"Эль бандидо" "Реал"да йўқолиб қолдими ёки уни Зидан йўқотиб қўйдими?
25 дек 2016 11:00
Янгиликлар
"Эль бандидо" "Реал"да йўқолиб қолдими ёки уни Зидан йўқотиб қўйдими?
Колумбия термаси Бразилияга ўзинининг етакчиси Радамель Фалькаосиз борганига қарамай, ўз тарихидаги энг омадли турнирларнинг бирини ўтказди. Айнан ўша турнирда жамоа мухлислари миллат қахрамони, миллий терма жамоанинг янги сардорига эга бўлдилар.
Аввалига, кўпчиликнинг эътиборига тушган Хамеснинг исми қандай талаффуз қилиниши муҳокамаларга сабаб бўлди, ЖЧ-2014 тўпурарининг ҳар бир голидан завқланиб яшадик. Шунча ишдан кейин, унинг "Монако" билан хайрлашиши ҳам табиий бир ҳол бўлди.
Футболчи Мадридга кўчиб ўтганда энди 23 ёшга тўлганди. У кучга тўлган ВВС учлигидан чўчимади ва яхшигина пулга сотиб олинган (80 миллион евро) футболчи танасини татуировкалар билан "безата" бошлади. Ҳам майдондаги ҳаракатлари, ҳам бизнес томондан Қироллик клубига мос келувчи футболчи эди. Боз устига, бу харид орқали 47 миллиондан ортиқ аҳолиси бор мамлакат ҳам, "Реал Мадрид"ни қўллай бошлади. Ярим ҳимоячи футболкалари магазинда узоқ қолиб кетмаслиги аниқ эди. Буни "Монако" либослари сотувида ҳам кўриш мумкин эди. "Реал"нинг реклама бозоридаги ишлари француз клубидан анча яхшилиги эса ҳеч кимга сир эмас.
Лекин футбол ва атрибутика ўртасидаги мувозанатни колумбиялик 2014 йилнинг охирига қадар сақлаб қола билди ҳолос. Хамес исми туширилган футболкалар яхши сотилишда давом этди, аммо Карло Анчелотти жамоани тарк этгандан сўнг, Родригеснинг майдондаги ишлари ортга кета бошлади. Қаймоқли коктейльни "таъми" ўзгармади, аммо энди уни аралаштиришда Хамес иштирок этмайдиган бўлди.
Техникаси кучли, шу билан бирга ундан қолишмайдиган даражада кучли зарбага эга жанубий америкаликнинг захирага михланишидан "бланкос" бирор нарса йўқотгани унчалик сезилмади ҳам. Хужумдаги ишлар жойида, жамоавий ўйин ҳам секин-аста йўлга қўйилди, ишлар ўхшамаган вақтларда эса "Рамос тайм" "Реал"га муҳим очколар келтира бошлади.
Шу сабаб Хамеснинг "10" рақами Мадрид учун деярли аҳамиятсиз бўлиб қолди, иккинчидан бу "7" рақамлилар шаҳри, Луис Энрике ҳам "10" рақамида ўйнаган; учинчидан Пушкаш, Лаудруп, Робиньо ва Ўзил билан бир қаторда колумбиялик ўзини у қадар эркин хис қилмаслиги аниқ. Тўғри, Хамес иккинчи ўйинидаёқ "Атлетико" дарвозасига тўп киритди, аммо чўзилиб кетган мослашиш жараёни ва стабиллик етишмаслиги, сўзсиз иқтидорли футболчига етарли ўйин вақти берилмаслигига олиб келди.
Бразилиядаги чемпионатдан сўнг кўплаб иқтидорли ёшлар пайдо бўлишди, мундиалнинг энг фойдали футболчиси эса (6+2), ЖЧ ўйинларида қай даражада осонлик билан рақибларни доғда қолдирган бўлса, шу қадар осон "йўқолиб қолди". Икки ярим йилда Хамес Испания чемпионатида 61 ўйин ўтказди, 21 та гол, 23 та гўлли узатма (барча турнирларда эса: 94/27/37). Рақамларга қараса, ҳаммаси жойида, лекин таассуротлар эса...
2015/16 йилги мавсумнинг илк ўйини ва Рафаэль Бенитес қахрамонимизни захирада қолдирди. Табиийки, футболчи нафақат Хихондаги дуррангдан, балки ўзининг "янги роли"дан ҳам хафа эди.
Футболчи твиттердаги саҳифасига ўзини отдек хис қилаётганини ёзганига қарамай ("Better than ever!"), Бенитес ярим ҳимоячи машғулотларга барчадан кейин қўшилгани ва ҳали формага кириб олмагани туфайлигина асосий таркибдан четда қолаётганини таъкидларди. Рафа қўл остида "Реал" у қадар ёрқин ўйин намойиш этмасди, лекин Хамес, соғ бўлса таркибга киритилди, лекин шунда ҳам, тўққиз ўйиндан учтасинигина тўлиқ ўтказди.
Ноябрь ойи, жароҳатидан қутулган футболчи терма сафида ўйин ўтказди ва Чили дарвозасига гол уришга эришди. Ўйиндан кейиноқ, ОАВ орқали "Реал" бош мураббийига "салом" йўллади: «Ўйинни кўрдингиз, шунда ҳам улар мени формада эмас дейишяпти". "Улар" яна бир ойча гапиришди, ундан кейин эса ўзининг жонажон "Валенсия"си Бенитеснинг бошига етди. Хайр, Бенитес!
Кейинчалик, Хамес терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффусдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди ва яна ўша ОАВ орқали: Зидан унинг болаликдаги кумири эканлигини эътироф этди. Аммо "Реал"ни француз қўлга олганидан кейин ҳам вазият сезиларли даражада ўзгармади.
Қўрқманг, 2016 йилда Хамес эслашга арзирли ўйин ўтказиб улгурди. "Сиз билан биз бунинг шоҳиди бўлишдек бахтга эришдик!" деб ўйлади кўпчилик. Ахир, бутун бошли "Сантьяго Бернабеу" 90 дақиқага Гарет Бэйл (жароҳат) ва унинг ўзига хос соч турмаги ҳақида унутди. "Реал"нинг "Атлетик Бильбао" устидан ишончли ғалабаси, Роналдонинг сеҳрли зарбаси ва жуда чиройли голи, учар Хамес ўйин тақидирини ҳал қилишди. Басклар Хамесни тўхтата олмай қийналиб кетишди, у эса қанотда Данило билан истаган ишини қилди. ЖЧ-2014 қайтиши учун Родригес ижросида узоқ масофадан гол етишмай турганди холос. "Эль бандидо" кейинроқ шу каби голниям урди, аммо жамоа ўйинини мунтазам бошқариш, унга енгиллик, кутилмаган ҳаракатлар киритиш қўлидан келмади.
Шунинг учун ҳам терма либосини кийиши билан футболчи: "Қўллаб-қувватлаб туришса, ўйнаш анча осон" дейишдан чарчамади.
Америка Кубогини омадли бошлаб олган Колумбия сардорининг: "Терма жамоада умуман бошқа муҳитни кўраман, жамоа менга ёрдам беради ва мен яхшироқ ўйнай бошлайман", "Терма сафида битта оёқда бўлса ҳам ўйнашга тайёрман, етарли ўйин вақти берилишини жудаям соғингандим" каби сўзлари янгради.
Аммо Копада Колумбия юришини ярим финалдаёқ тўхтатишга мажбур бўлди. Клуб таркибига эса Хамес, Месси "Барселона"га қайтганидан кейинроқ қўшилди. Ваҳоланки, Лео жамоаси билан ярим финалда айнан Колумбияни енгиб, финал учрашувида (бу яна қўшимча тўрт кун дегани) ҳам иштирок этганди. Месси камроқ дам олишга рози бўлди ва таътилини қисқартирди; Хамеснинг жамоадошлари Матео Ковачич, Альваро Мората ва Лукас Васкес ҳам шу йўлдан боришди. "Реал"да қўллашмаяпти деб норози бўлаётган Хамес эса бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади.
Балки шу характери сабаб Бенитесга ёқмагандир, Зиданни қойил қолдира олмагандир Хамес Родригес. Ўшанда бир неча кун эртароқ келиб, машғулот бошлаган йигитлар бугун колумбияликдан анча кўп ўйин амалиётига эга бўлмоқдалар. Тасодиф дейсизми, балки...
Зидан бош мураббий этиб тайинланганига бир йилдан сал камроқ вақт бўлди ва бугун ишонч билан айтишимиз мумкин, Хамес асосий таркибдаги жойини буткул йўқотиб қўйди. Ҳозирда майдон марказида Каземиро, Лука Модрич ва Тони Крооснинг ўзига хос "учбурчаги" ҳаракат қиляпти. Мавсум давомида жароҳатлар сабаб, баъзан шунчаки ротация туфайли асосий учликдан кимдир майдонга тушмаса ҳам, француз полиглот Ковачични, ўта иқтидорли Марко Асенсио ва ақлини йиғиб олган чоғи, Искони ишга соляпти.
Айнан испаниялик билан Хамесни кўпроқ солиштиришади, чунки Зидан қўл остида уларнинг иккиси ҳам захирадан қўшиладиган футболчига айланиб қолди, муҳим голларни урмай қўйди ва хаттоки, бошқа чемпионатга йўл олиш ҳақида ҳам ўйлаб қолишди. Лекин бир оз олдин айтганимиздек, Иско ўзига келди ва Хамес билан бирга бекор ўтказилган вақтни, у билан бирга қулоғини ушлаб кетган асосий таркибдаги жойни қайтаришга жиддий киришди.
Асосий муаммо шундаки — Зидан аниқ режага эга, хаттоки захира режалари ҳам мавжуд, лекин уларнинг ҳеч бирида Хамес учун жой ажратилмади. Француз одатда тўпга эгалик қилиш ва позицион ҳужумларни маъқул кўради. Бунинг учун керакли ҳислатларнинг барчаси Искода мавжуд, қўшимчасига Модричнинг жароҳати испанияликка таркибдан жой олиш учун қўшимча имкон яратди. Мавсумнинг самарали ўтган иккинчи қисми, "Бетис" билан ўйиндаги дубль, дербидаги ишончли ўйин ва "Уэмбли"даги гол.
Иско қайтди ва майдон маркази эшиклари Хамес учун қаттиқ ёпиб қўйилди. Ҳужумда эса мураббий Мората, Лукас Васкес ва хаттоки Мариано Диасга имкон берди (барча турнирларда 151 дақиқа ўйин вақтида 5 та гол), лекин Хамес ҳамон захирада. Баъзилар, унинг вақтини ёш Васкес "ўғирлаяпти" деди, аммо энди ҳеч иккиланмай айтиш мумкин, Лукас ўз нонини емоқда.
Бу икки футболчи ўйинига эътибор берсак, жуда ҳам катта фарқни кўриш мумкин. Лукаснинг арсеналида кучли зарба ва ҳимоячилар ортига етказиб бериладиган ҳал қилувчи паслар деярли йўқ, лекин у анча тезкор ва доимо агрессив ҳаракат қилади. Шу орқали ўйин темпини, рақибни босимда ушлаб тура олади. Варшава шағрида "Легия" билан дуррангдан (3:3) сўнг, Зидан айнан тўхтовсиз ҳаракат ва босим етишмагани ҳақида беш бор таъкидлади. Испаниялик ҳамкасбларимиз ҳисоб-китобига кўра, айнан "интенсив ҳаракат" («intensidad») ва "диққат" ("concentraciоn") — Зиданнинг матбуот-анжуманларида энг кўп ишлатадиган сўзлари экан.
Шу тариқа, Васкес кучли учлик аъзоларининг бирортасини вақти-вақти билан алмаштириб туриш имкониятига эга бўлди. Хамес имкониятларини инобатга олсак Бензема ва Роналдо билан ёнма-ён ҳаракат қила олади (бир йил олдин "Атлетик" клубига қарши ўйинда у буни исботлаганди). Лекин айни дамда колумбиялик, Васкесга нисбатан камроқ ва секинроқ ҳаракат қилмоқда. Ёшроқ ҳамкасби эса аксинча, қўрқмасдан рақибни алдашга киришмоқда, қанотдан катта тезликда олдинга ўтиб, вазиятлар яратмоқда, шу билан бирга ҳимоядагиларга ҳам ёрдамга қайтишни канда қилмаяпти. Шунинг учун Васкес Миландаги ЧЛ финалида 43 дақиқа, "Атлетико" ер билан битта қилинган ўйинда (86 дақиқа) ва эль класикода учрашувнинг бошидан оҳирига қадар майдонда ҳаракат қилди.
Бу орада Хамес асосан захира ўриндиғини иситиб ўтириш билан банд бўлди ва Мадрид дербисида 7 дақиқага кўриниш берди. Умуман, 2016/17 мавсумнинг ўтиб улгурган қисмида Хамес Ла Лиганинг 8 учрашувида майдонга тушди (бор йўғи 4 таси асосий таркибда) ва Кубокда иккита тўлиқ учрашув. Уларнинг бири учинчи дивизион жамоаси "Леонеса"га қарши баҳсда гол ва 4 та голли узатма.
Зидан ўз жамоасида ўйнашини хоҳлаган футболчи учун унчалик яхши натижа эмас албатта. Ҳозирда Бейлдан бошқа барча футболчилар соғ, лекин Родригесни ҳужумда Бенземанинг ёнида, ёки ҳеч бўлмаса, Искони алмаштиришини фақатгина Флорентино Перес ҳаёлида тасаввур қила олади чоғи.
Трансфер ойнаси очилди ва одатдагидек турли хил гаплар тарқала бошлади. Ва Хамес туфайли, "Реал"да жуда кўп нарсага таъсир ўтказа оладиган ва барча қаттиқ ҳурмат қиладиган икки инсон чинакамига тортишиб қолиши ҳеч гап эмас. Сабаби, президент футболчи қолиши керак деб ҳисобласа, Зизунинг бу борадаги фикри сал бошқачароқ.
Куни кеча "Реал" клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида зафар қучгани ва бу турнир Японида бўлганини яхши биласиз албатта. Хамес Японияни ўз юрти Колумбия деб ўйлади шекилли, ОАВ вакилларига "Сантьяго Бернабеу"даги келажагини тасаввур қила олмаётгани, жамоада у бахтли эканлиги, лекин кўпроқ ўйнагиси келаётганини айтиб юборди. "Менда баъзи таклифлар мавжуд ва барчасини ўйлаб, қарор қабул қилиш учун 7 кун вақт бор" деб қўшимча қилди у.
AS нашри сўровномасига кўра, клубнинг 70% мухлиси Хамеснинг жамоада қолишига қарши. Ўша 70% ичида Зидан, Лукас Васкес, Асенсио ва ҳалиги 5 клуб вакиллари бўлса ажабмас.
Колумбия ОАВи хабарларига ишонсак, Хамес уйда Англия визасини олиш ҳаракатида юрибди, аммо Франция ва Италиядан ҳам совчи борлигини унутмаслик лозим.
Ҳозирча вазият чамаси қуйидагича кўриниш олган:
— Жорже Мендеш (футболчининг агенти) "МЮ" билан яхши алоқаларга эга, устига-устак Жозе Моуриньо жамоасида майдон марказидаги Мино Райоланинг энг қиммат мижозига кўмакчи зарар қилмиасди.
— Шу билан бирга, Хамесни Погба билан тандем ҳосил қилиш учунмас, французнинг ўрнига олишлари ҳам мумкин. "Ювентус" ўзининг тактик схемадаги "10" ўйинчисисиз қолиб кетди ва унинг ўрнига, ажойиб паслар бера оладиган ва кези келганда дарвозага ақлбовар қилмас зарбалар бера оладиган (ёки аввал бера олган) ўйинчи қидирмоқда.
— Аммо, лекин, бироқ... Антонио Конте жамоа хўжайини Роман Абрамовичдан яхшигина "соққа" олишга муваффақ бўлди ва ярим ҳимоячини "Челси"да кутиб ўтирибди. Ахир Оскар Хитойга кетди ва Фабрегас ҳам кетиш тараддудида.
— "Интер" узоқ танаффусдан кейин тилга кирганини ҳам унутманг. Ваниҳоят клуб "бойвочча" ҳомий топишга эришди. Хитойликлар "чин юрти" қолиб, Италияга келиб пул сарфлашни бошлаб юборишди. Айнан ўшалар, аввалроқ Хамесни "Милан"га чорлашганди.
— Харидорлар ичида "ПСЖ"ни алоҳида қайд этмасак уят бўлар. Колумбиялик аввалроқ Францияда ўйнаган, қўшимчасига Париж керакли ўйинчига пулни аяб ўтирмайди.
Хамес терма жамоага фақатгина клубидан арз қилиш учун бормоқчи эмас ва мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш ниятида ёнмоқда.
Сабаби, ҳозирда футболчи фақатгина ўйин амалиётига эга бўлиш ҳақида ўйлаши лозим. Чунки бир йил олдин Зидан уни майдонга тушиш учун чигалёзди машқларини бажариш учун юбориб, кейинроқ захира ўриндиғидан топганди.
Футболчи кўп ўтириб қолди, у қайтиши зарур. Бундай иқтидор соҳиблари ўйинни четдан томоша қилишлари эмас, бевосита майдонда иштирок этишлари лозим.
Омонжон Тўхтамирзаев тайёрлади
Фикрлар