Берт ван Марвейк интервью берди
19 май 2018 15:01
Янгиликлар
Берт ван Марвейк интервью берди
65 ёшли мутахассис футбол оламида анча тажрибали ва таниқли ҳисобланади. У бундан саккиз йил муқаддам 2010 йилги жаҳон чемпионатида Голландия терма жамоасига мураббийлик қилганди.
Ўтган йил Саудия Арабистони айнан шу мураббий қўл остида мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Бироқ кейинчалик баъзи сабабларга кўра ван Марвейк Саудияни тарк этишга мажбур бўлди. Лекин тажрибали мутахассис узоқ вақт ишсиз қолиб кетмади, балки тез орада Австралия таклифини қабул қилди. Эндиликда "соккерузлар" ушбу мураббий қўл остида мундиалга тайёргарлик кўрмоқда.
- Навбатдаги жаҳон чемпионатида қайси хусусиятларни намоён этишни хоҳлайсиз?
- Мен доим қўл остимдаги жамоанинг имкониятидан келиб чиқиб иш тутаман. Нимадир мўъжиза яратишга ҳаракат қилмайман. Футболчилар учун нима қилсам енгиллик бўлади, мени кўпроқ шу ўйлантиради. Чунки футболчиларнинг ўзларини яхши ҳис этиши мураббий учун жуда муҳим.
- Нима деб ўйлайсиз, жаҳон чемпионатида сизни алоҳида кузатишадими?
- Мураббийлар орасида фақат ўзим голланд бўлганим учун "ҳа" деб ўйлайман. Ватанимда шунингдек, Марокаш терма жамоасини ҳам кузатиб боришади. Чунки бу жамоа таркибида голландиялик футболчилар бор.
- Австралия жой олган гуруҳ ҳақида фикрингиз? Сиз бошқараётган жамоа гуруҳ ўйинларини Франция, Дания ва Перуга қарши ўтказади?
- Аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам қайтаришим мумкин, бу энг қийин гуруҳлардан бири. Бошқа янги гап айтишнинг ҳождати бўлмаса керак. Гуруҳдаги энг кучли жамоа - Франция. Мен уларнинг март ойида Колмубияга қарши ўртоқлик учрашувини кўрдим. Франция жуда кучли кўринди.
Французларда тезкор ва яратувчи футболчилар бор. Улар жисмоний жиҳатдан ҳам бақувват. Масалан, биргина Килиан Мбаппенинг ўзи кўп нарсага қодир. У жамоанинг ўткир қуроли. Лекин бу Францияни мағлуб эта олмаслигимизни англатмайди. Қолган икки жамоа ҳақида ҳозирча гапирмоқчи эмасман, негаки биринчи учрашувни Францияга қарши ўтказамиз. Олдин Франция билан ўйнаб олайлик, кейин навбатдаги рақиб ҳақида ўйлаймиз.
- Сиз энг кўп таъсир қилган мундиал қайси?
- 1966 йил Англияда ўтказилган ЖЧни яхши эслайман. 1974 йил Германияда бўлиб ўтган мундиал мен учун алоҳида аҳамият касб этади, чунки биз иккинчи ўринни олганмиз. 1978 йилги мундиалга мен ҳам боришим мумкин эди, бироқ жароҳат туфайли қолишга мажбур бўлганман.
- ЖЧ-2010дан қандай хотиралар қолди?
- Бу мураббийлик фаолиятимдаги энг яхши мусобақалардан бири бўлиб қолади. Голландия терма жамоаси қўл остимда финалга қадар етиб борганди. Катта турнирларда қанча кўп қолсанг, шунчалик ўсаётганингни ҳис этасан. Биз ЖАРда ўтказилган мундиалда энг яхши жамоалардан бири эдик. Албатта, алоҳида ўйинчилар борасида биздан кучлилар бор эди, лекин жамоа сифатида чиндан ҳам Испаниядан кейин иккинчи бўлганмиз.
Фикрлар