UZ

Сўнгги янгиликлар

21:36Февзи Давлетов: "Жамоада рақобат бўлиши керак"  0 21:25"Барселона" ва "Бавария" шов-шувли алмашинувни амалга ошириши мумкин  4 21:00Туркия Суперлигаси. "Ризеспор" ўз майдонида "Анкарагюжю"ни қабул қилмоқда, Алиқулов илк дақиқалардан ўйнамоқда (онлайн ҳисоб)  3 20:50"Барселона" молиявий фэйр плей билан боғлиқ муаммо бўлган тақдирда кимни қурбон қилишини танлаб олди  3 20:30АПЛ. Чемпионликка даъвогар "Ман Сити" "Ноттингем Форест" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  0 20:03Туркия Суперлигаси. "Кайсериспор" Шукуров тўлиқ ўйнаган баҳсда меҳмонда ғалабага эришди  2 20:02АПЛ. "Тоттенхэм" ва "Арсенал" ўртасидаги Лондон дербисида 5та гол урилди  14 20:01Ўзбекистон кубоги. "Насаф" "ўлим гуруҳи"дан омон чиқмади, "Андижон" кейинги босқичда ва бошқа натижалар  83 19:54Ўзбекистон кубоги. "Навбаҳор" "Динамо" билан баҳсда ғалабани қўлдан бой берди  62 18:38Кунде АПЛ клубига ўтиши мумкин  2 18:14Осиё Кубоги. Ўзбекистон Индонезияга қарши тўлиқ оқ либосда ўйнайди  8 18:09Футзал бўйича Осиё кубоги. Ярим финалда пенальтилар серияси орқали Ўзбекистондан ўтган Эрон финалда Таиландни қийинчиликсиз мағлуб этди ва 13-бор ғолибликни қўлга киритди  3 17:30А Серия. Чалханоглунинг дубли "Интер"га "Торино" устидан ғалабани тақдим этди  4 16:49Индонезия U-23 бош мураббийи: "Ўзбекистоннинг нега кўп гол уриб, дарвозасидан тўп ўтказмаслигини билиб олдим. Мен бу жамоага ютқазмаганман"  52 16:43Футзал бўйича Осиё кубоги. Хосе Венансио Лопес Тожикистонга қарши ўйиндан сўнг нималар деди?  8

Бир футболчи тарихи. Банкирдан чиққан чехиялик "танка" Ян Коллер Янгиликлар

Бир футболчи тарихи. Банкирдан чиққан чехиялик "танка" Ян Коллер

Сиз уни бир кўришда футболчи дейишингиз қийин.

Баланд бўйи ва гавдаси, оғир вазмин характери ҳарбий ёки оғир атлетика билан шуғуллануви шахсни эслатиб юборади. Бироқ, бу таҳминларингиз сизни алдаши табиий. Ҳа, бу ўша сиз билган чехиялик футболчи - Ян Коллер. Тўғри, у фаолияти давомида ўз даврининг юлдузлари Зидан, Роналдо, Баллак каби мақомни олмади. Лекин, уни Чехияда Недвед, Росицкий сингари футболчилар билан бир қаторда тилга олишади. Демак, бугун Коллернинг ҳаёт чизгиларига яна бир бор назар соламиз ва қизиқарли фактлар билан танишиб чиқамиз. 


ИЛК ҚАДАМЛАР


Ян Коллер Чехиянинг кўзга кўринмайдиган чекка ҳудудда, Австрия чегараси яқинида жойлашган Сметанова қишлоғида туғилган. Кўчада тўп тепиб юрган оддий болакай келажакда профессионал футболчи бўлишни ҳатто орзу қилмаган, ҳаёлига келтирмаганди. Чунки, фақат зодагонларнинг фарзандларигина катта футболчи бўлиши мумкин деган ҳаёлга борарди. Ҳарбий ҳизматни ўтаб қайтган Ян мамлакатдаги банкларнинг бирида ишлай бошлади. Бир вақтнинг ўзида у банкнинг ҳаваскорлар жамоасида ҳам ҳаракат қилди. Кунларнинг бирида Праганинг “Спарта” жамоаси вакили унинг ўйинини тасодифан кузатиб қолади ва ҳужумчига ҳос ҳислатлар борлигини пайқайди. Натижада банкирдан футболчига айланган Коллер 1994 йилда прагаликлар билан илк шартномасига имзо чекади. Тўғри, у дастлабки мавсумни асосан заҳира ўриндиғида ўтказди, бор йўғи олти учрашувда майдонга тушди. Бу 21 ёшли футболга эндигина кириб келган ўйинчи учун яхши натижа ҳисобланарди. Ўзини астойдил кўрсатишни бошлаган ва аниқ мақсадлар билан дадил қадам ташлаётган футболчи кейинги мавсумда барқарор ўйин кўрсатди ва тўрт бор рақиблар дарвозасига йўл топа олди. Натижадан ранжиган “Спарта” клуби раҳбари ўз тарбияланувчиси билан битимни узайтирмасликка қарор қилди. Тушкунликка тушмаган Коллер Бельгиянинг “Локерене” клубига йўл олди. Мазкур жамоадаги илк мавсумида саккизта, иккинчи мавсумда 11та, 1997-1998 йилиги мавсумда 24та гол билан Бельгия чемпионатининг “энг яхши тўпурари” бўлади. Бундай даражадаги ҳужумчи гранд жамоаларнинг эътиборини тортмасдан қолмасди. Локеренликлар сафидаги ажойиб ўйинлари ва бетакрор голлари сабаб Бельгиянинг етакчи жамоаси “Андерлехт” клубидан таклиф олади. Фаолиятида янги саҳифа очишни истаётган Коллер 1999 йил бошида мазкур клубга ўтишга розилик беради. Футболчи ҳеч қачон тезлик ёки дриблинг томондан мақтана олмаган. Аммо, бўйи ва жисмоний ҳолати, зарбаси доим юз фоиз талаб даражасида бўлган. Унга қарши курашда ҳимоячиларнинг ютиб чиқиши қийин кечарди. Ян иккинчи қаватда ўзини қиролдек ҳис қиларди. Тўғрида, икки метрдан ошиқ бўй билан ким ҳам ҳавода ютқазишни истайди. Ўша йилларда у “Андерлехт”да канадалик Томас Радзинский билан ажойиб тандем ҳосил қилган ҳолда кўплаб голлар урди. 2000-2001 йилги чемпионат баҳсларида икки футболчи ҳамжиҳатликда 57та голга муаллифлик қилишди. 

ДОРТМУНД


Бельгияда голеадорликни ўз қўлига олган форвард учун топ беш чемпионатидан қатор чорловлар тушди. Якунда Коллер Германия Бундеслигаси вакили Дортмунднинг “Боруссия” клубига кўчиб ўтди. Клуб унинг трансферига 13 миллион евро сарфлади. Айтиш мумкинки, ҳужумчи Бундеслигадаги дебют мавсумида олдингидек кўп голлар урмаган бўлсада ҳар ҳолда 20дан ошиқ тўп киритди. Жамоасига узоқ кутилган чемпионликни олиб берилишига катта ҳисса қўшди, шунингдек, "арилар" билан УЕФА кубогининг финалигача етиб борди. Роттердамдаги драматик  ўтган ҳал қилувчи баҳсда Голландиянинг “Фейноорд” клубига 2:3 ҳисобида имкониятни бой берилди. Коллернинг урган голи дортмундликлар учун етарли бўлмади. Матиас Заммернинг суюкли шогирдларидан бирига айланган футболчи беш мавсум давомида “Боруссия”нинг асосий ва алиштириб бўлмас ўйинчисига айланди. 2005-2006 йилги мавсум бошланиши арафасида Ян оёғидан оғир жароҳат олди ва узоқ вақт тўшакка михланди. Бу пайтга келиб унинг немис жамоаси билан шартномаси тугаб бораётганди. Шу туфайли дортмундликлар ёши ўтаётган ва жароҳатдан боши чиқмаётган футболчи билан хайрлашишга мажбур бўлди.


ПАСАЙИШ


Умид исканжасида “Монако”га ўтган футболчининг ўйинларидан аввалгидан асар ҳам қолмаганди. Барчасига жароҳат ва узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетиш сабаб бўлди дейишимиз мумкин. Шундай бўлсада князликлар таркибида 50та учрашув ўтказди ва 12 бор дарвоза тўрини титратди. Орада қисқа вақт “Нюрнберг” клубига ёрдамлашди ва Россия томон йўл олди. Леонид Слуцкий бошчилигидаги “Крилья Советов” жамоаси тажрибали форварднинг иқтидори ва махоратидан унумли фойдланиш мақсадида уни ўз сафига қўшиб олди. 35 ёшда бўлишига қарамасдан Коллер самараликлар таркибида кўплаб голлар урди. Муҳими матбуотда у ҳақидаги танқидий фикрларга эътибор бермади ва ўзини ушлаб олди. Слуцкий унинг атрофида ёшларни тўплаб жамоа шакллантирди. Коллер бунда етакчи ва сардор вазифасини бажарди. Бир ярим йил ичида 46та ўйинда 16та гол урди. Фаолиятини якунлаш тараддудида турган ўйинчидан кўпчилик бундай натижани кутмагани аниқ. Франция 3-двизиони иштирокчиси “Канн” у учун сўнгги манзил бўлди. Иродаси мустаҳкам ўйинчи қуйи лигада 47та баҳсда 20та гол уриб бутсаларини михга илди.



ЧЕХИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ


Чехия терма жамоасида 1999 йилда дебют қилган Ян 2008 йилги Европа чемпионатидан сўнг термадаги ўрнини ёшларга бўшатди. 10 йил мобайнида барча турнирларда 55та гол урди ва мутлоқ рекордчига айланди. 2004 йил Португалияда ўтказилган қитъа биринчилигида Чехия билан сенсацион натижалар кўрсатиб, бронза медалларига эга чиқди. Чехияликлар финал остонасида бўлажак чемпион Отто Рехагел мураббийлигидаги Грецияга мағлуб бўлишди. Коллер шбу мусобақада иккита муҳим голларни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Бири гуруҳ босқичида Нидерландия билан ўйинда юз берди. Ўшанда чехлар 0:2 ҳисобида ортда бораётиб, якунда 3:2 натижасидаги ғалаба нашидасини сурганди. Кейинги тўп эса чорак финалда Дания билан беллашувда киритилди. Коллернинг биринчи голидан сўнг жамоадошлари яна икки бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, 3:0 ҳисобдаги ғалабани таъминлашганди. 2006 йил Германиядаги жаҳон чемпионатида Чехия гуруҳдан чиқа олмади. Коллер биринчи турдан ўрин олган АҚШ билан баҳсда жароҳат олгани боис қолган ўйинларни ўтказиб юборади. У ўша учрашвдан голлардан бирини уради, жамоаси эса йирик ғалабага (3:0) эришганди. 

ФАКТЛАР


Буни қарангки, футболчи ҳақидаги маълумотларга назар ташлаб туриб фаолиятини биринчи бўлиб дарвоза чизиғидан бошлаганини кўришимиз мумкин. Унинг икки метр бўйи киперларга ўхшагани боис айрим учрашувларда дарвозани унга ишониб топширишган. Шундан сўнг, маҳаллий ишқибозлар унга “Жирафа”, “Минора”, “Маёқ” каби лақабларни беришади. Дортмунд сафидаги учрашувларнинг бирида майдондан четлатилган жамоадоши дарвозабон Йенс Леманни ўрнига дарвозабони вазифасини ўтайди. Бўйига яраша оёқ ўлчами ҳам шундай катта бўлган, 52 ўлчамдаги бутсалардан фойдаланган. Кўриш билан боғлиқ муаммоси борлиги сабаб майдонга линзаларда тушарди. Билсангиз, ҳозирда “МЮ” дарвозабони Де Хеа ҳам линзалардан фойдаланади. 


Жаҳон футболида Ян Коллер кўп ҳам эътироф этилмасада унинг мухлислари ва Чехия учун унутилмас афсона бўлиб қолади!



Муаллиф : Iskandarov Abdulaziz
Рейтинг: +5   

Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика