

Пойтахтда кечаётган машғулотларга кеча икки нафар легионер Азиз Амонов ва Элдор Шомуродов келиб қўшилди. Яқинда "Истиқлол" жамоаси билан Эрон чемпионлигини қўлга киритган Азиз Амонов бу борадаги фикрларини билдириб ўтди.
- Аввало Эрон чемпионлиги билан табриклаймиз. Якунланган мавсум ҳақида таассуротларингиз билан бўлишсангиз...
- Мавсумни мағлубиятларсиз яхши якунладик. Жамоа 9 йилдан бери чемпионликни қўлга кирита олмаётган эди. Қайсидир маънода тарихга кирдик. Мухлислар натижаларимиздан хурсанд бўлди.
- Шахсан ўзингиз ўйинингиздан қанчалик кўнглингингиз тўлди?
- Менимча ҳеч ким қониқмайди. Ўз-ўзидан кўнгли тўлиш тўхташга олиб келади. Доим ишлашда давом этамиз.
- Легионер сифатида илк бор хорижда ўйнадингиз. Ўзингизда қандай ўзгариш сездингиз?
- Легионер иложи борича дипломат бўлиб киришиб кетиши керак. Худога шукур жамоам яхши қабул қилди. Асосан масъулият катта бўлди. Чунки Ўзбекистон номидан бордим.
- Бош мураббий ҳақида қандай фикрдасиз?
- Мураббий жамоадаги барча билан бир ҳил муомала қилади. Аҳиллик бўлгани учун ҳам чемпионатда мағлубиятга учрамадик.
- Ўзбекистонда чемпионликка бонус сифатида машиналар берилиши мумкин. Эронда бу вазият қандай экан?
- Барчаси шартномага асосланган. Клубга келганимда чемпион бўлсак маълум бир миқдордаги бонус берилиши айтилган.
- Эрондаги ҳаёт тарзига кўникиб кетдингизми?
- Бироз фарқи бор. Одамлари яхши. Анча мослашдим. Жамоадагилар ташлаб қўйишмади.
- Тил билан боғлиқ муаммо бўлмадими?
- Кўп мулоқотдан кейин анча тушуниб қолдим. Нималар деяётганини биламан. Инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қиляпман.
- Эронда тўп тепган футболчиларимиздан бири зерикиб қолганини, ташқаридаги ҳаётга ўрганишга қийналганини айтганди. Сизда бундай ҳолат рўй бермадими?
- Йўқ. Эронга айлангани эмас, футбол ўйнагани борганман. Ортиқча нарсаларга чалғишга вақт йўқ.
- Терма жамоамизнинг саралашдаги рақиблари ҳақида. Уларнинг даражаси биздан паст эканлиги маълум...
- Нима учун рақибларга паст назарда қараяпмиз? Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганган. Ҳурмат қиламиз. Барча мамлакатларда бу спорт тури ривожланмоқда.



