Ғалабага ҳақли "Насаф" енгилди. Бердиев Суперкубокдаги хатоларни тўғрилади, аммо Хюистрадан шоҳ ва мот
11 мар 2021 18:25
Янгиликлар
Ғалабага ҳақли "Насаф" енгилди. Бердиев Суперкубокдаги хатоларни тўғрилади, аммо Хюистрадан шоҳ ва мот
Қарши шаҳридаги "Марказий" стадионда мухлислар ҳақиқий драма гувоҳи бўлишди. 4 кун олдин Ўзбекистон Суперкубогида ўзаро беллашган "Насаф" ҳамда "Пахтакор" бу сафар ички чемпионат доирасида тўқнаш келишди.
Насаф Шоҳмалик Комилов - 35', Шокир Йўлдошев - 61', Акмал Мозговой - 80' |
Суперлига. 1-тур 10/03/2021, 18:30 3
:
2
Тугади
|
Пахтакор Сардор Рашидов - 72', Иброҳимҳалил Йўлдошев - 87' |
Ҳар икки мураббий ҳам ўзининг севимли тактикасидан фойдаланди.
"Насаф" (4-3-3).
"Пахтакор" (4-2-3-1).
Рўзиқул Бердиев Суперкубокдаги хатоларни тузатди, аммо...
Бердиев 4 кун олдинги ўйиндан келиб чиқиб айрим хатоларни тўғрилади ва бу ўзини оқлади ҳам.
Биринчи хато. Суперкубокда "Насаф" ҳар уччала ўзгаришни ўнг қанотдаги ўйинчиларни янгилаш учун сарфлаганди. Яъни, Сайфиев ва Рашидов қанотидагилар ишончни оқлай олишмаганди. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам. Бу сафар бош мураббий Суперкубокда захирадан тушган уч футболчини асосий таркибга киритди. Ўнг қанот ҳимоядан Жўрабек Маннонов, ўнг қанот ярим ҳимоядан Шокир Йўлдошев, марказий ярим ҳимоядан эса Шоҳмалик Комилов жой олди. Самарқанддаги ўйинда Марко Станоевич марказий ярим ҳимоянинг чапроғида, Мурод Ҳўжамбердиев эса ўнгроғида ҳаракат қилганди. Бу сафар "шерлар"нинг ўша қаноти анча хавфлироқ эканлиги инобатга олиниб Марко чапроққа ўтказилди. Бу юриш ўз сўзини айтди. Амалдаги чемпионлар Сайфиев ва Рашидов қанотидан 4 кун олдингидек кўп вазиятлар яратишмади, аксинча, мезбонларнинг ҳар иккала голи айнан ўнг қанот томондан киритилди. Демак, бу борада Бердиев вазифани уддалади.
Иккинчи хато. Икки марказий ҳимоячиларнинг жойи алмаштириб қўйилди. Суперкубокда Умар Эшмуродов чапроқда, Ҳусниддин Алиқулов ўнгроқда ўйнаганди. Бу сафар эса аксинча. Хўш, "Насаф" мураббийлари бу ўзгариш билан нимага эришмоқчи эди? Чунки, "Пахтакор"да қанотдан жарима майдончасига ижро этиладиган кроссларнинг асосий қисми Сайфиев ва Рашидовга тегишли. Ўнгдаги Алижонов ва Турғунбоев эса мавсумдаги дастлабки икки ўйинда жуда суст ҳаракат қилишди. Ўз-ўзидан Фарруҳ ва Сардорнинг ҳаволатиб паслари асосан узоқроқ бурчакка ижро этилади. Бунда Эшмуродов Дердийок ёки Черанга баъзи эпизодларни бой бериб қўйиши мумкин. Самарқанддаги ўйинда киритилган гол ҳам бунга мисол. Алиқулов эса ҳаводаги курашларда Суперлигадаги энг яхши марказий ҳимоячилардан бири, жуда баланд сакрайди ва иккинчи қаватда рақибларга камдан-кам имкон қолдиради. Айнан иккинчи қаватдан келадиган хавф сабаб Умар ва Ҳусниддиннинг жойи алмаштирилди. Бу борада ҳам Бердиев вазифани уддалади. На Дердийок ва на Черан бирор маротаба бош билан зарба бера олмади.
Учинчи хато. Суперкубокнинг биринчи бўлимида чап қанотда ҳукмронлик ўрнатган Ойбек Бозоров иккинчи 45 дақиқаликда ўнгга олинган ва шу билан ёш вингер ўйиндан четда қолиб кетганди. Сайфиев унга деярли имкон бермаганди. Бу гал эса мураббий ана шу хатони ҳам тўғрилади ва Ойбек ҳар иккала бўлим чапда тўп тепди. Бир қарашда Бердиев бу вазифани ҳам уддалагандек эди. Аммо... Ана шу аммога кейинроқ қайтамиз.
"Насаф"нинг тажовузкорлиги 70 дақиқага етди, "Пахтакор" эса тажриба эвазига 20 дақиқада камбэк қилди
Кеча мухлислар 70 дақиқагача бошқача ва ундан кейин бошқача ўйин кўришди. "Насаф" футболчилари майдонда тез ва тажовузкор бўлишди. Тинимсиз ҳужумлар ва зарбалар беришди. "Пахтакор" пенальтини тепгунига қадар "аждарлар" жами 12 марта Қувватов дарвозаси томон зарба беришди, улардан 11таси аниқ зарба. Шунчаки дахшатли статистика. Мана ман деган гранд клублар ҳавас қиладиган рақамлар. Ўз навбатида "Пахтакор" ана шу вақт ичида жами 6та зарба йўллади ва уларнинг бирортаси манзилга аниқ бормади. Жуда ғариб статистика. 10 дақиқада Рашидов жаримадан дарвоза устунини нишонга олди, у ҳам аниқ зарба ҳисобланмайди. Шу статистиканинг ўзи майдонда 70 дақиқага қадар ким яққол устунлик қилганини исботлаб турибди.
Лекин, футбол ҳакам хуштаги чалингунга қадар давом этишини унутмаслик керак. Рашидов пенальтидан ҳисобни қисқартиргач ҳаммаси ўзгариб кетди. Меҳмонларнинг кайфияти кўтарилиб олдинга ўтишни бошлашди, мезбонларда эса аксинча, рухият тушиб кетди. Мана шу ерга келганда кўп бор таъкидланадиган тажрибасизлик ва тажриба ўртасидаги фарқ кўзга ташланди. "Пахтакор"нинг тажрибали ва класс томонлама рақибдан устун ўйинчилари мураккаб вазиятдан чиқиб кетишлари учун 20 дақиқа кифоя қилди. Ёш "аждарлар" эса гол ўтказиб юборишганидан кейин пала-партиш ҳаракат қила бошладилар. "Пахтакор" пенальтини ҳам қўшганда 70 дақиқадан кейин 4та зарба берди, учтаси аниқ. "Насаф" эса 5та зарба йўллади, шулардан тўрттаси ноаниқ кўриниш олди. Кўриб турганингиздек статистика бутунлай аксинча томонга ўзгариб кетди сўнгги 20 дақиқаликда.
Зарбалар статистикаси
"Насаф" 70 дақиқага қадар: 12 зарба - 11таси аниқ.
"Пахтакор" 70 дақиқага қадар: 6 зарба - бирорта аниқ зарба йўқ.
"Насаф" 70 дақиқадан кейин: 5 зарба - биттаси аниқ.
"Пахтакор" 70 дақиқадан кейин: 4 зарба - 3таси аниқ.
"Насаф"га захиранинг торлиги ва лидер йўқлиги панд берди
Суперкубок ўйинидан кейин "Насаф" ёрдамчи мураббийи Шуҳрат Тошпўлатовга захира ўриндиғининг торайиб қолгани узоқ мавсум давомида панд бериб қўйиши эҳтимоли ҳақида савол бергандим. Буни қарангки, чемпионатнинг биринчи ўйинидаёқ бу жиҳат сув юзига сизиб чиқди. "Шерлар" биринчи тўпни киритишганидан кейин мезбонлар ҳимояланиш учун янги кучларни туширишлари керак эди. Аммо, захира торлиги сабаб мураббийлар ҳеч кимни алмаштиришмади. Пенальтигача туширилган Суҳроб Нуруллоевдан ташқари. Рақиб майдонга уч нафар янги ва энергия берадиган футболчиларни тушираётган бир пайтда "Насаф" ўзгариш қилмади ва кучли рақибга қарши 70 дақиқа зўр темпда ўйнаган ва анча чарчаган ёшлар билан ҳаракат қилишда давом этди.
Бунга қўшимча ўлароқ жамоада ҳаммани ўз ортидан эргаштирадиган ва бошқарадиган етакчи йўқлиги ҳам панд берди. Хатто, биринчи гол ўтказилганидан кейин ҳам нимадир қилса бўларди, агар таркибда лидер бўлганида. Негадир мезбонлар тўп ушлаб ўйинни "ўлдириш" ўрнига, яна олдига ўтавердилар, ўтавердилар. Натижа эса ҳаммага маълум. "Насаф" ёпилиб олиш ўрнига олдига ўтишда давом этаверди, очиқ ўйин эса "Пахтакор" учун айни муддао бўлди.
Питер Хюистрадан шоҳ ва мот
Мақола бошида Бердиев хатоларни тўғрилади, аммо... деган жойига етиб келдик. Ўша аммо - "шерлар" устози Питер Хюистра.
Кечаги ғалаба "Пахтакор" мураббийиники бўлди. Ўзбек футболида мана шундай мураббийча "юриш"ни кўриш жуда ёқимли. Нидерландиялик мутахассиснинг ўйинчи алмаштиришлари баҳсни ўзгартириб юборди. Боя айтганимиздек, Бозоров бу сафар чап қанотда охиригача қолдирилди. Аммо, Хюистра ўзининг ўнг қанотидаги муаммони пайқади ва ёмон формадаги Алижоновни олиб унинг жойида Сайфиевни ўтказди. Чапга эса ИброҳимҲалил Йўлдошев тушди. Бу "юришлар" эвазига меҳмонлар устози рақибнинг энг хавфли ўйинчиси Бозоровни "тинчитди", камига ёш, тезкор футболчилар захирадан тушишлари билан баҳсга янги энергия бера олишди. Бир неча йил олдин Массимилиано Аллегри "Ювентус" бош мураббийи бўлиб турган пайтлари бир учрашувда ютқазиб турган бир паллада иккита қанот ҳимоячиларини алмаштириб ўйинни ютиб кетганди. Ўшанда Алекс Сандро ва Куадрадо ўрнига захирадан Лихтштайнер ва Квадво Асамоа туширилганди. Кеча эса Питер икки тўп фарқи билан ютқаза туриб, ҳужумкор ўйинчини эмас қанот ҳимоячисини алмаштирди. Бу эса Питер Хюистра томонидан шох ва мот эди.
Кеча VAR қандай ишлади?
Учрашувдан сўнг кўпчиликда VAR тизимига нисбатан кескин эътирозлар бўлди. Бунда эътирозлар асосан бош ҳакам Илгиз Танташев бирор марта шахсан ўзи VARга бориб қарамаганига нисбатан янграмоқда. Лекин, беллашув давомида ҳар бир баҳсли вазиятда Танташев VARдаги ҳакамлар билан қулоғидаги махсус мослама орқали гаплашди. VARдаги Азиз Асимов барча вазиятларда иккиланишга имкон қолдирмагандирки бош ҳакам бирор марта VARга шахсан ўзи бориб қарамади. Агар жуда баҳсли ҳолат рўй берганда ва вазиятга хатто VARдагилар ҳам баҳо беришга иккиланишганда, унда Танташевни ўзини монитор ёнига чақиришган бўлишарди.
Танташев VARдагилардан эҳтимолий пенальти ҳақида сўраётган вазият.
Қаршидаги триллер қаҳрамони - Ойбек Бозоров
"Пахтакор" мураккаб камбэкни амалга оширди. Шу сабаб улар таркибидаги яхшиларни ҳам эътироф этмаслик тўғри бўлмасди. Шахсан мен учун меҳмонларнинг энг яхши ўйинчиси Сардор Собирхўжаев бўлди. Сардор пенальти ишлади ва ғалаба голига ақлли пас берди. Захирадан тушган Эркинов ва Йўлдошевлар ҳам ўйинни кучайтиришди. Рашидов эса бутун ўйин кўп бор тўп йўқотди, ноаниқ зарбалар берди, паслари хато кетган вазиятлар ҳам бўлди. Лекин, охирги 20 дақиқаликда битта гол урди ва иккинчи голда автоголга сабаб бўлувчи пасни ижро этди.
"Марказий" стадионда ўтган триллернинг асосий қаҳрамони эса - Ойбек Бозоров. Ойбек кеча ўйинни "ёндирди". Чап қанотда хоҳлаганини қилди. Охирги икки ўйинда Бозоров Ҳожиакбар Алижонов учун қўрқинчли тушга айланди. Тезкор, эгилувчан, дриблинги юқори бўлган вингер бу мавсум "Насаф"нинг асосий юлдузи бўлади. Бозоров жуда катта иқтидор ва буни кеча яна бир бор кўрсатди.
ВИДЕО Питер Хюистра: "Футболчиларимиз жанг қила олишларини намоён этишди"
ВИДЕО Рўзиқул Бердиев: "Пенальти ўйин тақдирини ўзгартириб юборди"
Фикрлар