UZ

Сўнгги янгиликлар

00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  0 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  0 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  1 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  0 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  0 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  9 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  14 21:07"Ливерпуль" академияси: Сен ёлғиз эмассан  1 20:51Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"  3 20:0112 йиллик армон ёхуд "Насаф"ни чемпион қилган Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью   7 19:32ПСЖ бу сафар Тибо Куртуани сотиб олишга уриниб кўрмоқчи  3 19:13Рафинья Ямалга 10 минг фунтлик тилла "iPhone" совға қилди  6 18:41Неймар: "Шу ҳафтанинг ўзида 3 та фейк хабар чиқди. Бразилия менга бундай муносабатда бўлаётганидан хафаман"  12 18:10Беларусь терма жамоаси ҳужумчиси виза билан муаммо туфайли Миллатлар Лигаси учрашувини ўтказиб юборади  0 17:46"Бавария" Ян Кристиан Дризен билан шартномани узайтирди  1

Даврон Файзиев: “Лигани тарк этишни ҳаёлимизга ҳам келтирганимиз йўқ” Янгиликлар

Даврон Файзиев: “Лигани тарк этишни ҳаёлимизга ҳам келтирганимиз йўқ”

Биринчи давранинг энг шов-шувли натижаларидан айримлари “Сўғдиёна”га тегишли.

Жиззахликлар кучли таркибга эга “Бунёдкор” ва “Машъал”ни мағлубиятга учратишни уддасидан чиқишди. Агарда, жамоанинг сўнгги ўйинларига эътибор берсак, футболчиларга барқарорлик етишмаганлигига гувоҳ бўламиз. Буни, жамоадаги чарм тўп усталарининг қўнимсизлигидан, дейиш мумкин. Кези келганда, ёш мутахассис Даврон Файзиевнинг истеъдодига тан бермасликнинг иложи йўқ. Чунки, “йўқдан бор қилишни” ҳамма ҳам уддалай олмайди. Зеро, бошқа клуб захирасида “ўтириб қолган” футболчилар, Жиззах клубида тажриба орттиришади ва бошқа клубга ўтиб кетади. Пойтахт вилоятининг Дўрмондаги “Ёзувчилар уйи”дан қўним топган воҳаликлар машғулотларни Қибрайдаги марказий стадионда ўтказишди. Хўш, жиззахлик чарм тўп усталари юзага келган муаммоларни ижобий томонга ўзгартира олармикин? Аутсайдерлар сафини тарк этишга футболчиларнинг қурби етармикин? Шу ва шу каби саволларга жавоб олиш учун “Сўғдиёна” бош мураббийи Даврон Файзиев билан суҳбатлашдик.


- “Қизилқум”га қарши кечган учрашув хусусида тўхталсангиз?
- Биринчи даврадан кейин чемпионат жадвалидаги эгаллаб турган ўрнимиз мақтагулик даражада эмасди. Шу боис ҳам, ўтказилган ўйинларда йўл қўйилган хатолардан етарли хулоса чиқарилди. Ҳали олдинда ўйинларнинг тенг ярми турганлигини инобатга олсак, ортга чекинишга умуман хаққимиз йўқ. Давралар оралиғида таркибимизни бир қатор истеъдодли ёшлар билан тўлдирдик. Жамоага таклиф этилган футболчилар эса иккинчи давранинг илдк учрашувида қайсидир маънода ўзларига билдирилган ишончни оқлагандек бўлишди. “Қизилқум” устидан қозонилган ғалаба фикримни тасдиқлайди. Қолган учрашувларни ҳам шундай юқори савияда ўтказсак, жамоа олдига қўйилган вазифани уддалашимиз, шубҳасиз.


- Иккинчи даврага ҳозирлик ишлари ва ўтган синов-назорат учрашувлари ҳақида нималар дея оласиз?
- Бўлажак ўйинларга тайёрларликни Жиззах вилоятининг сўлим гўшаларидан бири Зомин тоғ ён бағирларида олиб бордик. У ерда асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига қаратилди. Тошкентдаги йиғинлар давомида эса “Андижон”, “Динамо”, “Нефтчи” ва “Пахтакор” билан учрашувлар ўтказилди. Андижонликлар ва Самарқанд вилояти вакилларини бир ҳил 1:0 ҳисобида доғда қолдирдик. “Нефтчи”га қарши бўлган баҳсда эса ҳисоб очилмади. Сўнгра, яна бир ўйинда “Пахтакор”га 0:2 ҳисобида имконият бой берилди.

