UZ

Сўнгги янгиликлар

17:55"Рома"га Анчелотти келишини истардим, лекин..."   0 17:21Алиссон: "ПСЖга қарши ўйин, балки фаолиятимдаги энг яхшисидир"  1 16:40ЎФА: Янги ташкил этилаётган Ўзбекистон U-23 терма жамоасига ким бош мураббий бўлиши кейинроқ эълон қилинади  16 16:21"Навбаҳор" янги мавсум олдидан таништирув маросимини ташкил этди  3 15:51Суперлига-2025. 1-тур расмийлари эълон қилинди  3 15:34Паулу Фонсека 9 ойга футболдан четлатилди  4 15:17Матбуот анжумани. Фарҳод Нишонов: "Ишдан кетишдан қўрқмайман, омадсизлик туфайли ютқаздик, терма жамоага коррупция аралашгани йўқ"  13 14:58Луис Энрике "Ливерпул"га имкониятни бой берганидан кейин: "Шу ўйинни такрорласак, кейинги босқичга чиқамиз"  14 14:37"Сўғдиёна" стадиони янги мавсумга шай!  4 14:15Расман: "Ал Ҳилол" асосий ўйинчинларидан бири бир ойга сафдан чиқди ва "Пахтакор"га қарши жавоб ўйинини ўтказиб юборади  10 13:55Болаларга футбол керак, лекин... (ПФЛ қарорига муносабат)  5 13:33Рафинья — 2024 йил бошидан буён ЕЧЛнинг энг самарали ўйинчиси  2 13:10Қизиқ факт. "Пахтакор" 18 йилдан буён ўз майдонида "Ал Ҳилол"га ютқазмаяпти  10 12:476 та жамоа иштирок этадиган ПРО Лига қуръаси қачон бўлиши маълум  3 12:23Нойер "Байер"га қарши баҳсда жароҳат олди  0

Болаларга футбол керак, лекин... (ПФЛ қарорига муносабат) Янгиликлар

Болаларга футбол керак, лекин... (ПФЛ қарорига муносабат)

Янги мавсум бошланмай туриб U-21 чемпионатининг 1-туридан ўрин олган иккита учрашув ўтказилмайдиган бўлди.

Аниқроғи, ҳар икки баҳсда мезбон жамоага техник мағлубият ёзилди. 1-тур ўйинида "Навбаҳор" U-21 ўз майдонида "Динамо" U-21ни, "Қизилқум" U-21 эса "Сурхон" U-21ни қабул қилиши лозим эди.

Бунга сабаб сифатида қабул қилувчи томоннинг U-21 учун стадиони тайёр эмаслиги кўрсатилган. Янги регламентга мувофиқ бу йилдан U-21 жамоалари асосий таркиб ўйнаган стадиондан фойдалана олмайди. Балки бу майдон ҳолатини имкон қадар узоқ муддатга сақлаш мақсадида қабул қилинган қарор бўлиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб Суперлига клублари U-21 уй учрашувларини қабул қиладиган стадионни энг охирги муддат сифатида 25 февралга қадар топшириши шарт қилиб белгиланди. Бунга кимдир масъулият билан ёндашди, кимдир бефарқ қаради. Орадан кўп ўтмай ПФЛ матбуот хизмати "Навбаҳор" U-21 илк турни ўйнамаслигини ва жамоага техник мағлубият ёзилишини маълум қилди.

Кейинчалик "Қизилқум" U-21 жамоасига ҳам илк турдаёқ техник мағлубият ёзилиши хабари берилди. Бунга сабаб "Қизилқум" U-21 дастлабки тур мезбони бўлгани билан Карманадаги стадион тайёр бўлмагани учун 1-турни сафарда "Сурхон" U-21 майдонида ўтказиши керак эди. Аммо "Сурхон" U-21 фақат 2-турдан бошлаб ўйинларни ўзида қабул қилишини айтгач, майдонсиз қолган "Қизилқум" U-21га техник мағлубият ёзилди.




Эндиликда битта савол қоляпти: "Хоразм" U-21 - "Шўртан" U-21 ўйини қаерда бўлади? Афтидан Хоразмдаги ўйингоҳ ҳам тайёр эмасга ўхшайди ва мезбон тур учрашувини рақиб майдонида ўтказиши керак. Агар "Шўртан" U-21 бунга розилик берган бўлса, "Хоразм" U-21 номинал мезбон сифатида илк турни Ғузорда ўтказади. Мабодо ўйинга бир-икки кун қолганида нимадир ўзгариб қолса ёки "Шўртан" U-21 ўзида қабул қилишни хоҳламаса, унда "Хоразм" U-21га ҳам техник мағлубият ёзилади.

Ҳозирча иккита жамоа майдонга тушмай туриб уч очколи бўлди: "Динамо" U-21 ва "Сурхон" U-21. Ва техник мағлубият ёзилган томондан ҳеч бир баёнот кўрмадик. Демак, раҳбариятнинг буни кўриб боши қотган ёки бўлмаса бефарқ. Яъни, U-21 ўйнади нима-ю, ўйнамади нима. Агар боши қотгани рост бўлса, унда тезда ҳаракатга тушиб ҳеч бўлмаса кейинги уй учрашувигача стадион масаласини ижобий ҳал қилиш керак бўлади. Мабодо иккинчи вариант рост чиқса, унда U-19 ва аёллар жамоалари билан шу ҳолат кузатилиши мумкин. Яъни, U-21га топилмаган майдон кун келиб U-19 билан қизларга ҳам топилмай қолади.

Ҳа, ҳамма клуб учун асосий таркиб муҳим. Ҳомий ҳам биринчи навбатда асосий жамоага эътибор қаратади. Асосий жамоанинг ишлари яхши бўлиб турса, бошқа жамоаларга эътибор пайдо бўлади. Буни тўғри қабул қилиш керак. ПФЛ бундай ҳолатдан устамонлик билан фойдаланиб, U-21 чемпионатини тўлиқ ўз зиммасига олиши мумкин эди. Лекин 20 февраль куни чиққан хабарга кўра, Лига U-21 чемпионати ўйинларининг тўлиқ тартибда ўтказиш мажбуриятини ўз зиммасига олмас экан.

Бу қандай бўлади? ПФЛ стадионинг тайёр эмас деб мезбон жамоага техник мағлубият ёзади. Раҳбар эса бунга пинагини ҳам бузмасдан наилож деб қўяди ва эътиборни асосий жамоага қаратади. Муҳими, асосий жамоа ўйнаса бўлгани. Чунки раҳбар ҳам ўзидан тепадаги раҳбарга биринчи навбатда асосий жамоа ҳақида ҳисобот беради. Бундан кимга қийин? Биринчи навбатда болаларга, U-21 футболчиларга. Улар ўйин амалиётисиз қолиб кетади. Уларнинг мураббийлари нима қилишни билмайди. Уларнинг ўйинини бошқариши керак бўлган ҳакамлар амалиётсиз қолади.

Суперлига клублари қаторида U-21 жамоалари ҳам мавсумга ҳозирлик кўрган. Уларнинг мураббийлари ҳам илк тур учун режа ишлаб чиққан. Лекин бирданига ўйин бўлмаслиги ҳақида хабар чиқяпти. Мураббий нима қилади, футболчиларни 2-тур олдидан йиғиласизлар деб уйига қўйиб юборадими ёки машғулот ўтказишда давом этаверадими? Ёки бўлмаса расмий ўйин ўтказилмаган тақдирда ўрнига ўртоқлик учрашуви ўйнайлик деб рақиб қидирадими?

Биласизми, футболда ўйинни ўтказмаслик ва техник мағлубият ёзиш энг охирги (умидсиз) қадам бўлиши керак. Ўйин белгиланган кунда бўлиб ўтиши учун нима зарур бўлса ҳамма чорани қўллашга тўғри келади. Масалан, ОФК ўйин ўтиши учун бор имкониятини ишга солади. Керак бўлса, бир кун кейинга суради, лекин ўйин бўлади. Яунки футболдаги энг муҳим нарса бу - ўйин. Ўнта машғулотдан битта ўйин афзал ва буни ҳаммамиз яхши биламиз.


Тўғри, ҳозирги вазиятда клублар Регламентга амал қилмаган, яъни U-21 уй учрашувини ўтказадиган стадионни вақтида тайёрлай олмаган, лекин вазиятдан чиқиб нимадир йўл топса бўларди. Масалан, мезбон клуб уй учрашувлари учун битта стадионни кўрсатади, мабодо қабул қила олмаса захира стадион вариантини беради ва бу ҳам қабул қила олмаса учинчи вариант сифатида нейтрал стадионни кўрсатади. Айтайлик, ўйинни нейтрал стадионда ўтказишга тўғри келса, бу ҳолатда мезбон жамоа меҳмон жамоанинг барча йўлкира харажатларини ўз зиммасига олади. Хуллас нимадир қилиб ўйинни ўтказса бўлади. Қаловини топсанг қор ҳам ёнади деганларидек, ҳамма ишнинг уддасидан чиқса бўлади.

"Қизилқум" U-21 жамоасига техник мағлубият ёзилиши ҳақидаги хабарда бир гап диққатимни тортди: "Маълумот учун, U-21 жамоаси ўз ўйинларини бемалол ўтказа оладиган футбол майдонини тайёрлаш ва уни йил давомида парвариш қилиш қанчага тушиши, шунингдек, ҳар қандай клубнинг хорижлик футболчи ёки хорижий йиғинлар учун қанча маблағ сарфлаётгани Лигага маълум". Назаримда шу гап ортиқча. Сабаби ПФЛдек расмий ташкилот бу ўринда умуман пул ҳақида гапирмаслиги керак. Яъни, бу билан шунча легионер учун фалон ойлик беряпсизлар, йиғинларга шунча сарфлаяпсизлар битта майдон қила олмайсизларми деган маъно келиб чиқяпти.

Бу гапни айтайлик, клуб раҳбари билан юзма-юз суҳбатда ўзига айтса бўлар, аммо хабарга киритиш ва шу орқали "чақиб олиш"га ҳаракат қилиши тўғри эмас. Чунки легионерлар учун маошни ҳам, йиғинга кетадиган пулни ҳам ҳомий тўлаб беради. Масалан, бу гап ҳомийнинг қулоғига етиб борса, мен шунча яхшилик қилишга ҳаракат қиляпман, энди менинг пулимни санашяптими деган ўй хаёлидан ўтмайдими? Бор-е деб футболдан юз ўгириб кетворса-чи. Ўзи шундоқ ҳам ҳомийлар футболда кам қолди. Уларни ушлаб қолишга ҳаракат қилайлик.

Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, агар ПФЛ "бургага аччиқ қилиб кўрпани  ёқиш"да давом этаверса, эрта-индин бу футбол ҳеч кимга керак бўлмай қолади. Ҳозир U-21 масаласи кун тартибида экан, эртага U-19, аёллар жамоалари, ундан кейин футбол мактаблари мавзуси чиқади. ПФЛ ўйинни ўтказмас экан, техник мағлубият ёзади деб клублар янаям бефарқ бўлиб қолади. Бу эса бориб-бориб клубларнинг камайишига олиб келади. Ўзи шундай катта Республикада профессионал ва ярим профессионал 20та клуб қолди. Бу кетишда борини ҳам йўқотиб қўймайлик.

Х.Холиқов.

Рейтинг:    

Фикрлар

   
06 мар 16:58:52
fc Surxon
Pfl to'g'ri qilyabdi klublarga indamasa o'zini yoshlariga sifatsiz maydonda oynatadi
   
06 мар 16:30:37
Bek
Тур йуколе качонгача заказной езасан ботаник
   
06 мар 15:26:08
Аброр Ибрагимов
Пфл тугри киляпти Ю 21га этибор булмаса бало борми четга чикиб тайёргалик килиб.Ёшлар жамоасига этибор булмаса жамоани келажаги булмайди.
   
06 мар 15:14:15
From Earth
ПФЛ тўғри қиляпти, қачонгача имконият беради? Кескин ва жиддий чора кўрмаса клуб раҳбарияти юраверадида.
   
06 мар 14:10:08
PFK HAQIQAT
Oʻyinlarda texnik magʻlubyat yozib toʻgʻri qilishdi. Bularni qosh koʻziga qarasangiz butun umur stadion qilmaydi.
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика