Етакчилар ўзгармади: А Серия 10-тур якунлари
29 окт 2021 19:10
Янгиликлар
Етакчилар ўзгармади: А Серия 10-тур якунлари
"Ювентус" "Сассуоло"га мағлуб бўлди (1:2)
"Кекса синьора" "Интер"га қарши баҳсда мағлубиятдан қутилиб қолганидан сўнг (1:1), бу сафар ғалабага қозониши шарт эди. Шунга қарамай, "Сассуоло" учрашувни фаолроқ бошлади. Беррарди айланма зарба билан тўпни тепди, бироқ Перин гол бўлишига йўл қўймади. "Ювентус" эса бунга Дибаланинг узоқдан берган ажойиб зарбаси билан жавоб қайтарди. Қизиғи шундаки, "Сассуоло" тезкорлик билан ўйнашга ҳаракат қилди ва охир-оқибат бунинг уддасидан қойилмақом тарзда чиқди. Дефрель югуриб келаётган Фраттезига пас берди, қанот ярим ҳимоячиси эса жарима майдонига учиб кирди ва Перин дарвозасини ишғол қилди.
Танаффусдан сўнг "Ювентус" босим ўтказади деб кутилганди, бироқ бунинг ўрнига Распадорида имконият пайдо бўлди, аммо унинг зарбаси бироқ ноаниқ чиқди. "Ювентус" аста-секинлик билан назоратни ўз қўлига олди, Куадрадо ҳаводаги тўпга жуда яхши зарба берди. Лекин Феррари дарвоза чизиғидан тўпни қайтарди. "Ювентус" яна бир нечта вазиятларни ҳам қўлдан бой берди, бироқ ўйин охирига яқин барибир гол уришга эришди: Маккени 76-дақиқада Дибаланинг берган узатмасини рақиб дарвозасига жойлаб қўйди.
Энг қизиғи, "Ювентус" хавфли вазият бошқа ярата олмади, аммо "Сассуоло" қўшиб берилган вақтнинг сўнгги дақиқасида рақибига қарши ҳужум уюштирди. Берардининг ҳаводан етказиб берган тўпини Максим Лопес рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Натижада "Сассуоло" ғалаба қозонди. "Ювентус" позицион ҳужум ҳақида чуқур ўйлаб кўриши керак шекилли...
"Интер" "Эмполи"дан кучлироқ (0:2)
Симоне Индзаги "Ювентус" билан бўлган курашдан сўнг, бир қанча ўзгартиришлар қилди, бироқ аввалига улар иш бермади. Биринчи бўлиб, "Эмполи"да қулай вазият пайдо бўлди, лекин Ханданович Стояновичнинг зарбасини қайтара олди. "Интер" бунга Димарконинг узоқдан берган зарбаси билан жавоб қайтарди, аммо Викарио тўпни қайтарди. "Қора-кўклар" аста-секинлик билан хавфлироқ ҳужум қила бошладилар ва бу кутилмаганда иш берди. Алексис Санчес жарима майдонидаги Данило Д`Амброзиога тўпни етказиб берди, италиялик ҳимоячи эса бош билан гол урди ва ҳисобни очди. Танаффусгача бошқа қизиқроқ вазиятлар бўлмади, икки жамоа ҳам таваккал қилишга шошмади.
2-тайм бошланганидан 5 дақиқа ўтиб, Риччи ўйиндан четлаштирилганда, "Эмполи" ёмон аҳволга тушиб қолди. Гальярдини ҳам гол уришга яқин турганди, лекин Дармианнинг узатмасидан сўнг, унинг боши билан йўллаган зарбасини дарвоза устуни қабул қилиб олди. Кўп ўтмай, шу каби узатмадан сўнг, Лаутаро зарба берди. Аммо бу сафар ўйинга Виккари қўшилди. "Интер" осонлик билан "Эмполи"нинг чап қанотидан ёриб кирди ва гол урди. Лаутаронинг узатмасини Димарко аниқлик билан дарвозага жойлаб қўйди. Ўйин тақдири қандай якунланиши тушунарли бўлди, бироқ "нерадзурри" яна гол урди. Аммо ҳакам Гальярдинини елка билан эмас, қўл билан гол урди деб, голни бекор қилди. Шунга қарамай, "Интер" ишончли ғалабага эришди ва кучли учликдаги ўрнини сақлаб қолди. Қизиғи шундаки, "Эмполи" сафардагига қараганда, уйда ёмонроқ ўйнаяпти.
"Наполи" ишончли ғалабага эришди (3:0)
Неаполликлар "Рома"га қарши ўйинда очко йўқотганидан сўнг, қаттиқ зарба билан қайтиши жуда муҳим эди. "Партенопейлар"да дарҳол қулай вазият пайдо бўлди, бироқ Инсинье тўпни дарвозабоннинг устидан ташлаб қўйган бўлса-да, Медель вазиятни ўнглай олди. Бироқ кўп ўтмай, "Наполи" гол уришга муваффақ бўлди. Элмас Руисга пас берди, унга эса айланма зарба билан гол уришига ҳеч ким қаршилик кўрсата олмади. "Наполи" устунлик қилишда давом этди, бироқ узоқ вақтгача хавфли вазиятлар яратилмади. Тўғри, тайм сўнгида жамоага "Болонья"нинг ўзи ёрдам берди. Ҳимоячи жарима майдонида қўл билан ўйнади, Инсинье эса берилган имкониятдан унумли фойдаланди ва гол урди. "Болонья" эса ҳужумкор ҳаракатларда жуда оқсади.
Иккинчи таймда "Наполи" яхши ҳужумлар уюштирди, Осимхен якка ўзи қулай вазиятлар яратди. Натижада нигериялик форвард яна бир пенальти ишлаб олди. Бу сафар ҳам тўп ёнига Инсинье келди ва рақиб дарвозасини ишғол қилди. Барчаси аниқдек эди, бироқ қолган вақт ичида "Наполи" яна гол уриши мумкин эди, аммо бироз аниқлик етишмади. Шундай бўлса-да, "партенопейлар" ишончли тарзда ғалаба қозондилар ва 1-поғонага қайтдилар.
"Милан" - "Торино" (1:0)
"Милан" "буқаларга" қарши ўйинни анча фаол бошлади ва тезкор гол уришга ҳам улгурди. Бурчак зарбасидан кейин талатўпда Оливье Жиру барчадан чаққонроқ ҳаракат қилди ва тўпни дарвоза тўрига йўллади. "Милан" тўхташ ҳақида ўйламасди, Леао мунтазам равишда дарвозани ўққа тутарди, лекин гоҳ уринишга куч етмасди, гоҳида тўп дарвозадан анча юқорилаб ўтиб кетарди. Тайм охирига яқин Тоналлининг узатмасидан кейин Крунич гол уришга яқин келди, бироқ унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.
"Торино" эса фақатгина танаффусдан кейин жонланди. Белотти қулай нуқтага чиқиб борди, лекин зарбаси умуман қовушмади. Кўп ўтмай, Санарабия қулай вазиятга эга бўлди, аммо Татарушану узоқ бурчакка йўлланган тўпни қайтаришни уддалади. "Милан" эса жарима майдонига кира олмагач, узоқ ва ўрта масофалардан зарбаларни амалга оширарди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида "буқалар" рақибни кўпроқ ҳимояланишга мажбур қилди, Прат тўпни "парашют" услубида дарвозага йўллашига сал қолди, лекин Денис тўпни дарвозанинг ҳам устидан ўтказиб юборди. Қўшиб берилдган дақиқаларда бурчак зарбасига дарвозабон Иван Милинкович-Савич ҳам ёрдамга келди, лекин "Милан" ҳимояда мустаҳкам турди. "Россонери" учун ўта қийин ғалаба, бироқ айнан шундай зафарлар жамоани янги даражага олиб чиқади, "буқалар" эса яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиш устида ҳали кўп ишлашлари зарурга ўхшайди.
"Рома" ғалабани илиб кетди (1:2)
Имкониятлари бироз паст баҳоланган "Кальяри" ўйинни фаолроқ бошлади. Илк дақиқаларданоқ бошланган ҳужумлардан бирида Белланова биринчи уринишда тўпни ўзига тўғрилаб, иккинчи ҳаракатда тўсинни пойлади. "Рома" бунга Заньолонинг узоқ масофадан амалга оширган зарбаси билан жавоб берди, аммо "Кальяри" футболчилари кўпроқ ҳужум қиларди. Бироқ римликлар дарвозаси олдида ҳам чинакамига хавфли вазиятлар йўқ ҳисоби эди. Аксарият ҳужумлар жарима майдонига етай деганда рақиб ҳимоячилари томонидан тўхтатиб қолинарди.
Иккинчи бўлим аввалида эса, қанотдан етказиб берилган пасдан сўнг, Ибаньес ишончли ҳаракат қилолмади ва тўп Паволеттига бориб тушди. У жарима майдончаси ичидан мўлжални аниқ нишонга олди. "Рома" деярли кейинги ҳужумда мувозанатни тиклаши мумкин эди, лекин Эл-Шааравининг қайчи услубидаги зарбасидан кейин тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. "Рома" рақибни жарима майдонига "қамаб қўйишга" уринди, асосан қанотлардан ҳаволатиб амалга оширилган узатмалар хавфли чиқарди. Вазиятлардан бирида Белланованинг узатмасидан кейин Паволетти дублни расмийлаштириши мумкин эди, аммо Руй Патрисио ажойиб сейв орқали жамоасини қутқариб қолди. 2 дақиқа ўтиб, Ибаньес хатосини ювди. Пеллегринининг бурчакдан узатган тўпини "Кальяри" дарвозасига тўғрилаб юборди.
"Рома" босимни давом эттирди ва "жалоросси"га яна стандарт ёрдамга келди. Пеллегрини жаримадан зарба беришини кутмаган Краньо тўққизликка кетаётган тўпни қайтара олмай қолди. Қолган вақт давомида "Кальяри" ҳисобни тенглаштиришга уринди, лекин ҳужумлардан самара бўлмади, "Рома" эса муҳим, иродали ғалабани нишонлади.
Шунингдек, "Лацио" "Фиорентина"ни мағлуб этди (1:0), "Удинезе" ва "Верона" дуранг ўйнади (1:1), "Венеция" эса "Салернитана"га ютқазди (1:2).
Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар