UZ

Сўнгги янгиликлар

12:59Сака "Бавария"га қарши баҳсда: 0 зарба, 0 дриблинг, 0 аниқ кросс  0 12:40Начо: "Реал" чуқур ҳимояланиб, ғалаба қозона олишини кўрсатди. Одатда биз рақибни чидашга мажбур қиламиз"  8 12:05«Реал Мадрид» футболчиси: «Манчестер Сити» биздан кўра яхшироқ футбол ўйнади»  15 11:40«Ювентус» судда ютқазди. Энди Италия жамоаси Криштиану Роналду катта миқдорда товон тўлайди  3 11:23Франция вазири Килиан Мбаппенинг ПСЖдан кетиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди  1 10:53U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистонлик ҳакамлар 2-турнинг иккита учрашувида ишлашади  1 10:27Sofascore. Майдонда 20 дақиқа ҳаракат қилган Ғаниев энг яхшиларидан бири бўлди  0 10:02«Реал Мадрид» чемпионлар «қотили». Мадридликлар ЧЛ рекордини ўрнатди  58 09:38Париж сари «юриш» бошланди. Ўзбекистон U-23 — Малайзия U-23 ўртасидаги учрашувдан ГАЛEРEЯ  1 09:10EЧЛ. Ҳафта футболчиси бўлишга номзодлар эълон қилинди  12 08:46Гвардиола: «Ман Сити» бугун ҳар томонлама ажойиб эди»  48 08:20Анчелотти кечаги ғалабадан сўнг нималар деди?  15 07:53EЧЛ. Кечаги учрашувларнинг «Man of the match»лари маълум  15 07:37БАА чемпионати. «Шабаб Ал Аҳли» меҳмонда мағлуб бўлди. Ғаниев захирадан майдонга тушди ва ассист қайд этди  0 04:45Чемпионлар лигаси 1/4 финал. "Манчестер Сити" - "Реал Мадрид" 1:1 (Пенальтилар 3:4)   11

“Бунёдкор” ўзбек футболига керак! (давоми) Янгиликлар

“Бунёдкор” ўзбек футболига керак! (давоми)

21 июнь куни “Бунёдкор” ўзбек футболига керак!” сарлавҳали мақоланинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қилгандик.

Бугун эса мақоланинг давоми (охири)ни бериб ўтамиз. Мақола эълон қилингач, кўплаб мухлислар ўзларининг турли фикрларини ёзиб қолдиришди. Улар орасида “Бунёдкор”ни асраб қолайлик деган гаплар билан бирга шунча клуб пайтида ёпилиб кетди (“Дўстлик”, МҲСК, “Ангрен”, “Обод”), шундай экан “Бунёдкор” ҳам ёпилса нима бўпти каби фикрларни ҳам учратдик. 

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишни хоҳлардик, "Бунёдкор" бунгача ёпилиб кетган клубларга сира ўхшамайди. Биринчидан, бу жамоада мустаҳкам пойдевор бор. Клуб аввало ўз академиясига эга. "Бунёдкор" тарбияланувчилари ҳар қандай мусобақада (шаҳар чемпионати, шаҳар биринчилиги, иккинчи лига, ва фестиваллар)да фақат чемпионлик учун ўйнайди. 

Иккинчидан, "Бунёдкор" таркибида асосий ва ўринбосарлар таркибидан ташқари футзал, аёллар жамоалари ҳам бор ва бу жамоаларнинг ҳар бири ўзи иштирок этаётган мусобақаларда фақат чемпионлик учун курашади. Яъни, "Бунёдкор"да ҳеч нарсани фақат номигагина очиб қўйилган эмас. 

Ва энг катта даҳшат: агар "Бунёдкор" ёпилиб кетса аввало "Пахтакор" рақобатчисиз қолади ва бундан ўзбек футболи фақат ютқазади. Рақобат йўқ жойда ўсиш қийин бўлишини ҳар бир мухлис жуда яхши билади. Ҳозир Суперлигада "Пахтакор"га астойдил рақобат кўрсатаётган иккита жамоа бор: бири "Бунёдкор", иккинчиси "Навбаҳор". Қолган клублар ҳам ўзаро ўйинларда қаршилик кўрсатиши мумкин, лекин чемпионлик пойгасида эмас. Чунки пойга бошқа, ўзаро ўйин бошқа. Мана шуларни ҳисобга олиб ҳам ўзига яраша тарихга эга, ёшлар, ўсмирлар, олимпия ва албатта миллий терма жамоамизга бир қанча футболчиларни етиштириб берган клубнинг сақлаб қолиниши тарафдоримиз. 


2012 йил. “Пахтакор”га бой берилган мавқе 

Шундай бўлдики, 2012 йилга келиб “Бунёдкор” чемпион бўла олмади. “Пахтакор” бу жамоадан икки очко кўп тўплаган ҳолда (жами 59 очко) тўрт йиллик танаффусдан сўнг яна чемпионликни қайтариб олди. Эндиликда “Бунёдкор” таркибида машҳур легионерлар йўқ эди. Жамоа асосан ўзимизнинг маҳаллий футболчиларга таяниб ўйнай бошлаганди. Легионерлардан ўша йили биргина Ян Козак нисбатан яхшироқ тўп сурган. 

Миржалол Қосимов бошчилигида тўлиқ мавсумни ўтказган жамоа чемпионатда иккинчи ўринни олган бўлса-да, ҳартугул Ўзбекистон Кубогида зафар қучди. “Пахтакор” стадионида кечган баҳсда “Бунёдкор” “Насаф”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этганди. Шавкат Саломов, Камолиддин Мурзоев ва Виктор Карпенко томонидан киритилган голлар “қалдирғочлар”га иккинчи бор Кубокни тақдим этади. 

Шунингдек, ОЧЛда илк бор Шарқ минтақасида ўйнаган “Бунёдкор” ўз иштирокини ярим финалда тўхтатади. Жанубий Кореянинг “Ульсан Хюндай” клуби билан кечган ҳар иккала баҳсда “Бунёдкор” умумий 1:5 ҳисобида мағлуб бўлади. 

2012 йил жамоа сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Игнатий Нестеров, Лутфулла Тўраев, Жавлон Иброҳимов, Хайрулла Каримов, Виктор Карпенко, Шавкат Саломов, Камолиддин Мурзоев, Акмал Шораҳмедов, Ян Козак, Анвар Солиев, Артём Филипосян, Анвар Ғофуров, Саҳоб Жўраев, Руслан Мельзитдинов, Баҳодир Пардаев, Жасур Ҳасанов. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Анвар Солиев (7), Шавкат Саломов (6), Ян Козак (5), Баҳодир Пардаев (5), Виктор Карпенко (4).


2013 йил. Охирги чемпионлик 

2013 йил “Бунёдкор” яна чемпион бўлди ва бу ҳозирча охирги чемпионлик бўлиб турибди. Шундан бери жамоа ҳатто иккинчи ўринни эгаллай олгани йўқ. Миржалол Қосимов жамоаси мавсум охирига келиб “Локомотив”ни бир очкога ортда қолдирган ҳолда ўз тарихида бешинчи чемпионликни расмийлаштиради. Шунингдек, Кубок финалида яна “Насаф”дан устун келади, фақат бу сафар ўйинда 2:1 ҳисоби қайд этилади. 

Ўша йили украиналик ҳужумчи Александр Пишур ўзини кўрсатганди. У олий лигада 19та гол киритишга муваффақ бўлган. ОЧЛда яна гуруҳдан чиқишни уддалаган “Бунёдкор” бу сафар 1/8 финалда Таиланднинг “Бурирам Юнайтед” клуби тўсиғидан ўта олмайди. 

Жамоа сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Александр Пишур, Жавлон Иброҳимов, Хайрулла Каримов, Анвар Ғофуров, Лутфулла Тўраев, Олег Зотеев, Акмал Шораҳмедов, Марко Блажич, Жасур Ҳасанов, Дилшод Жўраев, Артём Филипосян, Игорь Таран, Саҳоб Жўраев, Игнатий Нестеров, Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Рашидов, Мурод Зуҳуров, Фозил Мусаев. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Александр Пишур (19), Лутфулла Тўраев (7), Олег Зотеев (5), Игорь Таран (4).


2014 йил. Фақат Суперкубокдаги ютуқ 

2014 йил чемпионлик “Пахтакор”га кетди, “Бунёдкор” эса ўз тарихида биринчи бор пастга оғиш қилиб чемпионатни тўртинчи ўринда тугатди. Айтиш мумкинки, айнан шу йилдан бошлаб жамоада қуйига шўнғиш бошланади. Худдики “Бунёдкор” ўз ўйинини йўқотиб қўйгандек эди. “Бунёдкор” олий лигани ҳатто кучли учталикда якунлай олмайди. Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган Кубок финалида эса “Локомотив”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой беради. 

“Бунёдкор” 2014 йил фақат Суперкубокда зафар қучади. Мавсум аввалида “Жар” стадионида бўлиб ўтган баҳсда “Бунёдкор” “Локомотив”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган ва ўша ўйинда Воҳид Шодиев эндиликда “Локо”га ўтиб кетган Игнатий Нестеров дарвозасига жуда ажойиб тарзда тўп киритганди. Қандайдир муаммолар гирдобига тушиб қолган “Бунёдкор”ни ўша йили уч нафар мураббий бошқарган: аввалига Қосимов, ундан кейин Александр Волков ва охирида Сергей Лушан жамоани қабул қилиб олганди. 

Жамоа сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Анвар Ғофуров, Олег Зотеев, Сардор Собирхўжаев, Сардор Рашидов, Акмал Шораҳмедов, Воҳид Шодиев, Александр Пишур, Хайрулла Каримов, Жавлон Иброҳимов, Сато Минори, Акбар Тўраев, Дилшод Жўраев, Самир Бекрич, Ислом Иномов, Иван Милошевич, Анвар Бердиев, Алибобо Раҳматуллаев, Павел Бугало. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Сардор Рашидов (10), Воҳид Шодиев (6), Александр Пишур (6). 


2015 йил. Совринсиз мавсум 

2015 йил ҳам “Бунёдкор” учун муваффақиятли келган деб бўлмайди. Жамоа Ўзбекистон чемпионатини яна тўртинчи ўринда тугатади. Жиззахда бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубоги финалида эса “Насаф”дан 1:2 ҳисобида мағлуб бўлади. Қолаверса, йил давомида жамоани иккита мураббий бошқаради. 22 сентябрга қадар Сергей Лушан бош мураббийлик қилган бўлса, 23 сентябрдан Бахтиёр Бобоев жамоа рулини қўлга олади. Ва энг даҳшатлиси, Осиё чемпионлар лигасида рўй беради. “Бунёдкор” атиги бир очко билан гуруҳ ўйинларини тўртинчи ўринда тугатади. 

2015 йилги мавсумда жамоа сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Сато Минори, Акмал Шораҳмедов, Достон Ҳамдамов, Шакер Зуаги, Элдор Шомуродов, Иван Милошевич, Воҳид Шодиев, Хайрулла Каримов, Забихилло Ўринбоев, Мурод Зуҳуров, Сардор Собирхўжаев, Анвар Ғофуров, Акром Комилов, Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов, Самир Бекрич, Виктор Карпенко, Рустам Ашурматов, Жавлон Иброҳимов, Обид Жўрабоев. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Достон Ҳамдамов (10), Воҳид Шодиев (7), Шакер Зуаги (7), Элдор Шомуродов (4), Сато Минори (4). 


2016 йил. Ҳартугул учинчи ўрин 

Совринларсиз ўтган бир мавсумдан кейин “Бунёдкор” 2016 йил ҳартугул нимагадир эришди. Жамоа чемпионатни учинчи ўринда тугатади. Мавсумни тўлиқ Сергей Лушан қўл остида ўтказган “қалдирғочлар” Кубокнинг ярим финал ҳар иккала баҳсида “Локомотив”га бир хил 0:1 ҳисобида имкониятни бой беради. Шу тариқа "Бунёдкор" финалга чиқа олмайди. Осиё чемпионлар лигасида эса  яна охирги ўрин билан гуруҳда қолиб кетади. 

Жамоа сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Мурод Зуҳуров, Акром Комилов, Достон Ҳамдамов, Рустам Ашурматов, Сато Минори, Шаҳзод Нурматов, Элдор Шомуродов, Баҳодир Насимов, Акмал Шораҳмедов, Юрица Бульят, Отабек Шукуров, Забихилло Ўринбоев, Жавлон Иброҳимов, Александр Алимпиевич, Дилшод Аҳмадалиев, Шоҳруҳ Гадоев, Шакер Зуаги, Сардор Азимов. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Элдор Шомуродов (10), Достон Ҳамдамов (9), Баҳодир Насимов (8), Сато Минори (5), Шаҳзод Нурматов (5).


2017 йил. Яна тўртинчи ўрин 

Ўтган йил ҳам “Бунёдкор” учун зўр ўтмади. Мавсумга Сергей Лушан бошчилигида киришган “қалдирғочлар” анча пайт ўзларига кела олишмади. “Бунёдкор” мавсум аввалида ҳатто 10-11 ўринларга тушиб қолганди. Қолаверса, Осиё чемпионлар лигасида яна гуруҳда охирги ўринда қолиб кетди. Лекин 5 майга келиб катта ўзгариш рўй берди. 

Раҳбарият Сергей Лушанга чиқиш эшикларини кўрсатиб, Миржалол Қосимовни қайтарди. Ҳарқалай Қосимов жамоани “ботқоқ”дан чиқара олди ва якунда “Бунёдкор” чемпионатни тўртинчи ўринда тугатди. Айтишим мумкинки, бу натижа ўтган йилги “Бунёдкор” учун муваффақиятли бўлди. “Бунёдкор” Кубокда финалгача бора олди-ю, бироқ “Локомотив” билан кечган баҳсда 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. 

Жамоа сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Достонбек Ҳамдамов, Акром Комилов, Дилшод Аҳмадалиев, Отабек Шукуров, Шаҳзод Нурматов, Жавлон Иброҳимов, Рустам Ашурматов, Мурод Зуҳуров, Миржамол Қосимов, Даврон Умиров, Нурилло Тўхтасинов, Шоҳруҳ Гадоев, Элдор Шомуродов, Анвар Ғофуров, Фаррух Икромов, Вадим Чемиртан, Хуршид Ғиёсов, Ислом Қобилов, Воҳид Шодиев, Жавоҳир Эсонқулов. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Достонбек Ҳамдамов (14), Отабек Шукуров (5), Шоҳруҳ Гадоев (4). 


Асосий савол: Энди нима бўлади? 

Ва ниҳоят яқин ўтмишни сайр қилиб бу йилга ҳам етиб келдик. “Бунёдкор” бу мавсум ОЧЛда иштирок этмади. Суперлигадаги иштирокини ҳозирча яхшига баҳоласа бўлади. Жамоа 26 очко билан учинчи ўринда кетяпти. Юқорида айтиб ўтганимиздек, клубдаги молиявий ҳолат ҳамон ўнгланмаган ва бош мураббий Миржалол Қосимов “Пахтакор”га қарши ўйиндан кейин айтганидек футболчиларга йил бошидан бери мукофот пуллари берилмаган. Шунга қарамай жамоа ўйнашда давом этмоқда. 

Айтиш мумкинки, “Бунёдкор” айнан бош мураббийнинг зеҳни ва билими туфайли юқори ўринларда бормоқда, йўқса анча пастда бўларди. Афсуски, ўзбек футболи мухлислари учун Ривалдо, Денилсон, Ристич, Вильянуэва каби футболчиларни Тошкентга олиб келиб ўйнатган, Месси, Роналду, Пуйоль, Фабрегас каби юлдузларнинг юртимизга келишига сабабчи бўлган клубнинг бугунги ҳолати ҳавас қилгудек даражада эмас. Клуб ҳатто ёпилиб кетиши мумкин. Агар шундай бўлса, бу ўзбек футболи учун ниҳоятда катта йўқотиш бўлади. Чунки “Бунёдкор” ўтган 12 йил ичида ўзбек футболига кўп нарса берди. 

Клубнинг шубҳасиз энг катта ютуғи пул борлигида академия очгани бўлди. Йўқса, Достон Ҳамдамов, Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Хуршид Ғиёсов, Миржамол Қосимов каби футболчилар қаердан ҳам чиқарди. Қолаверса, айнан “Бунёдкор” сабаб Отабек Шукуров билан Элдор Шомуродов каби ёшлар олдинга катта қадам ташлашди. Бу икки футболчининг бугунги кунда хорижда тўп сураётганининг энг катта сабаби ҳам айнан “Бунёдкор”дир. 

Биласиз, аввалига “Бунёдкор” метро бекати эски номига қайтарилди, яъни “Халқлар дўстлиги”. Яқинда эса “Бунёдкор” стадиони “Миллий” стадионга ўзгарди. Энди бўлса клубни ҳам нимадир янгилик кутмоқда. Биз хоҳлардикки, майли клубнинг номи ўзгарсин (айтайлик, “Тошкент Сити”), майли стадионни ЎФА ихтиёрига топшириб ўзи “Жар”да ўйнай қолсин, лекин клуб йўқолиб кетмаса бўлгани. 

Негаки “Бунёдкор” йўқ бўлди дегани, аввало Суперлигада рақобат тўхтади дегани, ундан кейин академия тугади, шунча бола бекорчи қолди дегани. Ҳартугул охирги йилларда “Бунёдкор” кўп футболчиларни турли ёшдаги терма жамоаларга тарбиялаб бермоқда. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Шундай экан, бу жамоанинг шунчаки йўқ бўлиб кетишига ҳеч ким бефарқ қараб турмаса керак. 

Хайрулла Холиқов.        

Биринчи мақола билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: "Бунёдкор" ўзбек футболига керак!

Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика