UZ

Сўнгги янгиликлар

08:57«Атлетик» афсонаси Икер Муниаин ёзда жамоадан кетишини маълум қилди  0 08:34Фернандо Торрес қайси жамоани бошқариши маълум  3 08:10«Барселона» «Манчестер Сити» етакчиларидан бирини 50 миллион еврога сотиб олиши мумкин  0 07:44Клопп кечаги мағлубиятдан сўнг чемпионлик имкониятлари ҳақида гапирди  3 07:20Лига 1. "Монако" - "Лилль" 1:0  0 07:15Лига 1. "Лорьян" - ПСЖ 1:4  0 07:10АПЛ. "Манчестер Юнайтед" - "Шеффилд" 4:2  0 07:05АПЛ. "Эвертон" - "Ливерпуль" 2:0  0 07:00АПЛ. "Кристал Пэлас" - "Ньюкасл" 2:0  0 02:10АПЛ. "Ливерпуль" "Эвертон"га ютқазиб, чемпионлик пойгасидаги имкониятларини янада ёмонлаштириб юборди  23 02:00АПЛ. "Ман Юнайтед" 20-ўриндаги "Шеффилд"ни қийинчилик билан мағлубиятга учратди  32 00:50Тебас яқин келажакда Ла Лига ўйинлари АҚШда ўтказилишини маълум қилди  5 00:35Франция. ПСЖ "Лорьян"дан устун келди ва чемпионлик масаласини деярли ҳал қилди  2 00:22Breaking: Хави "Барселона"да қолишга қарор қилди!  26 23:54"Реал Мадрид" "Милан" ҳимоячисининг трансфери устида ишламоқда  0

"Бавария" инқирозда!? Янгиликлар

"Бавария" инқирозда!?

Кетма-кет 6 йилдан буён ички чемпионатда ғолибликни ҳеч кимга бермай келаётган, молиявий тарафлама анча барқарор ҳолатдаги жамоага нисбатан инқироз сўзини ишлатиш қанчалик тўғри деган ўринли савол туғилади.

Инқироз сўзини икки хил маънода ишлатиш мумкин. Клубнинг ҳозирги молиявий ҳолати ҳавас қиларли даражада. Ёзда "Бавария" жуда катта трансфер кампаниясини амалга оширишга тараддуд кўраётгани ҳам клубда молиявий тарафлама муаммо йўқлигидан дарак.

Натижа жиҳатдан жамоани инқироз кўчасида десак, кетма-кет 6 йилдан буён шоҳсупадан тушмаётган жамоага нисбатан адолатсизлик қилингандек туюлади. Орада эса Европа чемпионлар лигаси ғолиблиги қўлга киритилди, охирги 5 мавсумда 4 маротаба ярим финал ва бир бор чорак финалда ўйнади. Адолат юзасидан қараганда, жорий мавсумда нимчорак финалда тўхтаганини инқирозга юйиш ҳам бурттириб юборишдек кўриниши мумкин. Хуш, унда муаммо нимада?

Аввало шуни айтиш керакки, "Бавария" учун ҳар йилги минимум вазифа - Бундеслига чемпионлиги. Ўртача яхши иштирок эса олтин дубль. Яъни чемпионлик ва кубок соҳибига айланиш. Максимум натижа эса Европада ҳам Германия бўлгани каби гегемонликни қўлга олиш. Нафақат ички чемпионатда, балки халқаро аренада ҳам барқарорликни мунтазам ушлаб туриш.

Бундан 10 йил аввал жамоага таклиф этилган голландиялик мутахассис Луи ван Гал "Бавария"да қисқа муддат ишлаган бўлсада, шу вақт оралиғида таркибини ёшартириб, қайсидир маънода авлодлар алмашувини амалга оширганди. Луи ван Галнинг "Бавария"даги икки йиллик фаолиятида жамоа бир маротаба Германия чемпионлиги, Германия кубоги соҳиби ва ЕЧЛда финалга қадар йўлни босиб ўтишга муваффақ бўлганди. Келаси йили жамоа иштироки кескин пасайиб, ЕЧЛда нимчорак финал, Германия кубогини эса муддатидан аввал якунлаганди. Чемпионатда ҳам ишлар яхши кечмагач, раҳбарият Луини мавсум якунланмасиданоқ ишдан бўшатганди. Натижада унинг ўрнига вақтинчалик келган мутахассис Йонкер қўл остида жамоа якунда кучли учталикка киришга муваффақ бўлган.

Келаси мавсумда эса клуб президенти Ули Хёнесс ўз дўсти бўлган, ўшанда "Байер"да яхши ишлаб турган Юпп Хайнкесни жамоага таклиф қилади ва 2 йиллик битимга имзо чекилади. Айнан мазкур мутахассис қўл остида жамоа икки йил барқарор ўйнаб, клуб тарихидаги энг яхши натажаларни қўлга киритди. Дастлабки йилда "Бавария" барча фронтда охирги нуқтагача бориб, аммо якунда ҳаммасидан қуруқ қолган. Германия чемпионатининг охирги палласида чемпионлик масаласи "Боруссия" билан ўзаро баҳсда рақиб фойдасига ҳал этилган. Германия кубоги финалида ҳам "Боруссия"дан учралган йирик мағлубият "Бавария" мухлисларида алам кўзларини пайдо қилган. Энг аламлиси ва оғири Мюнхенда ўтган ЕЧЛ финали ва пенальтилар сериясидаги аламли мағлубият. Юппнинг илк мавсумида жамоа барча фронтда охирги бекатга қадар мардонавор боради ва учаласи ҳам финишни иккинчи бўлиб тугатади. Бир қарашда жамоа ҳеч нарсасиз қолган. Лекин танганинг иккинчи томони борки, ўшанда ўтган йили аранг совриндорлар қаторига қўшилиб қолган, ЕЧЛда кучли саккизталикка киролмаган ва мамлакат кубогида қониқарли иштирок этолмаган жамоа учун Юпп қўл остидаги иштирокда яхшигина ўсиш кузатилганини сезиш мумкин эди. Ўшанда кўплаб танқидлар ёмғири ва кескин айбловлардан фақатгина бир жиҳат, ўйин сифатида ва жамоанинг жанговор футболи Юппни мустаҳкам ҳимоя қилганди. Шу боисдан ҳам истеъфо ёки шунга ўхшаш гаплар жиддий тус олмаган. Аниқроғи, мураббийга ортиқча саволлар туғилмаган. Фақатгина характер масаласи кун тартибининг бош мавзусига айланган. Чунки 2010 йилги мавсумда ҳам "Бавария" айнан финалда ўзини йўқотиб қўйгани ва жамоанинг менталитетида ғолиблик руҳи етишмаётгани айтила бошлаган.

Келаси мавсумда эса Юпп Хайнкес "Бавария" билан нафақат "Боруссия" билан ўртадаги қарама-қаршилик ҳисоб-китобини чиройли ҳал этади, балки Европада "Бавария" шоҳсупа тепасига олиб чиққанди. Қизиғи, ЕЧЛ финали ҳам Бундеслигага айланиб кетиб, немис класикосида "Бавария" ўтган мавсумдаги мағлубиятлар учун максимум реванш олганди.

Юппдан кейин жамоага таклиф этилган Гвардиолага эса "Бавария" халқаро майдондаги етакчилигини қўлга олиши ва бу борада барқарорликни ушлаб туриш талаб этилди. Қайсидир маънода Пеп бу ишни уддалади. Чунки унинг бошқарувида жамоа Юпп бошлаб берган чемпионликни давом эттирди. Германия Кубогида ҳам зафар қучди. Лекин кетма-кет икки йил ЕЧЛ финалига чиққан ва ғолиб бўлган жамоа испаниялик мутахассис қўл остида халқаро мусобақа финалида иштирок этолмади. Гвардиоланинг "Бавария"даги миссияси шу тариқа тугади.

"Бавария" Юпп Хайнкесдан кейин аввалига испаниялик, кейин эса италиялик футбол устаси саналган Карло Анчелотти хизматларига мурожаат қилди. Карло Анчелоттининг дастлабки мавсуми ёмон кечмади. Ички чемпионатдаги минимум вазифа доимгидек бажарилди. Лекин на Германия кубоги, на ЕЧЛда кўзланган мақсадга эришилди. Шунингдек, "Бавария" етакчилари ҳам мураббий ишини муҳокамасига ўтиб кетиши вазиятни чигаллаштирди. Натижада "Бавария" Луи ван Галдан кейин орадан 6 йил ўтиб илк бор мураббийни истеъфога чиқарди. Тез ёрдам сифатида "Бавария" планкаси жуда юқорига кўтариб кетган Юпп Хайнкес нафақадан вақтинча ишга қайтди. Аниқроғи, Юпп қалин дўсти Ули Хёнесс илтимосини ерда қолдиролмади. Мавсум ёмон тугамади, минимум вазифа уддаланди - Германия чемпионлиги.

Ўтган йили ёзда "Бавария"ни анъаналарини яхши билиши айтилган ва футболчи сифатида жамоа менталитети ва бу ердаги об-ҳаводан бохабар бўлган Нико Ковач таклиф этилди. Унинг олдига Луи ван Гал жамоага келганда қўйилган талаб қўйилди. Албатта минимум вазифани бажарган ҳолда босқичма-босқич жамоани ёшартириб, авлодлар алмашувини амалга ошириш белгиланди. Бироқ мазкур мутахассис қўл остида жамоа мавсумни жуда ёмон бошлади. Стартдаги муваффақиятсиз иштирок клуб раҳбариятини иккилантирмади ва мураббийга қўшимча ишонч кредити тақдим этилиши расман ташкил этилган матбуот анжуманида эълон қилинди. Натижада қишки танаффусдан сўнг жамоа натижалари яхшиланди ва шу билан биргаликда ўйини сифати ҳам ўсди. Куздаги "Бавария" билан қишнинг иккинчи қисмидаги жамоа ўртасида фарқ сезилди. Нафақат натижалар яхшилангани ва Бундеслигада бешинчи ўриндан биринчи поғонага қадар кўтарилгани, балки ўйин тарафлама ҳам "Бавария" рақибга нисбатан устунлик қила бошлагани барчани хотиржамликка чорлади.

Лекин куни кеча Европа чемпионлар лигасидаги иштирок тўхтагани кузда берилган саволларни яна уйғотди. Нико Ковач қанчалик "Бавария"га мос? Жамоа унинг қўл остида нимага эришмоқчи? Шу ва шунга ўхшаш саволлар ва эътирозлар болалади. Ўринли эътироз. Ҳақли савол.

"Ливерпуль" билан Англиядаги ўйинда рақиб тўлиқ ташаббус билан ўйнагани, "Бавария" сафардан шунчаки дуранг билан қайтишни кўзлагани ва бу жуда ёмон натижа эмаслиги билан изоҳланди. Жавоб учрашуви кутилди. Мюнхендаги ўйин умуман бошқача руҳда ўтиши, "Бавария" энди шунчаки қуруқ ҳимояланиш ўрнига кескин ўйин таклиф қилиши, жанговор руҳдаги футболни танлаши тахмин қилинди. Нико Ковач ҳам жавоб учрашуви бошқача сценарий остида ўтиши ҳақида гапирди.

Амалда эса Мюнхендаги жавоб ўйини ҳам Мерсисайдда кечган баҳс билан кескин фарқ қилмади. "Бавария" яна Нико Ковачнинг қўрқоқ услуби ниқобида ҳимояда ўйнади. Жамоанинг ўйинга тузилган режаси анча хом ва қўрқоқ чиққани, футболчилар кўзида иштиёқ ёнмагани, "Ливерпуль" ортиқча қийинчиликсиз рақиб нозик нуқтасини топгани - Нико Ковачнинг "Бавария" рулидаги бошқаруви қанчалик ишончсиз давом этаётганини кўрсатди.

Одатда мураббий дастлаб ўйинга режа тузади ва тайёрланган режани футболчиларга тушунтиради. Улар эса майдонда ўша режа асосида ҳаракатланишлари керак. Мюнхендаги жавоб беллашувида Нико Ковач қандай режа тузгани ўйин чизгисида умуман кўринмади. Чунки режадан дарак йўқ эди. "Бавария" жавоб учрашувида агар бўлса ҳам биринчи ўйиндаги каби ўзоғи гол ўтказмаслик режаси асосида ўйнаётгандек таассурот қолдирди. Бундан ортиғи эмас. Тўпни шунчаки орқага ўзаро узатиб ўтирган футболчиларда олдинга ўтиш иштиёғи сезилмади. Натижада "Ливерпуль" катта куч сарфламасдан ўз уйида бажаролмаган иш, Германия гегемони саналган "Бавария"ни ортиқча қийинчиликсиз енгди. Тўғри, Рафиньянинг бўш ҳаракати ва Нойернинг хурмача қилиғи оқибатида ўтказиб юборилган голдан кейин мувозанат тикланди. Лекин бу гол ҳам "Бавария" уйғотмади. Аксинча, кўп эҳтимол тасодиф натижасида урилган гол сифатида таассурот қолдирди. Марказдан оширилган узун пас, Гнабрининг тезлиги ва автогол. Шундан сўнг ҳам ўйин ўша темпда, ўша рўсинда давом эттирилди. 

Ўртадаги танаффусда ҳам Нико Ковач жамоани "уйғота" олмади. Бутун баҳс давомида захира ўриндиғидаги жойида жимгина ўтирган мураббийнинг ҳолати жамоанинг бутун ўйин кайфиятида яққол сезилди. Бўш, чорасиз, ғоя ва режасиз қолган Ковач каби "Бавария" ҳам майдонда шунчаки вақт ўтказаётганди. Охирги бор "Бавария" ўз уйида ўтган ЕЧЛ ўйинида 2014 йили "Реал"га бу каби шармандали мағлубиятга учраганди. Фарқи, ўшанда ҳисоб йирикроқ кўринишда ютқазган, лекин жамоа курашганди. Биринчи ўйиндаги тафовутни йўққа чиқариш учун курашган, ҳаракат қилган, ҳужумга ўтганди. Бу сафар эса ўйнамай ютқазди. Ўйнолмади. Хоҳиш, иштиёқ сезилмади. Ўхшашлик жиҳати, иккала ўйинда "Бавария" бир хил шармандали тарзда турнирни якунлади.

Ковач мураббий сифатида "Айнтрахт"ни янги поғонага чиқарганди. Лекин унинг ғоялари, менталилети "Бавария"га қанчалик мос тушяпти, деган саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Асосан иккинчи рақам остида ўйнаш ғоясига эга мураббий "Бавария"нинг талабларига жавоб бермаяпти. Кучли жамоалар босими, юлдуз футболчилар билан ишлаш, уларнинг устун тарафларидан фойдаланиш ўрнига ўз услубидан келиб чиққан ҳолда жамоани ўйнатиш катта ўйинларда панд бермоқда. Куздан қишгача бўлган вақт оралиғида ўйин сифатини бироз яхшилашга эришган мураббийнинг максимуми шу ерда тўхтаб қолаётгандек.

Бундеслигада ўйнаётган футболни "Ливерпуль" билан Мюнхендаги баҳсда такрорлашга қўрққан мураббийнинг даражаси шундай катта ўйинларда сезилиб қолмоқда. Ковач ЕЧЛдаги камтарин гуруҳда "Бавария"ни пешқадам қилди. Лекин "квартет"даги "Аякс" билан ўзаро ўйинларда ғалабага эришолмади. Ҳар иккала баҳсда дуранг қайд этилди ва ўйин жиҳатидан "Аякс" ўшандаёқ бутун Европада ўзининг кучининг тақдимот маросимини ўтказганди. Чемпионат доирасидаги "Боруссия"га қарши баҳсда ҳам Ковач Фаврга ютқазганди.

Тўғри, Ковач қўл остида жамоа ҳали ички чемпионатда чемпионлик учун курашни қизғин давом эттирмоқда. Германия Кубогидаги юриш ҳам давом этмоқда. Лекин ўйин сифати, Ковачнинг услуби ва менталитети "Бавария" даражасига мос келмаётгани яққол кўриниб қолмоқда. Айниқса катта ўйинларда, муҳим баҳсларда жамоа йўқолиб қолмоқда. "Бавария"нинг юзи саналган тотал футбол, жанговор руҳдаги ўйиндан асар ҳам қолмаган. Ўйин тарафлама жамоа буткул инқироз кўчасида. Бундеслигада эришилаётган ғалабалар эса асосан "Бавария"даги футболчиларнинг даражаси ва маҳорати эвазига келмоқда. Мураббий имзоси, фалсафаси ва услуби жамоанинг ўйинида умуман кўриниш бермаяпти.

Катта жамоаларда ишлаш тажрибаси, ғолиблик менталитети йўқ мураббийга "Бавария"да авлодлар алмашувини ўтказишни ишониб топширилишининг ўзи хато бўлган. Аслида энг оғриқли мавзу - "Бавария"да мураббий танлашдаги хатоликлар.

Луи ван Галнинг тайинлови катта хато бўлган дейиш фикридан йироқман. Айнан голландиялик мутахассис "Бавария"га узоқ танаффусдан кейин ЕЧЛ финалини эслатган. Жамоа унинг бошқарувида тотал футбол намойиш этишни бошлаган. Жамоанинг яқин келажакдаги ўйин услуби асосчиси - Луи ван Гал. Шунингдек, Луи ван Гал ҳозирга қадар жамоанинг етакчилари ҳисобланган Томас Мюллер ва Алаба каби футболчиларни кашф этиб кетди. Қайсидир маънода Рибери ва Роббендан қанотларда ажойиб тандем - "Роббери"ни кашф қилди.


Юпп Хайнкес қўл остида жамоа барқарорликка эришди. Ўйин сифати, услуб ва бутун бир таркибни бир хил меъёрда ўйин амалиёти билан таъминлаш, бу йўлда ўйин сифатига путур етказмасдан, натижани ҳам максимум бажаришни Юппдан бошқа ҳали ҳеч ким уддалай олгани йўқ. Хайнкес "Бавария"нинг вазифаларини янада юқорига кўтариб кетгани ҳозиргача янги келаётган мураббийларга қийинчилик туғдирмоқда. Яъни, унинг натижасини такрорлаш ҳеч кимга насиб этмаяпти. Қизиғи, Юпп фақатгина биргина трансфер (Хави Мартинез)  билан бутун Европани забт этганди.

Гвардиола келганидан сўнг ички чемпионатдаги барқарорлик мунтазам давом этди. Лекин халқаро майдондаги планка тушди. Доим ярим финалга бориш ва финал остонасидан ортга қайтиш қайсидир маънода "Бавария"нинг ғолиблик руҳига таъсир қилди. Гвардиола қўл остида жамоа сифат, ўйинни ташкиллаштириш борасида янги поғонага чиқди. Аммо натижа борасида, Пеп миссияни тўлиқ бажармади.

Карло Анчелоттининг жамоага олиб келингани ва унинг атрофидаги режалар амалга ошмади. Ўртада вақтинча Юпп вазиятни яхши томонга юмшатди. Лекин катта ўзгаришларга муҳтож "Бавария"га тажрибасиз Нико Ковачни тайинланиши хатони такрорланишига олиб келди.

"Бавария" охирги 8 йил ичида илк бор ЕЧЛни нимчорак финалда тугатди. Юпп қўл остида бошланган финал ва ЕЧЛ ғолиблиги Гвардиола билан ярим финалга қадар тушганди. Анчелотти келгач чорак финал тўхтади. Орада Юпп келиб жамоани ярим йўлда ярим финалга қадар етаклади. Нико Ковач эса Луи ван Галнинг истеъфосига замин яратган натижа - нимчорак финал бекати тушиб қолди.

Эътибор берадиган бўлсак, "Бавария" охирги йилларда, аниқроғи Юпп Хайнкесдан кейин немис мутахассислари хизматига мурожаат қилмай қўйди. Натижада ҳозирги "Бавария"да Луи ван Гал ва Юпп Хайнкес чемпион қилган жамоа ўзаги, ўша-ўша етакчилар билан ҳаракатланиб юрибди. Нойер, Боатенг, Мюллер, Рибери ёки Роббендан бошқа жамоада етакчиликни қўлга оладиган янги футболчи кўринмаяпти.

Яқин орада Гнабри, Киммих ёки Горецка бу масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин. Аммо бу ишни қилишда уларга яхшигина туртки берадиган мураббий керак бўлади. Нико Ковач билан эса бу ишни уддалашга ишониш жуда қийин.

Вазият шундай чигалки, ҳозирги ҳолатда "Бавария" яна Германия чемпионликка эришса Ковачга қўшимча имконият берилиши мумкин. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, жорий мавсумдаги минимум вазифани бажарилмаслиги келажак учун қўйиладиган пойдеворни яхшилинишига туртки бўлиши мумкин. Келаси мавсумда трансфер ойнасида жуда катта маблағларни тайёрлаб қўйган раҳбарият жамоага янги қонни немис мутахассис билан амалга оширса фойдалироқ, назаримда. Клуб раҳбарияти охирги йиллардаги мураббийлар тайинловига кўпроқ аҳамият бериб, кейинги қарорни қабул қилишда адашмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Шундоқ ҳам авлодлар алмашувини анча аввалроқ ўтказиши керак бўлган жамоа бу ишни қиладиган шахсни танлашда бошқа адашмаслиги зарур. Акс ҳолда жамоанинг грандлар қаторига қайта сафланиши янада кечикиши мумкин.

Ҳозирги кунда ишсиз юрган ёки келаси мавсумда "Бавария"ни бошқариши мумкин бўлган немис мутахассисларига кўз тушмаяпти. "Хоффенхайм"да яхши ишлаётган Юлиан Нагельсманн анча аввал "Лейпциг" билан келишиб қўйган. Йоахим Лёв Германияда қолди. Биргина потенциал номзод - Юрген Клопп. Тўғри, Клоппни кўндириш "Бавария"га икки ҳисса қийинроқ бўлади. Аммо Ули Хёнесс бу ишга жиддийроқ киришса, энг лойиқ номзодни Мюнхенга олиб келишни уддаласа бўлади.

Муаллиф :
Рейтинг: -13   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика