Бобур Абдураҳмонов: "Иккинчи даврада исталган жамоага жанг таклиф қиляпмиз"

8 окт 2026, 20:58
Пролиганинг 21-тури доирасидаги "Ғазалкент" - "Пахтакор-Фарм" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Бобур Абдураҳмонов ўз фикрларини билдирди.

- Ўйин қизиқарли, мухлисларбоп ва голларга бой бўлди. Жамоамнинг ўйини менга ёқди, улар борини бериб ўйнашди. Ҳар кун машғулотларда ишланган ишланмаларни бажаришга ҳаракат қилдик. Фақатгина натижа бироз ёмон бўлиб қолди. Қолган барчаси яхши. Йигитларимнинг ўйинидан қониқдим.

- Дарвозабонлар хато қилди, демайман, лекин уларнинг бўйи пастлигини камчилик сифатида кўраман. Сизда бўйи узун дарвозабон борми?

- Гапингиз тўғри. Иккинчи голда дарвозабон чиқишда хатоликка йўл қўйди. Бўйи узун дарвозабонларимиз бор эди. Кимларнидир ёшлар жамоасига, бошқаларини ижара асосида бошқа жамоаларга берганмиз. Шу сабабли айни дамда асосий дарвозабонимиз шу.

- Кетма-кет тўртта мағлубиятдан кейин "Арал"га қарши ўйин бўлади. Бу ўйинга жамоани қандай тайёрлайсиз?

- Бу ўйин ўтди. Йигитларни кейинги ўйинга тайёрлаймиз. Болалар ҳали ёш, барчаси олдинда. "Арал" ўз олдига вазифа қўйган яхши жамоа. Нима бўлган тақдирда ҳам биз ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биз асосий жамоага футболчи етказиб беришимиз керак.

- Шунга яраша жамоа ушбу мавсумда тажриба олди деб ўйлайсизми?

- Албатта. Йигитлар бу йил жуда катта тажриба олишди. Чунки уларнинг ўсаётганини сезяпмиз. Биринчи даврада футболчиларнинг жисмоний ва тактик томондан кучи етмаётганди. Иккинчи даврада эса исталган жамоага жанг таклиф қиляпмиз. Яккакурашларда ютқазмаяпмиз. Бу болалар анчагина пишди, тажриба орттирди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›