UZ

Сўнгги янгиликлар

08:30Расман: «Қизилқум»ни яна 4 нафар футболчи тарк этди  0 08:06Суперлигада ўйнашга даъвогар «Хоразм»га «Локомотив» футболчиси ўтишга яқин  0 07:42А Серия. «Интер»да ғалаба, «Фиорентина» мағлуб бўлди  0 01:47МЮ босслари Рэшфордни таркибдан чиқариб юборган Аморимга босим ўтказишадми?  8 00:57"Арсенал"дагилар ҳавотирда  1 00:18"Интер" - "Комо". Таркиблар билан танишинг  0 00:01Зидан фақат иккита жамоани бошқариши мумкин  6 23:31ОКМК Дубайда Россиянинг икки клуби билан ўйнайди  0 22:43Роналду: "Қайси биринг Мессини мендан кучлироқ дединг?"  13 22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  4 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  14 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  5 20:41Умтитининг фаолияти хавф остида  5 20:19"Тоттенхэм" ҳужум чизиғини "Вулверхэмптон" вакили билан кучайтирмоқчи  0 19:56Раҳмоналиевнинг агенти футболчининг "Рубин"дан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди  2

Болаликни эслаймиз. Кўча футболи қоидалари Янгиликлар

Болаликни эслаймиз. Кўча футболи қоидалари

Теглар :  Кўча футболи
Мурғак чоғида қуёш кундалик ишини поёнига етказгунга қадар копток ортидан югуриб, ота-онасидан гап эшитмаган киши саноқли бўлса керак.

Қоидалар жиҳатдан профессионал футболдан бироз фарқланадиган ушбу ўйин тури кўпгина машҳур чарм тўп усталарининг шаклланишига хизмат қилган. Қолаверса, бугун бошқа касбнинг этагини тутган ака-укаларимиз ҳам мароқли даврларни бошдан кечирган. Албатта, бизнинг зумраша давримизда смартфоннинг "с" ҳарфи ҳам мавжуд эмасди. Қолаверса, сунъий майдонлар ҳақида тасаввуримиз ҳам мавжуд эмасди. Шу боис, асосий вақтимизни латта тўпни тепиш билан ўтказардик. Келинг, Суперлига танаффусидан фойдаланган ҳолда ўйинқарорқ давримиздаги кўча футболи қоидаларини ёдга оламиз.


Дарвоза вазифасини тош ёки ғишт бажариб берган

Юқорида таъкидлаганимдек, авваллари майдонларга бўлган эҳтиёж юқори эди. Ягона арена мактабнинг ҳар ўн метрда чимнинг туки кўринадиган стадиони бўлиши мумкин эди, унда ҳам бошқа синфлар жисмоний тарбия дарсини ўтмаётган бўлса. Албатта, биз дербиларни кечроққа, дарслар тугагандан кейинга мўлжаллардик. Шунга қарамай, стадионда доим "шуғулланувчилар" топиларди, яъни мактаб қоровулининг камида учта-тўртта сигири бўларди, улар кўпинча қанот ва захира ҳакамлари вазифасини бажарарди. Стадион чораси бўлмаганда эса, кўчадан тайёр арена бунёд этардик. Бу "Бунёдкор" стадионини қурганчалик кўп маблағ талаб этмасди, бор-йўғи тўртта ғишт ёки тош дарвозалар учун етарди. Ёмон томони, ўйин давомида дарвоза оралиғида ўлчанган қадамлар сони ўзгариб қолиши мумкин эди, бунинг сабабчиси дарвозабон бўларди, албатта. Ўйинда тўхталиш кўп бўларди, чунки машина ёки трактор ора-орада ўзбек футболини барбод қилишга ҳаракат қиларди. Аммо ўйин барибир давом этаверарди.


Ҳеч ким ҳакам — ҳамма ҳакам


Одатда, учрашув учун ҳакамлар бригадаси тайинланмайди. Бироқ ўйин давомида баҳсли вазият юзага келган тақдирда барча Пьерлуи́джи Колли́нага айланиб оларди. Вазият эса одатда, ёши каттароқ ёки кучи кўпроқ тараф фойдасига ҳал бўларди. Тўп футболчининг қўлига тегса, унинг баданига теккан лой ВАР вазифасини бажарган.


Тасаввур қилиб бўлмас ҳисоб

Кўча футболида "миллионлар ўйини" тарихидаги энг йирик ҳисоб, энг сермаҳсул ҳисоблар доимий қайд этилиб туради, бироқ на таблодан, на протоколдан ўрин олади. Диего Марадона ҳам болалик дамларини хотирлай туриб, "Ўша даврдаги голларимни ҳисобга олишганда, Пеледан ўзиб кетган бўлардим", дея ҳазил қилган. Ҳисобдан адашмаслик мақсадида жамоалар математикага мурожаат қилишиб, уни кичиклаштирган, яъни ўйинда 11:8 натижаси қайд этилаётган бўлса, 3:0 дейилган.


"Бўғирсоқ" ўйинчи дарвоза ёки ҳимояга туради

Бундай позицион жойлашув мақсадли равишда амалга ошириларди. Вазни юқори ўйинчи дарвозанинг кўпроқ қисмини ёпиши мумкин эди, рақиб ўйинчиси эса унинг очиқ нуқтасини пойлашига тўғри келарди. Шунингдек, ҳимояда ҳам кўп югуриш талаб этилмасди. Одатда, уларнинг оёғига тўп кўп ҳам тегавермасди, бироқ рақиб аъзоси билан тўқнашиб кетган тақдирда, уни бир ҳафта уйда жимгина ўтиришга мажбур қилиши мумкин эди.


Тўп эгаси дарвозага турмайди ва захирага олинмайди


Болаликда ҳар кимнинг ҳам тўп олишга қурби етмасди ёки ота-онаси коптокни кўчада тепишга рухсат бермасди. Шу боис, тўпи бор болакай оёғини тагига келган коптокни тўхтата олмаган тақдирда ҳам эъзозланган. Албатта, унинг тўпи ҳам Adidas ёки Molten эмас, бир неча марта ямалиб, регби тўпи шаклига келиб қолган латта копток бўларди. Агарда тўп янги бўлса, қаттиқ тепиг мумкин эмасди. Шунга қарамай, тўп эгасида кўплаб имтиёзлар бўлиши мумкин бўлган: масалан, биринчи танлаш, дарвозага турмаслик ва захирага олинмаслик каби.


Ўйин 90 дақиқа давом этмайди


Учрашув якунланиши бир неча сабаблар билан боғлиқ эди. Биринчиси, қоронғи тушиб, тўп ва ўйинчилар кўринмай қолса, барча лаш-лушини йиғиштирарди. Иккинчиси, баҳсли вазият қурбони бўлган ёки жароҳат етказилган тўп эгаси аразлаб кетиб қолса, дабдурустдан баҳс поёнига етиши мумкин эди. Яна бир сабаби эса, ўйин қизиб турган лаҳзада "комиссар"нинг "Чу, чу жонивор, манави гўрсухта еримни пайҳон қилди, тилинг осилиб тўп тепгунча, молингга қарасанг ўласанми?! Қани, қури ҳамманг бу ердан" дегунга қадар давом этарди.


Оффсайд қоидаси мавжуд эмас

Кўча футболи бундай қоидалар билан ўз жозибасини йўқотиши мумкин. Жамоа ҳужумчиси, одатда, рақиб жарима майдончасидан ортга қайтмайди ва жамоадошларидан тўп келишини кутиб ўтиради. 


Дарвозабон истаганча алмашиши мумкин

Кўпинча, жамоаларда дарвозабон бўлмайди, шу боис улар бир голдан алмашган ҳолда ўз қўрғонини қўриқлайди. Ёки ушбу позициядан ўйини яхши бўлмаган болакайлар ўрин эгаллайди.


Махсус либослар бўлмайди


Кўча футболи диққатни талаб этади, чунки жужуқвойлар турли либосларда бўларди. Бирида Микки-мауснинг сурати туширилган футболка, бирида Роналду, бирида Мессининг либоси ва ҳоказо. Баъзан жамоалар бир-биридан фарқланиши учун бир тараф футболкасиз ўйнашига тўғри келарди.


Энг кучли ўйинчилар бир жамоага йиғилмайди


Жамоаларнинг сараланиши танлов асосида амалга оширилган. Шу боис, барча кучли ўйинчилар бир жамоага йиғила олмасди. Акс ҳолда, ўйиннинг қизиғи ҳам қолмасди. Биринчи танлайдиган футболчи "тош-қайчи-қоғоз" ўйинида рақиб жамоа сардорларидан устун келиши талаб этиларди.


Кўча футболига оид яна қайси қоидаларни биласиз ва болаликдан қандай қизиқарли хотиралар қолган?

Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика