Бугунги "Манчестер Юнайтед"нинг "мотори" Италиядан "чиққан"
19 мар 2021 12:35
Янгиликлар
Бугунги "Манчестер Юнайтед"нинг "мотори" Италиядан "чиққан"
Умуман олганда, бугунги "Манчестер Юнайтед" Бруну Фернандеш майдондалигида ва у йўқлигида бир-биридан кескин фарқ қилувчи икки хил жамоага айланади. Бугун Фернандешни "қизил иблислар" мухлислари яхши кўришади ва олқишлашади. Англия яшил майдонларига ярим ҳимоячи она юрти Португалиядан келгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин яқин ўтмишда у А Серияда ҳаракат қилганини фақатгина ашаддий мухлислар билса ажаб эмас.
18 ёшли португалиялик иқтидор Италиядаги сафарини Б Серия вакили "Новара" сафидаги ёрқин ўйинлари билан бошлади, бироқ элитадаги тўрт йил ўта омадли бўлган деб бўлмайди. Умумий ҳисобда "Удинезе" ва "Сампдория" сафида Бруну 119 учрашув (79 таси асосий таркибда) ўтказди ва 15та гол уриб, 13 бор самарали узатма етказди. Ёмон эмас, лекин унинг "Спортинг" ва "Манчестер Юнайтед"даги статистикаси олдида ҳеч нима эмас.
Футбол оламида "Спортинг" ва "Манчестер"даги ҳаракатлари билан ном чиқарган бўлса-да, Фернандеш айнан Италияда кучли футболчи сифатида шаклланган ва катта футболдаги йўлига "тамал тоши"ни қўйган.
Брунунинг Италия ва А Серия билан боғлиқ кўплаб хотиралари борлигини унинг сўзларидан ҳам билиш қийин эмас.
"Мен жуда омадлиман, чунки мен Антонио Ди Натале ва Фабио Квальярелла каби футболчилар билан бирга тўп тепганман. Айнан улар сабабли мен бугунгидек зарба бера оламан. Бу йигитлар бошқа ҳеч ким гол ура олмаган нуқталардан ҳам тўп киритишни уддалашган. Ди Натале менга катта ёрдам берган — майдонда тўғри ҳаракатланишни ўргатган. Унинг маслаҳатларига амал қила бошлаганимдан кейин футбол ўйнаш янада осонлашган".
"Марко Жампаолонинг ўзига хос услуби мавжуд. Футболчилар 100%га синхрон ҳаракатланишлари ва мураббий улардан нима истаётганини аниқ тушунишлари зарур. Италияда "треквартистага" бутун Европадагиданда қийинроқ. Жампаолонинг кўрсатмаларини тўлиқ бажариш учун мен бутун майдон бўйлаб ҳаракатланишга мажбур бўлардим".
"Франческо Гвидолин — мен учун маэстро. Агар бизнинг ҳамкорлигимиз кўпроқ бўлганида, фаолиятим буткул бошқача бўлиши мумкин эди. У мен учун жуда кўп яхшиликлар қилган ва ундан умрбод миннатдорман. Франческо ёрдами билан мен футбол топ даражада ўйналадиган мамлакатда ўзимни йўқотиб қўймадим ҳамда футболчи сифатида ривожланишга эришдим".
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар