барча бу келишув амалга ошишини сабрсизлик билан кутди. Бундан бахтиёрман ва барча мендан фахрланиши мумкин. Премьер-лигада биринчи арманистонлик ўйинчи эканимдан хурсандман ва уларнинг ишончини оқлашга интиламан. Ўйлашимча, Арманистонда энг катта қўллаб-қувватлаш шу клубга нисбатан бўлади.
- Ўйинингизни биринчи марта Хитойдаги турне давомида кўрамиз. Унда собиқ жамоангизга қарши тўп тепасиз. Бунга муносабатингиз қандай?
- Собиқ жамоадошларимга қарши ўйнаш ғалатироқ бўлади. Биринчи учрашувда тушунарсиз ҳисларни бошдан ўтказсам керак. Ўзгачароқ чиқади, лекин қандай бўлишидан қатъа назар энди “Юнайтед” янги клубим.
- Турне мобайнида янги тажрибага эга бўласиз. Осиёда жамоанинг мухлислари жуда кўп. Буни кўришга тайёрмисиз?
- Бу тўғрисида эшитганман ва унга тайёрман!
- Жорий мавсумда ишқибозлар сиздан нима кутишлари керак?
- Қўлимдан келган барчасини уддалашга интиламан. Астойдил меҳнат қиламан. Ўтган мавсумда урган голларимни бу йил ҳам такрорлашга уринаман.
- “Олд Траффорд” қандай таассурот қолдирди ва у ерда ўйнаш сизни қандай ҳаяжонга солмоқда?
- Бу стадионда ҳеч қачон ўйнамаганман, лекин унинг жаҳондаги энг ҳайратланарли стадионлардан бири эканини биламан. “Траффорд”да мухлисларимиз қўллаб-қувватлаши қаршисида ўйнаш жуда қизиқарли бўлади.
- Дебютингизни кутаётган “Юнайтед” мухлисларига қандай хабар йўллаган бўлардингиз?
- Қадрли ишқибозлар, сизларни ҳар бир ўйинда стадионда кўришдан хурсанд бўламан. Жамоага ғалабаларга эришишда ёрдам бериш учун бор кучимни ишга соламан.
Фикрлар