Чемпионлик пойгаси давом этади: "Пахтакор" билан бизни қизғин ва қизиқарли тўқнашув кутмоқда" — Андрей Канчельскис иштирокидаги матбуот анжумани
04 май 2019 22:51
Янгиликлар
Чемпионлик пойгаси давом этади: "Пахтакор" билан бизни қизғин ва қизиқарли тўқнашув кутмоқда" — Андрей Канчельскис иштирокидаги матбуот анжумани
"Ўйин жуда яхши ўтди. Ҳамманинг кайфияти аъло. Стадионнинг очилиши ва чиройли муҳит. Муҳими, натижа. Қимматли 3 очкони қўлга киритдик. Биз учун чемпионатдаги ҳар бир ўйин кубок учрашуви мақомидек жуда муҳим аҳамиятга эга. Футболчиларнинг ўйинга бўлган ёндошуви ёқди. Тўғри, баҳс якунига яқин кераксиз гол ўтказиб юборилди. Ўйинни бироз ташлаб қўйдик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам олдинга ҳаракатланишда давом этамиз.
Байрам ташкил этиб беришгани учун мухлисларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Жуда ажойиб тарзда бизни фаол тарзда қўллаб-қувватлашди. Футболчилардан, мухлислар ва натижадан хурсандман. Бугун барча ўз ишини зўр қилди", - дея ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди Андрей Канчельскис.
- Маълум танаффусдан сўнг ниҳоят ўз уйларингизда ўйнадинглар. Ажойиб муҳит, янги майдон...
- Менку ўйнамадим, Сашадан сўранглар, майдон ҳақида у гапирса тўғрироқ бўлади. Шахсан менга майса сифати жуда ёқди. Ажойиб майдон. Бунинг учун барчага раҳмат айтаман.
- Самарқанддаги ўйинда жамоа иккинчи бўлимда умуман бошқача ўйнаганди. Бугун эса аксинча. Танаффусда футболчиларга ўйин темпини ушлаб туришни алоҳида кўрсатма сифатида бердингизми ёки қандай?
- Албатта. Нимани истаган эдингиз? Футболда доим ҳужумкор ўйнашнинг имкони йўқ. Акс ҳолда рақиб сизни қарши ҳужумда гол билан жазолайди. Кейин эса сиз ҳам, мен ҳам асабийлашиб ўтирардик. Иккинчи таймда рақиб шунчаки тўпни назорат қилди холос. Фақатгина биргина вазиятда биз диққатимизни йўқотганимиз эвазига рақиб гол урди. Қолган дақиқалардачи? Биз ҳисобдан келиб чиқиб кучимизни тежадик. Биз келаси турда "Пахтакор" билан тўқнашамиз. Кучни керагидан ортиқ ишлатишнинг пайти эмас. Шунга қарамай иккинчи бўлимда ҳам 4-5 голларни уришимиз мумкин эди. Муҳими, керакли 3 очкони қўлга киритдик.
- Жамоа пешқадам "Пахтакор"дан 8 очко ортда қолмоқда. Қандай қилиб "Пахтакор"ни қувиб етмоқчисиз?
- Чемпионат ҳали узун. Биз учун ҳар ўйин кубок беллашувига тенг. Кечадан аввал "Локо" очко йўқотди. Бунгача "Пахтакор" Термизда очко йўқотганди. Курашни давом эттириш лозим. Тез кунда "Пахтакор" билан жуда қизиқарли ўйин гувоҳига айланамиз. "Пахтакор" бизга қарши қандай кўринишини кўриб оламиз ёки аксинча. Бу ерда энг муҳими ўйинга бўлган ёндошув. Футболчилар ғалаба ўтида ёнишлари керак бўлади.
- Ўтган ўйинда Остон Уруновнинг ўйинга бўлган муносабатидан кўнглингиз тўлмаганди. Бугун у сизга қандай таассурот қолдирди?
- Мен ундан миннатдорман. Бугун у Сашадан кейин энг яхши футболчи бўлди. Остон жамоа учун ўйнади. Биринчи иккита голда айнан унинг хизматларини эътироф этиш лозим. Шунингдек, ўзи ҳам гол уриши мумкин эди. Мардларга хос характер кўрсатди ва ўзида куч топди. Ўрунов жуда яхши савиядаги футболчи.
- Голбан жароҳатдан тузалди ва сафга қайтди. Унинг йўқлигида Лукич марказий ҳимояда ёмон таассурот қолдирмади. Меҳмонов эса кўп хатоларга йўл қўймоқда. Шундан келиб чиқиб, ҳимоя марказида Голбан-Лукич жуфтлигини синаб кўришга қандай қарайсиз?
- Биз барча вариантларни кўриб чиқамиз. Игорь дарҳақиқат биз учун жуда муҳим футболчи. Жароҳатдан ҳеч ким суғурталанмаган. Балки сиз айтгандек Лукич-Голбан тандемини синаб кўрармиз ёки йўқ. Буни вақт кўрсатади.
Шунингдек, матбуот анжуманида учрашувнинг энг яхши футболчиси дея топилган Александр Касьян иштирок этди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Касьян: - "Ўйин тизгинини тўлиқ назоратда ушлаб турдик. Ишқибозларга катта раҳмат. Бугунги муҳитда футбол ўйнаш жуда ёқимли бўлди. Майса сифатига гап йўқ. Ҳаммаси зўр. Мазза қилиб футбол ўйнайдиган майдон. Барча ерда яхши футболчилар тўп суришади. Аввалги мавсумда менга жароҳатлар ҳам кўп халақит қилганди. Мен ҳозир Россия биринчилиги ва бу ердаги чемпионатни солиштирмаган бўлардим".
Шу жойда Андрей Канчельскис гапга қўшилди ва ҳар бир футболчи ўз жамоасини топиши муҳимлигини таъкидлаб, Торресни "Ливерпул"да ажойиб ўйнагани, аммо "Челси"да кутилганидек ўйнолмагани ёки Шевченкони "Милан"дан кейин "Челси"да ўйнаб кетолмаганини мисол келтириб, Касьян айнан "Навбаҳор"да ўрнини топганига ишора қилди.
Фикрлар