

– Бугунги учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Очиғини айтсам, учрашув таҳлилини бироз кейинроққа қолдириб, аввало кичик бир муқаддима – қисқача тарихга тўхталиб ўтмоқчиман. Биз мураббийлар штабимиз билан бу ерга келганимизда, "Сўғдиёна" жамоаси ҳисобида бор-йўғи 1 очко бор эди. Вазият ниҳоятда оғир эканини барча яхши билади. Олдимизга қўйилган биринчи вазифа жамоани Суперлигада сақлаб қолиш эди. Шу боис, фурсатдан фойдаланиб, олдимизга қўйилган вазифани уддалаганимиз учун футболчиларга, клуб раҳбариятига ҳамда мураббийлар штабига миннатдорлик билдираман.
Ўйинга тўхталадиган бўлсак, биз Наманган жамоасининг салоҳиятини, ҳар бир футболчисининг маҳорати ва умумий кучини яхши билар эдик. Уларнинг айни пайтда турнир жадвалида эгаллаб турган ўрни ҳам бежиз эмас. Уларни 2026 йилги Ўзбекистон чемпионати медаллари билан табриклайман ҳамда Ўзбекистон Кубогида омад тилайман.
Учрашув ўзаро тенг курашлар остида кечди. Наманганликлар устунликка эга бўлишди, биз эса асосан ҳимояланиб, тезкор ҳужумлар ва қарши ҳужумлар ташкил этдик. Айрим вазиятларда режаларимиз амалга ошди, айримларида эса йўқ. Биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам гол уришга муваффақ бўлдик. Назаримда, ўйин қизиқарли ва жанговар руҳда ўтди. Наманган жамоаси ҳам ғалаба қозониши мумкин эди – уларда ҳам, бизда ҳам голли вазиятлар бўлди. Бироқ бугун омад биз томонда бўлди: имкониятимиздан унумли фойдаланиб, гол урдик ва ғалаба қозондик. Барчага ўйин учун раҳмат.
– Сўнгги учрашувларга назар ташлайдиган бўлсак, "Қўқон-1912" жамоасига қарши ўйиндан ташқари, жамоангиз биринчи бўлиб гол ураётган, аммо шундан сўнг бироз ортга чекиниб, ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбораётган эди. Бугун нимани тўғриладингизки, рақиб жамоа ҳисобни тенглаштирганидан кейин ҳам футболчиларингиз иккинчи голни уриб, ғалабани илиб кетди?
– Аввало, барча ва ҳар бир футболчи бугунги ўйинда ғалаба зарурлигини чуқур англаб етган эди. Чунки бу ғалаба бизга Суперлигада қолиш учун юз фоизлик кафолат берарди. Буни ҳар бир ўйинчи, бутун жамоа билар эди. Майдонга тушган ҳам, захирада қолган ҳам – барчамиз ягона мақсад йўлида бирлашган, бир оила бўлиб ҳаракат қилдик. Наманганга қарши баҳсга жуда пухта тайёргарлик кўрдик ва ушбу ҳафтани самарали ўтказдик. Фикримча, бугунги ғалабамизнинг асосий сабаби ҳам айнан шунда.
– Турли ижтимоий тармоқларда сизнинг жамоа бош мураббийлиги лавозимини тарк этишингиз ҳақида ҳар хил хабарлар, яъни миш-мишлар тарқалди. Бунга ўзингиз қандай изоҳ берасиз?
– Тўғрисини айтсам, мен учун бу гап-сўзлар, энг аввало, жуда кулгили. Ҳеч қандай асоссиз равишда "кетди" ёки "кетмади" деб гап тўқиб чиқариш нимаси? Ҳа, мен тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш мақсадида Исроилга бориб келдим. Клуб раҳбарияти бундан тўлиқ хабардор эди ва сафарим раҳбарият розилиги билан амалга оширилди – буни ҳамма билар эди. Аммо қайсидир журналист тушунарсиз маълумот тарқатгани сабабли ҳамма менга қўнғироқ қилиб, шу ҳақда сўради. Мен уларга: "Йўқ, менинг амалдаги шартномам бор, ишлашда давом этяпмиз, олдинда яна учта ўйинимиз бор", деб жавоб бердим. Хуллас, баъзан шундай ҳолатлар ҳам учраб туради.
– Бугунги учрашувда "Навбаҳор" ғалаба қозонган тақдирда кумуш медаль учун курашда қолар эди. Бундан хабарингиз бор эди. Кумуш медаль тақдирини ҳал қилиш имконияти шогирдларингизга қўшимча мотивация бердими?
– Йўқ, биз Наманган жамоасининг ҳолатини яхши тушуниб турган эдик. Турнир жадвали нуқтаи назаридан қараганда, "Навбаҳор" дастлаб бронза медалини қўлга киритишни мақсад қилганди. Бронза медали юз фоиз кафолатланганидан сўнг эса кумуш медаль учун ҳам имконият пайдо бўлди. Наманганлик футболчиларда бундай қўшимча мотивация юзага келгани ёмон эмас. Қолаверса, ҳар бир учрашув ўзига хос мотивацияга эга – ҳам турнир жадвалидаги ўрин, ҳам иккинчи ўрин Чемпионлар лигасига йўлланма бериши эҳтимоли нуқтаи назаридан, бироқ мен регламентни аниқ билмайман.
Ўзимизга келсак, биз "Навбаҳор"нинг вазиятидан эмас, балки бевосита ўз рақобатчиларимизнинг натижаларидан келиб чиқдик. Бугунги кунда бизнинг тўғридан-тўғри рақобатчиларимиз "Сурхон" ва "Андижон" жамоалари эди. Шу боис, бугунги ғалаба бизга Суперлигада қолиш учун юз фоизлик йўлланмани тақдим этди. Агар биз ҳатто дуранг ўйнаганимизда ҳам, бу натижа биз учун мағлубият билан баробар бўларди. Шунинг учун бугун фақат ғалаба қозонишимиз шарт эди ва йигитларнинг саъй-ҳаракати билан бунга эришдик.
– Бироқ кумуш медаль тақдири бугун айнан "Сўғдиёна"га қарши ўйинда ҳал бўлди...
– Наманган жамоасида Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиш имконияти бор.