- Ёзги трансфер олди-сотдилари сизнинг жамоангизда ҳам юз бергандир?
- Шуниси қувонарлики сафимизда жиддий ўзгаришлар содир бўлмади. Фақатгина, Суҳроб Қобилов “Қўқон-1912”га ўтишни маъқул кўрди.

- Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги пайтларда Суҳроб Қобилов тўғрисида турли миш-мишлар тарқалди. Яъни, Суҳроб “Бухоро” билан ўтган сафар ўйинида мезбонларга “кўмаклашиб” юборганмиш...

- Бу фикрга умуман қўшилмайман. Баъзида журналистларга ҳам ҳайрон қоласан. Қалам аҳли вакиллари бундай шов-шувли хабарларни қаердан топишар экан?! “Бухоро”га бой берилган учрашувда барча айбни шогирдларимга ағдарган бўлардим. Тўғри, Суҳроб пенальти ура олмади. Манаман деган Жаҳон футболи усталари ҳам пенальтидан гол ура олмаганлигига бир неча бор кўрганмиз. Агарда, ўша баҳсда шогирдларим яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишганда эди, биз йирик ҳисобда ғалаба қозонган ва керакли уч очкони олган бўлардик. Йигитлар уч бор дарвозабон билан бирга-бир чиқиб, рақиблар дарвозасига йўл топа олишмади. Яна бир вазиятда Санжар Рашидов боши билан бўш қолган дарвозани ишғол эта олмади. Бунга ҳам Суҳроб айбдор эмас-ку, тўғрими?! “Сен урмасанг, сенга уришади”, деганларидек, мезбонларнинг етакчи ярим ҳимоячиси Суҳроб Неъматов чамаси 25 метрлардан дарвозамизни ишғол этиб, “супергол” муаллифига айланди.

- Ўз вақтида “Сўғдиёна”да фаолият юритган Саламат Қуттибоевнинг жамоага қайтиши ҳақида гап сўзлар юрганди.
- Шундай. Аммо “Олмалиқ” футбол клуби мураббийлар штаби унга рухсат бермабди.

- Таркибдан кетганлар бор экан, янгиларчи?
- Ҳа. Дарвозабон Дониёр Усмонов, шунингдек, Хуршид Мухторов, Иззат Ғаниев, Ислом Исоқжонов сингари футболчилар сафимизга қўшилишди. Яна шуни қўшимча қилиш керакки, Хуршид билан Иззат мавсум охирида “Сўғдиёна”нинг тўлақонли аъзоларига айланишлари мумкин. Иброҳим Абдуллаев эса Жиззах футбол мактаби тарбияланувчиси саналса-да, “Пахтакор” футбол академиясида камол топган. У ўз вақтида Ўзбекистон ўсмирлар термаси таркибида Осиё чемпионлигини қўлга киритган. Иброҳим жамоамиз дарвозабони Ширинбой Абдуллаевнинг укасидир.

- Таркибга яна янги ўйинчилар таклиф этиладими?
- Албатта. Миллий чемпионатимиздаги трансфер ойнаси 15 август куни ёпилади. Шуни инобатга олсак, айни пайтда айрим футболчилар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Иккинчи давра ҳам жуда қизиқ кечиши кутилмоқда. “Пахтакор”, “Локомотив”, “Нефтчи”, “Насаф” ҳамда “Бунёдкор” совринли ўринлар учун кураш олиб боришади. Олий лигада жон сақлаб қолишга ҳаракат қиладиган жамоалар ўртасидаги кураш ҳам қизғин ўтиши бор гап. Сабаби, “Қўқон-1912”, “Динамо”, “Андижон” жамоалари ўз таркибларини бир қатор маҳоратли футболчилар эвазига кучайтириб олишди. Хуллас, мухлислар иккинчи даврада янада кескин ва муросасиз учрашувларни кузатишлари, шубҳасиз.


- Ўз ўйинини топиб, мутахассислар назарига тушган Сардор Эминовнинг кутилмаганда “Сўғдиёна”ни тарк этишини қандай изоҳлайсиз?
- У асли сурхондарёлик бўлиб, маълум муддат Тожикистон чемпионатида қатнашган экан. Ўтган йили эса уни жамоа сафига қўшиб олдик. Унинг харакатлари менда илиқ таасурот қолдирди. Бу йилги мавсумолди йиғинларда жамоамиз машғулотларида қатнашаётган эди. Бироқ кутилмаганда у биз билан хайрлашмай-нетмай “Қўқон-1912”га ўтибди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эртанги кунни ўйлашимиз, кўз-кўзга тушишини унутмаслигимиз керак.

- Сўнгги пайтларда “Сўғдиёна”да футболчиларнинг қўнимсизлиги кузатиляпти.
- Саволингизга тушундим. Футболчининг келиб-кетиши, ўзга жамоанинг танлаши бу уларнинг ўзларига боғлиқ. Демак, жамоа аъзоси шуни истабдими, ихтиёр унинг қўлида. Шартнома тугагач, ўйинчилар ўзлари учун қулайроқ бўлган клубга ўтишни маъқул кўришади. Бундай амалиёт Жаҳон футболи учун бегона эмас. Яна бир жиҳатни ёдга олсак: “Сўғдиёна”ни тарк этган аксарият йигитлар ўзларининг янги клубларида етакчига айланишгани қувонарли ҳол, албатта. Суҳроб Бердиев, Аюбхон Нўъмонов, Сардор Эминовларни назарда тутяпман. Бу эса қилинаётган камтарона меҳнатларимизнинг маҳсули, деб биламан. Ҳозирги кунда жамоамизнинг негизини аксарият маҳаллий ёшлар ташкил этади. Қолаверса, Жасур Ҳакимов билан Музаффар Музаффаровлар мамлакат олимпия термасига қабул қилинишган.

- Нега тажрибали, таниқли футболчилар жамоага таклиф этилмаяпти?
- Вилоят ҳокимлиги ва клуб мутасаддилари асосий эътиборни маҳаллий ёшларга қаратишган. Бу борада амалга ошираётган ишларимиз ўз самарасини бермасдан қолмаяпти. Мана, Жиззах футболида камол топган Дилмурод Икромов бугунги кунда жамоамизнинг асосий таркибидан муқим ўрин олган.

- Бундан кўриниб турибдики, “Сўғдиёна” айрим футболчилар учун “трамплин” вазифасини ўтамоқда.
- Шундай десак ҳам бўлади. Селекция ишларида ҳам вилоят футболида камол топган йигитларни жамоага таклиф этяпмиз. Улар ўртоқлик учрашувларида ўз тажрибаларини орттиришмоқда. Биласиз, Ўзбекистон истеъдодли ёшларга бой макон саналади. Шуни инобатга оладиган бўлсак, ноёб иқтидор соҳибларини нафақат шаҳардан, балки, чекка-чекка қишлоқлардан ҳам излаб топса бўлади.  Истеъдодларни қидириш учун мураббийлардан қунт ва қатъийлик талаб этилади. Биз мураббийларнинг асосий вазифаси эса ўзбек футболи учун янги номларни кашф этишдан иборат.

- Негадир, сўнгги йилларда миллий чемпионатимизда янги номлар кашф этилмаяпти?
- Бунинг учун кенг қамровли мукаммал тизим ишлаб чиқилиши зарур. Клублар қошида фаолият юритаётган академияларда ёш футболчилар қисман бўлса-да, жамоаларнинг ўйин услубига мослашган ҳолда вояга етишлари лозим. Қолаверса, футболчиларнинг ёшини кичиклаштириш ҳам асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётганди. Яъни, болалар билан ишлайдиган мураббийлар бирор мусобақада ғалаба қозониш учун шундай “қабиҳ” ишга қўл уришаётганди. Ҳар тугул бу борада ишлар бироз олдинга силжиётгандек. Ёш укаларимга маслаҳатларим - ўз устиларида тинимсиз ишлашсин, меҳнат қилишсин, мураббийларнинг барча кўрсатмаларини бажаришсин. Шундагина улар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эриша олишади.

- 2012 йилдан буён мураббийликда ўз омадингизни синаб кўряпсиз. Айтингчи, қўл остингизда ҳаракат қилган қайси футболчи сизда илиқ таассурот қолдирган?
- Қизиқ савол бўлди. Менимча, Аюбхон Нўъмонов, яхши йигит. Унда инсоний хислатларнинг барчаси мужассамланган.

- Футболчилик фаолиятингиз давомида жуда кўплаб мураббийлар қўл остида майдонга тушгансиз. Устозларингиздан кимнинг иш услуби маъқул келган?
- Марҳум Павел Садирин, шунингдек, Борис Игнатьев, Владимир Сальков, Валерий Непомняший, Баҳром Ҳакимов, Юрий Саркисян, Тачмурод Агамуродовларни мисол қилиб кўрсатишим мумкин. Лекин марҳум устозим Павел Садирин ва Тачмурод Агамуродовнинг иш услуби менга кўпроқ ёққан. Уларнинг ушбу соҳани чуқур ўзлаштиргани, машғулотларни олиб бориш жараёни, ўз ишига муносабати ҳамда футболчилар билан муомала маданияти менда илиқ таассурот қолдирган. Кези келганда, марҳум устозим Маҳмуд Раҳимов ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишим лозим. Маҳмуд ака ташкилотчилик борасида тенги йўқ инсон эди... Биласизми, жамоа мураббийлар штабида ҳамфикр мутахассислар ўрин олиши шарт. Қачонки, фикр бир жойдан чиқса, шунда ишингизда олдинга силжиш кузатилади.

- Сизга кимлар кўмак бермоқда?
- Акам Диёр Файзиев ва Руслан Аҳмедов. “Сўғдиёна”нинг ёшлар таркиби билан эса Анвар Алматов ишлаяпти.

- Москванинг ЦСКА клубига сизни ким тавсия қилганди?
- Марҳум Павел Садирин.

- Собиқ армиячилардаги дўстларингиз билан ҳали ҳам алоқаларингиз борми?
- Албатта. Семак ва Варламов билан ҳозиргача гаплашиб турамиз.


- Биринчи давра якунида “Сўғдиёна” ўз стадионига эга бўлди.
- Шукрлар айтаман. Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда миллий футболимиз инфротузилмасини янада яхшилаш бўйича диққатга сазовор ишлар олиб бориляпти. Жойларда замонавий ўйингоҳлар бунёд этилмоқда. Тошкент, Фарғона, Наманган, Бекобод, Олмалиқ шаҳарларида бугунги кун талабига тўлиқ жавоб берадиган стадионлар қуриб фойдаланишга топширилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Чунончи, вилоят ҳокимлиги ва масъул мутасаддилари сайъ-ҳаракатлари билан Жиззах шаҳрига кўрк бағишлайдиган муҳташам янги ўйингоҳга эга бўлдик. Барча оворагарчиликлар ва сарсон-саргардонликларга чек қўйилди. Эндиликда, Зомин ва Янгиер шаҳарларига бормаймиз. Янги стадионимизда барча қулайликлар яратилган. Кўрган кишининг ҳаваси келади. Энг асосийси, бундан маҳаллий мухлислар мамнун бўлишди. Жиззахда эса миллионлар ўйинини жуда севишади. Ушбу стадионда ўтказилган уччала учрашувда ҳам ўн мингга яқин маҳаллий ишқибозлар ташриф буюришди.

- Биринчи даврада “Бунёдкор” ва “Машъал”нинг мағлуб этилиши кутилмаган ҳол, десак бўладими?
- Йўқ, аксинча. Иккала учрашувда ҳам йигитлар бор маҳоратларини ишга солиб, ўзларининг чиройли ўйинлари билан жиззахлик ишқибозларни хурсанд қилишди.


- Бир сўз билан айтганда, шогирдларингизнинг биринчи даврадаги иштирокидан кўнглингиз тўлдими?
- Деярли, ҳа. Юқорида қайд қилганимдек, бир қатор етакчиларимиз жамоани тарк этишгач, мавсум арафасида янги жамоани шакллантиришга мажбур бўлдик. Шу сабаб, аввалига йигитларга ўйин амалиёти етишмади. Ўйиндан-ўйинга уларнинг маҳорати ошиб борди. Керакли тажрибани ҳам тўплашди. Бугунги йигитлар бир икки йил оралиғида ўз сўзларини айтишларига ишончим комил.

- Барча футболчилар “Футбол-Мед” тиббий кўригидан ўтиб бўлишдими?
- Ҳа. Футболчиларнинг шифокорлар назоратида туриши жуда муҳим ҳисобланади. Беш бармоғимиз баробар эмаску, тўғрими?! Футбол майдонида эса ҳар қандай ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Шифокорлар назорати эса айрим кутилмаган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

- Айни пайтда жамоанинг молиявий имконияти қандай даражада?
- Бу борада Жиззах вилояти ҳокимлиги юзага келган барча муаммоларни бартараф этишда баҳоли қудрат ёрдам бермоқда.

- Айни дамда, “Сўғдиёна” жадвалнинг кучлилар сафида “жон сақлаб қолиш” учун кураш олиб бормоқда. Инқироздан чиқиб кета оласизларми?
- Вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Агарда мусобақа регламентига назар ташлайдиган бўлсак, мавсум якунига кўра, миллий чемпионат жадвалида охирги ўринни эгаллаган жамоа олий лига билан хайрлашади. 15-қатордан жой олган яна бир жамоа биринчи лигада иккинчи поғонани эгаллаган жамоа билан ўтиш турнирида қатнашади. Шундай экан, биз лигани тарк этишни ҳаёлимизга ҳам келтираётганимиз йўқ.


Неъматжон АҲМЕДОВ. “Ўзбекистон футболи” газетаси

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика